26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Миллат тотувлиги алифбога боғлиқ эмас

Мустақилликнинг расмий рамзлари – Байроқ, Герб, Мадҳия бўлса, кундаликда уни кўрсатувчи нарса – ёзув ҳисобланади. Ёзув талаффуз, белгилар ва имло қоидаларидан иборат. Талаффуз товушларни, белгилар ҳарфлар кўринишини, имло қоидалари эса уларнинг қандай тартибда ишлатилишини белгилайди. Ушбу уч жиҳатни бирлаштирган ёзув эса тил мустақиллигининг кафили ҳисобланади. 

Бу йўналишдаги тадбирларни шунчаки алифбони ўзгартириш, деб қабул қилмасдан, кенг қамровли ёзув ислоҳотига айлантириш зарур. Яъни шунчаки бир ҳарфни бошқа ҳарфга алмаштириш масаласини муҳокама қилавермай, унинг атрофидаги бошқа масалаларни ҳам қамраб олиш даркор. 

Ҳозирги алифбони “қозоқ алифбоси”, деб аташ ўринли эмас. Уни “қозоқ-рус алифбоси” ва ҳатто “рус-қозоқ” алифбоси деб аташ ўринлироқ бўларди. Чунки алифбомиз икки халқники бўлишга улгурди. 

Қозоқ тилининг лотин ҳарфлари асосидаги МИЛЛИЙ АЛИФБОси ҳам шу таркибда бўлиши лозим. Унга бегона бирор товуш киритилса, қозоқ тили товушлари тизими: фонетикаси, лексикаси, морфологияси, синтаксиси бузилади. 

Алифбо белгилари асоси сифатида туркий мамлакатлар таклиф этган ва Туркий академия қувватлаган умумий алифбо бўлиши лозим. Лотин алифбосига кўчсак, белгиларни ҳам ана шу ҳарфлар орасидан олишимиз зарур. Шунда туркийлар бир-бирининг ёзувини ўқий олади. Сўз турлича ўқилгани ҳолда ёзилиши ҳаммага тушунарли бўлади. Натижада, барча туркийлар учун умумий матнлар вужудга келади. 

Қозоқ алифбосининг бу намунасини МИЛЛИЙ РЕЖА деб атамоқдамиз. Чунки, қозоқ товушларининг ҳар бирига хос ўз ҳарфлари бор. Шунинг учун компьютерлар клавиатураси учун махсус дастур яратилиши лозим, унинг намуналари турк, немис, француз, испан ва бошқа миллатларда бор. 

Европа тилларида бир товушнинг сўз таркибида икки марта келиши кам учрайдиган ҳодиса. Шунинг учун ҳам уларда тутуқ белгиси кўп учрайди. Бизнинг тилимиз эса агглютинатив ва сингармоник тил. Бир товушнинг ўзи қайта-қайта учраши боис, бу нарсадан фойдалана олмаймиз. Чунки бир сўзнинг ўзида диакритик ва қўш ҳарфли сўзлар такрор-такрор қайталанса, ёзишгина эмас, ўқиш ҳам қийинлашади. 

Шунинг учун, аввало, қозоқ тилининг асл товуш тизимини аниқлаб олишимиз ва уни барчамиз қабул қилишимиз керак. Энг яхши ёзув – қоидаларига мувофиқ оз ёзиладиган тил ҳисобланади. Бундай ёзув намунаси асл товушлар ва асл ҳарфлар мутаносиблиги аниқлангандагина шаклланади. Алифбо таркиби тўғри аниқланиб, унинг ҳарфлари тўғри белгилангач, имлонинг равон йўли очилади. Савод очилиши фақатгина саводли ёзиш эмас, балки тўғри талаффуз қилиб, ўқиш ҳам ҳисобланади. Ҳар иккала мақсадга эришиш учун ёзувнинг имлоси сунъий эмас, асл бўлиши зарур. Ҳарфнинг қандай бўлиши эса аҳамиятсиз.

