26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Хайр, ЭКСПО!

Жаҳоннинг 113 мамлакати, ўнлаб халқаро ташкилотлар иштирокида ўтган “Астана ЭКСПО – 2017” кўргазмаси ниҳоясига етди. 

Мазкур тадбирни жами 4 000 000 одам келиб, томоша қилди. Уларнинг салкам ярим миллиони – хорижликлар. Айниқса, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, Ўзбекистондан келган сайёҳлар тадбирларда фаол иштирок этдилар. 

ЭКСПО – 2017 мавзуси яшил энергетика бўлгани ҳолда, янги замон уфқларини белгилаш – инсоният зиммасидаги вазифа бўлгани туфайли, унда жаҳон барча етакчи мамлакатларининг иқтисодиётдагина эмас, ижтимоий ҳаёт, маданият, санъатдаги муваффақиятлари ҳам кенг тарғиб қилинди. Кўргазмага ташриф буюрган ҳар бир инсон жўшқин Африка, вазмин Европа, қизиққон Америка ва бошқа қитъаларнинг нафаси уфуриб турган сувенирларни ўзи билан олиб кетди. 

Кўргазма ёшлар, болаларни ҳам ўзига жалб этди. Янгидан кашф қилинган нарсалар, эски буюмлардан самаралироқ фойдаланишга имкон берувчи технологиялар, энергия истеъмолини бир неча бараварга камайтирувчи технологиялар нафақат ҳайрат уйғотди, балки она заминимизнинг қазилма бойликлари абадий эмаслиги, уларни асраб-авайлашимиз, имкони борича такрор тикланувчи энергия манбаларига ўтишимиз зарурлиги ҳақида хулосалар чиқарилишига сабаб бўлди. 

ЭКСПОнинг охирги кунларида билетлар кассалари қошида улкан навбатлар пайдо бўлди. Бир кунда кирганлар сони 100 000 кишидан ошиб кетди. Шу вақтда бугунги ишни эртага қолдиришга ўрганиб қолганидан афсусланган юртдошларимиз жуда кўп бўлди. Ва, афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам истаган павильонларини кўриб чиқишга улгуришолмади. Чунки ЭКСПО – 2017ни тўла кезиб чиқиш учун камида 96 соат вақт керак эди. Уларнинг қаторида ўзим ҳам борман. Начора, уч кун – дунёни кўздан кечиришга етмас экан. 

Ҳар кимнинг бу кўргазмадан олган таассуротлари ҳар хил. Уларни бирлаштирадиган нарса битта: мана шундай оламшумул тадбир туфайли дунёнинг ярмини кезгандек бўлдик!.. Чунки курраи заминнинг безаги – мукаррам инсон, кўргазмада эса жаҳоннинг барча қитъаларидан келган минглаб одамлар йиғилганди.

***

ЭКСПОнинг иқтисодий натижалари ҳам кўпчиликни қизиқтирса керак. Мазкур тадбир туфайли Астана шаҳрининг бир қисмида кўп қаватли тураржойлар, бетакрор меъморий кўриниш касб этган бинолар қад кўтарса, шаҳарнинг барча қисмлари қўшимча коммуникациялар билан таъминланди. Шу давргача эътибордан четда қолиб келаётган баъзи камчиликлар юз фоиз бартараф қилинди, пойтахт ва вилоят марказлари, туристларда қизиқиш туғдирувчи иншоотлар атрофи ободонлаштирилди. 

Бир турист бир ҳафтада Қозоғистонда 100 000 тенгедан зиёд пул қолдиради. ЭКСПО туфайли мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони икки баравар ошди. Жаҳон миқёсида туризм шўъбасининг йиллик ўсиши 3-5 фоиздан ошмаслигини ҳисобга олсак, бу ҳазилакам кўрсаткич эмас. 

ЭКСПО кунлари турли эсдалик совғалар (сувенирлар), туристларга кўрсатилган хизматларнинг ўзи 640 миллиард тенге даромад келтирди. Бу эса деярли икки миллиард долларни ташкил этади. 1400дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар улкан буюртмалар олишди, хизматчилари сонини кўпайтиришга муваффақ бўлишди. 

ЭКСПО кунлари жаҳон ижтимоий тармоқларида Қозоғистон ва Астана сўзлари энг кўп тилга олинаётган брендлар қаторига кирди. Бу эса келажакда ҳам мамлакатимизга ташриф буюурвчи меҳмонлар сони ортиб боришининг кафолатидир.

 Аммо ЭКСПО келтирган иқтисодий самара фақат юқоридаги рақамлар билангина чекланмайди. 2017 йил ўтган тадбир мамлакатимизга жаҳоннинг кўплаб давлатларидан тадбиркорларни олиб келди. Кўргазма доирасида ўтган юзлаб давра суҳбатлари, юзма-юз учрашувлар, тақдимотлар юртимизга хориж сармоясининг кириб келишига йўл очади. Янги корхоналар, истироҳат масканлари, савдо марказлари, йўллар қурилишига, замонавий коммуникация воситалари орқали иш юритувчи ташкилотлар тузилишига имконият яратилади. 

***

Келажакда ЭКСПО ўтган ҳудуд ҳувиллаб қолмайди. Аввало, бу ерда ЭКСПО – 2017 музейи ташкил этилади. Унга ташриф буюрган ўқувчилар ҳам, катталар ҳам томоша қилишга арзигулик кўплаб экспонатларни кўздан кечира оладилар. Мажмуа биноларининг катта қисми махсус иқтисодий минтақага хизмат қилади. Астананинг Марказий Осиё молия марказига айланишида ҳам уларнинг ҳиссаси салмоқли бўлиши шубҳасиз.

 

 

Абдумалик САРМОНОВ, 2017-09-11, 20:18
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.