26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қишлоқни дунёга танитганлар

Қорамурт қишлоғи қадимдан ўзининг хушманзара табиати, сўлим боғлари-ю қир-адирлари билангина эмас, бу табаррук манзилдан етишиб чиққан олиму уламолари, илмли, маърифатпарвар инсонлари, шифокорларию санъаткорлари, заҳматкаш деҳқону миришкор боғбонлари билан дунёга танилиб, шуҳрат қозонган.

Ушбу заминда туғилиб, Аллоҳ берган буюк неъмат – истеъдоддан унумли фойдаланиб, камол топган ёруғ юлдузларнинг барчасини фахр ва ғурур билан тилга олиб, номларини бирма-бир айтиб ўтишнинг иложи йўқ. Лекин, айримларини юксак ифтихор билан ёдга олмасдан бўлмайди.

ХIХ асрнинг охирларида дунёга келган Исмоилхон Сотиболдиев вилоятимиз ҳамда республикамиз миқёсида коллективлаштириш даврининг етук намояндалари даражасига етганда, сохта айб билан мудҳиш қатағон қурбони бўлиб, отилди.

Шоир ва мутафаккир, исломий фикҳ алломаси Абдулҳамид Лузумий ҳам умрининг ўн йилдан зиёдини Сибирда (сургунда) ўтказиб, шахсга сиғиниш даврининг жабр-кулфатларини тортди. Ўрта Осиё минтақаси санъаткорларининг дарғалари, Ўзбекистон халқ ҳофизлари ака-ука Бобохон ва Акмалхон Сўфихоновларнинг киндик қони томган муқаддас диёр кўҳна Қорамурт эканлигини ҳам доимо эсда тутмоғимиз даркор.

Собиқ Иттифоқ даврида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, қишлоқни ободонлаштиришда кўплаб раҳбарларнинг муносиб ҳиссаси бор. Булар: Эргаш Хўжамқулов, Саид Йўлдошев, Самад Мусаев, Ойпар Расулметова, Пирназар Убайдуллаев, Ўрда Жамолов, Нишонбой Турсиметов, Мадали Муҳиддинов, Абдуҳорим Муталов, Абдуғани Бозорбоев, Раҳматулло Тўйчибоевлардир. 

Шунингдек, Қорамурт қишлоғини жаҳонга танитган янги авлод карвонбошиларидан: Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон Республикалари фалсафаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган ва ушбу соҳа асосчиларидан бири, фалсафа фанлари доктори, профессор Жондор Тўленов, иқтисод фанлари доктори, академик Иброҳимжон Искандаров, тиббиёт фанлари доктори, Қозоғистон Республикаси кардиожарроҳи, кўп йиллар инсонларга шифо улашиб, навқирон ёшида ҳаётдан кўз юмган дўстимиз Озод Тошпўлатовларнинг номлари тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган.

Қорамуртлик деҳқонлар П. Убайдуллаев, М. Муҳиддинов, Р. Тўйчибоевлар раҳбарлик қилган йиллари уруғчилик, чорвачилик, ғаллачилик ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш бўйича юқори кўрсаткичларга эришиб, Киров номли колхозни нафақат вилоят балки республикадаги энг илғор хўжаликлар қаторига кўтаришди. Лекин... қайта қуриш даврида аниқ дастур асосида иш олиб борилмагани туфайли жамоанинг иқтисодий қудрати заифлашиб, оқибатда бир пайтлар илғорликни қўлдан бермай келган хўжаликнинг айрим аъзолари оила тебратишга ҳам қийналиб қолишди...

Мустақиллик неъматлари

Қозоғистон Республикаси Мустақилликни қўлга киритган дастлабки йилларда ҳам қишлоқ аҳли бироз қийинчиликларни бошдан ўтказганлиги рост. 

 Элбошимиз Н. Назарбаев олиб борган оқилона сиёсат натижасида хусусий тадбиркорликка йўл очилди, қишлоқ қайта тараққий эта бошлади. Аҳолининг сув, электр энергияси ва газга бўлган эҳтиёжи қондирилди. Мактаблар қайта таъмирланиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Мактабгача ёшдаги болажонлар учун боғчалар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қишлоқ маркази кундан-кунга ободонлашмоқда. Янги савдо нуқталари, маданий-маиший хизмат муассасалари бугунги кунда қишлоқ аҳли ҳамда меҳмонларга малакали хизмат кўрсатмоқда. 

Қишлоқнинг бугунги кундаги мавқеи хусусида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида 2017 йил 17 августда ўтган сайловда кўпчилик овоз билан ғалаба қозонган янги ҳоким Маъмуржон Нажиев ҳузурига ташриф буюрдим. 

Ҳокимни иш кабинетида эмас, қишлоқ марказида ўтказилаётган умумхалқ шанбалиги қатнашчилари орасидан топдим. Қишлоқ тўбебийи Абдураим Маннонов билан биргаликда ҳашарчиларга бош-қош бўлиб юрган экан. Ҳокимлик ходимлари қишлоқ аҳли билан бирга йўл атрофида йиғилиб қолган ахлатларни йиғиб, тартибсиз ўсган дарахтларнинг шох-шаббаларини қирқиб, бўлгач, ҳоким ва тўбебий билан суҳбатлашдим. Улардан қишлоқнинг бугуни, келажаги хусусида ҳамда ишни нимадан бошлагани тўғрисида гапириб беришини илтимос қилдим.

– Бауржан Мўмишулининг “Тартибга бўйсунган қул бўлмайди”, деган ажойиб нақли бор. Ишни интизомдан бошладим. Сўнг, қишлоқ маркази, истироҳат боғи, қишлоқни туман ва вилоят марказлари билан боғловчи йўллар атрофида санитария-тозалаш ишларини ўтказдик. Умумхалқ шанбаликлари уюштириб, кўзланган натижага эришдик. Бугунги кунда қишлоғимизда истиқомат қилувчи аҳоли сони 15128 кишини ташкил этади. Шундан 14705 нафари ўзбеклар, қолганлари турклар, қозоқлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари. 

Қорамурт қишлоғининг умумий ер майдони 10536 гектар. 

Қишлоғимизда сўнгги йилларда хусусий деҳқон хўжаликлари ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада ишсизлар сони ҳам қисқармоқда. Деҳқонларимиз асосан ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик билан шуғулланади, – деди ҳоким.

А. Маннонов ҳокимнинг фикрини давом эттираркан;

– Қишлоқдаги бешта мактабда беш юздан зиёд юқори малакали ўқитувчи-устоз 5000дан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Бу йилги битирувчилардан 60 нафари грант асосида олий ўқув юртларида ўқишмоқда. Қишлоқда касалхона, шифохона ва 6та болалар боғчаси аҳоли хизматида. 2018 йили Қорамурт гимназия-мактабига спортзали, ўт ўчириш депосини қуриш режалаштирилган.

Элбошимизнинг Мактубларини ўзбек тилида чоп этиб келаётган “Жанубий Қозоғистон” ижтимоий-сиёсий газетасининг 2018 йилги обунасига Қорамурт қишлоқ аҳли ҳар доимгидан ҳам фаол қатнашади, – деди.

Суратларда: М. Нажиев, шанбаликдан лавҳалар.

    

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ,, 2017-09-27, 19:56 214
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.