Кашфиёт
- Category: Адабиёт
- Hits: 38
Ватан! Бугун илк бора сени ёзмоқчун,
Қўлимга ҳадик-ла олдим қаламни.
Ахир сен ҳақингда битган ашъорим
Титратмоғи керак бутун Оламни.
Аммо нетай, сўзлар топилмай қолса,
Салобатинг босиб, титраса таним.
Тан ичра яшовчи митти юракча
Сени ҳаддан ортиқ севса Ватаним!
Ўйлайман, таърифинг келтирмоқ учун,
Бўлолдимми сенга лойиқ бир фарзанд?
Ҳатто қалб изҳорин айтолмай бугун,
Сўзлар ожиз қолар, менга бериб панд.
Ватан - қучоғингда яйраб ўсдиму,
Худди сени билмай юргандайинман.
Кундан кун очилар сирли чиройинг,
Сени энди кўриб тургандайинман.
Тафтингни сезади фақат бу юрак,
Уни изоҳлашчун сўзим йўқ менинг.
Энди бир қарорим то сўнгги нафас,
Мен излаб яшайман, таърифинг сенинг.
Сен ҳақингда тўлиқ айтолмас ҳатто,
Соясини тутган виқорли тоғлар.
Меҳринг таърифига ожиз қолмоқда,
Кўркингга кўрк қўшган чиройли боғлар.
Дарё-денгиздан ҳам таъриф тополмай,
Оёқларим толиб, ўтириб колдим.
Шу онда жавобни кашф этиб бирдан
Кўлларимга бир кафт тупроқни олдим.
Кўзларимга аста суртганча шу дам,
Сирингни тушуна бошладим, Ватан.
Тупроққа қоришиб дунёга келган,
Сўзсиз, қадринг билиб яшайди бу тан!
Муаттар ОЗОД.
Дўстимга
- Category: Адабиёт
- Hits: 37
Ғанимат бу дунё, азизим,
Дам ғанимат, фурсат ғанимат.
Яхши билан учрашмоқ савоб,
Одамгадир одам ғанимат.
Қандай шодман, учратсам сени,
Кўзларингга тўймай боқаман.
Юрак қиндан чиққудай урар,
Ўз ўтимга - ўзни ёқаман.
Сен-чи, назар - писанд қилмайсан,
Бепарвосан, лоқайдсан, нега?
Мен ёнганим – ўтда ёнмайсан,
Сездирмайсан меҳрингни менга.
Ҳамма каби қўлингни бериб,
Кайфиятим сўраб қўясан.
Ҳамма каби ҳурматим қилиб,
“Келинг, опа!” деб, жилмаясан.
Сен эса бағритош қоясан,
Кибрингми, ғуруринг ўзингга!
Биламан. Сен учун азизман,
Билдириб, қараб қўй, кўзимга!
Эркиной СУЛТОНОВА.