26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Кичкинтой нега хархаша қилади?

Ёшлар, ҳатто янги туғилаётган чақалоқларда ҳам бош мия ички қон босимининг учрашини, болакайларнинг кичкиналигидан асабий, қайсар бўлишларини кўп кузатамиз. Бундай касалликларнинг келиб чиқиши ва олдини олиш йўллари борми, деган савол билан Шимкент шаҳридаги “Медикер ЮК” тиббиёт маркази неврологи Ильмира АЛАМОВАга мурожаат этдик.– Ильмира Ренадьевна, аввал бош мия қон босими ҳақида тушунча бериб, нима учун чақалоқларда кўп учрашини айтсангиз?

– Бош мия ички қон босими, деб бош мия ва орқа мияда айланиб юрадиган суюқликнинг ортиб кетиши ёки камайиши тушунилади. Чақалоқларда бош мия ички босимининг меъёрдан ошиб туриши перинатал энцефалопатия борлигини билдиради. Болаларда бош мия ички қон босими ошиши касаллик эмас, балки бирон-бир касалликнинг белгиси ҳисобланади. Бунга олиб келувчи сабаблар эса турли-туман. Масалан, онанинг буйраклари кучли шамоллаши ёки шикастланиши, ҳатто оддий тумовдан ҳам касаллик кучайиб, асоратлари қолиши мумкин. Ўткир респираторли вирусли касалликлар, таносил касалликлари, боланинг она қорнида киндикка ўралиб қолиши ёки қон камлигидан гипоксия касаллиги (кислород етишмаслик) келиб чиқиши ва яна бошқа кўп сабабларга кўра, болалар бош миянинг қон босими касаллиги билан туғилиши мумкин. Яъни, бу касалликнинг сабаблари тиббиётда тўлиқ ўрганилмаган. Чақалоқларда бу касалликни аниқлаш учун УЗИ, рентген нурлари орқали текшириш мумкин, лекин кўп ҳолларда шифокорлар тўғри ташҳис қўйишолмайди. Миянинг қон босимини аниқлаш учун бош миядан суюқлик олиб аниқ ташҳис қўйиш мумкин. Бу ҳақда катта давра суҳбатларида, анжуманларда кўп айтилган. 

–  Белгилари...

– Бунда болани кучли бош оғриқ безовта қилади. Улар оғриқ белгисини айтиша олмаганлиги сабабли, тинимсиз йиғлайди, кечаси билан безовта бўлади. Бундан ташқари, уқалаш вақтида, об-ҳаво ўзгарганда ҳам безовталанади. Чақалоқнинг ҳарорати кўтарилиши, қусиши ҳам мия қон босимининг ошганидан дарак бериши мумкин. Агар болага айнан бош миянинг қон босимига оид ташҳис қўйилса, уни иложи борича 1 ёшгача даволаш керак. Кейин уни даволашга кўп вақт керак бўлади.

– Айрим 3-5 ёшдаги болаларни асабий ҳолатда учратиш мумкин. Сабабини сўрасак, ҳар ким ҳар хил фикр билдиради. Боланинг асабий, инжиқ бўлишига нималар сабаб?

