26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Миртемир ва қозоқ адабиёти

Ўзбекистон халқ шоири Миртемир Турсунов ниҳоятда машаққатли, аммо бахтиёр тақдир соҳиби бўлган инсон. У ўзбек шеъриятининг тараққиётига, адабий тилининг ривожига бебаҳо ҳисса қўшибгина қолмай, ўз ижоди, ажойиб таржима асарлари билан маданиятимизни бойитди, адабиётимизнинг қозоқ адабиёти билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлади.

Шоирнинг болалик йиллари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳи – Иқон қишлоғида ўтган. У кейинчалик Ўзбекистонда яшаб, ижод қилсада, ўз Ватанини, қишлоғини унутгани йўқ. Шоир қозоқ халқини – юртдошим, қардошим, тоға юртим деб билган. Қозоқ халқининг буюк шоири М. Ауезовни “устозим” деб ардоқлаган. Миртемир Турсунов ижоди икки халқни дўстлик сари етаклайди. Шоирга бўлган ҳурмат эса миллатлар дўстлигини мустаҳкамлайди. Миртемирнинг шеърий ижодигина эмас, ёру биродарлари, таниш-билишлари даврасида айтган фикр-мулоҳазалари, хотиралари, қизиқ-қизиқ ҳангомалари, суҳбатлари ҳамиша мароқли ва жозибали бўларди. Булар шоирнинг меҳнатга муносабатидан, одамларга меҳр-муҳаббатидан далолат берар, адолат ва ҳалоллик билан йўғрилган бўларди. У алдамчилик ва риёкорликни ёқтирмасди. 

Халқлар дўстлигининг чинакам куйчиси эди. 

Миртемир туркий миллатга мансуб шоирларни ўзаро яқинлаштириш мақсадида тоға ва жиян “операция”сини ўйлаб топган ҳамда шу йўл билан қардош халқлар ва адабиётлар ўртасидаги чегараларни бузиб ташлашга интилган эди.

Мен қуйида филология фанлари доктори, академик Наим Каримовнинг «Миртемир» номли китобида ёритилган шоир ҳаётидаги айрим воқеаларни сиз, азиз ўқувчиларнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. 

Муҳайё СУЛТОНОВА, 

Туркистон.

«Қарқаралик»

Ҳар бир сафар, ҳар бир саёҳат инсоннинг бошқа шаҳар ва мамлакатлар ҳақидаги тасаввурини бойитади. Айни пайтда унинг руҳий ҳаётига, агар шоир ёки ёзувчи бўлса, ижодий ҳаётига ҳам янги таассуротларни олиб киради, унинг эстетик оламини янги ҳиссиётлар, ёрқин кечинмалар билан бойитиб, дунёқарашига сайқал беради. Агар машҳур шоир ва ёзувчилар ёки рассомлар ҳаётига назар ташласангиз, улар ижодидаги ҳар бир янги ижодий босқич бирор сафар ёки саёҳат билан боғлиқ эканига амин бўласиз.

Ўзбек адабиёти ва санъати ҳафталиклари гоҳ озар юртида, гоҳ болгар заминида ўтар ва аксинча, туркман адабиёти ва санъати ёки белорус адабиёти ва санъати ҳафталиклари Ўзбекистонда ўтказиларди.

Шундай адабиёт байрамларидан бири 1962 йилнинг май ойида Қозоғистонда бўлган. Ўзбек нафис маданияти намояндалари қардош юртнинг турли шаҳарларида учрашувлар ўтказиб, ўзларининг дилрабо санъатларини намойиш этишган.

Миртемир ҳам шу адабиёт байрамида қатнашиб, бир олам таассурот, бир дафтар шеърлар билан қайтади. Бу бир-биридан фаол шеърлар орасида айниқса «Қарқаралик» деган шеър мухлисларга манзур бўлган.

