26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тоғли ҳудудларда 40та музли кўл аниқланди, уларнинг сувидан 700 минг киши фойдаланади

Вилоятимиздаги баланд тоғли ҳудудларда 40та муз кўли аниқланди.  Уларнинг эришидан пайдо бўладиган Ўгам дарёсидан учта туманда истиқомат қиладиган 700 минг кишини ичимли сув билан таъминлашда фойдаланиш режалаштирилмоқда. Ўгам трансчегаравий дарё бўлганлиги боис, олдиндан Ўзбекистон давлати билан музокаралар юритилиб, сувдан биргаликда фойдаланишга эришилган. Навбатдаги масала – ичимли сувни тортишга мўлжалланган лойиҳа ижросини илмий жиҳатдан тўғри режалаш зарур. 3340-3500 метр баландликдаги Ўгам тизмасининг Оқсув тоғидаги дарё сувлари ва музли кўлларнинг аҳволи билан вертолётда танишиб чиққан вилоят ҳокими Жансейит Туймебаев шуларни маълум қилди.

Минтақа раҳбари минган вертолёт дастлаб Бодом дарёси бўйлаб учиб, Тўлебий, Тулкибош туманларидаги тоғли ҳудудларни айланиб чиқди. Музли кўлларни тепадан кўриб бўлгач, вилоят ҳокими кўл бўйида ишчи гуруҳи билан мажлис ўтказди. Унда тошқинларнинг олдини олиш, кичик сув омборлари қуриш, Ўгам дарёсининг сувидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилган вилоят фавқулодда вазиятлар департаменти раҳбари Нурбўлат Дербисов дарё ва кўллардаги тошқиннинг олдини олиш ишларига алоҳида тўхталди. “Вилоятимиздаги дарё-кўлларда 86,95 чақиримли ҳимоя дамбалари ўрнатилган. Уларнинг хавфсизлик даражаси қатъий назорат қилинади”, деди у ўз сўзида.

Тоғли минтақалардаги музли кўлларнинг бугунги аҳволи ҳақида гапирган ҚР ИИВ ФВҚ “Қазселденқорғау” ЖҚВ ҳудудий фойдаланиш техника бошқармаси филиали директори Ербўл Алзақ бир қатор  муҳим масалаларга урғу берди. 

– Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудидаги Қаржантов, Ўгам ва Майдантал тоғ тизмаларида жорий йилда бир марта аэровизуал ва тўрт марта ерусти текширув-тадқиқот ишлари юритилган. Уларнинг натижаларига кўра, музли кўллардан хавф йўқлиги маълум бўлган, – деди Е. Алзақ.

Айтиш жоизки, вилоят бюджетидан жорий йилда аэровизуал ишларни юритишга 32 млн. тенге ажратилган бўлса, шу кунгача унинг 19 млн. тенгеси ўзлаштирилган. 

Мажлис давомида минтақа раҳбари вилоят ҳудудидаги сув тошқинининг олдини олиш, дарё-кўллар ва тўғонларнинг аҳволи, музли кўлларни назорат қилиш бўйича масъул соҳа раҳбарларига топшириқлар берди. Шунингдек, Ўгам дарёсидан Сариоғоч, Мақтаарал, Қазиғурт туманларига ичимли сув тортиш ишларига эътиборни сусайтирмасликни топширди.

– Вилоятимизга ҳар йили сув тошқини хавф солади. Уни бартараф этиш мақсадида келажакда 30та кичик сув омборини қуришни режалаштирганмиз.Шунингдек, Ўгам дарёси сувидан ичимли сув сифатида фойдаланишни кўзлаганмиз. Бунинг учун дарёда гидроэлектр станцияси қуриб, сув қувурларини тоғ устидан олиб ўтиш керак. Хуллас, олимлар ва тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, амалга ошириладиган лойиҳани сифатли кўринишда ҳозирлашни топшираман, – деди Ж. Туймебаев.

Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 15 февралида Қозоғистон ва Ўзбекистон Ҳукумати вакилларининг икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича бирлашган ишчи гуруҳи йиғин ўтказган ва унда Ўгам дарёсидан секундига 3-3,5 куб метргача сув олиб, Қазиғурт, Сариоғоч, Мақтаарал туманлари аҳлига ичимли сув сифатида бериш муҳокама этилиб, ижобий ечимини топган эди.

 

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2017-09-08, 20:02 881
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.