26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ақли заиф, демак... хатарли эмас!

Бу воқеа Қозоғистондаги энг йирик одам ўғирлиги бўлиб,  жиноят олами тарихида қолади. Полиция ходимларининг  саъй-ҳаракатлари туфайли ўғирланган қизга зарар етказилмай, озод этилди. Жиноятчилар қўлга тушиб,  жазосини ўтай бошлади. Лекин, орадан бир йўл ўтиб, босқинчилар гуруҳига бошчилик қилган Али Артаев яна бош кўтарди. 

Оилавий пудрат

 

27 ёшли Ингушетия фуқароси Шимкентга келиб, Қорасув мавзесидан  уй сотиб олади ва хотини билан яшай бошлайди. Ҳеч қаерда ишламаса ҳам пули етарли эди. У шимкентлик тадбиркор Аскеровдан  30 минг долларга «Тойота»  автомашинасини сотиб олади. Сал ўтмай, унинг хаёлида босқинчилик  режаси ғужғон ўй­най бошлайди. «Бу тадбиркорнинг пули кўпга ўхшайди, ўйлайди у. Камида бундай  10-15та машинага етадиган пулни уйида сақласа керак. Балки, 16 ёшли қизини гаровга олсак, пулни ўзи бериб юборар?»

Телефонини ишга солиб, аллакимлар билан гап­лашади. Икки қариндоши ва укалари унга ёрдам берадиган бўлишади. 

Аскеровнинг қизи Алияни куппа-кундузи ўғир­лашиб, ижарага олган квартираларига қамаб қўйишди. Жиноятда иштирок этган икки қариндоши, укалари Магомет ва Ринатга навбатдаги вазифани тушунтирди. 

– Шундай қўрқитингларки, полицияга хабар қилишни хаёлига ҳам келтиришмасин. Биз сўраган пулни дарҳол олиб келиб берадиган бўлсин. Бу бизнинг биринчи ишимиз эмас, шунинг учун сизларга ўргатишнинг ҳожати йўқ. 

Ринат тадбиркорга қўнғироқ  қилиб, қуйидаги матнни ўқиб  берадиган бўлди.: «Қизинг бизнинг қўлимизда. Агар у сенга керак бўлса, пулини тўлаб, олиб кетавер. Баҳоси 250 минг доллар. Полицияга хабар қилишни хаёлингга ҳам келтирма, қизингни ўлдириб, уйингни портлатиб юборамиз. Биз сўраган пулни бер-да, хотиржам яшайвер».

 Али бу вақтда пулни бехатар қабул қилиб олиш йўлларини ўйлаб топди: олди-берди Қирғизистонда, Бишкек шаҳридаги «Дўстуқ» меҳмонхонаси олдида амалга оширилади. Артаев Аскеровга қўнғироқ қилди ва талабини билдирди. Қозоғистон ва Қирғизистон полицияси ўртасида келишув йўқлиги, бундай ишларда уларнинг тажрибасизлиги бизга қўл келади, деб ўйлади Артаев ва тадбиркорга қўнғироқ қилди. Пулни меҳмонхона олдида турган оқ «БМВ» машинасига олиб келиб беришни буюрди. Аскеров пулни олиб келганини, лекин, қизини бўшатмагунларича бир тийин ҳам бермаслигини айтди. Бу сўзни эшитиб,  Алининг ғазаби қайнади. «Балки, полицияга ҳам хабар қилгандирсан, мен ҳозироқ қизингни ўлдиришни буюраман», деб алоқани узиб қўйди. Аскеров жиноий гуруҳ аъзоси, биринчи бўлиб қўнғироқ қилган Магомет билан боғланади. Телефон орқали олиб келган пулларни видеога тушириб,  унга жўнатади. «Қизимни бўшатиб юбор ва менинг машинамдаги пулларни олиб кет», дейди ва машинасининг  рақамини айтади.

