26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Анорой жамолова: “Қишлоқ ёшлари заковатли бўлса”

Сайрам туман маслаҳати де­путати, Қора­мурт қиш­­лоғидаги Ю. Гагарин номли мактабнинг директори, фаол жамоатчи Анорой Жамолова билан суҳбат.

– Вилоятимиздаги миллатдош­ларимиз зич истиқомат қиладиган аҳоли манзилларида бир нечтадан ўқув марказлари самарали фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг муваф­фақияти эса битирувчиларнинг грант эгаллашлари билан баҳоланади. Кейинги пайтда яхши натижалар кузатилмоқда. Жумладан, нафақат, битирувчиларга, балки, ёш йигит-қизларга чет тилларини ўрганиш, бошқа фанларни чуқур эгал­­лашда ёрдам берилмоқда. Қорамурт қиш­лоғида ана шундай ўқув марказининг йўқлиги Сизни кўпдан буён безовта қилиб келарди.

– Тўғри айтасиз, Қорамуртда ана шундай марказ йўқ эди. Ота-оналар, илмга чанқоқ ёшларнинг илтимосига кўра, уни ташкил қилдик. Шимкент шаҳ­ридан, бошқа ҳудудлардан малакали, тажрибали устозларни жалб этдик. Рус тили, инглиз тили, математика фанларидан чуқурлаштирилган дарслар берилмоқда, шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари билан репетиторлар шуғулланмоқда. Бу – қишлоқ округи ёшларининг илмли, зукко бўлишларига хизмат қиладиган зиё маскани, десак адашмаймиз.

– Марказ сиз ўйлагандек натижа берармикан?

– Албатта. Марказ фаолиятига бир йил тўлмасданоқ кутганимиздан зиёда “мева” бера бошлади. Жорий йил ягона миллий тестга 13 нафар ўқувчини тайёрлаган бўлса, улардан олти нафари тестда юқори балл тўплаб, грант соҳибига ай­ланди. 

Марказни ташкил қилишдан асосий мақсадимиз – ёшларга чет тилларини чуқур ўргатиш эди. Элбоши Н. Назар­баевнинг таълим соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратаётгани маълум. Президент белгилаган муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида ана шу ишга қўл урган эдик. Фарзанди чет тилини мукаммал эгаллаб, дунёвий алоқа тилида бурро-бурро гапириб турса, ота-онанинг боши осмонга етиши тайин. 

– Қишлоқда ободонлаштириш ишлари қандай кетмоқда?

– Худо хоҳласа, 21та кўчамизни навбати билан асфальтлаш ишлари бошланмоқда. 2-3та кўчага ёритиш мосламалари ўрнатилди. Мактабга борадиган асосий кўчага йўлакча ишланди. “Янги йўл” мавзесига ҳам пиёдалар йўлакчаси қуриш учун маблағ ажратилди. Мактабга борадиган кўча­ларга йўл белгилари ва тезликни оши­ришга имкон бермайдиган мосла­малар ўрнатилди.  

– Депутат сифатида ҳомийлик ишларида ҳам иштирок этяпсизми?

– “Мактабга йўл” акциясида, ноги­ронларга кўмак кўрсатишни кўзлайдиган тадбирларда баҳоли қудрат қатнашаман. Астана шаҳрида ўтаётган ЭКСПО – 2017 халқаро кўргазмасини томоша қилишлари учун кам таъминланган оилаларга чипталар харид қилдик. Ҳамқиш­лоқларимиз ҳам халқаро кўргаз­мани ўз кўзлари билан кўриб, ундан баҳраманд бўлган ҳолда янгиликларни қишлоғимиз ҳаётига татбиқ этишларини истайман. Яна шуни айтишим мумкинки, яқинда қишлоғимиздаги иккита уйда ёнғин чиқди. Зарар кўрганларга қўлдан келганча ёрдам бердик. 

– Оила – муқаддас. Қишлоқдаги оилаларни сақлаб қолишда жонбозлик кўрсатмоқдасиз. Бу – қанча болаларни ота-она меҳридан мосуво бўлиб қолишдан сақлайди... 

