26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сўз аро дурдоналар

Яқинда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси вакили, Қозоғистон Республикаси “Дўст­лик” ҳамжамияти ҳузуридаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси раиси, таниқли шоир, журналист ва таржимон Абдураҳим Пратов Ўзбекистон Ёзувчилар ижодий уюшмаси раиси, йирик адиб ва шоир Муҳаммад Алига Қозоғистон Республикаси Муста­қиллигининг шонли 25 йиллигига тўёна сифатида тузилган халқаро шеърият антологиясини туҳфа этди. 

“Мәңгiлiк елiм менiң” (Мангуга туташ элим) деб номланган ушбу мажмуа ҳозирда қўшни қозоқ юртида яшаб, баракали ижод қилаётган 12 миллатга мансуб 50 нафар ижодкорнинг ҳаёти ва сермаҳсул ижоди ҳақида жонли тасаввурга эга бўлишимиз учун  амалий кўмак беради. Мазкур назмий тўплам Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Рус адабиёти кенгаши раисаси Любовь Шашкова ҳамда шу уюшма қошидаги Таржимонлар адабий кенгашининг раиси Қайрат Бақбергенов ғояси ва лойиҳаси асосида “Ан Арыс” нашриётида икки минг нусхада чоп этилган. Антологиянинг илк саҳифасига қозоқ биродарларимизнинг Тўнғич Президенти Нурсултан Абишевич Назарбаевнинг оташин сўзлари бош шиор  сифатида киритилган.

Дастлаб Қозоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси Нурлан Ўразалиннинг “Мангу эл боласи” ҳамда ушбу мажмуа нашрига етакчи ҳомийлик кўрсатган Халқаро “Олтин Қирон” жамияти президенти Исламбек Салжановнинг “Элимиз қувватли, халқимиз бақувват бўлсин” сарлавҳали кириш сўзи билан танишасиз. Изидан китоб тузув­чиларининг икки бетли маълумоти келади.

Антология ички тузилишига кўра уч асосий бўлимдан ташкил топган. Биринчи бўлимда бугунги қозоқ адабиёти, айниқса шеърияти равнақига ўзига хос ҳисса қўшиб келаётган ўн тўрт нафар қозоқ шоир ва шоираларининг ижодидан намуналар  қозоқ ва рус тилида нашр этилган. Иккинчи бўлимда немис, корейс, белорус, уйғур, курд, ўзбек, турк, татар, дунган ва чечен миллатига мансуб ўн тўққиз ижодкор ва уларнинг ўз она тилидаги ҳамда рус тилидаги бир неча шеърлари билан танишасиз. 

Шуниси диққатга сазоворки, қозоқ би­ро­дарларимиз ўзга этнос вакиллари ва уларнинг шеърларини саралаганда, бош­қалардан икки, уч нафарини тўпламга киритганлари ҳол­да қардошлик ва бирдамлик туйғусининг муштараклигини инобатга олиб, олти нафар ўзбек ижод­корига махсус саҳифалар ажра­тишган. Улар ичида Эрназар Рўзиматов, Соатой Камолова, Баҳодир Собит, Абдураҳим Пратов, Зокиржон Мўминжонов ва Долимжон Сайфуллаев сингари турли мавзуда ёзадиган, бироқ моҳиятда ўзга миллат шоирлари билан муштарак ғояларни илгари сурадиган шоирларнинг ижодидан намуналар ўзбек ва рус тилларида берилиши бизни чексиз қувонтиради. 

Антология учун сараланган турли тил­ларга мансуб шеърларни, шу жумладан ўзбекча асарларни ҳам рус тилига маҳорат ила ўгиришда қозоғистонлик таржимонлардан  Надежда Чернова, Татьяна Фроловская ва Фархат Тамен­даровларнинг хизматлари шубҳасиз таҳсинга лойиқ. Ушбу мураккаб бадиий-ижодий жараённи юзага чиқаришга  Қозоғистон Ёзувчилар  уюшмаси ҳузуридаги Таржимонлар адабий кенгаши раиси Қайрат Бақбергенов раҳбарлик қилган бўлса, уюшма раиси Нурлан Ўразалин маънавий-руҳий жиҳатдан, Халқаро “Олтин Қирон” жамияти президенти Исламбек Салжанов  моддий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Ўзбек шоир ва шоираларининг шеърларини таржима ва нашр этишда “НиК” корпорацияси раҳбари, Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳати депутати Бадриддин Нишонқулов моддий кўмак берган.

