26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Замонавийлашувнинг янги босқичида

“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятида “Лотин алифбосига кўчиш – замонавийлашувнинг янги босқичи” мавзуида ўтган давра суҳбатида ўзбек этноси вакилллари – республика, вилоят, шаҳар ва туман ўзбек этномаданият бирлашмаларининг раҳбарлари, вилоят ва шаҳар маслаҳатлари депутатлари, ижодкорлар, олий ва умумтаълим масканлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни газетанинг директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев очиб, Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида айтилган қозоқ тилини лотин алифбосига ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси жорий йил 11 сентябрь куни Парламент Мажлисида муҳокама қилингани ва умумхалқ муҳокамасига тавсия этилгани, ҳозирги пайтда жойларда бу масалага бағишланган тадбирлар ўтаётганини ёдга солди. “Куни кеча вилоят ҳокими Ж. Туймебаев раҳбарлигида катта йиғилиш ўтиб, унда олимлар, таҳлилчилар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, – деди у. – Вилоятда истиқомат қилаётган ўзбек этноси вакиллари учрашувини ташкил этиб, халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеага муносабат билдириш, ташаббусни қўллаб-қувватлаш фуқаролик бурчимиздир”.

Шундан сўнг у ҚР Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоевнинг давра суҳбати иштирокчиларига саломини етказиб, Элбоши ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирганини маълум қилди. 

Давра суҳбати иштирокчилари кун тартибидаги масала юзасидан фикрларини билдиришди.

Зуппархон Чолдонов, 

“Иқон” умумий ўрта мактаби директори, вилоят маслаҳати депутати:

– Элбошимиз аниқ қарор қабуллади: 2025 йилгача иш қоғозлари, дарсликлар, газета ва журналлар лотин тилида чиқиши керак. Бу давр орасида мактаблар учун мутахассислар, дарсликлар, кўргазмали ва ўқув қуроллари тайёрланиши лозим. Шунинг учун олдимиздаги икки йил услубий тайёргарлик кўришга берилди.

Лотин алифбосига ўтиш – улкан стратегик аҳамиятга эга. 

Бу – туркий тилли давлатларга ўзаро боғланиш учун имконият. 

Инглиз тилини ўрганиш жаҳон тамаддунига яқинлашувга йўл очади. Зеро, рақобатбардошликка бошловчи энг муҳим омил – жаҳон андазасидаги билим.

Элбоши айтганидек, лотин алифбосига ўтиш орқали қозоқ тилидаги сўзларнинг табиийлигига эриша оламиз. Янги замон талабига мос бу қадам элимизнинг ҳар томонлама олға силжишига,  бардавом тараққиётига туртки беради.

Лотин алифбосига ўтиш қозоқ тилининг халқаро даражага чиқишига йўл очади. Ёшлар мактабда инглиз тилини катта қизиқиш билан ўрганишмоқда. 2013 йилдан бошлаб эса у мактабларда 1-синфдан ўқитиляпи. Келажакда ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, бу ташаббусни амалга оширишга киришишимиз лозим.

Икром Ҳошимжонов, 

Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти раиси:

– Астана шаҳрида лотин алифбосига ўтишга бағишланган Қозоғистон демократик кучлари “Қозоғистон-2050” умуммиллий коалицияси уюштирган йиғилишда қатнашдим. Лотин алифбосига ўтишдан мақсад – энг илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш, шунингдек, туркий тилли мамлакатлар билан муносабатларни яқинлаштириш.  

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб лотин алифбосига ўтиш тўғрисида фикрлар айтилди. Бу иш энди, чорак асрдан сўнг бошланди. Дастлабки пайтларда муаммо бўлиши мумкин эди. Лотин алифбосини ўзлаштириш қийин бўлмайди, ҳозир ёшларимизнинг ўзи СМСни лотинча ёзишяпти. 

Бизда лотин алифбосига ўтган қўшни давлатлар йўл қўйган камчиликларнинг олдини олиш учун кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Лотин ва кирилл графикаси биргаликда амал қилади.

Тарихга назар солсак, 1928 йили Мустафо Ота Турк туркий давлатларнинг лотин алифбосига кўчиши масаласини кўтарган экан. Ўтган асрнинг 20-30 йилларида бизда ҳам лотин алифбоси қўлланилди. Бу алифбога Озарбайжон 1990 йилда, Ўзбекистон, Туркманистон 1993 йилда ўтди.

Неъматжон Алметов, 

педагогика фанлари доктори, ЖҚДУ профессори:

– Элбошимизнинг қароридан сўнг лотин алифбосига кўчиш тўғрисидаги мунозаралар камайди. Бунинг учун бизда яхши имкониятлар бор: ёшларимизнинг ахборот саводхонлиги жуда юқори; уларнинг инглиз тилини ўрганишга қизиқиши катта; қолаверса, кирилл алифбосида чиққан китобларни лотинчага ўтказишда қийинчилик бўлмайди. Бу ишга психолог, социолог, педагоглар, филологлар жалб этилиши, умуман, кўпчилик қатнашиши керак. Ўрта ва катта авлод вакиллари учун бироз қийинчиликлар бўлади. Лекин бу ишда ҳаммамиз иштирок этиб, уни таълим соҳасига татбиқ қилсак, келажак авлод учун жуда катта иш бажарган бўламиз.

