26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ҳайрат боғининг меваси

Одам табиатан ўзидан нарироқдаги нарсаларга қизиқадиган бўлгани учун ёнидагиларга унчалик эътибор қилавермайди. Тундлик салкам миллий қиёфамизга айланиб бораётган шу замонда салкам эллик йилдан буён элдошларини кулдириш ниятида қалам тебратиб келаётган ҳажвчи Меҳмон Исломқулов ижодига унча эътибор қилинмай келинаётганининг сабаби ҳам унинг ёнгинамизда яшаётгани бўлса керак. Ҳолбуки, бобосининг Юсуф деган оти ва “ўжар” деган лақабини ўзига тахаллус қилиб олган Меҳмон оға “Табассум” радиожурнали ва «Телевизион миниатюралар театри»нинг муҳаррири сифатида юртдошларимизга кулги улашиш борасида жонбозлик кўрсатибгина қолмай, қаламидан чиққан ўнлаб ҳажвиялари, «Ажаб қишлоқ ҳангомалари», «Экстрасенс бола», «Эркакнинг иши», «Тор уйга қўш сурнай», «Бир товуқнинг хуни» каби телевизион комедиялари, қатор театр саҳналарида ўйналган «Гапни гапир уққанга!..», «Ноёб нусха» каби ҳажвий пьесалари билан томошабинлар меҳрини қозонган эди.

Меҳмон Исломқулов 1944 йилнинг қаҳратонида Қозоғистон Республикасининг Сайрам туманига қарашли Қорабулоқ қишлоғида туғилган. Онаси меҳмонга борганида дунёга келиб, қор қалинлигидан кичик чилласи чиққунча ўша ерда қолган ва одамнинг бу дунёга меҳмон эканини туғилганидаёқ англаб етган Меҳмонқул тўнғич невара ўлароқ бобоси Юсуф ўжарнинг эркатойи бўлиб, унинг паноҳида ўсди. Бўлажак ёзувчининг шахсиятига хос жиҳатлар ҳам бобонинг таъсирида шаклланди. У бир умр бобосига ўхшашга интилиб яшади... Ҳажвий асарлар ёза бошлагач, бобосининг лақабу оти Ўжар Юсуфни ўзига тахаллус қилиб олди.

Тошкентдаги рус тили ва адабиёти институтини имтиёзли битирган Меҳмон Исломқул вақти келиб моҳир таржимон ҳам бўлиб етишди. У қозоқ, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, эрон, рус, болгар ва америка сатирикларининг кўплаб сара асарларини ўзбек тилига ўгирган. Собит Дўсанов, Эсонали Равшанов, Саидқул Ўспанов, Саид Кенжааҳмедов, Қулбек Эргўбек сингари қозоқ, Михаил Зошченко, Василий Шукшин, Михаил Жванецкий, Леон Измайлов, Аркадий Хайт, Семён Альтов, Михаил Мишин, Феликс Кривин каби рус, Азиз Несин, Шокир Балқи, Сулхи Дўлик, Сўяви Сўлип, Вейдат Сайқал янглиғ турк, Муротбой Низанов, Сайловбой Жумағулов сингари қорақалпоқ ҳажвчиларининг кўплаб асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. 

Бадиий ижодни ташкилотчилик ишла­ри билан уйғунлаштира биладиган М. Исломқулов Ёзувчилар уюшмаси қоши­даги Қозоқ адабиёти кенгашининг масъул котиби сифатида юртимиздаги қондош қаламкашларнинг самарали қалам суришлари ҳамда икки халқ адабиётини бир-бирига яқинлаштириш борасида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Ўжар Юсуфнинг айни шу кунларда дунё юзини кўрган “Одам дунёга ҳайратланиш учун келади” китоби заҳматкаш ҳажвчимиз қаламидан чиққан асарларни ўз ичига олади. Маълумки, кулгили ҳолатни ил­ғаш жуда қийин, уни бошқаларгада юқадиган йўсинда тасвирлаш эса янада мушкул юмуш. Муаллифнинг китобдан ўрин олган кўплаб битикларида ана шу икки жиҳат уйғунлашган. Биламизки, кулги табиийликдан туғилади. Ҳатто, атай уюш­тирилган қувликлар ҳам “ўлжа” томо­нидан табиий қабул қилинсагина кулги юзага келади. Бу жиҳатдан тўпламдаги “Абдураҳмон, соат неча бўлди?!”, “Сен бизга тирик кераксан” ҳикоялари диққатга лойиқ. Уларда сиртдан жуда беозор, баёвгина кўринадиган, аммо ичдан пишган Мамат мўйловнинг Бегимқул, Абдураҳмон сингари нафс бандаларини чув туширгани кулгили йўсинда тасвирланган.