Мукаммал алифбо ёзишни енгил шакллантирувчи, кўз илғаши енгил, энг муҳими, она тилидаги талаффуз намунасининг авлоддан авлодга бузилмасдан етказилиши кафолатидир. Лотин ёзувининг кундаликда қўлланилишини енгиллаштириш жуда муҳимлигига шубҳа йўқ. Бироқ қозоқ тилини компьютерга мослаштиришнинг енгил-елпи ва сифатсиз йўллари кўп, аммо тўғри йўли биттагина. Енгил-елпи деганимиз, ҳар хил ҳарфларни кўнглига келганидек жойлаштириб, қўлбола алифбо ясаб олиш ҳар кимнинг қўлидан келади. Қийин йўл эса тилнинг ўзига хосликларини англаган ҳолда асрлар бўйи тил жамғармамизга кириб қолиб, дафинага айланган кўп товушларнинг ичидан асл товушларни ажратиб, тўплаб, қозоқ тилига муносиб алифбо яратиш. Бу иш натижаси сифатида асл товушлар учун асл ҳарфлар белгиланади. Ҳозирги тилимизда 30га яқин сунъий, ортиқча қоидалар борлиги сир эмас, асл ҳарфлар қўлланилиши туфайли улар ҳам йўқ бўлиб кетади. 

Шу ўринда Аҳмад Байтурсинулидан мерос алифбога ҳам тўхталиб ўтишни истардим. «Тутқи» ўрнига ҳарфнинг бир четини зийнатлаш, «диакритика» ўрнида белбоғ қўйиб, ө, ә ҳарфларининг бугунги кўринишга келтирилиши у кишининг хизмати. Кириллдаги «тутқи», «диакритика» эндиликда лотин имлосига ҳам кўчиб юрибди. Бошқача айтганда, қандай тузилган бўлсада, имло – восита холос. 

Бизнинг фикримизча, бўлажак лотин алифбоси ҳеч кимнинг номи билан аталмаслиги лозим. Чунки, бу ерда ном бериладиган даражадаги улкан бир ихтиро йўқ. Ёзувнинг асл товуш тизими ва имло қоидаларини А. Байтурсинули ҳал қилган, лотин ёзуви ҳарфлари тайёр. Бунинг устига компьютер клавиатурасида етарлича тугмачалар бор. Муаммо – 3-4 товушни бир йўла қандай белгилашдагина туғилади. Қозоқ товушларини лотин ёзуви асосида белгилаш XIX аср музейларидан исталганича топилади. 

Қозоқ тилидаги фонетик дифтонгларнинг сингармоник (ёки фонологик) аҳамиятини аниқлаш бугунги қозоқ фонетика илмининг асосий масаласига айланди. Чунки, бу масаланинг назарий ва амалий мазмуни жуда муҳим. Унинг назарий ечими қозоқ тилидаги товушлар таркибини аниқлаб, “қозоқ тилида қанча унли товуш бор?» деган саволга аниқ жавоб бериш, амалий ечими замонавий қозоқ тилидаги зиддиятларни бартараф этишдан иборат.

Демак, орфография ва орфоэпия луғатларини ўзаро мувофиқлаштиришимиз керак, деган хулоса чиқади. Чунки орфоэпик луғатларда асосан кириб келган сўзларнинг талаффузи изоҳланади. Бошқа тиллардан келган сўзларни орфография қоидаларига мувофиқ ёза бошласак, уларнинг орфоэпиясини ўйлаб, овора бўлишимизга ҳожат қолмайди. Орфоэпик луғатлар камида икки баравар, балки учдан икки қисмга қисқаради. 