– Бир оиланинг парчаланиши қанча-қанча одамнинг тақдирига таъсир этишини яхши биламиз. Шундай экан, яхши ниятда қурилган оила арзимаган гап-сўзлар таъсирида бузилмаслиги керак. Тарбияли, маданиятли оилада камол топган фар­занднинг жа­миятга ҳам фойдаси тегиши сўзсиз. Шу сабаб­ли, “Нур Отан” партияси қошида таш­кил этилган кенгаш оилаларни мус­таҳкамлаш йўлида иш юритмоқда.

– Сайлов округингизда яна қандай муаммолар бор?

– Қишлоқда ёшларни бошпана билан таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Қорамурт қишлоғида ипо­тека асосида бериладиган 200та уй қуриш ва уларни ёш оилаларга бериш депутатлик режамга киритилган. Шунингдек, у ерда мактаб ва болалар боғчаси ҳам бунёд этилади.  Мана шу режаларим амалга ошса, ўзимни бахтиёр ҳис этардим.

– Аёл кишига мактабдаги раҳ­барлик, депутатлик ва жамоат ишла­рида қат­нашиш қийин эмасми? Ўзингиз би­ласиз, ўзбек оиласида аёл, она, турмуш ўртоғининг роли қай даражада эканлигини.

– Қайнотам олий маълумотли, зиёли одам эди. Турмуш ўртоғим ҳам ҳар жабҳада мени қўллаб-қувватлайди. Бажараётган ишимни ўз вазифам, бур­чим деб билганим, ишимга масъу­лият билан ёндашганим сабабли, қийинчиликларни сезавермайман. Раҳ­барлик ва депутатлик ишимни тўлақонли бажаришим учун оиламда шароит яратилган. Оиламдагилар ишимни тўғри тушунганликлари учун бу борада муаммо йўқ. Уйда директор ёки депутатлигимни унутиб, ўз вазифаларимни тўкис адо этишга ҳаракат қиламан. Улар­га улгу­ришимга вақтимни тўғри тақ­сим­лашим сабаб бўлса, ажабмас.

– Ҳозир мутолаа масаласи кўп муҳо­кама этилмоқда. Бунда ёш­ларни айбдор қилаётганлар ҳам оз эмас. Лекин, ўзлари китоб, газета ўқимайдиган, демак, фарзандларига китоб совға қилишни хаёлига  келтир­майдиган ота-оналар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик керак.

– Тўғри, ҳозирги даврда китоб му­толаа қиладиганлар сафи сийрак­ла­шиб кетди. Ёшлар маълумотни Интернет тармоғидан тезлик билан олишни жўн кўради. Ахборот асри бўлганлиги учун унга қарши чора кўриш қийин. Лекин, биз, катталар китоб муто­­­­­лаасига ёшларни қизиқтиришимиз, уларни рағбатлантиришимиз лозим. Мак­­­­­­­­­­­­­­та­би­­­­­­­­мизда шунга оид танловлар уюш­­­­­­­­­­­­­­­­­­тирмоқдамиз. Ўқитувчилар орасида ҳам ана шундай баҳсларнинг ўтказилиши самара беришига ишонаман. 

– Бўш вақтингизни қандай ўтка­засиз?

– Бўш вақтим жуда кам бўлади. Топилиб қолса, табиат қучоғида маданий ҳордиқ чиқаришни хуш кўраман. Шунингдек, телевидениеда янгиликлар дастурини ўтказиб юбормасликка ҳа­ра­кат қиламан. Газета ўқишни ҳам канда қилмайман. Заковат ўйинларини томоша қилиш – жони дилим. 

Бундай кўрсатувларни кўриш дилимни яйратади. Улар менга маънавий озиқ бериш билан бирга кўп маълумотлардан воқиф қилади. 

– Оилангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

– Уч нафар фарзандим бор. Барчаси оилали, ўзлари истаган ихтисос бўйича таълим олишган. Беш нафар набирамиз оиламизнинг қувончи. 

– Анорой опа, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди, 2017-08-25, 19:36 218
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.