Ўжар Юсуф фақат образларни кулги­ли вазиятларда тасвирлабгина қол­май, тимсоллар нутқига бетакрорлик бағиш­лаш борасида ҳам маҳоратга эга. Маса­лан, “Тандир” ҳикоясида “Эсон-омон журибсизма? Тан совма? Кўрганкўз, жамаат, бола-бақра, невара-чевара, улоқ-қўзи омонма?” тарзида сўзлашадиган Яхшибой чўпон нутқида ҳам тил индивидуаллиги, ҳам маҳаллий колорит намоён бўлган. Ҳикоядаги амалга ўч Саҳмон тимсоли ўзига хос руҳиятга эга киши сифатида тасвирланган. 

Одам тузалмай, олам тузалмаслигини билган муаллиф ҳажвияларида ижтимоий муаммоларни кўтаришдан кўра инсонлар табиатидаги илллатларни кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратади. “Эҳтиёткорлик” ҳикоясида, бир қараганда, кичик ва зарарсиз, аммо кўпайиб кетса, хунук кўри­ниш оладиган пишиқлик иллати ҳажв қилинади. “Бурун устидаги бармоқ”, “Пиле­сос” ҳажвияларида кундалик тур­мушда учраб турадиган ҳангомабоп кулгили ҳолатлар тасвирланган бўлса, “Телпакка тушган куя”да рашкчи аёлнинг табиати таъсирли акс этган.

“Холмат серлақаб” ҳангомасида ўзбеклик томир-томирига қадар сингиб кетган Холматнинг хотини айтган бир оғиз ёлғон сабаб қўшниси билан муштлашгани ва ҳақиқий ҳолатни билгандан кейин: “...ўлсам тобутимни кўтарадиган қиёматлик қўшним билан ёқа бўғишгача бордимми-а?!”- дея йиғлаб юбориши тасвирида ўзбекнинг руҳи ёрқин акс этган. Қаригани боис отга минолмаган собиқ кавалериячининг: “Вот безобраз, биз армияда баланд отлар­га сакраб минардик, бу от манга сапсим пастлик қилди!”– дейишида унинг табиа­тидаги содда чиранчоқлик акс этган.

Китобдан жой олган барча миниатю­раларда муаллиф қиссадан ҳисса чиқар­май, холис тасвир йўлидан бориб, бирор тўхтамга келишни китобхоннинг ўзига қолдиради. “Бир калишлик обрў”, “Пул дарди ёмон” асарларида шу жиҳат намоён бўлади. “Ўйиндан ўт чиқди”, “Тугма” ми­­­ниатюраларида эса инсоний фожиа кулги либосига ўраб берилган. Қатор асар­ларида муаллифнинг ўзига хос ҳажвий синтаксиси намоён бўлган. “Эй Худо, эшакларга мугуз бермаганингга шукур!”- дедим. Чинорлар барги ҳам “Шукур, шукур!” деётгандай шовулларди” ёки “Москванинг мушуги йўлбарс мақомига эга бўлган замонда, иттифоқ вазирлигидан келаётган вакилни кутиб олиш бошқарма ходими Холиқжонга юклатилди” ёхуд “...Неъмат Амин кўзлари чақнаб, завқланиб, мошранг жинглак сочларининг учигача кулаётгандай туюлади” сингари тасвирларда ёзувчининг ифода йўсинидаёқ ўзига хос ҳажвийлик йўналиши  борлиги кўзга ташланади. 

