26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тил билган эл билади

Жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли улкан ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Қолаверса, хориж мамлакатларида яшаб, меҳнат қилаётган ёшларнинг она Ватан равнақига қўшаётган ҳиссаси, Ватанга муҳаббат ва садоқати, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши давлатимизнинг асосий устуворларидан бирига айланган. Хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлаётган миллатдошларимиз қалбимизни фахр ва ғурурга тўлдиради.

Нигоҳларида шижоат, матонат, жонкуярлик, тиниб-тинчимаслик балқиб турган аёл(суратда ўртада) Диёра Сулаймонова билан бўлган қисқа мулоқотдан жуда катта таассурот олдим, унга ҳавасим келди. Туркистон вилоятининг Қарноқ қишлоғида туғилиб, вояга етган Диёра Телман қизи бугунги кунда “Teach for Eurasia” асосчиси бўлиб, бизнесни ривожлантириш бўйича халқаро маслаҳатчи ҳамда ижтимоий тадбиркорлик билан шуғулланади. Диёра Европа, Шимолий Америка ва Марказий Осиёда таҳсил олган ва меҳнат қилган. Иккита олий маълумотга эга ҳамюртимиз дастлаб Самарқанд, сўнг Нью-Йорк ва Женевада таҳсил олган. Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Швейцария ва Германияда ишлаб юрган вақтларидакорпорацияларда, оилавий бизнесда, давлат муассасаларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Билл Гейтс томонидан ташкил этилган "Глобал фонд" халқаро ташкилотларининг турли лойиҳаларини бошқарган.

– Ҳаётдан мўъжиза кутиб яшаманг! Мўъжизалар сизнинг қўлингизда, ҳаётга муҳаббатингиз, жасорат билан олға интилишингизда. У сизнинг қатъиятингиз, матонатингиз, ақлу заковатингиз маҳсулидир. Ҳаёт кураш ва синовлардан иборат. Ўзимдаги куч-қувват, шижоатимга баъзида лол қоламан. Бирор дам ҳеч нарсани ўйламай туролмайман. Янги лойиҳалар устида изланаман, амалга ошириш йўлларини ўйлаб топишга ҳаракат қилиб яшайман, – дейди Диёра. 

Яқинда у яна бир неча лойиҳага ташаббускорлик қилиб, Қозоғистондан Германияга кўчиб борган ҳамюртларимиз ҳамда Шимкент шаҳри, Туркистон вилоятидаги энг илғор мактабларда хорижий тилларни ўрганаётган ёшларимиз ўртасида халқаро кўприк ўрнатди. Ана шу лойиҳада қозоғистонлик ўқувчилар билан онлайн мулоқотларда бўлган фаол ўқитувчилардан бири, бугунги кунда Мюнхенда истиқомат қилаётган Алина Бикинеева билан танишиб, суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. 

– Мен Алмати шаҳрида туғилганман. Бувимнинг биринчи набираси эдим, яқин қариндошларимнинг ҳаммаси Алмати шаҳрида яшайди. Мен кекса авлод – бувилар, боболар, амакиваччалар ва шунингдек, ота-онам бағрида ўсиб-улғайдим.

Онам кардиолог, отам таълим соҳаси муҳандиси эди. Отамнинг тоғларга қизиқиши туфайли дўстлари билан сайёҳлик агентлиги ташкил этди, алпинизм билан шуғулланиб, алпинистлар гуруҳи билан пурвиқор Тяньшан тоғ тизмаларини забт этди.

Умуман олганда, мен ўта қизиқувчан одамман. Бошқаларнинг ҳаёти ва уларнинг бошидан кечирган қизиқарли воқеалари ҳақида эшитишни ёқтираман. Шунингдек, мен ҳам отам сингари саёҳат қилиш ва имкон қадар кўпроқ вақтимни табиат қўйнида ўтказишни яхши кўраман. Пандемиядан аввал қояларга ўрмалаш спорти билан шуғулланардим, энди кўпроқ тоза ҳавода сайр қиламан – бу менга ақлимни чархлашга ёрдам беради.

– Университетда қандай ихтисослик бўйича ўқидингиз?

– Атлантадаги университетда иқтисодиёт ва немис тили бўйича таҳсил олдим.

– Америкага қачон кетдингиз?

– Мен 8 ёшдалигимда оиламиз билан АҚШ (Атланта, Жоржия)га кўчиб кетдик. У вақтда ота-онам 30 ёшда эди. Мен Атланта штатида вояга етдим, у ерда 20 йил яшадик. “Emory University” университетида таҳсил олдим.

– Мен 2018 йилдан буён Мюнхенда яшайман. Бу ерга келишимдан мақсад – ўз ишимни давом эттириш, ҳаётий муваффақиятларга эришиш.

– Қайси мамлакатларда бўлгансиз? Айни пайтда нима билан шуғулланяпсиз?

– Мен Ғарбий Европа, Шимолий Америка ва албатта, Марказий Осиё мамлакатларида бўлдим. Севимли мамлакатим – Португалия. У ерда нафақат об-ҳаво, балки одамларнинг муносабатлари ҳам жуда илиқ... ўзгача. Бу йил дўстларимнинг Тайландда ўтадиган тўйини орзиқиб кутяпман. Ҳозир мен вақтимни жисмоний ва руҳий саломатлигимга бағишлаяпман. Тоза ҳавода югуриш жону дилим. Пандемия пайтида уйда ишлаш имконияти пайдо бўлди, бундан бахтиёрман. 

– Диёра билан аввалдан танишмидингиз?

– Мен Диёра билан ўтган йили ёзда учрашиб, танишгандим. Биз Фейсбук тармоғида Мюнхенда истиқомат қилувчи чет элликлар учун очилган гуруҳ ёрдамида учрашдик. У Қозоғистонда ўтадиган ёшлар лойиҳаси учун инглиз тили ўқитувчиларини излаётганини айтиб қолди. Ва албатта, мен унга қандай ёрдам беришим мумкинлигини билиш учун хат ёздим. Биз суҳбатлашдик ва мен “Полиглот” лойиҳаси бўйича кўпроқ масъулиятни ўз зиммамга олдим.

– Лойиҳа ҳақида қисқача айтиб берсангиз?

– Ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги ёшларнинг инглиз тилини яхши ўзлаштиришига қаратилган. Биз 14-17 ёш оралиғидаги инглиз тилида оз-моз гаплашадиган, аммо билимларини кенгайтирмоқчи бўлган талабалар билан ишладик. Асосий эътибор нутқ, талаффуз ва ўқишга қаратилган. Аксарият талабалар дастуримиздан олий ўқув юртларига тайёргарлик кўришлари ёки иш топишда фойдаланишлари мумкин. Ўқувчиларнинг сўз бойлигини қандай кенгайтираётгани ва бу тилга нисбатан ишончини ҳис қилишлари кишига илҳом бахш этади. Умид қиламанки, келажакда дастурни кенгайтиришимиз мумкин.

Ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, ривожланган мамлакатларда тўплаган тажрибаларини ҳамюртлари билан баҳам кўриш йўлида собит қадам ташлаётган Диёра ва Алина каби жонкуярлар ҳаётини кузатишда давом этамиз. 

Мухтабар УСМОНОВА, 2021-01-21, 02:09 1005
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.