Вилоят маркази ўзгача қиёфа кашф этмоқда

Яширишнинг ҳожати йўқ, вилоят марказига қўшилганига бир неча йил бўлса-да, кўриниши қишлоқ қиёфасида қолган аҳоли манзиллари масаласи тез-тез тилга олиниб, матбуотда ёзилиб, телеканалларда кўрсатилмоқда. Шимкент шаҳрининг келгуси 5 йилдаги тараққиёт дастури тайёрланиб, шаҳарга қўшилган янги даҳаларни ободон­лаштириш, кўкаламзорлаштириш, инфратузилма тармоқларини юритиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Бу янгилик шаҳар аҳолисини қувонтирмоқда, албатта. Дастурга мувофиқ, йўл таъмири, “қизил чизиқ”қа тушган иншоотларни йўл ёқасидан олиб ташлаш тадбирлари дастлаб Сайрам туманидан Шимкент шаҳрига ўтган даҳаларда бошланди.

Сайрам даҳаси тубдан ўзгаради

Дастлаб Сайрам тумани таркибида бўлиб, сўнгги йилларда Шимкент шаҳрига қўшилган бугунги Сайрам даҳаси меъморий обидаларга бой маскан. “Келажакда бу ерда тарихий ёдгорликлар билан бирга қатор замонавий меъморий нақшлар билан безатилган иншоотлар қад ростлайди”, дейди шаҳар ҳокими Ғ. Абдирахимов. Бу фикрини аҳоли билан учрашувда кўпчилик ҳукмига ҳавола этди. Даҳа турғунлари ҳам шаҳар ҳокими режаси билан танишиб, қўллаб-қувватладилар.

Шаҳар раҳбари, 26 йил муқаддам барпо этилган “Наврўз” истироҳат боғини таъмирлаб, янгилашни мутасаддиларга топширди. Шунингдек, Сайрам даҳасининг ички йўллари ҳам таъмирланмоқда. Қиёфани бузиб турган савдо нуқталари қонун доирасида тартибга келтирилмоқда. Дўкон, қаҳвахона эгаларига бинолар сиртини бўяб, атрофини озода тутиш, эски панжараларни олиб ташлаш лозимлиги айтилганди. Шаҳар ҳокимининг бу талабларини тадбиркорлар жуда ўринли деб қабул қилишди.

– Сайрам – хорижлик сайёҳлар тез-тез келиб турадиган тарихий қадамжо. Шундай экан, кўча тозалиги, тарихий ёдгорликларни аслига келтириш, савдо нуқталарининг тартиб­ли қурилишини таъминлаш масалалари долзарб бўлиши керак. Шунингдек, сайёҳлар қадим шаҳардан эсдалик буюмлар сотиб оладиган имкониятларни яратиш лозим, – деди шаҳар ҳокими Ғ. Абдирахимов.

Даҳанинг марказий кўчалари таъмирлангач, Ленгер шаҳрига олиб борадиган асосий йўлнинг Шимкент шаҳрига тегишли қисми ҳам тузатилади. Хуллас, Сайрам даҳаси киши танимас даражада ўзгарадиган кунлар олис эмас.

Бодомликларга “зангори олов” берилади

Йўл азобини тортиб келган Бодом аҳоли манзилида ҳам масала ўз ечимини топди. Навбат электр энергияси ҳамда табиий газ қувурларини ўтказишга келди. Мазкур қурилиш ишларининг қачон бошланиши шаҳар ҳокими Ғабидулла Абдирахимов раислигида ўтган ҳокимлик мажлисида айтилди. Ал-Форобий тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Қудайберген Қалдиқараевнинг таъкидлашига кўра, Бодом мавзесида келгусида ижтимоий иншоотлар кўплаб очилади. Шулардан бири – болалар боғчаси қурилиши хусусий ташкилотлар асосида амалга оширилади. Ҳозирги кунда давлат буюртмаси орқали 2та болалар боғчаси (“Бақитжан”,  “Ақниет”) фаолият юритмоқда.

