26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мўъжиза яратаётган инсон

Мана олти йилдирки, шимкентлик автомеханик Евгений Бортошикнинг грампластинкадан ясалган тўрт мингдан зиёд антиқа соатлари сотилиб, яна қанчаси совға қилинган.

Шимкентлик автомеханик Евгений Қозоғистонда айнан шундай соатларни ясайдиган Қозоғистонда ягона уста ҳисобланади. Унинг севимли машғулоти бугунги кунда бизнесга айланди. Женянинг айтишича, ҳаммаси отасидан қолган гараждан топилган грампластинкалардан бошланган. У 16 ёшда эди. Пластинкаларни ташлаб юборишга кўзи қиймади, ахир отасидан хотира. Қолаверса, онаси ҳам уларга янги ҳаёт бағишлаб, турли хил ҳунармандчилик мақсадида ишлатиш таклифини маъқуллади.

Евгений интернетдан девор соатларини қандай ишлаш бўйича маълумот топди. Таллин манзараси билан соат ясаш учун бир ҳафта вақт кетди. Соат миллари механизмини эски соатдан олиб ўрнатди. Унинг ушбу илк соатини ноёб асар деб аташ қийин, лекин Женя учун жуда қадрли “Илк қалдирғоч асар” бўлди, уни ҳали ҳам уйида сақлайди. Кейинги соатлари жуда муваффақиятли чиқди. Уларни дўстлари ва танишлари харид қила бошлади. Аста-секин ёш соатсознинг довруғи нафақат Шимкентда балки, қўшни давлатларга тарқала бошлади, буюртмалар турли минтақалардан туша бошлади. АҚШдан келган қўл ҳунармандчилигини жуда қадрлайдиган меҳмонлар унинг бир неча соатларини харид қилиб, олиб кетишди. Энг қийини, дейди Женя грампластинкадан мотоцикл шаклини чиқариш эди. Бу соат Женянинг энг яқин дўсти учун совға бўлди. Кўп ўтмай, унинг соатларига бир компаниядан буюртма тушди. Ҳар биттаси қўл билан кесиб ишланадиган 40 дона винил соат. 

Унинг айтишича, Қозоғистонда пластинкалардан соат ишлаб чиқариш билан ҳеч ким шуғулланмайди. Россия ва АҚШда эса бир неча ҳунарманд бор экан.

Е. Бортошик турли миқёсда уюштириладиган халқ ҳунармандчилиги кўргазмалари ва ярмаркаларда иштирок эта бошлади. Одамлар унинг соатлари олдида тўпланиб қоларди. Чунки, унинг турли кўринишдаги соатлари кўпчиликнинг қизиқишини уйғотарди. Булар – шаҳар манзараси билан безатилган нақшлар, ҳайвонлар акс эттирилган соатлар, ёшлар учун лирик мавзудаги, машҳур кино қаҳрамонларига бағишланган соатлар.

Бир афсусланарлиси, Женя ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмасида ўз асарларини намойиш қилолмагани. Унинг ўзи бу кўргазмага тайёр эмаслигини тан олади. Чунки, ЭКСПОда иштирок этиш учун камида мингдан зиёд маҳсулот бўлиши керак эди. Бугунги кунда унинг Шимкентнинг “Ёпиқ бозор”даги савдо дўконида етмишдан зиёд дид ва маҳорат билан ишланган соатлари харидоргир. Харидорлар ҳам танлашда роса бош қотиришади. Рок мусиқаси мухлислари учун – Виктор Цой, “Ария”, “LINKIN PARK” гуруҳлари тасвирланган соатлар, футбол мухлислари учун – Месси билан, қаҳвахона ва уй соҳиблари учун – қаҳва стакани, ошхонага анжомлари, гуллар тасвири билан, ўсмирлар учун – Гарри Потер фильми қаҳрамонлари, автомобиль соҳиблари учун – севимли машиналари маркалари тасвирланган, уй ҳайвонлари ихлосмандлари учун ит ва мушук билан, айниқса, миллий нақшлар ва ошхонага оид соатларга талаб юқори.

Ушбу бетакрор кўринишдаги соатлар нархи 3,5 мингдан 8 минг тенгегача. Нарх – ишнинг мураккаблигига боғлиқ. Баъзилар учун жуда қимматдек туюлган соатлар Евгенийнинг ақл-заковати, кўз нури, қўл меҳнатининг меваси. Уларнинг ҳар бирида соатсоз қалбининг бир парчаси, кайфияти, вақти, сабри, маҳорат ва истеъдоди мужассам. 

Ўтган йили Евений махсус дастгоҳ сотиб олди. Энди соатларини унинг ёрдамида яратмоқда. Илгари у битта соат учун бир кунини сарфласа, ҳозир лазер ёрдамида бир кеча-кундузда 30 дона соат учун зарур деталларни тайёрлаб олиш имконига эга бўлди.

Соат ишлаш учун пластинкалар муаммо эмас. Ижтимоий тармоқлар орқали уларни топиш осон. Бугунда кўпчилик учун кераксиз матоҳга айланган бўлиши мумкин (донасини 100-200 тенгедан сотиб олади), аммо Евгений учун улар бўлажак дурдоналар.

–Бир куни бир онахон, кўп йиллар давомида тўплаган пластинкаларини олиб кетишни илтимос қилди. Биласизми, пластинкаларни олиб кетишим учун уч кун мотоциклда қатнадим. Бу мен учун ҳақиқий хазина эди. Эвазига бувижон ҳақ олмади, мен унга ўзи ёқтирган соатни совға қилдим, – дейди Евгений.

У соатлар учун яроқсиз пластинкалардан фойдаланади. Баъзиларини ўз коллекциясида сақлайди. “Bitils” “CCCatch” “Modern Talkinq” гуруҳларини бобосидан қолган патефонда эшитишни ёқтиради.

Аслида автомеханик ихтисослигига эга Евгенийнинг севимли машғулоти соат тайёрлаш, у бундан олам-олам завқ олади. Бирор жойда соатимни кўриб қолса, кайфияти кўтарилиб кетади. 

Евгений Бортошик келгусида ўз фаолиятини кенгайтиришни орзу қилади. Кейинги икки йилда у фанердан тайёрланган эсдалик совғаларни ҳам ишлашни йўлга қўйди. Экологик тоза ва мустаҳкам маҳсулот. Унда жуда кўп ғоялар бўлиб, ҳозирда металлга турли безакларни ўйиб ишлашни йўлга қўймоқда. Грампластинкалардан ишланган соатлар бугун унга даромад билан бирга яна катта режаларни амалга оширишга йўл очмоқда.

Баъзилар иримларга ишониб, соат совға қилишни ёқтирмайди. Аксинча, соат совға қилишдан чўчиманг. Соат вақт ва узоқ алоқалар рамзи, дейди қаҳрамоним.

М. УСМОНОВА, 2021-03-11, 02:58 739
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.