Шаҳло Норалиева, 

вилоят таълим департаменти услубият кабинети бош мутахассиси:

– Бугунги давра суҳбати айни вақтида ташил этилган. Лотин алифбосига ўтиш тўғрисида Элбошимиз кўтарган масала ҳам замон, ҳам давр талаби. Ҳозирги кунда Қозоғистон кўпгина ташаббуслари билан жаҳонда яхши танилган. Лотин алифбосига ўтиш ҳам шундай ишлардан. Бу масала мустақилликнинг илк кунларидан айтилди. Тадқиқот ишлари юритилди, ўрганилди. Ҳар қандай янгиликнинг муаммоларга дуч келиши табиий ҳол. Туркий мамлакатларнинг аксарияти лотин графикасига ўтди. Уларнинг тажрибасидан фойдаланилса, Қозоғистоннинг лотин алифбосига ўтиши осонроқ кечади. 

Масалан, ўзбек алифбосида 26 ҳарф, учта диграф (ҳарф бирикмаси) қабулланган, аммо ҳозирги кунда айрим ноқулайликларга дуч келинмоқда. Бизда ҳам шундай бўлмаслиги учун масалани олимлар, жамоатчилик билан ҳал қилишимиз керак.

Ёзув ҳар бир халқнинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Ҳозир ҳам алоқа кўп ҳолда ёзув орқали амалга ошириляпти.

Бегмат Турдиқулов, 

фахрий устоз, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси оқсоқоллар кенгашининг раиси:

– Қозоғистон учун лотин алифбосига ўтиш вақти айнан энди етиб келди. Маълумки, 1926 йил 1 февралда Бокуда туркшунос олимларнинг қурултойи ўтиб, шу масала кўрилганди. Ўша қурултойга атоқли давлат арбоблари А. Байтурсинов, Н. Тўрақуловлар боришган. Улар ҳам тўғри йўл эканини тасдиқлашган. Бизда лотин алифбосига ўтиш 1926-1927 йилларда бошланган экан. Кейинчалик шўроларнинг бир ёқлама сиёсати билан халқимиз кирилл алифбосида қолди.

1990 йили Анқара шаҳрида туркий давлатларнинг иккинчи қурултойи ўтиб, унда келгуси 20 йилда лотин алифбосига ўтишга келишилди. Шу қарор асосида Туркманистон, Озарбайжон, Ўзбекистон лотин алифбосига ўтди. Элбошимиз бу тадбир учун вақт кераклигини эслатган эди. Чунки, биринчи масала – пойтахтни кўчириш бўлди. Янги алифбони жорий қилиш фурсати энди келди.

Зиёлиларимиз бунинг моҳиятини яхши тушунишлари керак. Бу бизга жаҳон коммуникация тизимига кириш, туркий халқларни бирлаштириш учун керак. Бу яқин алоқада ва ютуқлардан баҳраманд бўлиш демакдир. Олимларнинг айтишича, туркий халқлар менталитетига лотин алифбоси тўғри келар экан. 

Ёрмуҳаммад Мадалиев, 

ЖҚДУ доценти:

– Қўшни давлатларда лотин алифбосини жорий қилиш билан боғлик ишлар, тажрибалар етарли, ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам бор. 

Қозоғистонлик ўзбеклар лотин алифбосининг қайси графикасини олади? Шуни ўйлашимиз керак. Бу муаммони кўпчилик билан муҳокама қилиб, мутахассиларга етказиш зарур. 

Баҳодир Нуралиев, 

Ю. Сарёмий номли лицей мактаби директори:

– Ўзбек этноси вакили сифатида Президентимизнинг қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бизга катта имконият бериляпти. Ўтган асрнинг 90-йилларида ўзбек тилидаги мактаблар лотин алифбосига ўтган эди. Қозоғистондаги ягона таълим маконида бўлиш учун кейин яна кириллча алифбода қолдик. Ҳар қанақа замонавийлашув, шу жумладан, лотин алифбосига ўтиш ҳам жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, маънавий янгиланишига катта таъсир кўрсатади. 

Гулчеҳра Исмоилова, 

Оқсувкент қишлоғидаги А. Исмоилов номли гуманитар-педагогика коллежи директори:

– Мени бир масала ўйлантиради: лотин алифбосига ўтишни амалга ошириш технологияси қандай бўлади? Тушунарли, уни ёшлар мактабда ўрганишади. Катта ёшдагилар-чи? Оилада ота-оналар ҳам лотин алифбосида ўқиган фарзандини тушуниши, унинг билимини назорат қилиб бориши керак. Назаримда, улар учун муқобил курслар ташкил этиш зарур. 

