26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дуторим тори иккидур

Ўзбек-қозоқ ягона узоқ ўтмишга эга. Шукрки, бугунги кунга келиб, қадимий анъаналаримиз тикланмоқда. Бу савобли иш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳини барқарор сақлашга зиё аҳли ҳамиша хизмат қилиб келган ва келади. “Жанубий Қозоғистон” газетаси ҳам бу ишда камарбаста. Зеро, инсонпарварлик ва эзгулик ғояларини ёйиш истагида, дўстлик ва тотувликни, тинчликни улуғлаш – унинг бош шиори.

Бугун биз қозоқ халқининг буюк мутафаккири, оқини Абай (Иброҳим) Қўнанбаев ҳаёти ва ижоди адабий меросига қўшни Ўзбекистон арбобларининг муносабатларини ифодаловчи мақолаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Донишманд ота-боболаримиз “Ҳовли олма, қўшни ол”, деб бежиз айтишмаган. Биз азал-азалдан бир заминда, бир қуёш остида яшаб келмоқдамиз, бизнинг илдизларимиз бир.

Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Форобий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Абай Қўнанбаев, Ойбек ва Мухтор Ауезов, Ғафур Ғулом ва Сабит Муқанов каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлари, мутафаккир ва шоирлари мероси бизнинг умумий бойлигимиздир.

Биз инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган бу маънавий меросни асраб-авайлашимиз ва бойитишимиз лозим.

Биз учун Қозоғистон замонлар ва ҳаёт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшнимиздир.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, буюк Абайнинг қуйидаги сўзларини эсга оламиз:

Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,

Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.

Мол-дунё, шон-шуҳрат – барчаси бекор,

Жондош, содиқ дўст, йўлдошинг бўлсин.

Ишончим комил, бу ҳикматли сўзлар нафақат бугунги тантанали маросим, балки мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг шиорига айланади.

Шу муносабат билан куни кеча қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоири ва мутафаккири, гуманисти Абай Қўнанбаев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинганини маълум қилмоқчиман. Бу улуғ зотнинг безавол ўгитлари бугун ҳам ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотгани йўқ”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонда Ўзбекистон йили очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан.

Юртимизда буюк Абайнинг 175 йиллигини кенг нишонлаш тадбирлари бошланиб кетди. Бундай тарихий воқеа сабаб, улуғ маърифатпарвар шоирнинг ўзбек-қозоқ халқларининг тарихий дўстлигини мустаҳкамловчи фикрлари, саъй-ҳаракатларини яна бир карра ўрганиб чиқсак, ўринли бўлади. Айниқса, муҳтарам Абайнинг буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоийни ўз устози деб билгани, икки қардош халқ учун катта сабоқ. 

“Абай Қўнанбаевнинг Абай даражасига кўтарилиб, қозоқ поэзиясининг машъали, ёруғ юлдузига айланишида, айниқса, Шарқ шоирлари, жумладан, Алишер Навоий ижод дурдоналарининг таъсири беқиёс бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, ёзувчи Ғабит Мусрепов: “Қозоқнинг инқилобдан аввалги адабиётига Ўрта Осиё классиклари асарларининг таъсири катта бўлган. Ўзбек халқининг донишманд шоири Алишер Навоийнинг асарларини ўқиб, ундан ўрнак олмаган шоир кам. Классик адабиётимизнинг буюк чўққиси – Абай ҳам Навоийни ўзига устоз деб билган, истеъдодига таъзим қилган”, дейди. Абай ҚўнанбаевНизомий, Навоий, Фузулий, Бобур асарларини чуқур ўрганиб, бадиий бақувват асарлар, ажойиб достонлар яратади. Шоирнинг 1858 йили, 14 ёшида ёзган “Фузулий, Шамсий, Сайқалий” номли шеърий асари илҳом ва илмнинг дастлабки ҳосиласи эди. Ҳатто Абай Қўнанбаев ўзининг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз” номли мақоласида Бобур шахсига батафсил тўхталиб: “Бобур шоҳнинг онаси билан туғишган икки қариндоши бўлган. Каттаси Тошкентда хон бўлса, кичиги қозоқларга ҳукмронлик қилган. Булар Чиғатой наслидан бўлган Юнусхоннинг болалари эди. Ўша қозоқларга ҳукмронлик қилганининг номи Аҳмад эди”, – дейди ва унинг қозоқлар орасидан уч юз аскар тўплаб, қалмоқлар билан курашганини қайд этади. Бу курашда Аҳмад хон қалмоқларга қақшатқич зарба берганидан уни қалмоқ хони: “Бу бир ёнолғиш бўлди”, – дейиш ўрнига: “Мана бу бир Алаш бўлди-ку”, – деб юборади. Шундан унинг номи “Алаш” деб номланибди”, – деган фикрни илгари суради ҳамда: “Бобурнома”да ана шундай ёзилган”, – деб, алоҳида уқтириб ўтади.

