26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ҚАРFИШ ТУТДИМИКАН?..

– Исмим Матлуба. Учта фарзандимиз бор. Эрим трактор ҳайдарди, дала ишлари билан шуғулланиб, рўзғор тебратардик. Ҳозир у ҳам ногирон бўлиб, ишлаёлмай қолди, – деди муштарийларимиздан бири ва бошидан ўтган воқеаларни айтиб берди. 

... Отамни норози қилиб турмуш қургандим. Ёшим ўтиб бораётган эди, ортимда яна иккита синглим ҳам етилиб қолганди. Мактабни аранг битирганимдан кейин ҳеч қаерга ўқишга бормадим. Қишлоқда гилам тўқиш, зардўзлик билан шуғулланиб юрдим. Негадир мени сўраб бирорта совчи келмади. Уйдагиларга ортиқчалик қилиб қолдимми, янгам, сингилларим билан жанжаллашадиган бўлдим. Бир куни ҳатто онамдан ҳам аразлаб қолдим, бир неча қилиқларим билан асабларига тегдим. Шунда онам жаҳл устида, «сен шу феълинг билан кимга ҳам керак эдинг, қариқиз бўлиб ўтиб кетмасанг, деб қўрқаман, болам», деди. Билмадим, бу гапни менга ачиниб айтдиларми ёки жаҳл устида оғзидан чиқиб кетдими. Шу куни тонггача кўрпага бурканиб, йиғлаб чиқдим, бир ҳафта ҳеч ким билан гаплашмадим. Ичимдаги дардларимни фақат қўшни келинга ёрардим. Сув баҳона, челак кўтариб, уларнинг ҳовлисига чиқардим-да, соатлаб гаплашиб ўтирардим. 

Шундай кунларнинг бирида ўша келин хўжайинининг ўртоғи ҳақида гапириб қолди. У ҳеч жойда ўқимаган, ишламас, кўримсиз йигит бўлса ҳам феъли ёмон эмаслигини, агар мен хоҳласам, унга мен ҳақимда гапиришини айтди. Розилик билдирдим. Қўшнимиз йигитга мен ҳақимда айтибди, биз учрашадиган бўлдик. Умримда биринчи марта эр киши билан холи қолганим учунми, ниҳоятда ҳаяжонландим. Ҳар қалай унга ёқибман. Тез орада совчилар ҳам келди. Уйдагилар дарров рози бўлишса керак, деб ўйлагандим. Аммо отамнинг рад жавобини берганини эшитиб, ҳайрон қолдим. 

Кейин билсам, бир пайтлар икки ўртада низо чиққан, шу сабабли, у йигитнинг уруғи билан бизнинг уруғ бир-бирига қиз бериб, қиз олмас экан. Бироқ биз учрашиб юравердик. Бир-биримизни ёқтириб қолгандик-да. Нима қилиш чорасини ўйлай бошладик. Орага қанча-қанча одамларни солдик, фойдаси бўлмади. 

Ўйлаб ўйлаб, Рустам ака билан бир қарорга келдик. Қишлоқда иш йўқлиги сабабли, бошқа туманга бориб деҳқончилик қилиш нияти борлигини айтганди. Шунинг учун ҳам бир кечада ўша ёққа қочиб кетишни режалаштирдик. Вақти келиб отам бизни кечиради, тушунади, деб ўйладик. Бу ниятимизни қўшни келин билан эрига билдириб, улар кўмагида режамизни амалга оширдик. Чордарага келиб, ижара уйга жойлашдик, далада ишлай бошладик. Иккимиз ҳам тиним билмай меҳнат қилиб, ўзимизга пахсадан кичкинагина уй қуриб олдик, кейинчалик трактор харид қилдик. Бахтли ҳаётимиздан хурсанд бўлиб юрганимизда, бир ҳамқишлоғимиздан отамнинг ниҳоятда хафа бўлганини, қаттиқ бетоб бўлиб касалхонага тушиб қолганини, "элнинг олдида юзимни қаро қилди", деб мени қарғаганини эшитиб, кайфиятим тушиб кетди. Отамнинг соғлигини эримнинг қариндошларидан сўраб турдим. Анчадан кейин яхши бўлиб қолганини эшитиб яна кайфиятим жойига тушди. 