Ўша унутилмас сафарда мезбонлар ўзбек ёзувчи ва санъаткорларини Қарағанди шаҳрига ҳам олиб боришган. Қарағаңди – Қозоғистоннинг кўмир конлари билан машҳур бўлган шаҳар. Бу ерда бўлган учрашув чоғида Миртемир домлага кончилар чироғини совға қилишади. Домла назарида бу оддий чироқ бўлмай, балки унинг йўлини ёритиб турадиган ва «кукун ютиб», «ижод теранлари»дан шеърият олмосларини топишига ёрдам берадиган бамисоли Аловуддиннинг чироғидек хосиятли чироқ эди. Шундай хаёл билан руҳи кўтарилган шоир Қарағанди вилоятидаги Қарқарали шаҳрига борганида, баҳри дили яна ҳам очилиб, илҳом булоғи жўшиб кетади. Балки унга илҳом берган нарса бу шаҳарнинг «шаршарали» сўзига қофиядош номидир, балки шу шаҳарда уни гул билан кутиб олган қозоқ сулувидир. Ҳар ҳолда, унинг қалбидан бундай сатрлар отилиб чиққан: 

Қарқаралик, қайдан 

 келдинг қошимга,

Қайдаги савдони солдинг бошимга.

Қайдаги савдони солсанг бошимга, 

Қота кўрма қатрон менинг ошимга!

Ер юзида турли-туман жой номлари бор. Масалан, Жийдали деган жой номи шу ернинг жийда кони бўлганини англатиб туради. Қарқарали эса шу ернинг лайлаксимон қушлар макони бўлганидан дарак беради. Бундан ташқари, «қарқара” – қозоқ қизларининг «тиллақош»га ўхшаш зеб-зийнати. Балки манглайида қарқара порлаб турган қозоқ сулуви шоир дилини банд этгандир ўшанда... Ҳар ҳолда Миртемир давом этиб, яна ёзган:

Тўлқинида кошки ўзим чўмилсам...

Шайдойингман, гар қарама,

 гар қара!..

Нақадар гўзал сатрлар! Бундай сатрларни кончи чироғи билан ҳам "ижод теранлари"дан топиш осон эмас!

Бу шеърнинг ижодий тарихи бир "сир"дан холи эмас. Бу "сир" шундан иборатки, Миртемир болалик ва ёшлик йилларида Туркистон аҳли ўртасида тарқалган жуда кўп қўшиқларни ёд билган; шундай қўшиқлар орасида "Қарқаралик қайдан келдинг қошимга, Қайдаги савдони солдинг бошимга..." сатрлари билан бошланувчи қўшиқ ҳам бўлган. Шоир Қарқарали тоғлари этагида жойлашган Қарқарали шаҳрига борганида, балки ўша қарқаралик сулувни кўрганида, шу халқ қўшиғи сатрлари унинг бошида чарх уриб, мазкур шеърнинг туғилишига сабаб бўлгандир.

...Қозоқ адабиётининг Ўзбекистонда ўтказилган ҳафталикларидан бирида Сирбой Мауленов қаламкаш дўстлари Тўлеген Айбергенов ва Таниш Дауренбеков билан Миртемир хонадонига дафъатан кириб келишади. Миртемир азбаройи хурсанд бўлганидан ўзини қўйишга жой тополмай саросимада қолади. Ҳатто меҳмонларни кутиб олишга тайёр эмаслиги ҳам унинг қувончига соя ташламайди. У, аксинча, меҳмонларнинг ўз машиналарида келганларини кўриб, чеҳраси янада равшанлашиб кетади.

– Машинада келганингиз жуда соз бўлибди. Менда транспорт йўқ. Бола-чақа миниб кетса, хавотир олиб ўтираманми, деб машина сотиб олмайман, – деди у меҳмонларни уйга бошлаб. Сўнг давом этди: – Менинг уйим – сизнинг уйингиз. Сизнинг машинангиз – менинг машинам. Сизлар юз-қўлингизни ювиб тургунингизгача мен ғир этиб бозорга бориб келаман. Бензинини ҳам тўлдириб келаман. Қайтар чоғингизда бензин ахтариб ўтирмайсиз.

У шу сўзларни айтдию машинага ўтириб жўнади. Ярим соатдан мўлроқ ўтган бўлса керак, келтирган мева-чевалари билан дастурхонни тўлдириб ташлади.

