26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ўзбеклар сардори – 60 ёшда

Бугунги кунда ҳаётини миллат келажаги ва равнақига бахшида этаётган  олиҳиммат инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Улар мустақил Қозоғистонимизнинг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилмоқдалар. Ана шундай инсонлар орасида Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжоновнинг хизматлари ва масъулиятли меҳнати таҳсинга сазовордир. Ҳар кунининг бирон дақиқаси бўш бўлмайдиган, ҳатто овқатланиш ва ором олишни ҳам унутиб юборадиган бу жафокаш, фидойи  инсонни доимо иш устида ёки бирон бир тадбир тараддудида, ҳатто ўзгаларнинг оилавий можароларини ҳал этиш устида елиб-югуриб юрганини  кўрасиз. Яқинда таҳририятда ўтган тадбирда мавридини топиб, уни суҳбатга чорладим. 

– Икромжон ака, Сиздаги шижоат, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш, инсонлар кўнглига йўл топа билиш ҳамда мақсад сари дадил қадамлар ташлаш фазилатлари менда ҳам  ҳавас, ҳам фахр туйғусини уйғотади. Ростини айтсам, сизни кузатаману баъзан, кўпчилик қатори бола-чақасининг ташвишини қилиб, дам олиш онларини курортларга, хориж саёҳатларига сафарбар этса бўлмайдими, дейман таажжубланиб. Қачон қараманг, ёзнинг жазирамасию қишнинг совуқ кунларида ҳам эл-юрт ташвишида елиб-югурасиз. Айтингчи, сиздаги  хислатлар  ота-онангиздан меросми ёки табиатингиз шунга мойилми?

– Менимча, ота-онамдан ўтган, шекилли. Сабаби, отам Акромжон билимли, тўғрисўз, серғайрат, умри меҳнатда ўтган жафокаш инсон эдилар. Ҳури онам иккови Тошкент вилояти, Оҳангарон туманига қарашли Телов қишлоғида икки йил фаолият юритди, сўнг она юрти Шимкентга кўчиб келишгач, Сайрам туманига қарашли Бўзариқ даҳасидаги бошланғич мактабда ўқитувчилик қила бошлайди. Мактабдан бўш пайтларида томорқамизда деҳқончилик билан шуғулланарди. Мен жуда ёш эдим, лекин дадамнинг бошига оқ чит рўмол бойлаб, “ё пирим” деб кетмон уришлари ҳанузгача кўз ўнгимда гавдаланиб туради. 

Мени бувам Маҳаммаджон  ва бувим Нури тарбиялашган. Уларнинг катта набираси  бўлганлигим сабабли кўнглимга қарашар, эркаликларим ва хархашаларимни чидам билан “кўтаришар” эди. Бувижоним эртакнинг кони эдилар, узун қиш кечаларида мени бағрига олиб “Зумрад ва Қиммат”, “Уч оғайни ботирлар”ни майин овозда ҳикоя қилар, мен эса кун бўйи тиним топмаганлигим сабабли чарчаб, бувижонимнинг тиззаларида ухлаб қолардим. 

Лекин тонг отиши билан барвақт туриб, бувам ортидан молхонага борардим. У молларнинг тагини тозалаб, ем-хашагини бергач, бувижоним тайёрлаб қўйган эрталабки чойга  ўтирардик. Бувижоним жуда покиза аёл эдилар. Оппоқ дастурхонда тандирда ёпилган иссиқ нон, мураббо ва қаймоқ турарди. Кечқурун косаларга қуйилган сут бир бўғин қаймоқ тутар, унга нон тўғраб есангиз, мазаси оғзингизда қоларди. Бувам нонушта қилгач, кетмонини елкасига ташлаб, томорқага чиқиб кетар эдилар. Мен бироз унинг олдида куймаланиб, сўнгра бундан зериккач, янги ўйинлар ахтариш пайига тушиб кетардим. Мендай жонсарак, тиниб-тинчимайдиган болада “ғоя” кўп бўларди. Катта оиланинг эркатойи бўлганлигим сабабли ҳамма менинг айтганимни бажарарди. Айниқса, Саодат аммамнинг суюб-алқашлари, ўша пайтда камёб бўлган ширинликларни чўнтакларимга тўлдириб ташлашлари жуда хуш ёқарди.  Аммажоним араб тилини мукаммал билар,  ҳарфларни жуда чиройли ёзарди. Тўполончи бўлсам ҳам шу аммамнинг қошида юввош тортиб қолардим. У менга араб ҳарфларининг қандай ёзилишини тушунтириб берар ва уларни ёддан айтишга ўргатарди. Мактабга бормасимданоқ араб ёзуви ва имлосини билар эдим. 

