26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ёзувимиз ҳам, онгимиз ҳам, ўзимиз ҳам янгиланамиз

Парламент Мажлисида лотин графикасига кўчиш масаласи кўрилгандан сўнг унинг теварагидаги жа­моатчиликни қизиқтирган кўп­лаб саволларга аниқ жавоблар топилди. Энди ло­тин графикасига ўтишнинг мамлакатимиз учун аҳамияти, унинг йўналишлари ва бос­қичлари, лотин имлоси асо­сидаги қозоқ тили алиф­босининг тузилмаси каби  қатор саволларга аниқ жавоб­­­­­лар бор. Шу билан бирга лотин графикасига кўчиш масаласини ҳаётга татбиқ этиш борасида қўйиладиган янги саволлар ҳам оз эмас. 

 

Лотин графикасига ўтиш – маж­муавий масала. Сиёсат­шунослар, IТ-технология бўйича мутахассислар, тилшунос-олимлар, тарихчилар, руҳшунослар, педагоглар, жа­мият­шунослар ушбу масалага ўзларининг услуб ва услубиятлари нуқтаи назаридан  келиб чиқиб қарайдилар. Таъкидлаб айтганда, лотин алифбосига ўтишда ҳар бир соҳа мутахассисларининг ўзи тадқиқ қиладиган  фанга асосланган ҳолда илмий ва амалий масалаларни ҳал этишларига тўғри келади. Илмий асос лотин алифбосига ўтишнинг бош шартларидан бири ҳисобланади. Лотин алифбосига ўтишдаги масалаларга тегишли саволларни тўғри қўйиш, уларга фақат исботли жавоблар беришга интилишимиз керак. Фақат ўйла­ганимизга таяниб, хорижнинг илғор намуналарига ружу қўйиб, қарорлар  қабул қилинишига  йўл қўймаслигимиз лозим. 

Мамлакатимиз ўтмишида алиф­бони ўзгартиришнинг қизи­қар­ли тарихи бор. Араб алифбоси, кейинчалик лотин графикаси, кирилл алифбосига ўтиш – сўнгги юз йилда биз тўртинчи марта алифбони ўзгартирмоқдамиз. Тарихчиларимиз худди ана шу тўрт ўтиш босқичидаги тил  масаласи ҳақида бошқа соҳа ходимларига асосли далиллар ва маълумотлар берсалар,  фойдадан холи бўлмасди. Ҳозирги ҳақиқат мутлақо бошқа. Биз 1926 йилги араб алифбосидан лотин ёзувига кўчиш давридаги Қозоғистон эмасмиз. Биз жаҳон тан олган, ривожланган 30 мамлакат қаторидан муносиб ўрин олишга интилаётган давлатмиз. Ёшларимиз инглиз тили ва илғор ахборот технологияларини ўзлаш­тирмоқда. 

Бинобарин, бир имлодан бошқа­сига ўтишнинг айнан мамлакати­мизда ўтган тарихига бир назар ташласак, ортиқчалик қилмас. Балким ўтиш даврининг баъзи бир масалаларини ечишда фойдаси тегармиди?! Ўтган авлодлар йўл  қўйган айрим хатолар так­рорланишининг олдини олармиди?! 

Лотин имлосига кўчишнинг ташқи алоқаларимизга таъсири масаласини ҳам ўйлаб қўйсак   бўлар эди. Янги алифбога кўч­гандан сўнг туркийзабон мамла­катлар билан иқтисодий-мада­ний алоқаларимиз жадал ривож­ланишига  шубҳа йўқ. Айни пайтда, россиялик, ҳатто ўзимиздаги баъзи бир шахслар лотин алифбосига ўтиш бизни рус тилидан узоқлаш­тириши, ёки қўшнимиз билан муно­сабатларимизда айрим  муам­молар туғилишини  ҳам айтишмоқда. Ло­тин алифбосига кўчишга ижобий муносабатдан келиб чиққан ҳолда уларни ҳам элакдан ўтказсак, нафи тегар эди.

