26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тотувлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган кун

Шимкентда "Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни" кенг нишонланди

Бу йилги байрам ҳар сафаргидан ўзгача ўтди. Яқиндагина тўла таъмирланиб, Жанубий Қозоғистон халқи Ассамблеясига топширилган бино томошабинларга лиқ тўлди. Йўлакларда ҳам танга ташласа, ерга тушмайди. Саҳна тўрига кўтарилган ҳар бир нотиқ, ҳар бир санъаткор кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Кузга хос бўлмаган ўттиз даражали ҳарорат ҳам  йиғилганлар ихлосини қайтаролмади.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қозоқ маданият маркази раиси Серик Усенов, Жанубий Қозоғистон вилоят халқ Ассамблеяси раисининг ўринбосари Муратали Қалмуратов ҳамда “Нур Отан” партияси вилоят филиали раисининг ўринбосари Нурмахан Жўлдасов ва бошқалар иштирок этдилар. Уларнинг ўзбек этноси шаънига илиқ тилаклари, халққа хизмат қилишни шарафли бурч деб ҳисоблаган қатор таниқли инсонларга топширилган вилоят ҳокими, вилоят маслаҳатининг Ташаккурномалари, “Жамоат фидойиси” медаллари ва самимий дил изҳорлари  гулдурос қарсакларга уланиб кетди. Шунингдек, ҚР Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоевнинг байрам муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Вилоят маслаҳати депутати Зуппархон Чолдонов, Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев ва халқимизнинг эъзозига эришган бошқа меҳмонлар ҳам ушбу кунда “Дўстлик уйи”га кўрк беришди. 

Байрам баҳона чегара ошиб келган санъаткорлар Ортиқ Отажонов, Ғиёсжон Бойтоев ва бошқалар ушбу шукуҳли куннинг аҳамиятини оширишди.  Элбоши муаллифлик қилган этнослараро тотувликнинг Қозоғистон модели туфайли бизда ҳам ўзбек тили, анъаналари, маданиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва тарғиб этиш бобида катта ишлар қилинмоқда. Қозоғистон ўзбек санъатининг вакиллари Тўлқинжон Ҳасанов, Рустам Хўжа, “Сўғдиёна” гуруҳи, ғижжак устаси Шерали Турсунметов, Зардиана Иззатуллаева ва бошқалар ҳам юксак ютуқларимизни элга намойиш қилдилар. Вилоят ўзбек драма театри актёрларининг чиқишлари олқишларга “кўмилиб” кетди.

“Дўстлик уйи”нинг кираверишида ўрнатилган сўрилардаги миллий либослари ярашган нуроний отахонлар, ўзбек либосларини намойиш этган лобар қизлар, амалий санъат намуналарини тақдим этган усталару чеварларнинг кўргазмаси ҳам мазкур тадбирни янада мазмунли этди. Сordial, “Эге Шимкент”, “Ленгер музқаймоғи”, Zeta Tour ва бошқа турли компаниялар эса имкониятдан фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотларини халққа тақдим қилишга шошилишарди.

Ушбу кунда Шимкент шаҳар ҳамда Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмалари томонидан қўш қозонда дамланган палов байрам иштирокчиларига таратилди. Ўзбек пазандалик санъатининг намунаси бўлган ушбу таом кўпчиликка мақбул келди.

Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтишни истардим: Сайрам тумани ҳокими Бахтияр Мамаев, Сайрам туман маслаҳати котиби Жансерик Сулейменов етакчилигида ушбу ҳудуднинг кўплаб депутатлари, таниқли шахслари  мазкур тадбирда иштирок этишни ўзларининг шарафли бурчи, деб ҳисобладилар. Бунинг учун байрам қатнашчилари ҳамда “Жанубий Қозоғистон” газетаси жамоаси номидан этник қадриятларга эҳтиромини намойиш этишдан тортинмаган азиз инсонларга ташаккуримизни билдирамиз.

***

Бугунги кунда Қозоғистонда истиқомат қилаётган кўпсонли ўзбек этноси вакиллари учун муҳим ушбу кун самарали ўтди, дейиш мумкин. Байрам баҳона, юртимизнинг энг қийматли хазинаси – Қозоғистон халқининг миллий бирлиги намойиш этилди. Янги асрда юз йиллар давомида орзу қилинган буюк қадрият – мустақилликка эришиб, 2050 йилгача жаҳоннинг энг  ривожланган 30 мамлакати қаторига киришни режалаётган элимизнинг имкониятлари яққол кўрсатилди. Бу эса келажак фаолиятимизга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ҳусан Садиров, Қарноқ қишлоғи ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси:

– Кенг қамровли байрам кўпчиликнинг кўнглини олди. Санъатимиз ютуқларидан қувондим. Саҳна усталарининг чиқишларини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ҳам турли йўналишларни ҳисобга олган ҳолда халқ санъатига эътибор янада юксак бўлишига тилакдошман.

Ғанишер Райимқулов, Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, туман маслаҳати депутати:

– Ушбу байрам Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг сиёсати туфайли ҳукм сураётган тинчлик-тотувликнинг рамзларидан бири сифатида муҳим. Мазкур тадбирда қатнашишни истовчи барча юртдошларимизга имконият яратиш  учун автотранспорт ташкил этдик. Туманимиз аҳли эса байрамни ўтказишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшишга интилди. Амалий санъат намуналари кўргазмасини уюштиришда, урф-одатларимизни намойиш этишда қатнашган фаолларимизга миннатдорчилик билдираман. 

Зардиана Иззатуллаева, Маннон Уйғур номидаги Ўзбекистон санъат ва маданият институти мусиқий драма факультети талабаси:

– Бугунги байрам мен учун  жуда мароқли бўлди! Уни шундай юқори даражада ташкил этган, ташрифи билан кўпчиликни қувонтирган эл оғаларига самимий миннатдорчилигимни билдираман. Юртдошларимиз қаршисида ҳар сафар саҳнага чиқиш жуда масъулиятли синовдек туюлади. Қарсакларни эшитарканман, ҳали мукаммал санъаткор даражасига етмаган қизини қўллаётган халқимиздан миннатдорчилик ҳисси юрагимда жўш уради. “Бағри қайноқ, меҳри дарё бўлсада биз учун хориж саналадиган Ўзбекистонга таълим олиш учун йўл олганимда балки шуни орзу қилгандирман”, деб қўяман баъзида. Она Ватаним – Қозоғистондек қадрдон бўлиб қолган Тошкентда олган билимимдан Ватанимиз равнақи йўлида фойдаланишни ўйлаяпман. 

 

 

А. САРМОНОВ, 2017-09-25, 20:24
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.