– Ҳа, тўғри ҳозирги кўп болалар асабий, бунга сабаб ривожланган технология – компьютер, мобиль телефонлари, экология бузилиши ва ҳ.к. Ҳозир ота-оналар ҳатто, янги туғилган чақалоқларига ҳам телефон ушлатиб қўйишади. Болалар у билан бирга ухлашади. Умуман телефон, ўзингиз фараз қилиб кўринг, боланинг нозик организмига қандай таъсир қилишини, у ҳатто катталарга ҳам жуда зарарли ускуна. Нега қайсар, чунки ҳамманинг уйида эрталабдан кечгача телевизор ишлаб туради, овқатланиш вақти ҳам эсидан чиқиб, компьютер ўйнашади. Бу ҳолат онага ҳам, болага ҳам, оиланинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиб, асабийлаштиради, сўнг бир-бирига баланд овозда гапиради, тез жаҳли чиқадиган бўлиб қолишади. Ва яна, албатта, овқатланиш ҳам катта роль ўйнайди. Ҳозир хориждан келаётган чипси, кириешки, газли сувлар, майонез, лаваш, бургер ва шу каби “тез пишар” овқатларни истеъмол қилишга одатланганмиз. Шунингдек, майонез ҳам кўп бош оғришига сабаб бўлади, бу – исботланган ҳақиқат. Ҳалиги таомларни кўчадан олиб келиб ёки кўчанинг ўзида еб келамиз, чунки уйда ишдан кейин вақтимиз бўлмайди – уяли телефон, компьютер билан овора бўламиз. Натижада, кимга зарар, албатта, болага. Болага бўтқа, шўрва каби енгил овқатларни пишириб бериш ўрнига шундай “тез пишар” таомларни тайёрлаб берамиз, фақат йиғламаса бўлгани. Болаларимизга деярли вақт ажратмаймиз. Масалан, ўзим бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Кичкина қиз: “қанийди, мен қайтадан чақалоқ бўлиб қолсам, онам ўшанда мени эркалатарди, бағрига босарди, доимо гаплашарди, мени тингларди”, дейди. Яъни, кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларига вақт ажратмай қўйган, доимо иш билан банд. Болалар ота-она меҳрига тўймайди, уларни бағрига босмайди, ваҳоланки, бу болалар учун жуда муҳим. Чунки, биз, катталар ҳам гоҳ-гоҳида бизларни ҳам, онамиз ёки яқин одамларимиз бағрига босишларини хоҳлаймиз. Худди шундай ота-онасидан меҳр кўрмаган болалар асабий, қайсар, инжиқ бўлиб вояга етади. 

Яна бир муҳим жиҳат, агар ота спиртли ичимлик истеъмол қилса, туғилажак болага салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга озуқа танқислиги ҳам боланинг асабий бўлиб туғилишига олиб келади. Она сутига тўймаган бола ҳам асабийлашишга мойилроқ бўлади.

– Қандай профилактика чораларини қўллаш мумкин?

– Бола билан бирга ўйнаш, суҳбатлашиш, эртаклар айтиб бериш, бирга сайр қилиш керак. Иқлим қулай, шимолдаги каби совуқ эмас. Кичкинтой билан ҳеч бўлмаса кунига  ярим соат сайр қилиш керак. Тоза ҳавода юрган болаларнинг иштаҳаси яхши бўлади, мириқиб ухлайди. Уларни иложи борича ҳар куни чўмилтириш, уқалаш, ҳар хил машқлар қилдириш керак. Ва яна, улар билан кўпроқ гаплашиш зарур. Яна бир маслаҳатим, уйда бир одам болага танбеҳ берганда оиланинг бошқа аъзолари ҳам уни қўллаши керак, мабодо биттаси танбеҳ бериб, иккинчиси унинг ёнини олса, боланинг фикри ўзгаради, кимнинг айтганини қилишни билмай қийналади. Болани эркалатиш керак, лекин эви билан. Ҳар бир уйда аниқ бир қонун бўлиши керак. Масалан, мен биладиганим, кўп оилаларда болалар ярим кечагача ухлашмайди. Кўп ота-оналар уларни эрта ухлатишга уринишса-да, эвидан чиқишолмайди. Болалар вақтида ухламаса ҳам асабий бўлишади. Аслида болалар соат 21-22ларда ухлашга ётиши керак. Чунки, соат 22дан тонгги соат 4гача одамни хотиржам қиладиган мелатонин моддаси ажралиб чиқади, у эса фақат кечаси уйқуда ётган пайтда ажралиб чиқади ва у ҳеч қандай озиқ-овқатда бўлмайди. Мелатонин 1 кеча-кундузга етади. У одам организмига жуда керак модда. Агар ота-она бу тартибни йўлга қўйса, бошида бола бир-икки ҳафта хархаша қилади, кейин ўрганиб кетади. Лекин бола йиғлаётганда ҳам уни урушмасдан, бақирмасдан, фақат яхши гапириб, тушунтириб бағрингизга босинг, тинчлантиринг. 

Врач сифатида ёш ота-оналарга маслаҳатимиз: агар болада асабийлашиш ҳолатини сезсангиз, албатта, бунга бефарқ қарамаслик керак. Асабийликни келтириб чиқараётган сабабларни ўрганиб, аниқлаб, унинг олдини олишга ҳаракат қилинг. Фарзандингизни асаб хасталиклари шифокорига кўрсатинг. Оилангизда тинчлик муҳитини яратишга ҳаракат қилинг.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

Малика АБДУРАИМОВА суҳбатлашди., 2017-04-25, 15:49 337
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.