26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ватанимиз равнақига бахшида ҳаёт

ВИЛОЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ҲИССАСИ ЗАЛВОРЛИ ҲАМЮРТИМИЗ АБДУҚАҲҲОР ФАЙЗАҲМЕДОВ ПОРТРЕТИГА ЧИЗГИЛАР

Ўтган асрнинг 90 ҳамда Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз аҳли бир қатор қийинчиликларни бошдан ўтказгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, аҳолини газ, электр, ичимли сув, қишда иссиқлик билан таъминлаш муаммога айланган ўша пайтдаги қийинчилик ва инқирозни енгишда Элбошимизнинг аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, турмуш даражасини юксалтириш, кичик ва ўрта  бизнесни, тадбиркорликни ривожлантириш борасида тезкорлик билан олиб борган сиёсати, шунингдек, Қозоғистон халқига Мактублари натижасида бундай қийинчиликлар бартараф этилиб, қисқа давр ичида ҳал бўлганининг гувоҳимиз. Айниқса, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришдаги барча тўсиқ ва оворагарчиликларга чек қўйилгани ёшларга жуда қўл келди. “Насибамни тадбиркорликдан териб ейман” деган шиорни ўзига мақсад қилиб, элга танилган ва Элбошимиз Нурсултан Абишули Назарбаевнинг назарига тушган Абдуқаҳҳор Файзаҳмедов ҳақида қалам тебратар эканмиз, уни Шимкент ва Ленгер шаҳарларида илк бор тўйхона бизнесига асос солган ва унинг ривожига ҳисса қўшган бунёдкор-тадбиркорлар саркори дея оламиз. А. Файзаҳмедовнинг номи бугунги кунда нафақат шаҳар аҳлига, балки вилоятимиз, бутун республикамизга танилган. Унинг етим-есирлар, ўқувчи-талабалар, кам таъминланган оилаларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, сахийлиги, шунингдек, ҳашаматли тўйхоналар, тантана саройлари, савдо марказлари ва болалар боғчалари, дорихона ва бошқа иншоотлар бунёд этиш тажрибаси таҳсинга сазовордир. 

Айниқса, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг, тадбиркорларга йўллаган Мурожаатига жавоб сифатида Абай истироҳат боғидаги “Жастар” тўйхонасини “Тасвирий санъат” галереясига туҳфа этганлиги А. Файзаҳмедовнинг олий инсоний фазилатга  эга эканлиги ҳамда сахийлигидан  далолатдир.

А. Файзаҳмедовнинг мамлакат фаровонлиги йўлидаги алоҳида меҳнатларидан, фаол жамоатчилигидан этнослараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси ҳам салмоқли эканлигидан халқимиз қисман хабардор. Шундай бўлса ҳам, тадбиркорлик фаолиятидаги айрим жиҳатлардан  муштарийларни воқиф этиш мақсадида у билан суҳбатлашдик.

– Абдуқаҳҳор Ҳошим ўғли, ўзингиз ва оила аъзоларингизни газетхонларимизга қисқача таништириб ўтсак.

– Шаҳардаги педагог-устоз Ҳошим ота ва Раҳима ая оиласида 1959 йилнинг 9 декабрида тўртинчи фарзанд (оилада 6 қиз, 3 ўғилмиз) бўлиб дунёга келдим. Ота-онамиз фарзандларининг барчасини олий маълумотли қилиб тарбиялашди. Опа-сингилларимнинг кўпчилиги отамизнинг касбини эгаллаб, шаҳар мактабларида ёшларга таълим-тарбия беришмоқда. 

Ўзим 1977 йили мактабни тамомлагач, уч йил давомида “ХХI партсъезд” жамоа хўжалигида меҳнат қилдим, сўнг, Тошкент политехника институтида “муҳандис-механик” ихтисоси бўйича ўқишимни давом эттирдим.

– Қозоғистон Республикаси Мустақилликка эришгач, мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилди. Сиз ишни нимадан бошладингиз?

– Учта ёнилиғи қуйиш бекати, тижоратдан бошладим. Кейинроқ ишларим юришиб кетгач, яна ер олай деб Шимкент шаҳри ҳокими Т. Бекжигитов ҳузурига бордим. Ўша пайтда шаҳарда сув, ёруғлик, газ йўқ, Абай истироҳат боғи чорва моллари яйловига айланган эди. Боғ атрофида истиқомат қилувчи аҳолининг маълум қисми қишдан омон чиқиш учун эгасиз боғдаги дарахтларни кесиб, ўтин қилиш билан банд... Шундай бир вазиятда 

Т. Бекжигитов: “Сен мана шу Абай истироҳат боғига эга бўл, акс ҳолда қаровсиз қолиб, тўзиб кетади”, – деди. 