–Тоға, – деди Сирбой Мауленов дастурхонни кўрсатиб, – Олой бозорини кўчириб келдингизми?

– Олой бозорини қандай кўчириб келай, жиян? Олой бозорининг ярми ўзбекники бўлса, ярми қозоқники. Ўзбекдан қолган ярмини Чимкент кўчириб кетади, – деб жавоб берди Миртемир ҳазилга ҳазил билан.

Меҳмонлар дастурхонни безаб турган ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиш билан бирга суҳбат лаззатини ҳам унутмадилар. Миртемир Қозоғистондаги шоир дўстларининг ҳаёти ва ижоди билан қизиқди. Меҳмонлар ўзбек шоирларининг ҳол-аҳволи ва ижодига доир саволлар бериб, жавоблар олишди...

Одатда, суҳбат мавзуи кичик маиший мавзудан бошланган бўлса-да, секин-аста даврадошларнинг қизиқиш доираси кенгайиб, ажабтовур тарихий воқеалар хотирланди, ўтган улуғ ёзувчилар ёд этилиб, уларнинг ўлмас сатрлари дафъатан жаранглаб кетди. Ўша куни ҳам шундай бўлди. Қандайдир муносабат билан жаҳон шоирларининг бобокалони Ҳомер эсланди. Миртемир ўша кезларда “Одиссея”ни таржима қилишга киришган эди. У антик адабиёт дурдонасининг ўзбек тилига ўгирилган ва ҳали ҳеч ким тингламаган бир парчасини ўқиб, меҳмонлар ҳукмига ҳавола қилди:

Муза, ўшал жаҳонгашта

 эр ҳақида менга сўзлагил,

Қандай қилиб ўз қўлида

 вайрон бўлгач эзгу Элион,

Қанча шаҳар, урфу одат,

 одам кўрди кезиб элма-эл,

Денгизларда қайғу чекди

 ўз бошини қутқариш учун,

Тағин барча йўлдошларин

 юртларига қайтариш учун,

Лекин қанча уринмасин,

 йулдошларин қутқаролган йўқ,

У нодонлар ҳалок бўлди

 ўзларининг қилмишларидан...

– Қаранг, – деди у ўқишни тугатиб, – ҳали битта фикр ҳам тугаганича йўқ. Ҳомер бобонинг ҳар бир сатри ўн етти ҳижодан иборат. Ўқиганингизда нафасингиз етишмай қолади. Бунинг устига сатрлар қофияланмаган. Ҳомер бобо “Одиссея” да нақл қилинадиган воқеалар тасвирига ҳали киришмай туриб, шунча гапни айтаяпти-я! Бу асарда Одиссейдан ташқари яна қанча қаҳрамонлар, қанча жангу жадаллар, қанча фалокату қахрамонликлар тасвир этилади. Шуларни ўйласам, жаҳон адабиёти карвони бизга етиб келгунига қадар жуда ҳам майдалашиб кетганга ўхшайди.

– Бундай гаплар билан бизни қўрқитманг, – деди меҳмонлардан бири ҳазил оҳангида. – Ҳомер бобо яшаган давр бошқа эди, бизнинг давримиз бошқа. Замон Ҳомер бобонинг олдига “Одиссея” билан “Илиада”ни ёзиш вазифасини қўйган бўлса, бизнинг олдимизга бошқа вазифаларни қўймоқда.

– Ҳамма гап шунда, жиян, – деди Миртемир бу сўзларга жавобан. – Замондан ташқари, шоир ва ёзувчи ҳам ўз олдига катта-катта вазифаларни қўйиши даркор. Акс ҳолда адабиёт адабиёт бўлмай қолади.

Миртемир суҳбатнинг жиддий тус ола бошлаганини сезиб, гапни бурмоқчи бўлади: 

– Айтгандай, Ҳомер бобо асарлари қозоқ тилига таржима қилинганми?

 – Йўқ, ҳали таржима қилинмаган. Қувондиққа ўхшаш таржимонларимизнинг Ҳомер бобонинг кўчманчи сўқмоғидай узун сатрларини таржима қилишга сабри чидамайди.

