26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Йўлдаги ҳайдовчилар

Йўловчи машиналарга қўл кўтара-кўтара чарчаган Нурбек ака жиққа терга ботиб, машина соясида ўтирган шеригининг ёнига келди. Бу яқин ўртада на бир уй, на бир дарахт бор эди: атроф бийдай дала, қуёшнинг нурлари чўғдай тобланган қиличдек ерга санчиларди. Машинанинг соясида ҳам ҳарорат юқори. Айниқса, қизиб ётган асфальт йўл тафти куйдиргудек бўлиб юзга урилади. Шундай бўлса-да, бир энлик сояга елим пакет тўшаб Абай уста ўтириб олган. Нурбек ака унинг ёнидан жой олиб, асабий тўнғиллади:

– Одамларда инсоф қолмаган, уста. Шунча машинадан бирортаси тўхтамайди-я. Таниш-билишлар ҳам ўтмайди. Қаёқдан ҳам олган эканман, бу шалақ аравани.

– Сотиб юбор, демаганмидим? «Волга»ни гуллаб-яшнаган даври ўтди. Энди ўзимиздан янги машиналардан олиш керак. Кейин ўзимиз аҳмоқмиз, узоқ йўлга шу аравада чиқибмиз-а!

– Яхши юриб турганди, бундай бўлиши тушимга кирибдими? Мотор тамом бўлганга ўхшади. Бир амаллаб уйга етволсак, битта гап, эшакка алиштирмаган номард!

Абай уста шу иссиқда нос отиб, ўрнидан турди ва қўлини шапка қилиб узоқ-узоқларга қаради. Биронта қишлоқ кўринмайди аксига олиб. Ранжиган кўйи бирпас турди-да, сўнг носини тезда тупуриб, Нурбек акага қаради.

– Худо бизни жазолаяпти, Нурбек. Агар эсласанг, ўтган йили қишда шу йўлдан ўтган эдик. Эсингдами?

– Э, сиз йўлдан чиқиб кетган «Жигули»га шаъма қилаяпсизми, уста?

– Ҳа, баракалла. Енгил кийиниб олган эркак шундоқ олдимизни тўсганди. Сен туша солиб унга дўқ урдинг. У «ака, шундан бош­қа иложим йўқ, илтимос, машинамни йўлга чиқарайлик, ичида аёлим бор», деганди. Сен эса «ўлиб кетмайсанми», деб кетгандинг.

– Ие, фақат менми?! – ўрнидан сапчиб турди Нурбек ака. – Кеч бўлмасдан уйга етиб олайлик, деб шоширган сиз эдингиз-ку!

– Айб икковимиздаям бор. Ўша одамга ёрдам берганимизда ҳозир бу аҳволда ўтирмасдик.

– Э, иримни йиғиштиринг, уста. Ўтган гап ўтди, кетди. Бугунни кўринг-да, машиналарга қўл кўтаринг. Шояд биронта кўнгилли чиқиб қолса.

Нурбек ака кўнглига ғубор солган шеригига хўмрайиб қараб қўйди. Гарчи у бундай қийин вазият ўша қишдаги воқеа сабаб юзага келганига ишонмаса-да, аммо ичида нимадир тўлғана бошлади. Совуқда титраб, керак бўлса тиз чўкиб ёлворишга ҳам тайёр эркакни ва салдан сўнг машинадан йиғлаб тушиб келган аёл кўз олдига келганди. Уларнинг машинаси «КамАЗ»ни ёнлаб ўтаётиб, пастга сирпаниб кетган экан.

«Қайтар дунё деганлари ёлғон. Агар рост бўлса, ҳозир бизга тўхтамай ўтиб кетаётган машиналарнинг ҳолига вой экан-да. Асло бўлиши мумкин эмас», деб ўзига-ўзи далда берганча устанинг олдига борди Нурбек ака. Уста оз дақиқага чарчаб қолган.

– Ҳе, барингни... – сўкинди у. – Кўчани ўртасида чўзилиб ётчи, биров қарармикан. Қарамайди. Одамларда оқибат қолмаган, деймиз, аммо ўзимизни ўйламаймиз. Кўксимиз тўла қурум, Нурбек! Ҳей! Тўхта!

Секинлашиб келаётган «Нексия»га қўл кўтарди уста. Худо уларни бир сийлади, оппоқ машина шундоқ ёнларига тўхтаб, ичидан басавлат бир йигит тушди.

– Ҳа, акалар, нима бўлди?

– Машина бузилиб қол­ди, – деди Нурбек ака жонланиб. – Ёрдам бер, ука.

– Ёрдам бериш учун тўх­тадим-да. Қани, қаери бузуқ?

У машинанинг капотини очиб, энгашиб моторни кўрди.

– Буни устахонага элтиш керак, дарди сал оғирроққа ўхшайди. Арқонми, тросми борми, акалар? – сўради йигит.

Аксига олиб ҳеч нарса йўқ эди, Нурбек ака бош чайқади.

– Мендаям йўқ эди. Нима қилсак экан-а? – У шундай деб, ёнидан телефонини олди-да, кимгадир сим қоқди. – Қаердасан, Латиф? Чимкентга қараб келаяпсанми?.. Хўп, мен йўлдаман...

Нурбек ака Хизрга дуч келгандай унга тикилиб турар, нечукдир тиззалари қалтирарди.

– Омадимиз бор экан, – йигит унга қаради. – Бир дўстимиз Сайрамга келаётган экан.

Зум ўтмай қаршиларига «ЗиЛ» юк машинаси келиб тўхтади. Ҳайдовчи шошиб турган эканми, ойнадан бошини чиқариб:

– Тинчликми, Ўктам?

– Троссми, арқонми керак.