Кўпчилик ичида кўриниши бошқача лотин ёзуви бошқа миллат вакилларининг давлат тилига ихлосини қайтаради, бошқача ёзув этнослараро тотувликка соя солади, деган хавотир ҳам мавжуд. Аммо алифбосининг кўринишидан қўрқадиганлар, қозоқми, русми, бошқа этнос вакилими, нима учун айни кўринишдаги инглиз тилини ёппасига бола-чақаси билан бирга ёпирилиб ўрганаётгани ҳақида мушоҳада юритишмайди. Ҳар нарсани ўрни билан айтиш керак. Лотин ёзувининг киритилиши этнослараро низо туғдириши бўлмаган гап. Миллат тотувлиги ва парокандалиги ёзувга эмас, турмуш шароитига боғлиқ. Давлат сиёсатига боғлиқ. Элимизнинг ривожланиш суръати ва миллий сиёсатимиз ҳаммага маълум. Ҳаёт шуни талаб қилса, ҳеч бир этнос-улус унинг ёзуви учун ранжиб, юз ўгирмайди. 

Сўнгги кунларда алифбони ўзгартириш масаласини эл муҳокамасига ташлаб, умумхалқ овоз беришини ўтказиш зарурлигини айтаётганлар бор. Аммо бундай нозик масала бутун халойиқ югуриб ҳал қиладиган масала эмас, буни, минг марта узр сўрайман, биладиган одамлар ҳал қилгани маъқул. Алифбо лойиҳасини фонетика олимлари тайёрлашади, уни педагог устозлар, услубиятчилар, дизайнерлар, кўз врачлари, психологлар ва бошқалар махсус экспертизадан ўтказиши керак. Шундан сўнг давлат томонидан тасдиқланиб, кўпчиликка тақдим этилади. Пировардида у муҳокама қилинмайди, фақат бажарилади.

Чунки, илмий ҳақиқат референдумларда аниқланмайди, илмий иш ҳашар йўли билан битмайди, илмий натижага оломоннинг ният-истаги билан эришилмайди. Кимгадир ножоиз туюлса ҳам баралла айтаман: илм соҳасида “кўпнинг сўзи – кўл” эмас. Илмий изланишларда озчилик кўпчиликка бўйсунмайди. Бир одам бутун жамиятга йўл кўрсатиши ҳам мумкин. Алифбо соҳасида бундай одам – Аҳмад Байтурсинули! Илмда ижтимоий тенглик – демократия йўқ! Илм – инсон фаолиятининг нодемократик кўриниши.

Сўзим сўнггида айтадиганим: 

1. Рус ёзувига боғлиқ рамақижон имломиз ва алифбомизнинг она тилимизга кўрсатган бугунги табрини кўра туриб, ҳалиям рус имлосида қолишимиз керак, дейиш ноўрин. Бунинг устига Россиянинг ўзидаги рус тили мутахассислари ўртасида академик доирада лотин ёзувига кўчиш масаласи шаклланиб улгурган. Рус ёзувида қолган тақдирмизда ҳам унга тубдан ўзгаришлар киритишимиз зарур. Аммо бу иш лотин ёзувига ўтишдан ҳам қийинроқ кечишига шубҳа йўқ. 

2. Бир асрдан зиёд вақт ўтгач, яна араб ёзувига қайтишимизга лузумат йўқ. Чунки, замонавий авлод учун араб ёзуви нотаниш алфавитлардан бири, холос. 

3. Лотин ёзуви оламнинг ахборот уммонида тараққиётга эришишнинг ягона имконияти. Бунинг устига, лотин ёзувига қозоқнинг асл товушларини сингдириб, ўтиб олсак, ҳозирги ёзувимиздаги тилбузар ҳарфлар ва қоидалар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Яхши алифбодан ёмон қоида туғилмайди. Ёмон алифбодан яхши қоида пайдо бўлмайди. Ёзув ислоҳоти деганимиз – шу.

Эндиликда лотин алифбосидан ётсирамай, ўз вақтида қабуллашимиз керак. Шундагина имло тўғриланиб, кўз ва қўл ўргангач, гумон йўқолиб, шовқин ўз-ўзидан босилиб қолади.

 

 

Жанат ЖУНИСБЕКОВА, Минтақавий ижтимоий-инновациявий университет доценти, тарих фанлари номзоди, 2017-09-15, 20:12
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.