26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Замонавийлашув, янгича ёндашув

Яқин кунларда “Устозлар куни” нишонланади. Биз, журналистлар, уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатларини фақат ушбу кундагина эмас, мунтазам ёритишга масъулмиз. Сайрам туманининг Манкент қишлоғидаги кўҳна илм масканларидан бири, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номидаги умумий ўрта мактаб директори Мақсадбек Ҳакимбоев билан уюштирилган мусоҳаба мавзуи илм масканларида янгиланган таълим дастури асосида қилинаётган ишларга бағишланди. 

– Мақсадбек, суҳбат аввалида таълим масканининг тарихи, ўтган ўқув йилидаги натижалар билан таништириб ўтсангиз.

– Мактабимиз 1954 йили уч йиллик мактаб сифатида ташкил этилган. 1984 йилда тўлиқсиз ўрта мактабга айлантирилиб, Олег Кошевой номи берилди. 2001 йили 11 йиллик мактабга айлантирилди ва Ш. Рашидов номи билан юритила бошлади. Ҳозирги 600 ўринли янги бино 2015 йили фойдаланишга топширилди. Мактабда жами 1103 ўқувчи ўқийди, уларга 115 устоз таълим-тарбия беради. Ўтган ўқув йили якунига кўра 7 ўқувчи ЯМТда иштирок этди, ўртача балл 103ни ташкил қилди ва туман мактаблари орасида 2-ўринни эгалладик. Меҳринисо Маъруфхонова, Айгул Жалғасова, Мамлакат Ирисметова, Клара Соипова, Одил Соипов, Умида Мадалиева каби пешқадам устозлар жамоамиз фахри.

– Жорий йилги таълим тизимидаги катта янгилик – ўқув машғулотларининг беш кунга ўтказилиши бўлди. Айтингчи, бу вазифа қандай уддаланди?

– Янгиланган таълим дастурига мувофиқ, мактабда беш кун дарслар олиб борилса, олтинчи кун ижодий ишларга бағишланади; тарбиявий соатлар, факультатив дарслар, тўгарак ишлари уюштирилади. Мақсад – ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, улар онггига “Мангу Эл” ғоясини сингдириш.

Аксарият ота-оналар таълим соҳасидаги ўзгаришлардан хабардор. Улар ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини айтишди. Бироқ хавотирларини ҳам билдиришди. Ҳозир кун қисқарган вақт, эрталаб ва кечқурун қоронғи бўлади, фарзандларимиз қийналишади, дейиш­япти. Беш кунлик таълимга ўтиш даврида эски бинодан фойдаланишимизга тўғри келади. У таъмирталаб бўлиб турибди.

– Мактаб раҳбари сифатида ўзингиз ҳам малака ошириш курсларида таҳсил олдингиз. Қандай тажриба орттирдингиз?

– 2015 йил январь ойида Астана шаҳрида мактаб раҳбарлари учун курсда ўқидим, 2016 йил сертификат олдим. Мактабимизнинг Манкент ва Қорамурт ҳудудидаги таълим муассасалари орасида таянч мактаб деб танланиши ҳам бежиз эмас. Инновация ишлари бўйича ўринбосарим Неъмат Сайдиғаниев, қозоқ тили ўқитувчиси, модератор Айгул Жалғасовалар билан бирга бу йўналишда 2017-2018 йилга иш режаси тузилди. Мақсад – ишни янги йўналишда олиб бориш. Энди ҳудуддаги ҳар бир мактабда аниқ бир фан бўйича тадбир уюштирилади. Гуманитар фанлар бўйича алоҳида, математика йўналиши бўйича алоҳида семинарлар уюштириб, шу орқали ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилади. 

– Жорий этилаётган ислоҳотларга кўра, эндиликда маълум фанлар давлат, бошқалари рус ёки инглиз тилида ўқитилади. Мутахассислар етарлими?

– Ҳозир физика ва химия фани ўқитувчилари Одилжон Соипов ва Алишер Қурвонтоевлар Шимкент шаҳрида махсус курсда ўқишяпти. Мактабимизда инглиз тили фанидан жами 8 ўқитувчи дарс беради. Синфдан ташқари тўгараклар ташкил этилган. Қишлоғимизда “Сеньор” ўқув маркази иш бошлади. Ўқувчилар учун қўшимча машғулотлар олиб бориляпти. 

– Мактабда синфдан ташқари ишлар қандай аҳволда?

– Таълим ва тарбия биргаликда олиб борилиши керак. Ўтган ўқув йилида қишлоқ маданият уйида уюштирилган “Қувноқлар ва зукколар” тадбири катта қизиқиш уйғотди. Унинг мавзуси одамларнинг жамоат жойларида ўзини тутиши, ахлоқ ва одоб меъёрларига риоя қилиш масалаларига бағишланди. Яхши оилалардаги муомала маданиятидан намуна олиш кераклиги уқтирилди.

Мактаб ва ота-оналар ҳамкорлигини йўлга қўйиш доимий диққат-эътиборимизда. Бу ишларни ташкил этишда ёрдамини аямаётган ота-оналар қўмитаси раиси Набихон Исломбоев, унинг ўринбосари Ҳабибулла Тожиевларнинг хизматларини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ўтган йилдан бошлаб, бошланғич синф ўқитувчиларининг ташаббуси билан қўғирчоқ театри фаолият юрита бошлади. У мактабдаги тарбия ишларини янгича олиб бориш мақсадида ташкил этилди. Замонавийлаштирилган “Зумрад ва Қиммат” эртаги саҳналаштирилиб, кўрсатилди. Бу тўгаракка ўзбек тили ўқитувчиси Шаҳло Умарова етакчилик қилади. Бошланғич синф ўқитувчиси Ҳалима Эрматова, мусиқа муаллими Султон Давлетовлар унга яқиндан ёрдам беришди. 

Ўқувчилар нафақат томошабин бўлишди, балки ўзлари ҳам спектаклда роллар ижро қилишди. Бундан ташқари, улар анъанавий фестивалларда мунтазам қатнашишади. Масалан, цирк ва акробатика кўринишидаги томошада олов билан трюклар кўрсатишди, арматура эгишди, дорбозлик санъатини намойиш қилишди. Тўгаракка Меҳринисо Анорметова бадиий раҳбар. 

– Иш бор жойда камчилик бўлиши табиий. Шундай эмасми? 

– Ҳамма ишлар силлиқ кетяпти, десак ҳақиқатга тўғри келмайди. Айрим муаммолар ҳам бор. 1-,2-, 5- синфларда ўқувчиларнинг билими электрон тарзда баҳоланади. Шунинг учун ўқитувчиларнинг функционал саводхонлигини ошириш борасида бирмунча ишлар қилиш лозим. Айрим синфларда ўқувчилар дарсликлар билан тўлиқ таъминланмаган. Масалан, эски дастур асосида ўқийдиган синфларда дарсликлар етишмайди. Ота-оналар кўмагида бу масала ижобий ҳал этилади, деб умид қиламиз. 

– Суҳбат учун ташаккур! Педагогика жамоангизга келгуси фаолиятида омад тилаймиз!

Тасвирларда: мактаб директорининг инновация ишлари бўйича ўринбосари Н. Сайдиғаниев ва ўзбек тили бўйича республика олимпиадасида II даражали диплом билан тақдирланган ўқувчи У. Бекенова; қўғирчоқ театри тўгараги иштирокчилари; мактабнинг пешқадам устозлари.

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2017-09-27, 19:52 258
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.