26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Китоб – миллий идрокни абадиятга етказади

Таниқли сухандон, санъаткор, қатор ҳужжатли фильмлар муаллифи, Сайрам туманининг Фахрий фуқароси Ҳамроқул Давронбековни яқинлари  китобсевар инсон сифатида ҳам яхши танийди.  Қуйида у кишининг яна бир мақоласи билан танишасиз.

Вақт қудратли хилқат. Унинг зарбидан қоялар нураган, дарёлар ўзанини ўзгартирган, салтанатлар вайрон бўлган. Аммо Аллоҳ мукар­рам этган Одам фарзандлари муаммонинг ечимини топишган. Инсон фикр­лари, ғоялари, изланиш ва ихтироларини абадиятга муҳр­­­лайдиган ёзувнинг пайдо бўлганига ҳам ўн минг йилдан кўпроқ муддат ўтди. 

Шундан буён ёзув шакли ҳам, битиклар акс этган жисмлар ҳам кўп бора ўзгарди. Одамлар авваллари папирус, лойтахта, пергамент, қоятошларга ёзишган бўлса, бугунги кунда соатига ўн минглаб  нусха кўчирувчи машиналар яратилди. Ўз ичига миллардлаб сўзларни сиғдира олувчи тирноқдеккина хотира қурилмалари кашф этилди. Аммо бир нарса ўзгармади: ин­сонлар юрагидан ўрин олган эзгу ниятлари, покиза эсдаликлари, мангуликка муносиб хоти­рала­рини китобларда акс эттириш.

Ҳар қандай асарнинг пайдо бўлиши ғоядан бошланиши сир эмас. Буюк ғояларни олдинга сур­ганлар эса эл назарига тушиши ҳам айни ҳақиқат. Куни-кеча такрор варақлаб чиққан китобим – «Менинг Ватаним – Қозоғистон» ҳам айнан шундай теран илдиз­лардан куч олган, аждодлар меросини ас­раб-авайлаш, ав­лод­ларни буюк келажагимиз – Мангу элга йўл­лашдек буюк мақсадларни ўзига жо этган, ватанпарварлик туйғулари билан суғорилган, элимизнинг ардоқли инсонлари ғоялари туфайли дунёга келган. 

Мамлакатимизнинг босиб ўт­ган йўли антик даврга уланиб, та­рих тўзонига сингиб кетади. Буюк боболаримиз жаҳонгир тож­дорлар билан тенгма-тенг курашган, юздан зиёд йирик салтанатнинг тузилишида бево­сита қатнашишган, сони  кам бўлсада, жасурлиги ту­файли ном қозонишган. Юртимизда яшаётган юздан ортиқ этнос вакиллари, улар қаторида ўзбеклар ҳам шонли ўтмишимизнинг ижод­корларидир. 

1991 йилдан сўнг бош­лан­ган мустақиллик эса хал­қимизнинг янада шарафлироқ вазифаларни бажаришга ки­ришган бўлди. Қисқа вақтда юртимиз нафақат ўтмиш муам­моларини бартараф этди, балки юртимизни жаҳоннинг энг илғор эллик мамлакати қаторига олиб чиқди. Маънавий янгиланиш, учинчи замонавийлашув каби режаларнинг рўёбга чиқиши эса ўттизликдан ўрин олишимизга сабаб бўлишига шубҳа йўқ.

Китобда Қозоғистоннинг тўрт томонидаги маданий ва та­рихий ёдгорликлар ҳақида маълумотлар, архивлардан то­пилган фото­сурат­лар чоп этилган. Шунингдек,  Ўлжас Сулейменов, Мурат Журинов, Сабит Ўразбаев, Мамбет Қўйгелди ва бошқа буюк юртдошларимизнинг фикр­лари, Элбошимизнинг бево­сита раҳбарлиги остида амал­га оширилган лойиҳалар акс этган фотосуратлар ҳам ундан ўрин олган. 

Ҳам ортимизда қолган йўл, ҳам келажакнинг нурафшон уфқлари ўрин олган «Менинг Ватаним – Қозоғистон» китобига кўплаб инсонларнинг меҳнати сингди, айниқса, ғояга жилва берган таҳрир ҳайъати, унинг матбаадан чиқишига сабаб бўлган давлатманд йигит­ла­ри­­­­­миз, ҳар бир ҳарф, ҳар бир сурат устида тер тўккан ада­бий ходимлар, таржимонлар, дизайнерларга тасанно айтишни истардим. Ва албатта, мазкур буюк ишнинг амалга ошишида ташаббус кўрсатган, ташкилотчи ва фидокор инсон, Қозоғистон Республикаси Парламенти де­путати, Қорабулоқнинггина эмас, Қозоғистон халқининг фар­зан­­­­­­ди Фахриддин Қоратоев, Тур­­­кистоннинг Қорачиқ қишлоғида туғилиб  ўсган, туғилган юртини дунёга танитаётган тадбиркор, сахийқалб инсон Абдулла Ис­матуллаевларнинг исми-шари­фини алоҳида тилга олишни истардим. 

Туғилган элга эҳтиром ҳар бир инсоннинг юрагида яшайдиган туйғу. Шу билан бирга, «Эл номини эр танитади», деган нақл ҳам бор. Мамлакатимизнинг янада ривожланишига, юқоридаги каби оташқалб инсонларнинг кўпайишига тилакдошман.

, 2017-09-06, 19:20 208
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.