Болалигимда, яқинларимнинг айтиш­ларича, жуда шўх бола бўлган эканман. Мендан анча ёши катта маҳалла акаларни ҳам шунақа ўхшатиб сўкарканманки, улар мендай болани тарбиялаб қўйиш учун хатто ариқ ва анҳорларга ҳам отиб юборишар экан. Лекин табиатан шўх ва ўжар бўлганлигим сабабли уларнинг бунақа “жазолари” менга ҳузур бағишлаб,  янги-янги шўхликлар ўйлаб топишимда жуда қўл келарди.

1964 йили биринчи сентябрда Бўган тумани “ХХI партсъезд” совхозига қарашли Қўштегирмон қишлоғидаги 30-сонли Ҳамза номли ўрта мактабнинг 1-синфига қабул қилиндим. Улуғ Ватан уруши иштирокчиси, бошланғич синф ўқитувчиси Деҳқон Расулов қандай қабул қилгани ҳамон ёдимда... 

Мактабга боргунга қадар араб имлосини ҳамда бобосидан Қуръон оятларини ёд олган болакай савод чиқаришда унча қийналмайди. Кирилл алифбосини ҳам жуда тез ўрганади. Устозлари Раҳима  Аҳмедова, Асолат Ғаниева, Ирисмат Ҳакимов, Назирқул Мирсалим, Юнус Тўхташов, Абдуҳолиқ Алиқулов, Толибжон Ниёзқуловлардан адабиёт, тарих, жамиятшунослик, биология, физика ва химия  фанларини чуқур ўрганади.

– Болалигим, юқорида қайд этганимдек, жуда қизиқарли  воқеа ҳамда тафсилотларга бой ўтган, – дейди ҳикояни давом этти­раркан Икромжон ака. – Мактабдан бўш пайтларимизда, ота-боболаримиз деҳқончилик билан шуғул­лангани боис, биз ҳам дала ишларининг барчасида иштирок этардик. Айниқса, уйда молларга қараш, тагини супуриб-сидириш, пичан ўриш, уни қуритиб, жойлаштириш каби...

Мактабимизда адабиёт, мусиқа, театр, рассомлик тўгараклари ишлаб турар, мен эса уларнинг барчасида қатнашишга ҳаракат қилардим. Устозимиз Раҳима опа томонидан саҳналаштирилган “Алишер Навоий” спек­таклида Навоий ролини ижро этганман. Ус­тозим айтганидан ҳам зиёда қилиб уддалаган бўлсам керак, у мени бағрига босиб: “Раҳмат, сени доимо Навоий бобомизнинг руҳлари қўллаб турсин!” – дегандилар.

Шундай қилиб, ўсмир Икромжон 1974 йили мактабни тамомлаб, Тошкент шаҳ­­ридаги авиация техника билим юртига ўқишга  тушади. Уни имтиёзли диплом билан тамомлагач, Тошкентдаги Чкалов номли  самолётсозлик  заводида меҳнат фаолиятини бошлайди.  Сўнгра Совет Армияси сафига чақирилади. 

Она шаҳри Шимкентга, яқинлари бағрига қайтгач, “Казсельхозтехника” вилоят иш­лаб чиқариш бирлашмасида таъми­нотчи ҳамда Фуқаро мудофааси штаби бош­лиғининг ўринбосари бўлиб фаолият юри­тади. Оралиқда  Шимкент автомеханика техникумини “техник-механик” ихтисоси бўйича тамомлайди. 1988 йили Х. А. Яссавий номидаги Халқаро Қозоқ-Турк университетини “Меҳнатга кўниктириш ҳамда умумий тех­ника фанлари муаллими”, 2016 йилда эса Қозоғистон Халқлар дўстлиги муҳандислик-педагогика дорилфунунини “Ҳуқуқшунос” ихтисослари бўйича битиради. 

Икромжон Ҳошимжонов қайси соҳада фаолият юритмасин, ўзлаштирган билим ва малакасини ишга солиб, ўз касбига содоқат билан ёндашади, жамоа ҳурматига, олқишига сазовор бўлади. Оддий кишилар ташвишини ўзининг ташвиши, муаммолари деб қабул қилади. 