Шундай қилиб, боғнинг 50 гектар ерини хусусийлаштириб, ишга киришдим. Қатор бунёдкорлик ишларини амалга ошириб, янги кўчатлар ўтқаздик, аввалгиларини сақлаб қолишга ҳаракат қилдим. Ёлланган қоровул ва боғбонларни маош билан таъминлаш ва бошқа чиқимлар ўрнини тўлдириш мақсадида “Жастар” тўйхонасини қуриб, 2001 йили ишга туширдим. Кейин замон ўзгара бошлади. Шаҳар раҳбарлари истироҳат боғини давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида гап юритганда Президентимиз бундай ажойиб ташаббусни қўллади. Шундан сўнг, 50 гектар еримни давлатга қайтардим. 

“Жастар” тўйхонасини ҳам давлатга қайтаришимда  мамлакатимизнинг молиявий аҳволи ночорлиги ва иқтисодий тақчиллик сабабли вилоят раҳбарлари Н. Ашимов сўнг, шу пайтда янгидан тайинланган вилоят ҳокими Асқар Мирзахметов ўз ҳузурида Жанубий Қозоғистон вилоят давлат меъморчилик-қурилиш назорати бошлиғи С. Суғирбаев, шаҳар ҳокими А. Жетписбаев иштирокида ўтган суҳбатда маданият ва санъат соҳаси ҳодимлари тадбиркорлар кўмагига муҳтож, “Жастар” тўйхонаси эса “Тасвирий санъат” галереяси учун жуда ҳам қулай эканлигини таъкидлашди.

Шундай қилиб, Элбошининг “Яшаш учун ўзгара билиш керак” деган пурмаъно сўзларидан тегишли хулоса чиқариб, илк бор қурган танталар саройимни вилоятимизда фаолият юритаётган мўйқалам усталари ва уларнинг ноёб асарларини намойиш этадиган махсус жой – “Тасвирий санъат саройи” учун бепул туҳфа этдим. Шунда Асқар Исабекули менинг қўлимни қисиб “Сиз бизни қўлладингиз, биз ҳам сизни қўллаймиз”, деб, ўз миннатдорчилигини изҳор этди. 

Ҳамюртимизнинг бундай олижаноблиги Давлатимиз раҳбари, Элбошимиз эътиборидан ҳам четда қолмади. Ўша йилги натижага кўра А. Файзаҳмедов Қозоғистон Республикасининг “Йил меценати” деган шарафли унвонга сазовор бўлди ва “Олтин юрак” кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Бугунги кунда оилавий  тадбиркорларнинг  ёрқин юлдузига айланган А. Файзаҳмедов сулоласининг аҳил аъзолари бунёдкорлик ишларини янада ривожлантириб, кўплаб иншоотлар қуриб, фойдаланишга топширдилар. “Дўстар”, “Қурдастар”, “Замира”, “Ақ Ўрда”(Ленгер шаҳрида), “Самруғ”, “Жулдиз”, “Олтин сарой”, “Гавҳар сарой” тўйхоналари, шунингдек, Шимкент шаҳрининг Енбекши туманидаги 300 ўринли  “Рахима бегим” болалар боғчаси, “Нурсат” кичик туманида топширилган ҳашаматли, 1000 савдо ходими хизмат қилишга мўлжалланган 4 қаватли “Рахима плаза” савдо маркази шулар жумласидан.

–  Сиз бизнесингизни оилавий бизнесга айлантирдингиз. Бунинг сабаби нимада?  

– Халқимизда “Кўплашиб кўтарган юк енгил бўлади”, деган мақол бор. Шу нақлга амал қилган ака-укаларим, опа-сингилларим, фарзандларим ва умр йўлдошим Жамилахон менинг тадбиркорлик фаолиятимдаги энг яқин ва ишончли ёрдамчиларим. Албатта, бундай катта қурилишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Бир одамнинг қўлидан кўп нарса келавермайди.

Тўнғич ўғлим Азиз ҳуқуқшунос касбини эгаллаб, компаниямизнинг гуллаб-яшнашида қонуний фаолият юритишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Нозим эса иқтисодчи. Қизим Гулноз фармацевтика соҳасида таълим олган. 

Абдуқаҳҳор Ҳошим ўғли шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилаётган турли тадбирларда фаол қатнашиб, ўзининг камтарона ҳиссаси билан эл назарига тушган халқимизнинг ардоқли фарзанди ҳамдир.

Унинг халқимиз, Ватанимизга қилган беминнат хизматлари Президентимизнинг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда “Қурмет” ордени, вилоят ҳокими, маслаҳати, Шимкент шаҳар маслаҳати ва ҳокимининг кўплаб “Алғис хат”лари, Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

 

 

Суратларда: вилоят ҳокими Ж. Туймебаев билан; оилавий тадбиркорлар.

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, 2017-08-23, 19:13 617
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.