26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Илмла зийнатланган кошона

Шимкент шаҳрида фаолият юритаётган Зиёмат Ҳусанов номли умумий ўрта мактаб 2016-2017 ўқув йилини муваффақиятли якунлади. Ягона миллий тестга кирган мактаб битирувчилари ўртача 98,8 балл олиб, вилоят маркази мактаблари ичида 5-поғонани эгаллашди. Шулар жумласидан, Паризод Шодиматова ва Илҳом Исмоилжоновлар 136 баллдан тўплашди ҳамда соғликни сақлаш ва қурилиш соҳасида олий маълумот олишмоқчи. 137 балл тўплаган Отабек Ирисматов эса ҳарбий соҳани танлади – Алмати шаҳридаги ҳарбий билим юртига ўқишга кирди. 

 

Янги ўқув йили бошланиши арафасида буюк аждодимиз, Совет Иттифоқи ва Болгария Республикаси Қаҳрамони Зиёмат Ҳусанов номи билан аталувчи мактаб директори Холмурод Йўлдошев билан суҳбатлашдим. 

– Йил сайин ўзгаришлар юз бермоқда, мактабларга янгиланган таълим тизими кириб келди. Бу жараён сизнинг мактабингизда қандай давом этмоқда? Янги “из”га тушиш қийин бўлмаяптими?

– Жамоамиз ҳамиша изланишда. 2003 йилда биз Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига ўз лойиҳамизни тақдим этдик. Билингвал таълим йўналишида ишламоқдамиз. Асосий мактаблардан бири сифатида Қирғизистон, Тожикистондаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўтган йилдан биринчи, бу йил иккинчи, бешинчи, еттинчи синфлар янгиланган дастур асосида ишлайди. Муаллимларимизнинг билими, тажрибаси етарли, педагогика фанлари номзоди, таниқли тренер, бир қанча услубий китоблар муаллифи Асқад Алимовнинг 5 кунлик семинарини ташкил қилдик. “Педагогик маҳорат маркази”, “Өрлеу” каби ташкилотлар мунтазам ёрдам кўрсатмоқда. Мактабимиз жамоасидан тўрт киши мураббийлар курсини тугатиб, муаммоларни ҳал этишда камарбаста бўлмоқда. Улар жамият ҳаётидан ҳам бохабар, давлатимизнинг сиёсатини ҳам, халқимиз қадриятларини ҳам яхши англашади. Буларнинг ҳаммаси юксак натижалар кафолатидир.

Умуман олганда, жорий йил давомида жамоамиз касбий маҳоратни ошириш юзасидан яна қатор тадбирлар ўтказишни режалаб қўйган. Ўйлайманки, узлуксиз таълим олишни талаб қилувчи замонамиз билан ҳамнафас одимлаётган муаллимларимиз ҳамиша бугунгидек илғорлар қаторида бўлишади.

– Мактабингиз ўқувчиларининг ҳам турли тадбирларда қатнашиб, юксак чўққиларга эришаётгани сир эмас...

– Ҳа, биз турли шаҳар, вилоят, республика тадбирларида имкони борича иштирок этишга ҳаракат қилмоқдамиз. “Олтин авлод” халқаро танловида Лазокат Аҳмедова раҳбарлигида 4-синф ўқувчиси Гавҳар Сиддиқхўжаева 1-ўринни қўлга киритди. “Пони” танловида Г. Маҳкамбоеванинг шогирди Жасурбек Равшанбеков 1-ўринга лойиқ кўрилди. Спортчиларимиз Зиёда Зиёматова, Зайнаб Назарматова Алматида ўтган волейбол беллашувида 4-ўринни эгаллашди. Таэквондо усталари Ғайрат Шерматов раҳбарлигида турли республика танловларидан 6 та медаль олиб қайтдилар. Чунончи, Самандар Тўламатов Қарағандида ўтган беллашувнинг мутлақ ғолиби бўлди. Вилоят биринчилигида Шерзод Дадаматовнинг шогирдлари курашдан иккита “олтин”, битта “кумуш” медаль билан қайтишди.

Павлодар шаҳрида ўтган “XVII Сатпаев ўқувлари”да ҳам муваффақиятли иштирок этдик. 5-7-синф ўқувчилари мактабимиз ва вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Биологиядан “Беданани уй шароитида кўпайтириш ва ўстириш йўллари” илмий изланиши учун Г. Убайдуллаеванинг шогирди Доно Ибрагимова, Шоҳида Аҳмадалиева етакчилигида тиббиёт бўйича «Ўрикнинг шифобахш хоссалари” мавзусида илмий иш ёзган 7-синф ўқувчиси Руҳшона Раҳматова халқаро танловнинг биринчи даражали дипломларини олдилар. Шогирдларимизнинг экология, қозоқ филологияси, чет тили, географияга оид илмий ишлари ҳам муносиб баҳоланди.