Ўзбек шоирлари ва умуман антоло­гиядаги турли миллат вакилларининг шеърларини кузатсангиз, ишқ, Ватан, ўт­миш тузум норасолигидан шикоят, истиқлолдан завқ­ланиш, келажакка ишонч ва бошқа умуминсоний қадриятларнинг муштарак тажассумига гувоҳ бўласиз. Қизиғи, дунё шоирлари ижодида умрни рамзий тўрт фаслга менгзаб, ё қувониб ёки ўкиниб битилган сатрлар  кўзга ташланади. Кимдир сариқ барг орқали умрини кузга менгзаса, кимдир қор ёки қиров орқали умр шомига ишора қилади. Бу каби ғоявий ўхшашлик қозоғистонлик ўзбеклар ижодида ҳам кузатилади. Масалан, Абдураҳим Пратов бир шеърида қирқдан ўтганини жуда чиройли ифодалайди. 

Йўлнинг ярмини ўтибман чоғи,

Сочларга бир-бир инмоқда қиров

деса, машҳур турк шоири Иброҳим Туркий:

Синовларда умр бир-бир сўкилди,

Тўзонида новдаларим букилди,  дейди.

Антологиянинг учинчи қисми даст­лабки икки бўлимга нисбатан анча катта. Унда дунёнинг турли гўшаларидан тақдир тақозоси ила Қозоғистон диёрига келиб қолган ҳар хил миллатга мансуб, фақат рус тилида ёзадиган машҳур ўн етти ижодкорнинг ҳаёти, ижоди ҳамда асарларидан намуналар билан танишасиз.

Китоб охирида Қозоғистон Фанлар акаде­мияси илмий-тадқиқот гуруҳи раи­сининг ўринбосари, филология фанлари номзоди, доцент Светлана Ананьеванинг “Песнь вечному элю” (Мангу эл қўшиғи) номли сўнгсўзи билан танишасиз. Унда таниқли адабиётшунос олима ҳозирги замон Қозоғистон адабий жараёнида муҳим ўрин тутган турли этнос вакилларининг ижодидан намуналар келтириб, асар­ларининг бадиий-ғоявий камолотини илмий нуқтаи назардан изчил ва теран таҳлил қилиб беради.

Қозоқ шеъриятида мустақил Қозоғистон Республикаси манзараларини бутун кўрки, таровати, салобати, моддий-маънавий бойлик­лари, адабиёти, санъати ва миллий анъаналари билан бир бутун ҳолда образли ифодалашга интилиш майллари кўзга яққол ташланади. Бу жиҳатдан ҳам турли шакл ва мазмунда ашъор битувчи шоирлар бадиий ижоднинг кенг майдонида бир ўзанда бирлашадилар.

Тағин бир гап. Шоир ва шоираларнинг тар­жимаи ҳолини ўқиганда бир нарсани туйгандек бўласиз. Яъни,  улар фақат шоиргина эмас, айни пайтда прозаик, драматург, сатирик ва таржимон ҳам. Бири санъатшунос, бошқаси астроном, яна бири шарқшунос, яна ўзгаси аниқ ё табиий фан йўналишларида кашфиёт қилган олимлар, қўйингки, улар барча фан тармоқлари билан шуғулланиб келаётган республикада етакчи мутахассис бўлганлари ҳолда бадиий ижоднинг турли соҳалари билан жиддий шуғулланишни ҳам ўзларининг фуқаролик бурчлари деб биладилар. 

Баъзилари бир неча хорижий тилларни билади, баъзилари бир пайтнинг ўзида уч ё тўрт тилда ижод қилиш қобилиятига эга. Агар хорижий тилларни яхши билмаса, ундай ҳолда асарларини таржима қилдириб, бутун дунёга ёйишга ҳаракат қиладилар. Бизнинг ижодкорларимиз ҳам бундан ўрнак олсалар  арзийди, деб ўйлайман. 

Антология таркибидаги шеърларни ўқи­ганда, киши қалбини ажиб ҳиссиётлар қамрайди. Гўё ҳар хил миллат вакиллари ўз диёридан турли қимматбаҳо жавоҳирлар шодасини бир дастрўмолчага ўраб келтир­ган. Яъни миллати, тили, ирқи ва дини ўзгача бўлган шоирларнинг дили айнан бир хил “Ватан, Ватан, мустақил Ватан” дея бонг уришига, халқ ва миллат тақдири учун бир хил жон куйдиришига, орзулар ягона, мақсадлар муштараклигига, бир-бирига мос маънолар шодасини бир ипга тизиб, сизга инъом этаётганига амин бўласиз. 

Сўз аро дурдоналар ял-ял жилоси билан сиз­­ни ўзига мафтун этиб, тафаккурнинг олис сарҳадлари томон етаклаётгандай бўлаверади.

 

 

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ, филология фанлари номзоди. Тошкент, 2017-08-24, 10:36 946
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.