Миртемир кулиб юборди. 

– Қувондиқ – зўр оқин, бақувват таржимон. У шарқ адабиётини ҳам, Ғарб адабиётини ҳам яхши билади...

Суҳбат шу тарзда давом этди. Бундай гурунглар ўтган асрнинг 60-70-йилларида Тошкент, Олма-Ота, ва Фрунзе (Бишкек) шаҳарларида тез-тез бўлиб турди.

Миртемир адабиёт байрамларига келган қардош биродарлари шарафига Тошкентнинг Ишчилар шаҳарчасидаги хонадонида бир неча бор дастурхон ёзди. У шундай пайтларда, иложи бўлса, меҳмонларнинг барчасини кутиб, улар кўнглини олишни истарди. Унинг назарида, дўстга бўлган меҳрни сўз билан эмас, амалий иш ёки хатти-ҳаракат билан изҳор қилишдан улуғроқ нарса йўқ эди.

Нақл қилишларича, хафталикка келган қозоқ ёзувчиларининг самолётга чиқиб учишларига бирор соат қолганда, Миртемир Сирбой Мауленовнинг меҳмонхонадаги номерига бир лаган иссиқ паловни кўтариб борган. У уйига кела олмаган меҳмонлар олдидаги “қарз”ини шу тарзда узмоқчи бўлган эди. Афсуски, улар бундан икки соат аввал меҳмонхонадан чиқиб кетишган экан. Буни эшитган Миртемир Сирбой “жиян”ига қараб:

 – Ўзингдан қолар гап йўқ: самолётни қувиб етолмайман. Қолган қозоқларнинг ҳаммасини чақир. Ўзбек янгаси пиширган паловнинг таъмини тотиб кетишсин, – дейди жилмайиб. 

Меҳмонлар паловнинг “чангини чиқариб” юборганларидан кейин эса қўшиб қўяди: – Бўш лаганни уйга кўтариб юрмай, “жиян”. Гулжамол келинимга совға бўлсин. Ма, ол!..

* * *

Отаёрнинг “Миртемир” эссе - китобида ғаройиб бир воқеа ҳикоя қилинган. Лекин бу воқеани баён қилишдан аввал шоирнинг гул ва гулзорларни хуш кўриши ҳақидаги фикрлари билан танишсак. У “Шайдолик” деб номланган насрий шеърида гулга бўлган меҳрини бундай ифодалаган: “Мен гулни гўдакликдан ардоқлайман... Лекин ҳозирги гул севишим сал бошқачароқ. Бўш пайтларим гул кўйида ўтади, холос. Кўчада дуч келаманми, йўлда кўраманми, боғда учраб қоламанми — ҳайтовур, гуллардан кўз узолмайман, сира-сира. Худди чақалоқдай эркалагим келади, силагим келади. Ҳар нозик баргидан ўпич олгим келади. Ҳидлаб тўймайман. Гир-гир айланишимни қўймайман. Гуё мен гул жинниси. Қаранг: пушти, қирмизи, оқ, нофармон... Бари нозик, ярқироқ, хушбўй, жимир-жимир. Ёноғида кулгичи бор сулувлардек ҳамиша жилмаяди гуллар...”

Кунларнинг бирида Миртемир қандайдир муносабат билан Олмаотага борганида ёмғир челакдан қуйгандек қуйиб турган экан. Сирбой Мавленов тайёрагоҳда “тоға”сини кутиб олиб, унинг истаги билан Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасига олиб бормоқчи бўлибди. Шаҳарнинг марказий хиёбонларидан бирида гул дўкони бор экан. Миртемир шу ерга келганда гулларни кўрибдию шайдолиги тутиб кетиб, машинани тўхтатибди. Тушиб, бир даста гулни сотиб олибди. Сирбой Мавле¬нов “тоғам” бу гулларни уюшмадаги сулувларни хурсанд қилиш учун олган, деб ўйлабди. Улар машинага ўтириб, манзилга етиб келганларида, бир қиз ёмғирда увиб, жунжикиб, ўксик бир холатда турган экан.

 

(Давоми бор).

2017-08-31, 17:49 1317
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.