26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Етти ой: ютуқлар, мақсадлар, вазифалар

Газетамизнинг аввалги сонида хабар берганимиздек, вилоят маслаҳатининг навбатдаги ўн тўртинчи сессияси ўтди. Унда вилоят ҳокимининг 7 ойнинг натижалари бўйича ҳисоботи ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига доир қатор масалалар муҳокама этилди. 

Сессияда, аввало, 2017 йил январь-июль ойларида бажарилган ишлар бўйича тайёрланган видеолавҳа намойиш этилиб, депутатларга вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши акс этган китобча тарқатилди. Унда кўрсатилганидек, 7 ойнинг натижаси бўйича вилоятда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши кузатилган. Саноат маҳсулотлари ҳажми 439,1 млрд. тенгени ташкил қилиб, режа 100,3 фоизга бажарилган.

Индустрлаштириш харитасининг иккинчи бешйиллиги доирасида умумий қиймати 47,1 млрд. тенгени ташкил қиладиган 47та лойиҳа амалга оширилиб, 1650 янги иш ўрини очилди. Шунингдек, йил сўнггигача яна 14та лойиҳани ишга тушириш кўзланган. Йил поёнигача саноат маҳсулоти ҳажмини 850 млрд. тенгега етказиб, 2,1 фоиз ўсишни таъминлаш режалаштирилган.

Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар натижасида вилоятга 229,9 млрд. тенге сармоя жалб этилиб, бу кўрсаткич 31,5 фоизга ўсди. 42,3 млрд. тенгеси ташқи сармоя бўлиб, у 14,1 фоиздан 16,9 фоизга ортди. 

Йил бошидан буён чет эл сармоядорлари билан 40дан зиёд бизнес учрашувлари уюштирилди. Натижада, Бирлашган Араб Амирликлари билан тиббиёт буюмлари ва дори-дармонлар чиқарадиган завод барпо этиш, Россия Федерацияси билан Евро-5 андазасига жавоб берадиган нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши, Хитой билан биоэталон ва фосфор ўғитларини ишлаб чиқарадиган завод, шунингдек, қуёш нуридан электр қуввати оладиган электростанция қурилиши бўйича шартномалар имзоланди.

Жорий йили вилоятда экин майдони 20,7 минг гектарга ортиб, 809,5 минг гектарни ташкил қилди.

Сабзавот – 35,3 минг гектарга, картошка – 13,3 гектарга, полиз экинлари – 57 минг гектарга жойлаштирилди. Бугунги кунда вилоят бўйича 576,7 минг тонна сабзавот, 325,2 минг тонна полиз маҳсулотлари, 105,5 минг тонна картошка йиғиштириб олинди. Маҳсулот республикамизнинг шимолий вилоятларидан ташқари, узоқ-яқин чет мамлакатларга экспорт қилинди. Шунингдек, қўшимча 297та ширкат ташкил этилди, унинг сони ўтган йилга нисбатан икки ҳиссага кўпайиб, 539тага етди. 

Йил бошидан 2179та кичик мол бўрдоқилаш майдончаси очилиб, уларнинг сони 11746тага етса, 621 оилавий сут фермаси ишга туширилиб, умумий сони 2661тага етказилди.

Республика бўйича вилоятнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳиссаси 13 фоизни ташкил қилди. Умуман, турлар бўйича ҳисобласак, пахтанинг 100 фоизи, узумнинг 68,5, полиз маҳсулотларининг 61, озиқ-овқат маҳсулотларининг 38, маҳсарининг 36, сабзавотнинг 25, маккажўхорининг 23, сутнинг 13,5, гўштнинг 12,3 фоизи бизнинг вилоятда етиштирилган.

Шунингдек, илғор технологияларни, яъни, ерни чуқур юмшатиш (86 минг гектар), интенсив боғ (2655 гектар), иссиқхона (1240 гектар), томчилатиб суғориш (57,7 минг гектар) усулини қўллаш бўйича вилоятимиз пешқадам.

Чорвачилик бўйича халқаро андазаларга мувофиқ йирик мол бўрдоқилаш ўринлари, замонавий роботлаштирилган сут-товар фермалари, паррандачилик фабрикалари қурилмоқда.