Ҳайдовчи йигит ёнидан чилвирга ўхшаш пишиқ, ингичка арқон олиб узатди. Ўктам ака унга раҳмат айтиб, «Волга»нинг олдига келди. «ЗиЛ» пишқириб жойидан оғир қўзғалди.

– Умрингдан барака топ, ука. Бу яхшилигингни сираям унутмаймиз. Сир бўлмаса қаердансан? Танишиб олайлик.

Ўктам Туркистондан эди. У чаққон ҳаракат қилиб, «Волга»нинг олдига арқонни бойлади. Сўнг «Нексия»сини чийиллатиб буриб, арқон етгулик масофагача ҳайдаб келди.

– Сайрамга борамиз. Яхши устахонани биламан. Қани, кетдик, – деди Ўктам.

Абай уста унинг машинасига ўтди, «Волга» рулида Нурбек ака. «Зап мошинда «Нексия». Қушдек учадия! Шундан битта олмасам бўлмайди чоғи», деб хаёл қилди у равон йўлга тушиб олишгач.

Бирон соатлардан сўнг йўл четидаги қишлоққа кириб келишди. «Волга»ни дарвозалари ланг очиқ устахонага топширишди. Кўзойнакли уста қоп-қора мой босган қўллари билан уни хўп ковлаштирди. Нурбек аканинг кўнгли алағда, ишқилиб, мотор ишдан чиқмаган бўлсин-да.

– Кечгача тузатаман, яраси енгил, – деди уста кафтининг орти билан пешонасидаги терни сидириб.

Нурбек аканинг кўнгли ёришди. «Қишлоққача судраб бормасам гўрга, бу шалақ аравани, деган таҳликали ўйда эди-да.

– Акалар, бизникига борамиз. Уйимиз истироҳат боғининг ортида. Қани, машинага чиқинглар, – дея илтифот кўрсатди йигит.

Нурбек ака «нима қиламиз», дегандек Абай устага қаради. Уста иссиқ билан келишолмайдиган одам эмасми, айни чоғда кўнгли соя-салқинни ва муздек сувни тусаётган эди, «кетдик», деди.

– Ука, мабодо биз билан таниш-билиш эмасмисан? – деб сўради Нурбек ака йўл-йўлакай. Унинг хизматлари тасаввурларига сиғмай бораётганди. Бегоналаргаям шунчалик илтифот кўрсатадими?

– Ёрдамни фақат танишларга бериш керак, деб ўйларкансиз. Аслида бу сиз ўйлаганчалик эмас. Инсон инсонга, у қандай бўлишидан қатъиназар ҳар доим ёрдам қўлини чўзиши керак. Отам мени, тўғриси, шу руҳда тарбиялаганлар. Бирортага ёрдам берсам, қушдек енгил бўламан, сўнг ишларим ҳам юришиб кетади. Худо қўллаб-қувватлар эканда, акалар. Мана, уйгаям етиб келдик.

Машинадан тушгач, уста Нурбек акани секин туртди.

– Ўғлимиз тенги йигитни фикрлашини кўрдингми? Аҳ, бизлар-а! Тошбағирмиз.

– Отаси мулла ё эшон бўлса керак. Унақалар савоб учун қорнингни ҳам тўйғазиб қўяди. Енг, ичинг, мазза қилинг. Кимдир яхшилик қилиш керак-ку, уста.

– Келаверинглар.

Кенг ҳовли дарахтларга тўла эди. Катта ўрикнинг тагидаги сўрига бориб ўтиришди. Ҳаш-паш дегунча дастурхон нозу неъматга тўлди. Сал ўтиб, уй бекаси муздек айрон олиб келди.

Икки меҳмон яхшилик ила ёзилган дастурхондан руҳланиб кетишган. Қаранг-а, қандай тотли бу давра.

– Отанг борми, Ўктам? – Нурбек ака йигитга юзланди.

– Ҳозир намоз ўқияптилар. Тугатиб чиқадилар. Қани, олинг, олинг, акалар.

– Яхши, – деди Абай уста. – Сендек ўғилни тарбиялаган отанинг қўли табаррукдир. Бир ушлаб қўйсак ёмон бўлмас. Аянг ҳам отангга ҳамроҳ бўлиб юрибдими?

– Йўқ, – деди йигит бирдан маҳзун тортиб. – Уч ой бурун вафот этдилар.

– Ие... Худо раҳмат қилсин! Касалмиди?

Нурбек ака устанинг сонини чимчилаб қўйди. Афтидан, у «бунақа гаплар керакмас», демоқчи эди.

– Ўтган йили ноябрда Тошкентда операция бўлган эдилар. Шу декабрмиди, январмиди, ишқилиб, совуқ, қор эдида, отам аввалги машинамиз билан уйга опкелишда йўлдан сирпаниб чиқиб кетишган. Биров ёрдам бермаган-да, совуқ жон-жонларидан ўтиб… кейин, бир-икки ой яшадилар, холос.

Йигит айтган сўзлар ҳавода бирпас сумалаклардай осилиб турди, сўнг бир шиддат билан икки меҳмоннинг кўксига қадалди. Қишдаги воқеа миясига гуп этиб урилган кези ҳар иккиси бирданига, албатта, беихтиёр сўрашди:

– Қизил «Жигули» эдими?!

– Ҳа, – деди Ўктам ҳайрон бўлиб.

Ана шу фурсатда ёнларига калта соқол қўйиб олган бир эркак «Ассалому алайкум», деб келиб қолди. Нурбек унга қарабоқ «Сиз!», деб юборган бўлса, Абай уста каловланиб, нима дейишини билмай қолди. Негаки, уларнинг рўпарасида қишда ёрдам сўраб «Волга»нинг олдига югуриб чиққан киши турарди!

С. МИРЗО, 2021-01-19, 04:40 149
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.