1995 йилдан “Нұр Отан” партияси аъзоси, 2012 йил­­дан “Нұр Отан” партиясининг Сиёсий кенгаши аъзоси, Жанубий Қозоғистон ви­лоят Ички ишлар департаменти ва ЖҚВ прокуратураси қошидаги жамоат ҳамда мас­­­­­­­­­­­­­­­­­лаҳат кенгашларининг аъзоси, вилоят су­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­дининг медиация ишлари бўйича аъзоси, 2000 йилдан бери Қозоғистон халқи Ас­самблеясининг аъзоси, 2006 йилдан Қозо­ғистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси. 

У 1999 йилдан бошлаб вилоят ўзбек маданият марказининг раиси, 2006-2013 йил­лар оралиғида эса “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳар­рирининг ўринбосари лавозимларида меҳнат қилди. 

– Икромжон ака, сиз мустақил Қозо­­ғистонда истиқомат қилувчи ўзбек­ларнинг сардори ҳисобланасиз, айтингчи, миллат келажагини шакл­лантиришда кимларга ва нималарга суяндингиз? Шахсан ўз ташаббусингиз билан ўтказилган тадбирлар ҳақида айтиб ўтсангиз.

– 1999 йили вилоят ўзбек этномаданият маркази раиси Маҳаммадрасул Исоқовдан сўнг мени раисликка сайлашди. Қилинадиган ишлар жуда кўп эди. Мен аввало собиқ раис атрофидаги кишиларни тўплаб, уларга маълум бир йўналиш бўйича вазифалар топширдим. Бу ишда куч ва меҳнатларини аямаган оға-опаларимизнинг номларини алоҳида тилга олмоқчиман. Камол Соипов, Шукурулло Муҳаммаджонов, Маҳкам Орипов, Турдали Усмонов, Бегмат Турдиқулов, Акмал Отажонов, Турсуной Исмоилова, Раҳбарой Муҳаммаджонова, Нурхон Дўсметовалар шулар сирасидан. Яна шуни таъкидламоқчиманки, марказ ишини жонлантиришда ўзбек тад­биркорлари ҳамда қозоқ дўстларимнинг хизматлари таҳсинга сазовордир. Айниқса, Манап Ўтебаевнинг маслаҳат ва кенгашлари менга жуда қўл келди. Миллат олдида турган турли муаммолар юзасидан юқорига  жуда кўп хатлар ёзиларди. Ана шунда менга “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасининг собиқ бош муҳаррири Собиржон ака Юсуф­алиевнинг хизматлари, кўмаги беқиёс  бўлди. Мен хатларнинг тахминий мазмунини ёзиб кирардим, устозим эса уни тўлдириб, хатоларини тузатиб, “сайратиб” берарди. Жойлари жаннатда бўлсин, илойим, беназир, тенги йўқ инсон эди раҳматли. 

Шахсан ўзимнинг ташаббусим билан қилинган ишларга келсак, улар аввало, халқ эҳтиёжи, халқ манфаатларини кўзлади, деб ўйлайман. 2003 йили Сайрамда вилоят ўзбек драма театри очилди. Бу ҳам ўзбекнинг фахри, ғурури эмасми?! Унинг тантанали очилиш маросимида Элбошимиз Н. Назарбаев қатнашиб, Сайрам фуқаролари билан учрашди. Қаранг, насиб қилган экан, 2013 йилдан шу кунга қадар вилоят маданият бошқармасига қарашли “Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри” давлат коммунал хазиначилик корхонаси директори лавозимида ишлаб келмоқдаман. 

Ҳар йили вилоят ўзбек маданият  маркази кенгаши аъзолари ҳамда ёшлар қаноти етакчилари билан вилоят даражасида “Офа­рин” хонандалар, “Аския ва лапар” тан­­ловларини, “Мушоира”, “Давлат тилини билиш – фарзинг”, “Давлат тили – дўстликнинг пой­девори”, “Тилга ҳурмат – элга ҳурмат” рес­публика танловлари ўтказилмоқда. “Ислом ҳамда жамият” мунозара  кечаси, халқаро фес­­тиваллар, миллатлараро тотувликни ку­чай­тириш мақсадида “Биз – бир халқмиз” мавзуида давра суҳбатлари, конференциялар, семинарлар,  йил сайин ўзбек этносининг тили, маданияти ҳамда анъаналари байрамини ўтказиб келамиз. Вилоятда ўтадиган ўзбек тили ва адабиёти танловига республика ма­­қоми берилишида  ҳам ҳамжамиятнинг ҳис­саси катта. Ҳар йили, хабарингиз бор, “Дўстлик дастурхони” мавзуида ўзбек миллий таоми палов тайёрлаш бўйича танлов ўтка­зилиб, аҳоли орасида пазандачилик маҳорати кенг тарғиб қилинмоқда.

