26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мустақиллик, маънавият ва қадриятлар муштараклиги

Ўтган йилнинг сўнгги ойларидан бошлаб газетамиз саҳифаларида кенг ёритилаётган мавзу – Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар. Шу қутлуғ сана доирасида туркий халқларнинг улуғ шоири Алишер Навоийнинг 580 йиллиги доирасида шу буюк инсон асос солган ўзбек адабий тилида чоп этилаётган давлат нашрлари, Мустақиллик тенгдоши – “Жанубий Қозоғистон”нинг 30 йиллиги, вилоят маркази, Туркистон шаҳри нашри – “Туркистон” газетасининг  65 йиллигига бағишланган анжуман Туркистон шаҳрида ўтди.

Шаҳардаги фаол жамоатчи обуначимиз Ҳикматулла Ажиметов раҳбарлик қилаётган Алишер Навоий номли мактаб ҳовлиси эрталабдан Шимкент, Туркистон, Кентов шаҳарлари ҳамда ўнлаб қишлоқлардан ташриф буюрган маънавиятимиз, маданиятимиз жонкуярлари билан гавжум бўлди. Шимкент шаҳридан ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов, ўринбосари Бегмат Турдиқулов, фаоллар Нурхон Дўсметова, Шаҳло Норалиева, Шаҳзод Ҳамариддиновлар, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, журналист Хуршид Хавазмат ўғли, фотомухбир Собиржон Исаматовлар Туркистондаги маънавият анжуманига етиб келишди. Меҳмонларни Туркистон шаҳрининг фахрий фуқаролари, шоир Эрназар Рўзиматов, олий тоифали шифокор Баҳодир Ҳабибуллаев, фаоллар Шуҳрат Юсупов,  Ҳусан Убайдуллаев, “Түркістан” газетасининг директор-бош муҳаррири Малик Даулетов, ўринбосари Райимжон Алибоев, “Улес” хайрия жамғармаси раиси Райимжон Қўчқоровлар кутиб олишди. 

Танловда назм, наср машқлари ҳамда саҳна кўринишлари билан иштирок этган маънавият жонкуярлари – Туркистон ва Кентов шаҳри қишлоқларидан жами 24 иштирокчи фаоллик кўрсатди. Тадбир 100 ёшдаги онахон Шаҳодат Розиқ қизининг дуои фотиҳаси (А. Навоийнинг онаси Салима Биби қиёфасида саҳнага чиқди) билан бошланди. Шоир Э. Рўзиматов фахрий раислигидаги ҳакамлар ҳайъати – Долимжон Сайфуллаев, Акажон Иззатуллаев, Райимжон Қўчқоровлар шеър ва насрий асарларни баҳолаб боришди. Тадбирнинг энг кекса иштирокчиси Эски Иқонлик Айниддин Абубакиров танловни бошлаб бериб, янги асарларини кўпчилик ҳукмига ҳавола қилди. Ўранғай қишлоғидан Обиддин Фахриддинов 63 йил муқаддам ўсмирлик чоғида айнан шу таълим даргоҳида А. Навоий образини яратганини яна бир карра – 82 ёшида  сухандонлик маҳорати билан намойиш этди. Ўранғай қишлоқ  округи ҳокими Сиздиқ Ҳамзаули саҳнада қишлоқ оқсоқоллар кенгаши раиси Обиддин Фахриддиновга Кентов шаҳрининг 65 йиллиги муносабати билан шаҳар ҳокими Д. Махажанов томонидан таъсис этилган юбилей медалини гулдурос қарсаклар остида. тантанали топширди. Қорачиқ қишлоқ  ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, икки йил муқаддам Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига А. Навоий зиёратига борган  Мирзахон Адҳамов эсдаликларини саҳна экранида намойиш этилган фотосуратлар ёрдамида ўртоқлашди. Баҳодир Ҳабибуллаев Мирзахон ака кўксига “Халқ эҳтироми” медалини тантанали равишда тақиб, муборакбод этди. 