Лотин графикасига ўтиш лотин алифбоси асосидаги янги қозоқ  алфавитини тайёрлаш ҳамда жорий этиш билан қатор бажарилади. Бизда кўп янгиликлар “оммавий ижтимоий тажриба” йўли билан амалга оширилади. Яъни баъзан бутун жамиятга, унинг аксарият қисмига тааллуқли янгилик оммавий тажрибага  киритилади. Илмий нуқтаи назардан  қараганда,  бунда арзимас хатолар ҳам кенг кўламдаги  хатоликларга айланиб кетиш хав­фи бор. Аспирантлик  пайтимда 30 бетли услубий йўриқномани нашрдан чиқаришга топширган вақтимда институт босмахонасининг муҳарррири  машинкада терилган матндаги бир жойда вергул тушиб қолганини пайқаб, менга уни тузатмай нашрга юбормаслигини айтди. Унинг: “Бир варақдаги битта хато эртага 1000 нусха китобчада 1000та хатога айланади. Сен мингта хатога йўл қўйсанг, биладиган ўқувчи уни тузатиб ўқир, билмайдиган китобхонни  эса хатога тортасан”,  дегани ёдимдан чиқмайди. 

Лотин имлосига кўчиш босқичма-босқич ўтади. Тезкор вақт кутиб турмайди. Аммо назария (ғоя)лар билан бир  қаторда унга  ёндош бораётган тажриба,  яъни лотин алифбосини тайёрлаш ҳамда уни жорий этиш лойиҳалари ва уни амалга ошириш жараёни кетаётган бир пайтда хатоликлар таваккалининг кучайиб кети­ши­га эътибор қаратишимиз керак. Одатда, янгиликлар кичик гуруҳ­ларда синовдан ўтади, махсус усуллар ёрдамида текширилиб, миқдор ва сифат жиҳатидан баҳо­ланади. Бироқ  фан бунинг ўзи билан чекланиб қолмайди, яъни синов натжаларининг тўғрилигига ишонмайди. Янгиликни жорий этишнинг натижалари бошқа пайт­ларда, бироз вақт ўтгандан сўнг ҳам текширилиб, унинг афзаллиги, ривожлантирувчи кучи қанчалик сақланганлиги аниқланади. Шунинг учун ҳам янги намунадаги лотин алифбоси илмий жиҳатдан синаб кўрилса,  ортиқчалик қилмайди. 

Педагог сифатида мени қозоқ тилининг лотин алифбосига ўти­шидаги педагогика масалалари қизиқтиради. Мактаб остонасини эндигина ҳатлаган болалар учун янги алифбо бошдан янги, ўзга­ча бўлиши сўзсиз. Ўсмирлар ва балоғатга тўлмаганлар лотин графи­касини ўқиб ўрганади. Ахборот ва интернет асрининг авлодлари учун ҳам лотин графикаси деярли  қийинчилик туғдирмайди. Улар шундоқ ҳам  кун, соат сайин лотин алифбосидан фойдаланади. Фа­қат лотин графикасидаги қозоқ тилини ўрганишда баъзи бир ҳарф танишга оид қийинчиликларни енгишга тўғри келади. Бироқ му­ал­лимлар билан катта авлод вакилларига ушбу жараён бироз психологик масалаларни туғдириши мумкин. Улар иккинчи алифбони ўзлаштиргани билан қаторасига икки ёзувдан фойдаланишади.

Умуман олганда, қозоқ тилининг лотин графикасига кўчиши дав­лат тарихида ўзгача давр. Бу 7 ёшдан 70 ёшгача одамларга те­гиш­ли, ҳаммасининг онгига, та­фак­курига, билим эгаллашига, ри­вожланишига таъсир этадиган жараён. Лотин графикасига кўчиш халқнинг тафаккурини уйғотади. Лотин графикасига ўтиш жамиятнинг маънавий янгиланишига ҳамоҳанг ижтимоий воқеа. Ёзувимиз ҳам, онгимиз ҳам, ўзимиз ҳам ўзга­рамиз, маънавий жиҳатдан янги­ланамиз. Ўзгариб, ривожланиб, барчамиз яхлит миллат бўлиб,  Қозоғистоннинг келажагини барпо этамиз. Вақт бизни танлади. Демак, лотин графикасига ўтишга бор куч-ғайратимизни сафарбар этайлик, азизлар!

 

 

Неъматжон АЛМЕТОВ, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг профессори, педагогика фанлари доктори, 2017-09-22, 20:09 709
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.