Бу ерда кўпчиликни ташвишга солиб келган жамоат транспорти қатнови ўз ечимини топмоқда. Йўловчиларнинг кўплиги туфайли Бодомга 22, 86 ҳамда 116-йўналишдаги жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш тегишли муассаса раҳбарлари билан келишилди.

Тассайда янги йўл қурилмоқда

Шаҳарга қўшилган қишлоқларнинг кўпчилиги Абай, Қаратау, Енбекши туманлари тасарруфида. Шимкент шаҳар йўловчилар транспорти ҳамда автомобиль йўллари бўлими раҳбари Қуатжан Жуматаевнинг гапига қараганда, биринчи навбатда шаҳарга янгидан қўшилган аҳоли манзилларининг йўллари таъмирланади. Масалан, ҳозир Абай туманининг 105-кўчасида ўрта ва тўкис таъмирлаш ишлари юритилиб, 4та кўча бўйида пиёдалар йўлаги қурилмоқда. Енбекши, Қаратау, Ал-Форобий туманларининг 46, 58, 16 кўчаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Хусусан, Шимкент шаҳрига тегишли йўлнинг умумий узун­лиги 2882 чақиримни ташкил қилади. Шундан 1484 чақирими  (50,2%) асфальтланган.

Кичик туманларда, айниқса, эски йўлларни қайта қуриш ишлари йўлга қўйилган. Шулардан бири – Тассай кичик туманидаги Таукехан шоҳкўчаси ва А-2 йўли кенгайтирилмоқда.  Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўнал­тирилган қатор лойиҳаларнинг смета ҳужжатлари тайёрланган. Шундан “Ақжайиқ”,  “Қайтпас-1“, “Нуртас”, “Тассай”, “Азат”, “Достиқ”, “Қазиғурт”, “Сауле”, “Жайлау”, “Интимақ”, “Бадам” кичик туманларидаги кўчаларни тўла таъмирлаш лозим. Бу вилоят марказига янгидан қўшилган даҳа аҳли учун айни муддао. Лойиҳа амалга ошса, мазкур аҳоли манзилларида шаҳарга муносиб йўл бўлиши аниқ.

Бугунги кунда Тўлебий туманидан Шимкентга қўшилган  Елтай аҳоли манзилидаги кўчаларга асфальт тўшалмоқда. Умуман олганда, Шимкентдаги 19та кўча жорий йилда ўрта таъмирдан ўтказилиб, 11та кўчада пиёдалар йўлакчаси қурилади, деб режаланган.

Зарур маълумотлар

Бу йил таъмирланадиган кўча­лар:

1. Қаратау тумани, Мартўбе даҳа­сидаги Абай кўчаси;

2. Сайрам даҳасидаги Уйғун кў­часи;

3. Чапаев кичик туманидаги Мус­тафа Ўзтурк (Берут) кўчаси;

4. Жанаталап даҳасидаги 600 ўринли мактабга олиб борадиган йўл;

5. Тассай даҳасидаги номсиз кўча;

6. №2 Шолохов (Юпитер) кўчаси;

7. Сауле к/т.даги номсиз кўча;

8. Қайтпас-1 к/т Жамауов ва Наврўз (давоми)кўчалари;

9. 194-номсиз кўчанинг “Адия” бо­лалар боғчасига борадиган  йўл;

10. Сайрам даҳаси, Улуғбек кў­часи Амир Темур кўчасигача;

11. “Шапағат” к/т, номсиз кўча (Фа­зилбеков кўчасидан Арғинбеков кўчасигача);

12. “Таскен” к/т.даги Балқибеков кўчаси;

13. Мартўбе даҳасидаги Ком­мунист кўчаси;

14. Енбекши туманига қарашли Иляев кўчаси;

15. Қаратау туманига қарашли Алатау кўчаси;

16. “Турлан” к/т.даги Абилайхан кўчаси;

17. “Тельман” к/т.даги Темиртау кўчаси;

18. “Қазиғурт” к/. Бақшали кў­часи.

Мухтабар УСМОНОВА, 2017-06-22, 11:39 578