Бюджетга салмоқни камайтириш мақсадида вилоятда давлат-хусусий ҳамкорлиги фаол қўлланилмоқда. 7 ойда умумий қиймати 9,3 млрд. тенгени ташкил қиладиган 13та лойиҳа (8та таълим, 2та соғликни сақлаш, 3та спорт) бўйича шартнома имзоланди. Шунингдек, “Онкология маркази”, ”Хавфсиз шаҳар”, кўчаларни ёритиш сингари лойиҳаларни амалга ошириш ишлари юритилмоқда.

Видеолавҳа намойиш этилгач, сўз вилоят ҳокими Ж. Туймебаевга берилди. Минтақа раҳбари ҚР Президенти Нурсултан Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўналишида бажарилган ишларга батафсил тўхталди. Ҳокимнинг айтишича, мана шу ишлар доирасида 428та тадбир уюштирилиб, 95та лойиҳа амалга оширилган.

Минтақа раҳбари келаси йилда Элбошининг Ўрдабоши тоғида маъруза қилганига 25 йил тўлишига тўхталди. Тарихий сана муносабати билан Ўрдабошида қозоқ хонлари – Тўле бий, Қазибек бий ва Айтеке бийларга ҳайкал ўрнатиш режалаштирилган.

– Элбоши Нурсултан Назарбаев “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида умуммиллий муқаддас жойларнинг аҳамияти ўзгачалигини айтди. Миллат етакчиси Қозоғистон хосиятли ерларининг маданий-географик жойлашуви – неча асрлар ўтсада, бизни ҳар қандай маънавий таназзулдан асраб, омон олиб чиқадиган рамзий қалқонимиз ҳамда миллий ифтихоримизнинг қайнар булоғи эканини айтиб ўтди. Мақолада халқ онггига умуммиллий хосиятли ўринлар ғоясини сингдириш мақсадида “Қозоғистоннинг қадимий жойлари географияси” лойиҳаси ишлаб чиқилишини, унинг кенг қамровли лойиҳа бўлишини таъкидлади. Бу борада вилоятимизда кўплаган тарихий шаҳарлар топилаётганини мисол қилиб келтириш мумкин. Шулардан бири – Шимкент шаҳри биқинида жойлашган, бир вақтлар Абилай хоннинг ўрдаси бўлган “Хон қўрғон”. Бундан ташқари Абу Наср Ал Форобий вояга етган ер – Ўтрор бўлса, туғилган жойи – “Оқсиз” шаҳарчасининг тарихий ўрни ҳам топилди. Бироқ у ерда қазилма ишлари юритилмаган. У ерда археолог олимлар билан қазилма ишларини бошлаб юбордик, – деди минтақа раҳбари.

Унинг таъкидлашича, Қазиғурт ва Ўрдабоши тоғлари сингари кўҳна ўринларга ҳам ёдгорлик ўрнатилади. 

– Ўрдабоши – қозоқ халқи, хонларини бирлаштирган қадимий жой. Келгуси йил 28 майда Элбоши Нурсултан Назарбаев Ўрдабоши тепалигида маъруза қилганига 25 йил тўлади. Бу – тарихий сана. Шунга мувофиқ, у ерда Тўле, Қазибек, Айтеке бийларнинг ёдгорлигини ўрнатишни режалаштирганмиз. Унинг баландлиги 15-20 метр бўлади. Шунингдек, ер юзини сув босганда Нуҳ пайғамбарнинг кемаси Қазиғуртда қўним топган, деган ривоят бор. Олимлар одамзод Қазиғуртда иккинчи ҳаётини бошлаган, деган гапларни олға суради. Шу сабабли, Қазиғуртда 4-5 қаватдан иборат кема қуришни кўзлаганмиз. Умуман, тарихий жойларни қадрлаб, келажак авлодга уларнинг аҳамиятини етказамиз ва вилоятимизда сайёҳликни ривожлантирамиз, – деди вилоят ҳокими.

Ҳокимнинг айтишича, тарихий жойларга борган одамнинг фикрлаши, дунёқараши ўзгаради. Вилоят ҳокими маслаҳат депутатларини меҳнат жамоалари ва оиласи билан тарихий қадамжоларни зиёрат қилиб, ўзгаларга ўрнак кўрсатишга чақирди.

