Ассамблея ёрдамга келди

Шимкент шаҳридаги “Қозоғистон халқи Ассамблеяси” биноси олдидан кўкламги сув тошқинидан азият чеккан Қарағанди вилояти фуқароларига гуманитар юк ортилган транспорт жўнатилди. 

Жанубий Қозоғистон вилоят халқи Ассамблеяси ташкил этган хайрия тадбирида, вилоят этномаданият бирлашмаларининг аъзолари, “Ижтимоий тотувлик” ДККнинг шаҳар, туман филиаллари вакиллари, фуқаролар фаол қатнашиб, нарса-буюм ва молиявий ёрдамларини тақдим этдилар.

Натижада саховатли одамлардан умумий қиймати 10 миллион тенгедан кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғорга керакли буюмлар ва кўрпа-тўшак ҳамда кийим-кечак йиғилди. 

Дарвоқе, шу йилнинг апрель ойида, Қарағанди, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Павлодар, Ақтўбе ҳамда Шарқий Қозоғистон вилоятларидаги 52 аҳоли манзили кўкламги сув тошқинидан талафот кўрган, шунинг оқибатида икки мингга яқин уй сув остида қолиб, 120та йўлни сув ювиб кетган эди.

Минтақада бирликка, эзгу ишларга ивитқи бўлиб келаётган вилоят ассамблеяси котибияти мудири Муратали Қалмуратов гуманитар ёрдамнинг бундан кейин ҳам тўхтамаслигини, сув тошқинидан талафот кўрган биродарлар билан жанубликлар доимо бирга эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи., 2017-05-22, 11:20 632