 Кўп ўтмай, Али Магометга қўнғироқ қилиб, қизни ўл­ди­ришни буюради. У эса «Мен аввал пулни оламан, ўл­дириш қочмас», деб жавоб беради ва Шимкентга қўнғироқ қилиб, қизни бўшатиб юборишни буюради. Бир оздан сўнг қиз отасига қўнғироқ қилиб, уйга келганини айтади. Магомет икки шериги билан Аскеровнинг машинасидаги пулни олади ва шу заҳоти полиция  қуршовида қолади. Беш кун давом этган операция давомида жиноий гуруҳнинг ярми қўлга олинса, ярми қочиб қолади. 

Яна бир жиноят

 

Али  икки ой Бишкекдаги меҳмонхоналарда яшаб юрди, кейин Шимкентга қайтди. «Қозоғистондан тез­да чиқиб кетишим керак, лекин, укаларим учун ун­дан қасос оламан», деб Али яна ишга киришади. «Гувоҳлар бўлмаса, жиноий иш ёпилади ва мени ҳеч ким изламайди», деб ўйлайди у. Жиноятни амалга ошириш учун иккита шерик ҳам, милтиқ ҳам топилади. Қорасув мавзесидаги  квартирага   тунги  23.00да такси чақирилади. Уч йўловчи орқага ўтиришади. Аскеровлар оиласини ҳаётдан маҳрум қилишга саноқли дақиқалар қолганди, лекин... 

Такси ҳайдовчиси «Олиб кетаётган милтиқларинг полицияда рўйхатдан ўтганми? “ –  деб сўрайди. 

– Биз такси чақирган эдик, шекилли, прокурорни эмас. Юравер, икки баравар ҳақ тўлаймиз, – дейди Али.

– Ўн баравар ҳақ тўласангиз ҳам мен саволимга жавоб кутяпман, – деб жавоб беради ҳайдовчи. 

Бундан ғазабланган  Али  ҳайдовчининг елкасига милтиқни тираб, «Яшашдан умидинг бўлса, ҳайда машинани”, деб буюради. Ҳайдовчи «дарҳол машинадан тушинглар!» деб чўнтагидан қаламтарош  чиқаради. Али икки марта ўқ узади, улар нишонга тегмайди: такси ҳайдовчиси милтиқни қўли билан у ёқ бу ёққа буриб юбориб, пичоғи билан  Алига ҳамла қилади ва юзини тилиб, елкасини яралайди. Учинчи ўқ ҳам нишонга тегмагач, Али милтиқнинг қўндоғи билан ҳайдовчининг бошига уриб ўлдиради. Жиноятчилар таксидан тушиб, ярани боғлаш учун уйга кириб кетишади. Бўлиб ўтган воқеани диспетчер эшитиб турганди, дарҳол полицияга хабар қилади. Полиция айтилган манзилга етиб келиб, жиноятчилар кирган квартира эшигини тақиллатишади. Али шериклари билан полиция келганини сезиб, балкон орқали қўшни уйга ўтиб, қочиб қолишади. Тезкор гуруҳ уйни тинтув қилиб, ТТ тўппончаси ва икки қутичада автомат ўқларини топади. 

Қамоқхона ўрнига – жиннихона

 

Тергов пайтида Артаев гуруҳи Қозоғистон ва Рос­сияда бир қанча жиноятлар содир этгани маълум бўлади. ҚР ЖКнинг бир неча моддаси билан айбланади. Суд терговнинг фикрига қўшилади, лекин Артаевнинг адвокати қозилар ҳайъатига суд-тиббий экспертиза хулосасини узатади. Унда Артаевнинг руҳий касаллиги туфайли жиноят содир этилаётган пайтда ўз ҳаракатини назорат қила олмай қолгани ёзилган эди. 

Албатта, тиббиёт билан баҳслашиш қийин, лекин, жиноий ишни ўқиб, унинг одам ўғирлаш пайтида  гуруҳни моҳирона бошқарганидан воқиф бўлиб, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. 