– Шу ўринда устозларнинг ютуқларини ҳам тилга олсангиз. “XVII Сатпаев ўқувлари”да сизнинг “Замонавий таълим жараёнининг бориши” мавзусида кўптилли (билингвал) дарсни ташкил этиш усуллари тўғрисидаги маърузангиз юксак баҳоланганидан хабаримиз бор. 

– Бу тадбирда М. Шодиматова, Х. Сайдалихонова, Д. Дурсунова ва бошқа устозларимиз ҳам муваффақиятли иштирок этдилар. Дидактика, амалий санъатни дарслар жараёнига сингдириш, мантиқий масалалар, халқ оғзаки ижоди ва бошқа кўплаб масалалар маърузаларимиздан ўрин олди. Ҳар бир ўқувчимизнинг эришган чўққиларида жамоамиз аъзоларининг йиллар давомида сарфлаган меҳнати ётибди. 

Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида ўттизга яқин ҳамкасбимиз вилоят ва республика даражасидаги медаллар, мақтов ёрлиқлари, ташаккурномалар билан тақдирланди.

– “Нур борки, соя бор”. Ютуқлар билан бирга камчиликлар, зафарлар билан бирга муаммолар юриши табиий. Бугунги кунда улғайиб, вояга етаётган авлоднинг ҳам ўзига хос муаммолари бор. Улардан қайси бирини сиз энг оғриқлиси, деб биласиз?

– Назаримда, биз эътибор беришимиз лозим бўлган энг муҳим масалалардан бири –олдиндан режалашнинг йўқлиги. Ҳар бир муваффақият кўп жиҳатдан пухта режалашга боғлиқлигини ҳаммамиз биламиз, уй қурсак ҳам, янги иш бошласак ҳам ҳамма нарсанинг ҳисоб-китобини қиламиз. Аммо, энг муҳим нарса – фарзандларимизнинг эртанги кунини олдиндан кўриб, шунга яраша таълим масканини танлашда бефарқлик ҳоллари кузатилади. 

Масалан, бола ҳунарга қизиқади, 6-7-синфдалигидан усталар атрофида юради, ҳатто баъзи нарсаларни ўз қўли билан ясайди ҳам. Аммо ота-она “бир нарса бўлар” деб ҳафсаласизлик қилади ва унинг 9-синфдан кейин ҳунар коллежига боришига эътироз билдиради. Албатта, қобилият қолиб кетмайди, вақти билан барибир ўйлаган нияти рўёбга чиқиб, бир устахонани бошқаради. Бироқ унинг, турли фанлардан дарс бераётган муаллимларнинг бир қанча йиллик умри бекорга сарфланади. Ваҳоланки, шу даврда бола касб сир-асрорларини чуқур ўрганиб олиши мумкин эди.

Ёки 10-синфда ўқиётган бола келажакда тиббиёт соҳасида ўқишни исташини айтиб, тайёрлана бошлайди. 11-синфга ўтганида эса бўлажак касбини ўзгартиради. Бу ҳолда ҳам анчагина меҳнат ва энг ёмони – ўрни тўлмайдиган хазинамиз – вақтнинг самарасиз сарфланганига гувоҳ бўламиз. 

Келгусида айнан шу жиҳатда ота-оналар ҳам, муаллимлар ҳам баҳамжиҳат иш юритишларини истардим.

– Одатда муваффақиятлар, айниқса, таълим-тарбия соҳасидаги ютуқлар замирида улкан меҳнат ётади. Зеро, яхши фуқаро ва билимли инсонни етиштириш кўпсонли жамоанинг ўн бир йиллик машаққатли меҳнати натижасидир. Йил сайин муваффақиятлар билан юзлашишнинг сири нимада?

– Назаримда, аввало жамоанинг тотувлиги ва ягона мақсад йўлида мунтазам ишлаши. Ҳар бир аъзонинг умуммуваффақият учун нафақат меҳнат қилиши, балки ўзи устида тинимсиз ишлаши. Замон талабига кўра кун сайин ўқиб-ўрганиш.

Шуни ҳам айтишни истардимки, таълим тизими ходимларининг жамият олдидаги масъулияти юксак. Элбошининг “Учинчи замонавийлашув. Дунёвий рақобатбардошлик” Мактубида кўрсатилган мақсадларга эришишимизда муаллимларнинг хизмати мўл бўлиши кутилмоқда. 2050 йилгача жаҳоннинг энг пешқадам ўттиз мамлакати қаторига киришимизда билимдон авлод етиштиришнинг аҳамияти юксак. Ўйлайманки, устозлар ҳамжамияти мазкур вазифани шараф билан адо этади. 

– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

 

Абдумалик САРМОНОВ суҳбатлашди, 2017-08-29, 11:06 812
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.