26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дилбар – мамлакатимизнинг энг илғор муаллимаси

Пандемия туфайли юртимизда иккинчи ўқув йили мобайнида масофадан таълим бериш, онлайн таълим дастурлари орқали келажак авлод билим оляпти. Интернет тармоғининг ночорлигига қарамай, ўқувчиларимиз ҳам, устозларимиз ҳам бу тизимда ишлашга анча ўрганиб қолишди, ҳатто улкан ютуқларни ҳам қўлга киритишяпти. Муаллимларимиз ахборот технологиясининг барча имкониятларини қисқа муддатда ўзлаштиришиб, онлайн ўқитишда республикада етакчи эканликларини намоён этишди. Бундай натижаларга Дилбар Норметова сингари устозларимизнинг меҳнатсеварлиги ва фидойилиги туфайли эришилмоқда. 

Дилбар Анорқул қизи Шимкент шаҳридаги 45-сонли мактаб-гимназиянинг бошланғич синф ўқитувчиси. Доим изланишда, ўз соҳасидаги янгиликлардан бохабар бўлишга интилаётган устоз масофадан таълим беришда Bilimland дастурида республика миқёсида биринчи ўринни эгаллади.

У билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот ўрнатишга муваффақ бўлдим. Ҳақиқатан ҳам муаллимлар ҳозир онлайн ҳаёт кечиришаётгани уларнинг масъулияти яна ҳам катта эканлигига ишора. Боз устига, ҳар бир ўқувчисининг турли дастурларга кириб, дарсларини назорат қилиши, ҳар бирига алоҳида баҳо қўйиб чиқишлари кераклиги, Интернет жуда ночор даҳаларда анчагина вақтни талаб этади. Янги дастурга кўра, ота-оналардан kundelik.kz саҳифасига кириб, фарзандларининг баҳолари билан танишишни бот-бот эслатиб туриш ҳам қанча асабни талаб этади. 

– Муаллимлик қилаётганимга 12 йил бўлди. Ўқитувчилар ўртасида уюштириладиган танловларда кўп иштирок этаман. Халқаро, шаҳар, вилоят беллашувларида қатнашаман, фахрий ёрлиқлар олганман. Биринчи навбатда ўқитувчи ўзи янги технологиялар борасида илғор бўлиши керак. Шундан кейин шогирдлларидан бу соҳадаги фаолликни талаб қилиши ўринли. Bilimlandдаги танлов ҳақида хабарим йўқ эди. Ўз вазифамни бажардим, холос. Бироқ кўп ўқувчилар бу дастурдаги вазифаларни ўз вақтида бажаришолмайди, мавзуни тўғри тушунишмайди. Мавзуни тушунмаган ўқувчиларимга Zoom иловаси орқали тушунтириб, дарсларни биргаликда бажарадиган бўлдик. Бу ўз самарасини берди – ўқувчилар дарсларни иштиёқ билан бажаришиб, тестларни вақтида топшира бошлашди, – дейди Дилбар.

– Демак, муаллимлар ўртасида дастур танлов эълон қилган экан-да?

– Яқинда эса бошқа мактабдаги ҳамкасбларим ҳам менга қўнғироқ қилиб, табриклашди. Дастур унда фаол ишлаганим учун менга ноутбук тақдим этибди ва республикада биринчи ўрин эгаллаганлигимни маълум қилибди. Мен эса бундан бехабарман. Ғалаба – мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Бу йўналишда ишлашни давом эттираман. Ҳар ҳолда, карантин чоралари пайтида онлайн тартибда ҳам ишлаяпмиз, бунга муносабатимизни янада ижобийлаштиришга ҳаракат қилишимиз керак. Бу – келажак талаби.

– Масофадан билим олишнинг афзалликлари ва камчиликлари нимада?

– Янги талабларга дарҳол кўникиб кетиш осон эмас. Кўпинча кўнглингизда мажҳулликдан қўрқув ҳисси пайдо бўлади. Аввалига, онлайн ўқишдан ҳам, рости бошида анча чўчидик. Лекин, ўрганиб олдик. Камчиликлар сезилмаяпти. Буни давр талаби деб қабул қилиш керак. Лекин, муаллимга катта масъулият юкланар экан. Мавзуни тушунтириш, дафтарларни текшириш анча вақт ва асаб талаб этади. 

Даставвал фаолиятимни шаҳардаги 5-сонли мактабдан бошладим. Мана беш йилдирки, гимназияда ишлаяпман. Тўнғич қизим Омина ҳам ўша мактабга боряпти. Ўғлим Юсуф футбол тўгарагига қатнашади. Ойшамиз гимнастика машғулотларини қолдирмайди. Умр йўлдошим Фарҳод – тадбиркор. Мактаб ишлари, фарзанд тарбиясида мендан ёрдамини аямайди. 

Тақдир тақозоси туфайли 16 ёшимда отамни йўқотдим. Онам боғчада ишлашларига қарамасдан, уч фарзандини олий маълумотли қилиб, вояга етказди. Онамдан чексиз миннатдорман. Шундай шукуҳли кунларим унинг меҳнати самарасидир. Отам ҳаёт бўлганларида, албатта хурсанд бўлардилар.

 Устоз бўлиш билан бирга, онаман ҳамда келинман. Бунинг ҳам ўзига хос вазифалари ва масъулияти бор, албатта. 

Суҳбат асносида маълум бўлишича, Дилбар оиласи билан ижара уйда истиқомат қилар экан. Мана, 6 йилдан буён давлат дастурига кўра, уй олиш учун навбатда турибди. Шундай шароитда ҳам интилишдан, изланишдан чарчамайди. Silkway университетининг магистратурасида таълим оляпти. Жорий йилда уни тугатаётган муаллиманинг илмий мақолалари яқинда Прагадаги халқаро педагогика-илмий журналида чоп этилди. 2019 йили “Таълим ва тарбия ишининг энг яхши устози” кўкрак нишони билан тақдирланди. У тарбиялаётган ўқувчилар устозининг меҳнатларини оқлашяпти – “Пони” сингари халқаро беллашувлар ва “Олтин авлод”, “Олтин қирон” сингари олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритишмоқда. 

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2021-02-25, 00:12 598
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.