Яшашимиз ёмон эмас эдию, аммо турмушимизга беш йилдан ошиб қолган бўлса-да, фарзанд кўрмаётгандик. Вақт ўтган сари мени ваҳима боса бошлади. Шифокорга бориб текширувдан ўтганимизда дўхтирлар иккимизнинг қонимиз тўғри келмаслигини, бошқа-бошқа турмуш қурсак, фарзандли бўлишимиз мумкинлигини айтди. Бу гапдан дилимиз вайрон бўлди. Шундан кейин ҳам икки йил фарзанд бўлмади. Бир куни эримнинг аммаси уйимизга меҳмон бўлиб келиб қолганида шундан гап очди. Мен эса дўхтирларнинг гапини айтгандим, у: «Дўхтирларинг гапираверади, ўзимизнинг ирим-сиримда ҳам гап кўп, бир шу амалларни ҳам қилиб кўринглар. Мен кучли домлани биламан», дедида манзилини айтди. 

Аммамиз айтган амалларни бажардик. Орадан олти-етти ой ўтиб, ҳомиладор бўлдим. Қувончимизнинг чеки йўқ эди. Ниҳоят, ўғлимиз туғилди. Бу қувончни қишлоққа етказиб, барча қариндошларни меҳмонга чақирдик. Эримнинг қариндошлари келди, аммо менинг фақат холам келди.... 

Бу кунлар ҳам ўтиб кетди, мен яна ҳомиладор бўлдим. Хўжайиним мени ниҳоятда эҳтиётлар, дала ишларига ҳам чиқармас эди. Ўзи эртаю кеч тиним билмасди. Қизли бўлдик, ўғлим икки ёшга кирди. Бир куни кеч бўлиб қолса-да, эрим даладан қайтавермади. Хавотирланиб, қўшнимникига чиқиб, аҳволни айтдим. Эри мотоциклга миниб, далага кетди ва тезда қайтиб эримнинг трактори жарда ағанаб ётганини маълум қилди. Шу ерда ўзимдан кетибман. Кўзимни очсам, шифохонада эканман, эрим ҳам касалхонада ётганини эшитиб, тириклигига суюндим. Шу фалокатдан кейин хўжайинимнинг бир қўли ишламай, бир оёғи оқсоқланадиган бўлиб қолди. Ноилож, дала ишларига ўзим чиқадиган бўлдим.

 Бу воқеаларга ҳам анча йиллар бўлди. Ҳозир ҳам эрталабдан кечгача тиним билмаймиз, аммо уйимизни кенгайтира олмадик, рўзғорда барака йўқ. Катта ўғлим ичкиликка берилиб кетган, ота-онам қийналаяпти, ёрдам берай, демайди. Қизимнинг эса қўлидан ҳамма иш келади, доим менга қарашади, аммо негадир дудуқланиб гапиради. Ҳали турмушга чиқолмади. Кенжамдан кўнглим тўқ эди. Аммо унинг хотини ёмон чиқди, ўзи томонга – Туркистонга олиб кетиб қолди. Энди кучим ҳам кетган, бир аҳволда яшаяпмиз. Баъзан ўйлаб қоламан, ҳаётимдаги мана шу қийинчиликлар отамнинг қарғиши туфайли эмасмикан, деб.

– Шунча йил ўтса ҳам ота-онангиз билан борди-келди қилмадингизми? 

– Онам, сингилларим келиб туришарди, болаларимнинг тўйларида ҳам бўлишди. Аммо отам, акам келмади. Мени ҳам боришга қўйишмади. Энди онам қариб қолган, сингилларимнинг ҳам ўз оилалари бор. Ҳасратингни айтиб енгил тортадиган жигарларингнинг ёнингда йўқлиги алам қилар экан.