Маданият арбоби Ирисқул Аббосов Навоийнинг ғазалларини маҳорат билан ифодали ўқиб берганида гулдурос қарсаклар янгради. Тадбирда фидойи фаолларимиз – Ўсар Неъматуллаев, Олим Қосимов, Абдулазиз Абдумуталиб ўғли, Поччахон Бобожонов, Абдулла Расулов, Жумадулла Абенов, Қодир Аҳмедов, Гуллола Шокир қизи, Қурбонбой Ирисбеков, Одил Меҳмонов, Тойир Абдувалиев, Эркин Қолимбетов, Муҳаббат Аматоевалар  фаол иштирок этдилар. Тадбирда Кентов шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ҳошим Абдувалиевнинг танлов иштирокчиларига ҳомийлик совғаларини унинг ўринбосари Хурсанд Низомов тақдим этди. Шунингдек, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Баҳодир Ирисметовнинг ҳомийлик туҳфалари ҳам 24 номинация бўйича ғолибликка эришган фаолларга тақдим этилди. Худди шундай ҳомийлик совғалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов, “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририятидан Алишер Сотволдиев, “Түркістан” газетасидан Малик Даулетов, “Улес” хайрия жамоа жамғармасидан Райимжон Қўчқоровлар томонидан иштирокчиларга топширилди. Шоир Э. Рўзиматов, директор Ҳ. Ажиметов, устоз Ҳ. Убайдуллаевлар кифтига “Адабиёт ва санъат” газетаси бош муҳаррири, “Ижодкор” адабий бирлашмаси раиси Абдураҳим Пратовнинг тўнлари ёпилди.  

“Жанубий Қозоғистон”, “Туркистон” расмий давлат нашрларига обунани ҳамжиҳатлик билан, уюшқоқли ташкил этишга даъват этувчи мурожаатнома матни ўқиб эшиттирилди ҳамда барчага бир нусхадан тарқатилди.

 Ўтган асрда адиб Мухтар Ауезов, журналист Абдужаббор Абдусатторов, Қозоғистон Олий Кенгаши депутати Эркин Аббосов, ҳуқуқшунос Ирисқул Айтметов, шаҳар ижроия қўмитаси раиси Эркин Жўрабеков каби ҳимматли инсонлар саъй-ҳаракатлари билан дунёга келган она тилимиздаги нашрларни оғир кечаётган ҳозирги даврда биргалашиб, “Барчамиз ва ҳар биримиз»  ғояси асосида  қўллаб-қувватлаш даркорлигини тадбир иштирокчилари қўллаб-қувватлашди. Тушлик ошга барча меҳмонларни “Жанубий Қозоғистон” жамоаси номидан ёзилган дастурхонга Алишер Сотволдиев таклиф этди. Тадбирга махсус тайёрланган “Алишер Навоийга 580 йил”, “Алишер Навоий туркий халқларнинг улуғ шоири” ёзувлари лотин алифбосида зангори лентага битилган катта гулчамбарлар А. Навоий номли мактаб ҳовлисидаги вилоятимиздаги ягона мармар  ёдгорлик мажмуаси пойига иштирокчилар томонидан эҳтиром билан қўйилди. 

Мана шундай тантанали юбилей онларида  Алишер Навоий номли мактабда ўтган асрда таҳсил олган собиқ битирувчилар – шоир Эрназар Рўзиматов Тошкентда ишлатиб олиб келган, меъмор Саъдулла Содиқов мажмуа бунёд этиб ўрнатган А. Навоий ёдгорлиги пойида барча бу инсонларга миннатдорчиликларини ғурур -ифтихор билан изҳор этдилар.

Ш. МАДАЛИЕВ. Суратларда: тадбирдан лавҳалар. С. ИСАМАТОВ тасвирлари., 2021-02-02, 04:14 841
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.