26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Маданий турли-туманлик шеърият мезонида

Алматидаги “Ан Арыс» нашриётида чоп этилган “Мәңгілік Елім менің – Вечная страна моя» шеърият антологиясини чинакамига бой ва ранг-баранг маданиятга, битмас-туганмас табиий бойликларга, гўзалликда тенги йўқ ландшафтга, ажойиб тарихий ва меъморий ёдгорликларга, чуқур маънавий-ахлоқий урф-одатларга эга бўлган элимизга аталган шеърлардан иборат ўзгача гулчамбар деб таърифлаш мумкин. 

Ватанимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари инсонларни шу ўлкада яшашга, уни севишга, унинг ривожига бутун куч-ғайратларини сарфлашга ва жонини фидо қилишга доимо шай бўлишларига асос бўлади. Бу қадриятлар инсон руҳини озиқлантиради, унга ўз ҳаётини қуришга, бахтлар мамлакати – «Мангу Эл»ни яратишга куч бахшида этади.

Антологияга қозоқ, рус, уйғур, курд, ўзбек, татар, белорус, немис, корейс, чечен, турк, дунган ва бошқа этносларнинг шеърияти намуналари киритилган. Унда турли этнос вакилларидан иборат 50 шоирнинг лирик, лиро-эпик, фалсафий, публицистик йўналишдаги шеърлари уларнинг она тилида ва айни чоғда рус тилида берилган. Шеърларда она Ватан, инсон умрининг маъноси, бир инсон тақдирида ва одамлар ҳаётида Қозоғистоннинг ўрни, ўз ўлкаларидан қувилган инсонларнинг бағри кенг қозоқ халқи ҳақидаги илиқ сўзлари, мамлакатимиз халқларининг ягона аҳил оиласи, асрлар оша ва бизнинг замонамиздаги таниқли арбобларга бағишланган шеърлар, ҳаёт қувончлари ва гўзаллигини, унинг битмас-туганмас бунёдкорлик кучини тараннум этувчи мавзулар ўрин олган. 

Антология Исламбек Салжанов бошқараётган “Алтын Қыран» халқаро хайрия жамғармасининг қўллови билан нашр этилган. 

Шуниси эътиборга лойиқки, шеърият антологиясига Қозоғистондаги ўзбек адабиётининг қалами ўткир, кўзга кўринган вакиллари ижоди намуналари ҳам киритилган. Жанубий Қозоғистон вилоятининг «Чашма» адабий бирлашмаси аъзоларининг шеърий ижодиёти намуналарини рус тилига ўгиришга таниқли меценат, тадбиркор ва жамоат арбоби Бадриддин Нишонқулов ҳомийлик қилган.

Антологиянинг «Ўзбек адабиёти» бўлимида ҳозирги замон ўзбек назм оламида мухлисларга ва оммага кенг танилиб улгурган замонавий ўзбек поэзиясининг забардаст вакиллари – Эрназар Рўзиматов, Соатой Камолова, Баҳодир Собит, Абдураҳим Пратов, Зокиржон Мўминжонов, Долимжон Сайфуллаевларнинг қисқача ижод йўли ва ижод намуналари келтирилган. 

Шеърларнинг ўзбек тилидан русчага таржима қилингани таҳсинга лойиқ. Бу, албатта, шоирларимиз ижоди маҳсулларини республикамиздаги 100 дан ортиқ этнослар китобхонлари, шунингдек шеърият ва адабиётшунослик билан машғул мутахассислар мутолаа қилишига кенг имконият очиб беради. Рус тилига таржима шоирларимиз ижоди аудиторияси ва географиясини бир неча карра кенгайтириши, натижада Қозоғистондаги ўзбек адабиётига бўлган қизиқишни анча орттириши муқаррар.

Хуллас, республикамиз шеърият мухлислари, адабиёт ва санъати вакиллари учун жуда қимматли туҳфа тақдим этилганлигини беҳад қувонч ҳисси билан қайд қилиш мумкин. “Мәңгілік Елім менің – Вечная страна моя» шеърият антологияси ўзбек тилида ўқитадиган барча мактабларнинг юқори синфлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, кенг китобхонлар йиғинларида тарғиб қилинса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу, айниқса, сўнгги пайтларда рақамли воситалар билан керагидан ортиқча ўралашиб қолиб, виртуал ҳаётга берилиб кетаётган ёшларимизни китоб ўқишга йўналтиришда, ва умуман, шеърият муҳитини жонлантиришга олға қадам бўлар эди.

 

 

Неъматжон АЛМЕТОВ, М. Ауеэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг профессори, педагогика фанлари доктори, 2017-09-20, 18:48 177
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.