26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тотувлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми

АСТАНА ШАҲАР ЎЗБЕК ЭТНОМАДАНИЯТ БИРЛАШМАСИ 10 ЁШИНИ НИШОНЛАДИ

 

Ёш бўлсада, мамлакатимиз ва жаҳонга моҳир эксперт сифатида танилган Шерзод Пўлатов раҳбарлик қилаётган Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси 4 сентябрь куни дастлабки юбилейини нишонлади. 

Ўн йиллик маррадан ошган ушбу ташкилот “Дўстлик” ҳамжамияти таркибида фаоллиги билан танилган. Нафақат Астана шаҳри, балки республика тадбирларида ҳам иштироки билан мамлакатимизда истиқомат қилаётган ўзбек этносининг тили, маданияти, анъаналари, барча фазилатларини намойиш этиб келмоқда. Айни вақтда бир ташкилот атрофида тўпланган бирлашма аъзолари бобокалонлар меросини чуқурроқ ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш учун муайян имкониятларга эга бўлмоқдалар. Таниқли тадбиркор, бир муддат “Дўстлик” ҳамжамиятини бошқарган Ғофир Қосимов, бошқарув аъзоларининг ташаббуси билан илк қадамларини қўйган бирлашма бугунги кунда ҳам намуна бўлишга арзигулик салоҳиятга эга.

Ташкилотнинг бир маромда ишлаши раҳбаргагина эмас, унинг атрофида тўпланган одамларга ҳам боғлиқ. Зеро, жамоат ташкилотининг муваффақиятли ишлашида унинг аъзоларининг фаоллиги жуда муҳим. Шерзод Пўлатов ташаббускор, серғайрат, билимли, тадбиркор инсонларни жамлашга муваффақ бўлганини бемалол айтиш мумкин. Ҳасан Шарипов, Ирсбек Абдуллаев, Шерали Тошматов, Тўрабек Сотиболдиев, Собир Тошпўлатов, Алишер Нуралиев,Алишер Бозорбоев ва бошқа кўплаб инсонлар кўпнинг юкини кўтаришдан оғринмай, ҳар қандай нозик масалада қоқилмай фаолият юритишмоқда. Шу билан бирга Шерзоднинг волидаи мукаррамаси Ихтиёра Хўжаеванинг Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасини оёққа қўйиш, уни кўпчиликка танитишдаги хизматларини алоҳида тилга олишни истардим. Барча тадбирларда бош-қош бўлаётган, бирлашманинг рақс тўгараги машғулотларидан тортиб, барча анжомларининг кам-кўстсиз сақланишини таъминлаётган камтарин хонимни, ёшидан қатъи назар, астаналиклар “опа”, деб эъзозлашади. 

Юбилей – фақатгина тантана эмас, у олдинга янада залворли, юксак мақсадлар қўйиладиган давр. Этномаданият бирлашмаси ҳам ўзининг ўн йиллигини “Маънавий янгиланишнинг аҳамияти ва истиқболлари” деб аталган давра суҳбати билан бошлади. Элбошининг мамлакатимизни жаҳоннинг энг илғор 30 давлати қаторига олиб чиқиш стратегиясидан ўрин олган онгни замонавийлаштириш жараёни мамлакат аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ўзбекларни ҳам четлаб ўтмаслиги маълум. Замон билан, Ватан билан ҳамнафас ҳаракатланиш учун ҳар биримиз янги давр талаблари – мунтазам билим олиш, теран илдизларимизни унутмаган ҳолда янгича фикрлашга ўрганишимиз зарур. Ва бу йўлда сусткашлик қилиш – келажагимизга раҳна солиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Бунинг учун эса Элбошининг дастурларидан ўрин олган, аниқ мезонлари белгиланган марраларга ўз вақтида етиб боришимиз шарт.

Давра суҳбатида мамлакат раҳбари белгилаб берган мана шу улкан жараёнда этномаданият бирлашмаларининг роли, бажарилиши лозим бўлган ишлар хусусида маърузалар қилинди. Уни Астана шаҳар Қозоғистон халқи Ассамблеяси котибияти мудираси Лаззат Қусаинова олиб борди. Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги “Ижтимоий тотувлик” Республика давлат муассасаси директори Александр Тараков, Қозоғистон халқи Ассамблеяси Кенгаши аъзоси, жамоат арбоби Рўзақул Холмуродов, Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов, Алмати шаҳридан Абдулла Исматуллаев, Жамбил вилоятидан Ғофир Қосимов, Астана шаҳар “Вайнах”чечен-ингуш этномаданият бирлашмаси раиси Салман Героев ва бошқалар ўз табрик сўзларини ва мавзуга оид мулоҳазаларини билдирдилар. 

Жамоат ишида ўз сўзига, обрў-эътиборга эга арбобларимизнинг мазкур учрашуви янги ютуқларга эришиш учун замин ҳозирлашига шубҳа йўқ. 

Тадбирнинг иккинчи қисми Астана шаҳар этномаданият бирлашмасининг барча фаоллари, Алмати шаҳри, Жанубий Қозоғистон, Жамбил, Қўстанай, Ақмўла ва бошқа вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонларни бағрига олган “Алаша” тўйхонасида давом этди.

Ўзбекона меъморий услубда қурилган бу кошона турли миллатларнинг миллий таомларини тайёрловчи масканлар қаторида Турон шоҳкўчасида жойлашган. Ўзбекона осори-атиқалар, суратлар, безаклар ҳар бир меҳмонни маданиятимизнинг бирор қирраси билан таништиради. Либослари ўзига ярашган хизматчи қизлар эса ширин лафзи билан ром этади.