Китобдаги “Боботут” ҳикояси ички драматизми билан ўқувчини ром этади. “Илгарилари қишлоғимизда уйлар кам, кекса, улкан дарахтлар кўп эди” тарзидаги муқаддиманинг ўзиёқ китобхонда ўзгача бир кайфият уйғотади. Кўнглида энди муҳаббат куртаклай бошлаган, недир бир қаҳрамонлик кўрсатиб, қизнинг назарига тушишни истаган ўсмирнинг боботутга чиқаётгандаги руҳий ҳолати ҳаққоний акс эттирилган: “...бош айланмаслик учун пастга қарамаслик кераклигини билсам-да, қарагим келаверади. ...Пастда Гуласал нималардир деб қўл силтади. Лекин миям ғувиллаб, қулоқларим том битганидан унинг нима деётганини эшитмадим. Юқо­рилаганим сайин шамол кучайиб, эгнимдаги кўйлакни юлқилайди, мезон шамоли муз­­дай бўлса-да, танам қизиган темирга ўхшайди”. Таваккал қилиб бо­­­бо­­тутга чиқ­қан, аммо қўрққанидан оғоч­­­­­­­­га ёпишган кўйи тушолмаётган бо­­­ла ҳолатининг: “Тут тагида бир тўда болалар... “Туш” деган маънода менга қўл силкишарди. Лекин мен елимлаб қўйилгандай дарахт танасига чиппа ёпишиб, тушадиган ҳолатда эмас эдим” тарзида берилиши ҳикоянинг руҳий таранглигини оширган.

Драматизмга йўғрилган ушбу ҳикояда ҳам ўзининг ифода йўсинига содиқ қолган ёзувчи ўсмир нигоҳи орқали тасвирга юмористик оҳанг беради: “Уй томондан Гуласал Ғаффор акани бошлаб келди. Кейин елкасида милтиқ Қўчқор тезотар пайдо бўлди. У негадир милтиғини елкадан олиб, мени кўзлай бошлади. Мени отиб туширадими, деган хаёлдан юрагим орқага тортиб кетди”. Ҳикояда ўсмирларнинг тоза ва беғубор руҳий олами, боботутга ин қурган лайлакни отиб ташлаган бераҳм Қўчқорнинг улар кўнглидаги эзгуликка заха етказиши таъсирли акс этган.

Китобга номи чиқарилган “Одам дунёга ҳайратланиш учун келади” эссеси таниқли адиб Саъдулла Сиёев шахсияти ва ижодига бағишланган. Унда муаллиф С. Сиё­­­ев асарларини мукаммал  таҳлил этган. Эс­­­седаги: “Ҳикоя сўнггида қаҳрамон қаддини тик тутганича аста-секин тоққа кўтарилиб боради. Бу мажозда биз олам ва одамнинг нажот йўли – камолот сари юксалишда эканлигини англаймиз” тарзидаги қарашлар М. Исломқуловнинг олимона нигоҳга эгалигини кўрсатади.

“Садоқат сабоғи” эссесидаги “Мен сенга мана бундай куёв топдим! – у бош бармоғини кўрсатиб, кейин сўради, – уни кўрганмисан? Кўрмаган бўлсанг юр, таништираман. Энди, йўқ, дейсанми, демайсанми – фойдасиз, сани товуқдай ушлаб, унга бервораман!” қабилидаги ўктам сўзлардан шундоққина буюк Ғафур Ғуломнинг нафаси уфуриб туриши муаллифнинг тасвир маҳоратидан далолатдир. 

“Иқтидор шуъласи” эссесида таниқли олим И. Қўчқортоев ҳақида кўпчиликка номаълум бўлган кўп маълумотлар акс этган. Битикдаги айни мактабга борадиган ёшида урушга кетган отаси ва тўнғич оғасидан қора хат келгани, онаси бу ғамни кўтаролмай вафот этгани, етти ёшли Иристойнинг акаси Ғафур билан икки укани очликдан сақлаб қолиш учун подачилик қилгани, бир кун ҳам мактабга бормаган ўн уч ёшли подачи ўсмирни мактаб директори Сайрамбой бир йўла тўртинчи синфга ўқишга олгани, истеъдодли йигитча ўн йиллик мактабни беш йилда олтин медал билан тугатгани сингари лавҳалар ғоят таъсирли эканидан ташқари, И. Қўчқортоев табиатига хос қирраларни акс эттириши жиҳатидан ҳам муҳимдир.