Икромжон Ҳошимжоновнинг ташаббуси билан республикада дасталабкилардан бири сифатида ЕХҲТнинг оз сонли миллатлар иши бўйича бош комиссари Кнут Воллебек билан ўзбек тилли мактабларга билингвал ҳамда кўп тилли таълимни жорий этиш ҳақида шартнома имзоланди. 

– Болалар жони дилим, шундай экан, боланинг бегонаси бўлмайди, – дейди суҳ­батни давом эттирар экан Икромжон ака. – Ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳи­моя қилиш кунида кам таъминланган оила фарзандларининг кўнглини олишга, уларга озми-кўпми совға-салом улашишга ҳаракат қиламан. 

Икромжон Ҳошимжонов миллатлараро тотувликни кучайтириш ва барқарорликни мустаҳкамлаш доирасида вилоят ҳоким­лигида уюштирилган барча тад­бирларда фаол қатнашиб келади. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикаси қозоқ маданият маркази билан тиғиз алоқа ўрнатилиб,  миллатлараро дўстликни кучайтиришга бағишланган тадбирлар тез-тез ўткази­лаётгани, бунинг далили.   

– Икромжон ака, суҳбатимиз ҳам ни­­ҳоясига етай деб қолди, оилангиз, фарзандларингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Уларнинг жамиятда ўз ўринларини топиши йўлида сиз нималарга эътибор бердингиз?

– Мен яқинда ўзбеклар орасида биринчи бўлиб, авлодимиз шажарасини ёзиб, авлодим аъзоларига туҳфа қилдим. Яъни етти отамни, улардан тарқаган аждодларим, уларнинг келиб чиқиши, турмуш тарзи ҳақида батафсил ҳикоя қилдим. Биз ота-онамизнинг раъйи билан узоқ қариндошимизнинг қизи Каримахон билан турмуш қурдик. Тўрт нафар фарзанднинг ота-онаси ҳамда набираларнинг бува-буви­жониси бўлиб, уларнинг камолидан суюниб, қувончимизни биргаликда баҳам қўрмоқдамиз. 

Фарзандларимни жуда ёшликдан билим эгаллашга, меҳнат қилишга ўргатдим. Улардан вақтдан тўғри фойдаланиш ҳамда кун тартибини тўғри режалаштиришни талаб этдим. Иложи борича бирон дақиқасини бекор ўтказмасликни оналаридан талаб қилдим. Яратганга минг шукурки, фарзандларим оқил, инсофли, диёнатли ҳамда меҳантсевар бўлиб улғайдилар.

Катта ўғлим Бахтиёр бугунги кунда “Бо­бек Камола” хусусий мактабида директор,  Аъзамжон – шифокор-жарроҳ, Азимжон – полиция майори. Қизим Камола эса уй бекаси,  болалар тарбияси билан шуғул­ланмоқда, у ҳам олий маълумотли, тарих ва география фани ўқитувчиси.

Икром Ҳошимжоновнинг халқ олдидаги хизматлари эътиборсиз қолмади. 2000, 2011, 2015 йиллари ҚР Президентининг “Алғис хат”лари, 2001 йили – “ҚР Мустақиллигига – 10 йил” медали, 2005 йили ҚР Президентининг 2-даражали “Достық” ордени, 2011 йили  “ҚР Мустақиллигига – 20 йил” медали, 2012 йили – ЖҚВнинг 80 йиллиги муносабати билан “Вилоятга кўрсатган хизмати учун” медали, 2016 йили ҚР Мустақиллигининг 25 йиллик юбилейи медали, 2005 йили ЖҚВ ҳокимининг “Бауырмал” мукофотига сазовор бўлди. Россия Федерацияси Аф­ғон уруши фахрийлари иттифоқининг “Ёш­ларни ватанпарвалик руҳида тарбиялагани учун” медали соҳиби, МДҲнинг “Энг яхши инсон” энциклопедиясига, Қозоғистон Рес­­публикасининг “Эл фахрийлари” китобига  киритилган.

– 60 ёшингиз муборак бўлсин, Икромжон ака, масъулиятли ишингизда зафарлар, хуш кайфият ва соғлик тилайман!

 

***

“Жанубий Қозоғистон” газетаси жа­мо­­­­аси собиқ ҳамкасбимиз, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси, вилоят ўзбек драма театри директори Икромжон Акром ўғли Ҳошимжоновни қутлуғ 60 ёши билан қизғин қутлаб, унга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, меҳнатда улкан ютуқлар, хонадонига қут-барака тилайди.

 

С. ШАРИФБОЕВА., 2017-09-19, 15:56 165
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.