Янграган карнайлар садоси чор-атрофни Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасининг 10 йиллик тантаналарига чорлади. Кираверишда асли туркистонлик, бугун Астанани забт этаётган рақс устаси, шоира ва ижодкор Ирода Муҳаммаджонова тарбиялаган миллий либосдаги парирўй қизлар ўзига хос муҳит яратишганди. 

Йиғилганларни табриклаш учун ташриф буюрган Парламент депутатлари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раиси ўринбосари Дархан Минбай, Жаҳон қозоқлари ҳамжамияти раиси ўринбосари Зауитбек Турисбеков, Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Икромжон Назаров, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов ва бошқалар Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси фаолиятига ижобий баҳо бердилар ва қимматли совғаларини тақдим этдилар. Астана шаҳрида фаолият юритаётган этномаданият бирлашмалари санъаткорлари турфа хилдаги концерт дастурларини намойиш қилдилар. 

Якунлар чиқарилиб, янги марралар белгиланаётган ушбу кун шодиёналарга бой бўлди. Ташкилот етакчиси фаол ишлаган кўплаб юртдошларга махсус тайёрланган медаль ва Фахрий ёрлиқлар тақдим этди. 

 

Рўзақул ХОЛМУРОДОВ,

Қозоғистон халқи Ассамблеяси Кенгаши аъзоси:

– Президентимиз Нурсултан Назарбаевни дунёда тенгсиз лидерлар қаторига кирита оламиз. Турли республикаларда миллатлараро масалаларда низо чиқиб, жанжаллар урушга айланган даврда таниқли сиёсатшунослардан бири “Эндиги навбат Қозоғистонники, жанжал бошланса, бу давлат тарқаб кетиши мумкин, чунки унда 100 дан ортиқ миллат яшайди, улар ҳеч қачон муросаи-мадора қилиб яшай олмайди”, деб ёзганди. Шундай таҳликали кунларда Элбошимиз Алматидаги улкан спорт саройида Қозоғистон халқи Форумини ўтказди. Тадбирда турли муаммолар, зиддиятлар юзага келган тақдирда уларни вазминлик билан, ҳамжиҳатликда муҳокама қилиш ва ечимини топиш учун жамоат ташкилоти тузиш зарурати айтилди. Бу ғоя вақти келиб, Қозоғистон халқи Ассамблеясига айланди... Бугунги кунда ушбу ташкилот атрофида 900 га яқин этномаданият бирлашмалари тўпланган. “Дўстлик” ҳамжамияти, ўзбек этномаданият бирлашмаларининг вазифаси  – барчамизнинг ягона Қозоғистон фуқаролари эканлигимизни, этнос вакилларининг ҳам давлат ишларида барча фуқаролар қаторида қатнашиш имкони борлигини  эслатиб туриш. Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида ҳам ушбу масалалар тилга олинган. Худога шукур, элимиз тинч, халқимиз омон. Барчамиз дўстлик-биродарликни туғ қилсак, Ватанимизнинг ўттиз пешқадам мамлакат қаторига кириш режаси амалга ошиши аниқ. Бунга  Қозоғистоннинг салоҳияти етади.

 

Икромжон ҲОШИМЖОНОВ, 

Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик”  ҳамжамияти раиси:

– Улкан тадбир – Астанада ЭКСПО-2017 билан бир вақтда ўтаётган байрамнинг мазмун-моҳияти чуқур. Мазкур шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси Ғофир Қосимов ва бошқа етакчиларимиз ташаббуси билан барпо этилди. Бирлашма айни пайтда катта тадбирларга бош-қош бўлмоқда. Масалан, жорий йилнинг февраль ойида Алишер Навоий таваллуд кунига бағишланган анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ҳам иштирок этди. Павлодарда ўтган халқаро ёшлар форумида Шерзод Пўлатов ўз маърузаси билан муносиб қатнашди. Мазкур ташкилот замонавий йўналиш – ижтимоий тармоқларда ҳам жуда фаол ишлаб, халққа ватанпарварлик кайфиятини сингдиришга астойдил хизмат қилмоқда. Жорий йилда фақат Сарёмий номли мактабнинг ўзидан  Назарбаев университетида 6 ўқувчи таълим ола бошлади. Астанада ҳам бундай истеъдодли ёшлар кўп, уларнинг ҳам элимиз бирлигига хизмат қилишига аминмиз.

 

Алишер СОТВОЛДИЕВ, 

“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси директор-бош муҳаррири:

– Бугунги тадбир миллий тотувликнинг Қозоғистон модели бераётган юксак самаранинг бир кўриниши. Биз Қозоғистонда истиқомат қилаётган 600 мингга яқин ўзбек этноси вакиллари – Қозоғистоннинг равнақи учун хизмат қиламиз. Уларга давлат сиёсатини  она тилида тушунтириб бориш, Элбошининг фаровонлигимиз, тинчлигимиз, тараққиётимиз учун ҳаётга татбиқ этаётган қарор ва фармонларини ўз вақтида халққа етказишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳар бир Мактуб, Давлат раҳбарининг мақоласи чоп этилгунига қадар  одамлар қўнғироқ қилиб, “қачон ўзбек тилида ўқиб, уқиб оламиз?” деб мурожаат қилишади. Бир этнос вакили сифатида мактаб, матбуот ташкил  этиб, уларнинг маромида ишлашини таъминлагани учун Президентимизга миннатдорчилик билдиришни истардим. Айни бир вақтда ўзбек этноси вакилларининг ҳам юз бераётган барча сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жараёнларда фаоллик кўрсатиб, Қозоғистоннинг пешқадам мамлакатлар қаторига киришига хизмат қилаётганини  таъкидлаб ўтмоқчиман. Ўз номимдан, барча журналистлар, ёшлар  номидан  Астана ўзбек этномаданият бирлашмаси жамоасини 10 ёши билан табриклайман.

 

, 2017-09-08, 19:51 185
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.