“Дарахтлар унсиз йиғлайди” эссеси қаҳрамони – муаллифнинг бобоси. Битикда бобо бир сўзли, ишнинг кўзини биладиган, нафақат одамлар, балки жонзоту ўсим­ликларгада қайишиб яшайдиган шахс сифатида тасвирланган. Оғочларга солиқ солингани сабаб мевали оғочлар аёвсиз қирқилган Сталин замонида ҳам бобо ўзи яратган боғни асраб қола билгани эсседа “Бобом ...сигир-қўйларини сотиб бўлса-да, “Боғ мен кетганда, кетади!” деб, бирорта ҳам дарахтининг ...нобуд бўлишига йўл қўймадилар” йўсинида ифодаланади. Бу тасвирларда чин ўзбек деҳқонига хос жиҳатлар яққол кўринади. Асл одам ўз тириклигини умрига мазмун берадиган ишидан айро кўролмаслиги битикда “...бобом жисму жонига айланган боғини, тик туриб ўлган яланғоч дарахтларни бирма-бир кўздан кечирар эканлар, кўзларидан шошқатор ёшлар оқиб, йиғлаганларини кўрганман. Шу йил бобомдан ҳам жудо бўлдик” йўсинида жуда таъсирли ифодаланган.

Китобдан кўплаб таржималар ҳам ўрин олган. Улар орасида А. Несин, М. Зошченко, М. Мишкин, Ф. Кривин сингари адибларнинг ҳажвиялари ғоят жозибали ўгирилган. Айниқса, Зошченко қаҳрамонлари тилидан руслар ҳеч қачон ишлатмайдиган, аммо муайян ҳаётий вазият учун ғоят бопта бўлган соф ўзбекча “итим биладими” ибораси қўллангани таржималарнинг очилиб кетишига сабаб бўлган. Ф. Кривиннинг “Майдаланган ҳақиқат” ҳикоясидаги “У Ҳақиқатни кўтариб, йўлга тушибди. “Кўтариб йўлга тушибди” дейиш осон, лекин Ҳақиқат билан юриш қийин. Буни бошидан ўтганлар яхши билишади. Ҳақиқатнинг юки зил бўлади. Минсанг, кўтармайди, елкангга олиб, узоққа боролмайсан” тарзидаги тагдор тасвирнинг худди ўзбекчада ёзилгандай ўгирилгани асарнинг таъсир кучини оширган. С. Кенжааҳмедовнинг “Касалнинг ноёби” асаридаги “Миям лўқиллайди, юрагим пўқиллайди, бошим айланади, тилим бойланади, елкам тортади, қон босимим ортади, қизилўнгачим буришади, ҳалқумим қуришади, бармоқларим дириллайди, қовоқларим пириллайди, ичакларим ғуриллайди, товушим хириллайди, каф­тим қичишади, товоним ачишади, оё­ғим оқсайди, илигим қақшайди, тизза бостирмайди, қоринда ош турмайди” йўсинидаги саъжли тасвир ҳам таржимон маҳоратининг мевасидир.

М. Исломқуловнинг “Одам дунёга ҳай­­­­­­­­­ратланиш учун келади” китоби ўз­­бек тилининг ифода имкониятларини орттиришга ҳам хизмат қилади. Чунончи, китобдаги ҳажвияларда “митриғи мит этмади”, “оқдуволдай гезариб”, “масов”, “эсов”, “қоқчиш”, “широлға”, “ғийшалаш”, “ҳавасланди”, “алломаланди”, “кибор­­­­­­­­­­ланди” сингари адабий тилимизда иш­ла­тилмайдиган сўзлар; “Итимга ор, мушугимга номус”, “Илонютди қилиш”, “Кучукка юнди, мушукка сарқит қўялмайди”, “Исм – кўкдан, лақаб – дўстдан”, “Қум қозонга – лой ту­воқ”, “Ўрдагини ўриб, қирдагини қириб келади”, “Саксонга товоқ, тўқсонга сабоқ беради”, “Дард кўрмаган авлиёга сиғинмас”, “Ёзмишдан – озмиш йўқ” каби ибора ва мақоллар қўллангани битикларнинг таъсир кучини оширишдан ташқари, китобхоннинг   нутқини бойитади ҳам.

Хуллас, ўзбек ҳажвчилигининг заҳ­мат­­­­каши Ўжар Юсуф (Меҳмон Исломқулов)нинг ҳайрат боғида етишган мева бўлмиш бу рисола китобхонлар учун қимматли сов­ға бўлганки, унинг асл тоти берилиб ўқиганда билинади.

 

 

 

 

Қозоқбой ЙЎЛДОШ, 2017-09-11, 20:02 199
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.