26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Эҳтиром этгали келдим!

Май ойининг ўрталарида бўлиб ўтган “Икки дил саодати” номли ижодий кечадан шунчалар таассурот олдим-ки, асти қўяверасиз.

Уйга боришим билан қўлга қалам олиб, ҳаммасини қоғозга тушираман, деб ўйлагандим...

Йўқ, ҳар қанча уринганим билан мақолани маромига етказолмадим, ёзганларимдан ўзимнинг кўнглим тўлмади.

Қайта-қайта кеча қаҳрамонлари билан телефон орқали суҳбатлашиб ҳам кўрдим, барибир...

Охири ўша сўлим Қорабулоқ қишлоғига бориб, дилимга нур бўлиб кирган муҳтарам инсонлар билан янада яқинроқ танишиб, ички дунёсига чуқурроқ киришга бел боғладим.

Ниятимни телефон орқали билдириб;

– Гули Осиё, эртага сизникига бормоқчиман, вақтингиз борми? – дегандим:

– Опажон, жуда яхши ўйлабсиз, бемалол йўлга чиқаверинг, бош устига, кутиб оламиз, – деб сингилгинам қувонганлигини сездирди. 

Ишонасизми, саҳарлаб ёш боладек севиниб, иштиёқ билан йўлга чиқдим. Таксидан  тушиб, таниш дарвозадан бош суқарканман, чаманзорга кириб қолгандек ақлим лол қолди.

Алвон-алвон турфа гулларга ўралган ҳовли хонадон эгаларининг ким эканлигини кўрсатиб турарди...

... Май ойининг бошлари эди, шоира Гули Осиё қўнғироқ қилиб:

– Муҳаббат опа, 14 май куни кичкина ижодий кеча ҳамда китоб тақдимотини ўтказмоқчимиз, қишлоғимизга келиб, бир меҳмон бўлиб кетинг, – деб қолди.

Синглимни ижодкорлар анжуманларида, йиғин-тўйларида кўриб, таниб, эҳтиросли шоира, қалами ўткир адиба сифатида кўнглимга яқин олиб юрардим.

– Худо хоҳласа, албатта, бораман, – деб жавоб қайтардим.

Шу кунларда ҳаётимда  бироз кўнгилсизликлар рўй бериб, яшашга завқим сусайиб, тушкунликка тушиб юрган кезим, денг. Аллоҳга беадад шукурлар айтаман, уйларида бир кеча меҳмон бўлиб, Гули Осиёнинг умрга кўз қараши-ю матонатига тан бердим... Ҳаётий тасаввурларим, дунёқарашим кескин ўзгарди. Мен ундан матонат дарсини олиб, иродам сусайиб кетганлигини тушуниб, шу ондан ўзимни қўлга ола бошладим. Кўзларим оламга кулиб қарашга ўрганиб, ишларим ижобий томонга силжиди.

Ижодий кеча узоқ-яқиндан ташриф буюрган ижордкорлару кўп сонли мухлислар учун унутилмас воқеага айланди, десам ортиқ бўлмас.

Қишлоқ маданият уйи қошида меҳмонларнинг карнай-сурнай садолари остида кутиб олиниши тадбирнинг файзини белгилаб берди.

Кеча қаҳрамонларининг ҳаёти ва ижодий фаолиятидан ҳикоя қилувчи видеофильмнинг намойиш этилиши эса томошабинларнинг ихлосини янада ошириб юборди.

Гули Осиё билан умр йўлдоши Шайловбек залга кириб келишаркан бутун жамоат оёққа тик туриб, қарсаклар билан кутиб олди.

Саҳна тўридан жой олган муносиб жуфтликка қараб, ҳавас қилмаган одам қолмади. 

Даврани маҳорат билан бошқараётган вилоят ўзбек драма театрининг таниқли актёри Жавлонбек Саидовнинг дабдурустдан берган саволларига Гули Осиёнинг ҳозиржавоблик билан қайтарган жавоблари ижодкорлик қобилиятининг юқорилигини, Шайловбек укамизнинг ҳазил аралаш айтган самимий гапларидан суюкли ёрига нисбатан меҳр-муҳаббати, фахр-ифтихор туйғуларини сезиш қийин эмасди.

Мен Гули Осиёга тикилар эканман, кўз олдимда Увайсий, Нодирабегим, Ҳувайдоларнинг сиймолари гавдалангандек бўлди. Бу муборак жуфтликнинг чинакам бахтида Саида Зуннунова – Саид Аҳмад, Зулфия – Ҳамид Олимжон каби улуғ дарғалар бахтининг давомини кўрдим. Шайловбек ижодкор эмас, лекин бир қаламкаш аёлни бахтли қилиб, ижод осмонига парвоз этишида қўш қанот бўлиб, юксакларга олиб чиқолган, икки дил саодатининг баралла янграшига жўровоз бўлолган очиқ кўнгилли, очиқ қўлли маънавиятли инсон.

Унга ҳурматим ортганлиги шунчаликки, кейинги келишимда ҳовлига кира солиб, саломлашиб бўлар бўлмас:

– Сизни бир суратга тушириб олсам, майлими? – дебман.

– Бемалол, аввал уйга кириб, нафасни ростлаб олинг-чи, расм бўлса қочмас, – деб илтифот билан меҳмонхонага таклиф этиши, олиб келган чоққина совғамни завқ ила қўлига олиб, – азим Туркистондан хосиятли қозонни кўтариб келибсиз-да, – дея қувониб қабул қилиши кўнглимни тоғдек юксалтириб юборди.

3та китоб – ранг-баранг ҳикоялар, ҳажвиялар, қиссалар. 

Ҳар бир китоб тақдимотидан аввал асарлардан парчаларнинг вилоят ўзбек драма театри актёрлари томонидан жонли ижро этилиши воқеа-ҳодисаларни кўз олдимизда бугунгидек намоён этиб, ички дунёмизни тебрантирди.

“Мажнунтолли ҳовлида” китобидаги “Т. Рустамовнинг ўлмас жасорати” ҳикоясидан олинган парчада Тоштемирнинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлибгина қолмай, ҳаётда ҳам асл инсонлардан бири эканлигини уқсак, “Ҳаётнинг ўзи қизиқ” китобидаги “Эргаш булбул” ҳажвиясидаги Эргаш образидан одамларимизнинг ҳазил-мутойиба, аскияга яқинлигини кўришимиз мумкин. 

“Тақдирдан қочиб қутулмаганлар” асаридаги Мурод билан Азиза ўртасидаги муҳаббатнинг қайта жонланиши томошабинлар эътиборини қозониб, дилларга оромбахш туйғулар солгани аниқ.

Китобларни ўқиб чиққач, адибага ихлосим ўн чандон ортди.

Сингил-укаларим китобларни қўлма-қўл олиб кетиб, улардан бошқаларга ўтиб, айланиб юрибди.

Хуллас, бугун Туркистондан азим Қорабулоқ қишлоғига тор дунёни кўзларимга кенг этиб, яшашга завқимни оширган “Икки дил саодати” кечасининг қаҳрамонлари-ю ажойиб китоблар муаллифига чексиз миннатдорчилигимни билдириб, эҳтиром этгали келдим!

Азизларим, Аллоҳнинг назари, халқнинг эътиборида умр лаззатидан баҳраманд бўлиб, қўша қаринглар!

Суратда: М. Аматоева, Гули Осиё ва Шайловбек

Муҳаббат АМАТОЕВА. Туркистон–Шимкент–Қорабулоқ., 2017-09-08, 19:16 178
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.