Буларнинг бари қозоқ шеърияти намояндаси, қозоқ халқининг фахри Абай Қўнанбаевнинг Фирдавсий, Низомий, Навоий, Бобур каби буюк алломалар асарларидан доимо баҳраманд бўлиб, уларни ўзига устоз билиб, алоҳида ҳурмат кўрсатганидан далолат. У ўзининг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз” номли мақоласида ўзбек халқи ҳақида алоҳида тўхталиб: 

“…ўзбеклар экмаган экин, улар олмаган ҳосил, савдогарларининг бормаган жойи йўқ… Хуллас, уларнинг қўлидан келмаган иш йўқ. Руслардан фарқли улар қозоқларнинг тиригига ҳам, ўлигига ҳам ярайди, – дейди. – Ўруслар келгандан кейин ҳам ўзбеклар уларнинг илми, урф-одатларини биздан кўра олдинроқ ўрганиб олишди. Зийраклик, моҳирлик, эпчиллик, уддабуролик ҳам шуларда, сиполик, одоб ҳам шуларда”, – деб, қардош ва ёндош ўзбек халқига юксак баҳо беради.

Буюк мутафаккир, шоир Абай Қўнанбаевнинг ўз Ватани ҳамда ўзбек халқига туйган муҳаббати унинг ота ўғли эмас, одам ўғли, чинакам инсонпарвар, бағри кенг ижодкор эканидан далолатдир.

(Адабиётшунос олим, ёзувчи Қалдибек Сейдановнинг “Навоий ва Абай” илмий мақоласидан).

Маълумки, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинди. Бу тарихий воқеа икки халқни янада яқинлаштирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2018 йил 13 март куни “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнанбаев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида” Қарорига имзо чекди. Қўшни давлатда қатор тантанали ва маърифий тадбирлар ўтказилиб, буюк қозоқ шоирига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Илгари ҳам ўзбекистонлик қаламкашлар Абай ижодиётига мурожаат қилишган.Миртемир, Н. Фозилов, Я. Қўчқоров, А. Рустамов ва бошқа ижодкорлар унинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 

10 август куни шоир таваллудига бағишлаб Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай ҳайкали олдида тантанали маросим ўтказилди. Уни очган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайид ўз нутқида: “Абай ижодиёти нафақат қозоқ, балки умумужаҳон маданиятининг бебаҳо хазиналаридан биридир. Ўзбек халқи Абайнинг мерос қилиб қолдирган ноёб асарларини севади, буюк қозоқ ўғлони хотирасига ҳурмат ва эҳтиромда бўлиб келади”,– деди. “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев эса Абай Қўнонбоев яшаган даврда ҳали ҳалқлар бир-бирига меҳр-муҳаббат билан эмас, балки ҳар бир киши ўз ҳолича ёндашар, яшар эди. Ўз вақтида улуғ бобомиз Навоий орзу қилганидек, Абай каби буюк ижодкорлар келиб, ҳалқларнинг бир-бирига бўлган оқибати, қадри ортади. Дарҳақиқат, ҳаммани бирдек бирлаштирувчи Абайдек йўлбошчилар етишиб чиқиб, уларнинг асарлари барчамизга ўрнак бўлиши керак, деб таъкидлади.

Н. МАВЛОНОВА тайёрлади, 2020-02-22, 03:29 1171
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.