– Нима бўлганда ҳам, вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Қолаверса, сиз қарғиш теккан, деган фикрни миянгиздан чиқариб ташланг. Балки шу гап ҳам ҳаётингизга таъсир қилаётгандир. Ахир, иссиқ жон оғрийди, тузалади. Атрофингизга қаранг, сиздан-да оғирроқ тақдирга эга инсонлар бор. 

– Майли, бир оз истиҳола билан қўнғироқ қилгандим. Сизларни бунчалар яқиндан дардлашасиз, деб ўйламагандим. Руҳим анча енгиллашди, кайфиятим кўтарилди. Раҳмат сизларга, омон бўлинглар. 

Телефон гўшагини ўрнига қўярканман, ўйланиб қолдим. Балки шу ота қизини қарғамаганида, аёл бугун бу кўйга тушмасмиди?! Балки у турмушидаги ҳар бир камчиликни отасининг ўйлаб-ўйламай айтган гапига йўявергани учун ўз ҳаётини ўзи оғирлаштириб яшагандир. Азизлар, оғзимиздан чиқадиган ҳар бир гапимизга эҳтиёт бўлайлик, токи дилларимиз, ҳаётимиз озор чекмасин.

***

Навбатдаги газетхонимизнинг дарди ҳам шунга ўхшаш. 60ни қоралаган шимкентлик тадбиркор ўғлининг хатолари ҳақида гапириб берди.

– Исмим Алибек. Вахта усулида ишлайман. Кўпинча 15 кунлик ишга кетиб, уйда 70 ёшли дадам ва хотиним қоларди. 5 қиздан кейин туғилган ўғлим Асрорни эркалатиб юборган эканманми, жуда шўх бўлиб ўсди. Ҳатто мактабни битираётганида ҳам шўхлиги босилмади. Қанд касаллиги туфайли дадамнинг кўзи кўрмай қолган эди. Мен ишда юрганимда отамнинг хонасига ойиси пиширган овқатни ўғлим олиб кириб берарди. Ҳар сафар ё туз сепиб, ё ичига латта солиб олиб кириб юрар экан, буни менга дадам айтди. «Кўр» деб мазах қилиб, дилини оғритибди. Мен ўғлимни чақириб олиб, дадамдан кечирим сўратдим. Лекин бу иш давом этавергандан кейин, дадамга овқат олиб кириб беришни хотинимга топширдим. Кўп ўтмай, дадамдан айрилиб қолдик. Орадан бир неча йил ўтиб, ўғлим уйланди. Бирин-кетин икки фарзанд кўрди, аммао иккови ҳам туғма кўр эди. Ўғлим бунда хотинини айблаб, бошқа қизга уйлантириб қўйсизлар, деб туриб олди. Ўзи топган қизга уйлантирдим. Орадан бир йил ўтиб, дунёга келган ўғли ҳам туғма кўр бўлди.

– Бувангнинг қарғиши урди сени, – дедим мен унга.

Асрор чидай олмади, тўғри қишлоқ қабристонидаги дадамнинг мозорига бориб, тиз чўкди-да, ўкириб-ўкириб йиғлади. 

– Буважон! Майли, мен аблаҳман, аммо эвараларингизга раҳмингиз келсин, – дея нола қилди у. – Майли, мени ўз ёнингизга олинг. Яратгану сизга нолам етсин, буважон! 

Асрор шашқатор ёшдан ҳўл бўлган юзини қабр тупроғига урар, тупроқни чангаллаган қўллари-ю, афти-башараси лой бўлиб кетганди. У қабр ёнида узоқ нола қилиб, кўнглини бўшатди. Қоронғида қайтди-ю, юз-қўлларини ювмай ташқаридаги сўрида ухлаб қолди. Эрталаб уни катта ўғли уйғотди:

– Дада, дадажон, туринг, мен сизни кўряпман, – деди. 

Карами кенг Оллоҳга ҳамду-санолар айтиб, эртасига худойи қилиб, элга ош бердик. Бошқа невараларимнинг ҳам кўзи очилишидан умидвормиз. 

 

 

Сарвар МИРЗО, 2017-09-20, 19:01 803
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.