Дўстимга
- Details
- Category: Адабиёт
- Hits: 36
Ғанимат бу дунё, азизим,
Дам ғанимат, фурсат ғанимат.
Яхши билан учрашмоқ савоб,
Одамгадир одам ғанимат.
Қандай шодман, учратсам сени,
Кўзларингга тўймай боқаман.
Юрак қиндан чиққудай урар,
Ўз ўтимга - ўзни ёқаман.
Сен-чи, назар - писанд қилмайсан,
Бепарвосан, лоқайдсан, нега?
Мен ёнганим – ўтда ёнмайсан,
Сездирмайсан меҳрингни менга.
Ҳамма каби қўлингни бериб,
Кайфиятим сўраб қўясан.
Ҳамма каби ҳурматим қилиб,
“Келинг, опа!” деб, жилмаясан.
Сен эса бағритош қоясан,
Кибрингми, ғуруринг ўзингга!
Биламан. Сен учун азизман,
Билдириб, қараб қўй, кўзимга!
Эркиной СУЛТОНОВА.