Яна бир муҳим масала – расмий ҳужжатлар давлат тилида юритилади. Солиқ тўловчилар, манфаатдор шахслар уни топширганида айрим қийинчиликларга дуч келишлари мумкин. Улар учун махсус курслар очилиб, катта ёшдагиларга бепул ўқиш ташкил этилса, айни муддао бўлар эди.

Маҳфуза Бобошева, 

“Өрлеу” ҲЖга қарашли педагог кадрлар малакасини ошириш институти бош мутахассиси:

– Ҳозир коммуникация ва ахборот технологиялари ривожланган давр, интернет тармоғида электрон манзил, сайт, фейсбук ва бошқа алоқа воситалари бор. Буларнинг барчаси ўқувчиларнинг жуда кўп ахборот олишига имкон беради.

Маориф соҳасига назар ташласак, 1996-2000 йилгача ўзбек мактабларида таълим лотин графикасида олиб борилди. Анчагина ўқитувчилар малака ошириш курсларидан ўтишганди. Ўзбек тилидаги таълим масканларидан ташқари Алмати шаҳрида уйғур тилида, Сариоғоч ва Мақтаарал туманларида тожик тилида ўқитиладиган мактаблар бор. Уларда таълим олаётган ўқувчиларнинг ҳаммаси Қозоғистон фуқаролари. Шунинг учун ҳам қонун кафолатлаган ҳуқуқлардан фойдаланишади. Таълим соҳасидаги кун тартибидаги муаммолар ижобий томондан ҳал этилади.

Лотин алифбосига ўтсак, қўшни давлатлар ( масалан,Ўзбекистон) билан алоқалар янада кучаяди. Чунки, у ерда бадиий адабиётлар, кўргазмали материаллар, қўлланмалар бор. Кўпроқ тажриба алмашишга имкон бўлади. Лотин алифбосига кўчиш жараёни босқичма-босқич амалга ошади. Уни ўқитувчиларга ўргатиш билан педагог кадрларни малака ошириш институти шуғулланади. 

***

А. Сотволдиев тадбирга якун ясаб, иштирокчиларга миннатдорчилик изҳор қилди. 

Давра суҳбати қатнашчилари номидан Мурожаатнома қабулланди.

 

“Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятида ўтган “Лотин алифбосига ўтиш – замонавийлашувнинг янги босқичи” мавзуидаги давра суҳбати иштирокчиларининг

Мурожаати

 

Қадрли ҳамюртлар! 

Биз, Жанубий Қозоғистон вилоятида яшовчи ўзбек этноси вакиллари – оқсоқоллар, ёшлар, ижодкорлар, вилоят ва шаҳар маслаҳати депутатлари, жамоат ташкилотлари аъзолари, олий ва умумтаълим масканлари ҳамда ОАВ ходимлари Қозоғистон Республикаси Президенти Н. Назарбаевнинг қозоқ тилини лотин алифбосига ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз!

Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласи мамлакатимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлди. Лотин алифбосига ўтиш тўғрисидаги ташаббус маънавий янгиланиш сари йўл тутган Қозоғистон халқининг келажаги учун қилинаётган эзгу ва муқаддас ишдир.

Элбошимиз таъкидлаганларидек, қозоқ тилининг янги алифбога ўтиши – энг илғор илм ва технологияларни эгаллаш сари қўйилган қадам. Шу орқали мамлакатимизнинг жаҳондаги энг тараққий топган 30 давлат қаторига киришига кенг йўл очилади. Лотин алифбоси технология оламининг, дастурлаш ва инфокоммуникация технологиялари барча тилларининг негизи ҳисобланади. Ер юзида энг кўп тарқалган инглиз тили ҳам лотин алифбосига асосланган. Янги ёзувга ўтиш ёшларнинг инглиз тилини чуқур ва пухта ўрганишга ҳам кенг имконият яратади, бу алифбо орқали Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларнинг ўзаро яқинлашуви, интеграция жараёни янада жадаллашади. 

Қозоғистонда лотин алифбоси қўлланилгани тарихдан маълум. Бироқ ҳозир барча жабҳаларда рақобат кучайган даврда онгни ўзгартириш, ҳаётга янгилик киритиш осон иш эмас; янги ғоя қийинчилик ва машаққатсиз амалга ошмайди. Мақсад аниқ бўлсагина, ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкин. Жамиятимиздаги сиёсий барқарорлик, умуммиллий бирлик ва жамоат тотувлиги зиммамиздаги бу вазифани ҳам шараф билан уддалашимизга имкон беради.

Биз, “Лотин алифбосига ўтиш – замонавийлашувнинг янги босқичи” мавзуида ўтган давра суҳбати иштирокчилари, барчани ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга ҳамда унинг умумхалқ муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирамиз! 

Шимкент шаҳри,

15 сентябрь 2017 йил.

 

З. МЎМИНЖОНОВ ёзиб олди, 2017-09-15, 20:08 1016
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.