Суд-тиббий экспертиза хулосасининг яна бир жиҳа­тига эътиборингизни қаратамиз: «Руҳий аҳволи туфайли Артаев жамиятга хавф туғдирмайди. Шунинг учун уни умумий типдаги руҳий касалхонада  узоқ муддат даволаш тавсия этилади».

Лекин, бу хулоса билан тадбиркор Аскеров ва так­си ҳайдовчиси Амирбековларнинг оила аъзолари келишмай, кассация аризаси ёзишди. Фойдаси бўлмади. Суд А. Артаевни махсус руҳий касалхонада қатъий назорат остида даволашга ҳукм чиқарди. 

Ваҳшийлик қонида бўлса...

 

 Уни Алмати вилояти, Ақтас қишлоғидаги (Талғар яқинида) руҳий касалхонага юборишди. Бу ерда асосан, жиноят содир этган руҳий касаллар даволанар экан. Артаев бу ерга келтирилгач, кўп ўтмай, фавқулодда ҳодиса юз берди. Артаев ҳамхонаси Шесталь билан санитарларга ташланиб, бир ҳамширани гаровга олишди ва бензин тўлдирилган автобус келтиришни талаб қилишди. Санитарлар бир амаллаб ҳамширани озод этишган ва Артаевни  махсус  хонага жойлаштиришган. 

Мана сизга «жамиятга хавф туғдирмаслик»нинг бир кўриниши. Артаев ҳозирча Ақтасдан нари кетол­майди, чунки, жиноят содир этган руҳий касаллар даволанадиган касалхона республикамизда яго­на. Лекин, ўзини соғайгандай кўрсатса, чиқариб юбо­ришлари ҳам мумкин. Чунки  касалхона беморларга тўлиб кетган, давлат ҳисобидан соғлом одамни бу ерда ушлаб туришнинг кимга  кераги бор?

Эҳтиёт бўлинг, руҳий касал!

 

Баъзан, кўчада кетаётиб, руҳий касал одамни учратиб қоламиз. Уларнинг баъзилари, ҳақиқатан ҳам жамиятимиз учун хавфли эмас бўлса, баъзилари пичоқ кўтариб, одамларга ҳамла қилиши ҳам турган гап.

– Мен Ўзбекистондан кўчиб келдим, руҳий касалман, – деди ўзини Рустам деб таништирган 50 ёшлардаги киши. –  Касалим қўзиганда нима қилаётганимни бил­май қоламан. Ҳатто бегона одамни уриб юборишим ҳам мумкин. Ўзбекистондаги шифокорлар касалим қачон қўзишини билиб, бир кун аввал ўзлари олиб кетиб, даволашарди, бу ердаги шифокорларнинг ру­ҳий касаллар билан иши йўққа ўхшайди. Балки, касбий маҳорати, тажрибаси йўқдир. Ҳозир, икки давлат орасидаги муносабатлар тикланаётган пайтда улар Ўзбекистонга бориб, тажрибасини орттириб келса бўладику. Сўраб, ўрганган олим, деб бежиз айтишмаганку ахир!

Хитойнинг Хэнань вилоятида  жойлашган руҳий касалликлар хусусий шифохонаси мижози таом истеъмол қилиш учун мўлжалланган таёқча билан уч аёлни ўлдириб, яна бирига жароҳат етказди. Бу ҳақда «ТАСС»  хабар берди. Тожикистонда фарзандларини ўлдирган аёл ҳам руҳий касал бўлгани аниқланди. Германияда болта билан одамларга ташланган шахс   – руҳий хаста. Бу мазмундаги мақолалар интернет  тармоқларида беҳисоб. Шундай экан, кўчада, жамоат жойларида руҳий хаста одамни учратсангиз ва у ҳаётингизга хавф туғдираётган бўлса, эҳтиёт чора­­­­­­­ла­рини кўриб, 102 га хабар қилишингиз мумкин.

 

 

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2017-08-21, 19:48 197
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.