26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Меҳрни ўлдираётган матоҳ

Шарофат турмуш ўртоғи Аброр билан уч йил яшади. Куз кунларининг бирида улар Шимкентдан қайтаётиб, автоҳалокатга учрашди. Такси ҳайдовчиси қарама-қарши йўлга чиқиб, «КамАЗ» машинасига урилди. Орқа ўриндиқда ўтирган Шарофат ва икки ёшли ўғли Адҳамбек енгил жароҳат олса, Аброр касалхонага етмай кўз юмди.

Орадан икки йил ўтиб, Шарофатга совчилар кела бошлади. Беш ёшли Адҳамбек бундан хабар топиб, ойисини сўроқққа тутди:

– Ойи, сиз энди келин бўласизми? Сизни узоқларга олиб кетишадими? Бошқа дада келиб, мени урадими?

– Йўқ, болам, буни сенга ким айтди?

– Ўртоқларимдан эшитдим. Ойи, сиз мени ташлаб кетманг, ҳамма ишларингизга ёрдам бераман, ўйинчоқларимни ҳам сочмайман. Катта бўлсам, сизни қўшнимиз Акром амакига ўхшаб катта мошинада истаган ерингизга олиб бораман.

Шарофат бу гаплардан таъсирланиб, узоқ йиғлади. Сўнг ўғлини қучоқлаб:

– Майли, ўғлим, ҳеч ким келмайди, ҳеч ким сенга қўл теккиза олмайди, керак бўлса, сенга жонимни ҳам бераман. Ўртоқларингга ҳам шуни айтиб қўй, – деди.

Орадан 15 йил ўтди. Адҳамбек мактабни тугатиб, қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кирди. Биринчи курсда ҳар ойда уйга келиб турди. Иккинчи курсда уйга келиб-кетишга қийналаётганини айтиб, уйга телефон киритишни маслаҳат берди. Унинг «шарофати» билан ўғил бир йил уйига келмай, фақат телефон орқали гаплашиб турди. Учинчи йили эса онаси ўғлига ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди:

– Ўғлим, бу телефон деганинг меҳрни ўлдирадиган матоҳ экан. Кел, шу балони ўчириб ташлайлик. Агар сен келиб кетишга қийналсанг, мен ўзим бориб тураман. 

Адҳамбек кўнмади. Ўқишни битираётган йили она ўғлини соғиниб, институт ётоқҳонасига бир халта озиқ-овқат кўтариб борди. 

– Ойи, мен ёш боламанми, ётоқхонага келасиз. Ўртоқларим устимдан куладиган бўлди. Бошқа келманг! – деб койиб берди.

Онанинг кўнгли оғридию, ҳеч нарса дея олмади. Шу куни уни юрак хуружи тутиб, қўшниси Машҳура ая «тез ёрдам» чақирди. Касалхонада онанинг қандли диабетига чалингани аниқланди. Ўғлига телефон қилган эди, унга «абонент хизмат доирасидан четда» эканини айтишди.

Институтни тугатган Адҳамбек курсдошига уйланишини айтди. Она қувонди. 

«Оллоҳга шукр, мен ҳам невара кўрадиган бўлдим», деб кўзлари ёшланди. Тўйдан бир ҳафта ўтиб, Адҳамбек онасига ичкуёв бўлаётганини айтди.

– Ойи, сиз хавотир олманг, биз тез-тез келиб сиздан хабар оламиз. Мана бу уяли телефон орқали эса, ҳар куни гаплашиб турамиз, – деб янги русумдаги айфонни узатди.

Орадан бир йил ўтиб, Адҳамбек онасига қўнғироқ қилди:

– Ойи, суюнчи беринг, неварали бўлдингиз, келинингиз ўғил туғди. 

– Неварамни олиб келмайсанми, суюнчи сендан ўргилсин, болажоним! – деди Шарофат ая қувончдан кўзлари ёшланиб. 

Улар неварани орадан бир йил ўтиб олиб келишди. Шундан сўнг невара беш ёшга тўлгунича бирор марта келишмади. Йиллар ўтаверди, бир куни Шарофат аянинг аҳволи оғирлашиб қолди. Қўшниси Машҳура ая Адҳамбекка қўнғироқ қилган эди, жавоб бўлмади. «Тез ёрдам» чақирай, деган эди, Шарофат ая кўнмади. 

– Дугонажон, энди фойдаси йўқ. Дўхтирларинг менга ёрдам бера олишмайди. Умрим тугаб бораётганини сезиб турибман. Яхшиси, мени тингла. Бу телефон деганлари одамларнинг узоғини яқин қилгани билан, меҳрни ўлдирадиган матоҳ экан. Мана, кўриб турибсан, сўнгги дақиқаларимда менинг ёнимда яккаю ёлғиз ўғлим йўқ. Сенга раҳмат, оғир кунларимда ёнимда бўлдинг. Сендан мингдан-минг розиман, сен ҳам мендан рози бўл. Фақат ҳовлидаги итни олиб чиқиб кет, оч қолиб кетмасин, ўн йил менга садоқат билан хизмат қилди, энди сенга хизмат қилсин. Олдига борсанг, эркаланади, гўё, мени юпатаётгандай бўлади. Ўғлимни кўрсанг, айт, институтда ўқиди, қўлидан келади, шеърлар машқ қиларди, ҳаётидан хулоса чиқариб, «Меҳрни ўлдираётган матоҳ» деган мақола ёзиб, газетага чиқарсин. Токи, оналар бу ҳаётда ўғилларининг дийдорига тўёлмай, умрдан армон билан ўтиб кетишмасин. 

Машҳура ая бу антиқа васиятни Адҳамбекка етказди. Ўғил онасининг қабрига бориб:

– Баҳор чечакларидек ғанимат эканлигингизни мен қаёқдан билай, онажон, телефон қилганингизда кўп бора ўчириб қўярдим. Мени, тентак ўғлингизни кечиринг, онажон, – деб узоқ йиғлади. 

Сўнг уйга бориб, фикрларини бир дафтарга туширди. Уни таҳририятга олиб келиб, бизга тутқазди. 

Ҳикоя Адҳамбекнинг илтимоси ва Шарофат аянинг васиятига кўра тай­ёрланди. Иштирокчиларнинг исм-шарифи ўзгартирилди. 

 

 

М. ЭЛТОЕВА, 2017-09-15, 19:52 167
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.