Шундан сўнг, вилоят маслаҳатининг бир неча депутатлари ҳокимга ўзларини ташвишлантириб юрган саволлар билан мурожаат қилишди. Халқ ноибларининг таълим, соғликни сақлаш, ичимли сув, газ билан таъминлаш, бошпана масалаларига оид саволларига ҳоким батафсил жавоб берди. Масалан, бу йил соғликни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини бойитишга 5 миллиард тенгедан зиёд маблағ ажратилди. Натижада, тиббиёт муассасаларининг жиҳозлар билан таъминланиш кўрсаткичи 65 фоизга етди. Таълим соҳаси бўйича жорий йил 79та иншоотнинг қурилишига 31,2 млрд. тенге ажратилган. Йил бошидан буён 7та мактаб фойдаланишга топширилди, унинг тўрттаси авария ҳолатидаги мактаб эди. Минтақа раҳбарининг айтишича, вилоятда уй-жой қурилиши соҳасига алоҳида эътибор берилмоқда. Йил бошидан буён ҳудудимизда 348,9 минг квадрат метр уй фойдаланишга берилди. Ўтган йили 529 минг квадрат метр бошпана қурилса, бу кўрсаткич йил сўнггигача 700 минг квадрат метрга етади. Яъни, бу йил жами 11 мингдан зиёд оила уй тўйини нишонлайди. 

Сессияда халқ ноиблари вилоят ҳокимининг фаолиятини ижобий баҳоладилар.

Йиғинга якун ясаган вилоят ҳокими Давлат раҳбарининг оқилона сиёсати натижасида вилоятнинг ривожланиши учун барча шароит яратилганини айтиб, депутатларни халқ эзгулиги учун ҳамкорликда иш юритишга чақирди.

 

* Ўрдабоши – қозоқ халқи, хонларини бирлаштирган қадимий жой. Келгуси йил 28 майда Элбоши Нурсултан Назарбаев Ўрдабоши тепалигида маъруза қиланига 25 йил тўлади. Бу – тарихий сана. Шунга мувофиқ, у ерда Тўле, Қазибек, Айтеке бийларнинг ёдгорлигини ўрнатишни режалаштирганмиз. Шунингдек, ер юзини сув босганда Нуҳ пайғамбарнинг кемаси Қазиғуртда қўним топган, деган ривоят бор. Олимлар одамзод Қазиғуртда иккинчи ҳаётини бошлаган, деган гапларни олға суради. Шу сабабли, Қазиғуртда 4-5 қаватдан иборат кема қуришни кўзлаганмиз. Умуман, тарихий жойларни қадрлаб, келажак авлодга уларнинг аҳамиятини етказамиз ва вилоятимизда сайёҳликни ривожлантирамиз.

 

* 2017 йилнинг 7 ойида 439,1 млрд. тенгелик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,3 фоиз ортиқ. Саноат соҳасининг қайта ишлаш йўналишида 301,3 млрд. тенгелик иш юзага оширилиб, 34,6 млрд. тенгега ўсган.

 

* 2017 йили асосий капиталга 229,9 млрд. тенге сармоя жалб этилди. Бу – республикадаги сармоянинг 5,7 фоизи. Инвестиция жалб этишда ҳам вилоятимиз олдинги сафда. Маблағнинг асосий қисми қайта ишлаш саноатига тортилиб, у 49,9 фоизни ташкил қилди.

 

* “Өрлеу” лойиҳаси бўйича пулли ёрдам 14457 оиладаги 83306 кишига (4,2 млрд. тенге) тайинланиб, тўланди. 17406 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаронинг 15764 нафари доимий иш билан таъминланди. Мазкур лойиҳа бўйича ҳам Жанубий Қозоғистон вилояти карвонбошилар сафида.    

 

 

* Республика бўйича кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони бўйича карвонбошилик қиладиган Жанубда бугунги кунда субъектлар сони 177709га етди. Соҳада иш билан таъминланганлар сони – 331490 киши. Улар 158,3 млрд. тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарган.

 

 

 

 

, 2017-08-29, 11:10
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.