26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дунё эшикларини очгувчи илм

Мактабни тамомлаш арафасида турган битирувчи ҳам дунёвий, ҳам диний илм олишга аҳд қилди. Мақсадини аниқ бир касб билан чегараламади. Орзулари сарҳадларини кенгайтирди – натижа ҳам кўп куттирмади. Илм сўраган бандага, Яратувчи дунёнинг истаган эшикларини очиб қўйди. Исломшунослик бўйича фан доктори унвонига эришди. Ҳатто имконият ҳамда ишдаги талаб шуни тақозо этдики, болалигида унга илм берган устозлари, шогирдига имтиҳон топшириб, шогирдидан олган баҳоларига қараб, фаолиятини давом эттирадиган бўлди.
Шундай имкониятларни қўлга киритган суҳбатдошимиз Тоиржон Йўлдошев билан яқиндан танишайлик.
Тоиржон Умаршиқ ўғли 1989 йили Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасида таваллуд топди. Ю. Сарёмий номли мактаб-гимназиясини тамомлади. Аслида физика фанига қизиқишига қарамасдан, онасининг “Қуръон илмини ўрганмайсанми”, деган тавсияси устун келди. Маҳалладаги Олимхон қоридан таълим олди. Уларнинг берган маслаҳатлари ижобат бўлди. Тақдир тақозоси экан, “Нур-Муборак” Ислом маданиятининг Миср университетига грант асосида ўқишга кирди. Ихлос билан таҳсил олаётган талабанинг саъй-ҳаракатлари муносиб баҳоланди. 8 ойга Мисрдаги университетга тажриба алмашишга юборишди. У 2010 йил “Исломшунослик” факультетини қизил диплом билан тамомлади. Қозоғистон ва Миср давлатлари етакчилари номлари билан аталадиган университетнинг “Диншунослик” факультетида магистратурада таҳсилини давом эттирди.
Тинимсиз изланишлар, илмга чанқоқлик суҳбатдошимни 2012 йили магистр унвони билан Мисрдаги “Ал Азҳар” университетининг магистратурасига бошлади. Яна икки йил мобайнида мисрлик диндошларимиздан илм ўрганди. ҚМДБнинг бош муфтийси Ержан Малғажиули тавсиясига кўра 2014 йили Алматидаги ҚМДБ тасарруфидаги Ислом имомлар малакасини ошириш институтига директор ўринбосари этиб тайинланди.
– Мамлакатимизда 2800та масжид бўлса, уларда, 3500 нафар имом жамоатимизга хизмат қиляпти. Улар ҳар уч йилда малакасини ошириб, фаолиятини янада давом эттириш учун мазкур институт курсларини тамомлаб, сертификат олишади, – деди у. – Қизиғи шундаки, ушбу институтда нафақат қозоғистонлик имомлар, балки, Россия ва Монголиядан келган имомлар ҳам малакасини оширмоқда. Монголияда бирорта ҳам малака оширадиган диний муассасаларнинг йўқлиги боис, бу элнинг имомлари Қозоғистонда малака оширишади.
 Пандемия туфайли институтимиз онлайн таълим бермоқда. Вилоятимизда 800та масжид, Шимкентда 110та масжид мавжуд. Имомларимизга Қуръон, фиқх, ақийда, ҳадис, Ислом тарихи, Қозоғистон тарихи ўргатилади.
– Юртимизда шундай масжидлар ҳам борки, имомдан ташқари жамоаси фақат яккаю ёлғиз намозхонни ташкил этади. Шимолий Қозоғистоннинг олис қишлоқларидан бирида аҳвол шундай экан. Биз жамоа раҳбарига намозхонлар сафини кенгайтириш мақсадида рус тилида ҳам мавъиза ўқишни тавсия этдик. Иншооллоҳ, ўйлаймизки, бу ҳам ўз ижобий натижасини беради. Бундан бир неча йил муқаддам “Вақф” жамғармаси орқали масжид раҳбарларига маош тўлаб келинган эди. Айни дамда уларнинг фаолияти учун бюджетдан ёки бирон бир жамғармадан умуман ҳақ тўланмайди. Қишлоқ аҳли, масжид жамоаси ўз имомларига бошпана қуриб бериб, ишлаши учун шароит яратиб бераётгани таҳсинга сазовор. Зеро, халқ ўзининг диний раҳнамоларини доим моддий қўллаб-қувватлаб келган. Диний идорада ҳам махсус жамғарма ташкил этилиб, имомларимизга бундан буён маош тўланади. Бу ҳам иншооллоҳ, яқин кунларда амалга оширилади, – дейди Тоиржон.
Масжид раҳбарлари фаолиятини сертификатлаш билан бирга Тоиржон 2016 йили Ал Форобий номидаги Қозоқ Миллий Университетининг Исломшунослик бўйича докторантурасига ўқишга кирди. Ёзадиган илмий ишига АҚШнинг Мейн штатидаги университетида олим, “Islam and science” (Ислом ва илм) асарининг муаллифи Роберт Морисон раҳбарлик қилди.
– “Исломшунослик” йўналишида Ph докторлиги учун илмий ишингизга Ислом давлатлари бир четда қолиб, АҚШдан сизга илмий раҳбарни танлаганингиз жуда қизиқ. Бунга қандай эришдингиз?
– Бу кутилмаганда, тасодифан рўй берди. 50дан зиёд институт олимларига хат йўллаб, илмий ишимга раҳбар изладим. Жуда кўпчиликдан жавоб олдим. Баъзилари шогирдлари кўплиги, вақти йўқлигини маълум қилди. Баъзиларини бу мавзу умуман қизиқтирмади. АҚШдаги Роберт Моррисон эса таклифимни қабул қилди ва менга бирга ишлашини маълум қилди. Мен грантда таълим олаётганлигим боис, профессорнинг дарсларида 2 ой мобайнида АҚШда таълим олишим учун харажатларим институт ҳисобидан тўланди. Анжуманларни уюштираётган томон харажатларни қоплаганлиги туфайли Испаниянинг Мадрид университетида ўтган анжуманларда иштирок этишга ҳам муваффақ бўлдим. Имом Мотурудий ва имом Абул Ҳасан ал Ашаръий ақийдаларига асосланиб, “Бахтли ва бахтсиз инсон ким?” мавзуидаги илоҳиётшуносликка оид мақолам Япония ва Испания илмий журналларида чоп этилди. Мотурудий ақийдасига кўра мусулмон инсон бахтлидир, чунки унга мусулмонлик насиб этди. Ашъарий ақийдасига кўра фақат жаннатга кирган инсонгина бахтлидир. Бироқ Мусулмон бўлган инсоннинг ҳаёти нима билан якун топишини ҳеч ким билмайди. Имомлар нима нуқтаи назаридан шундай мунозарали фикр юритишганини англаяпсизми? Инсоннинг бахтлилигини бу воқелик нуқтаи назаридан гапирганимизда, айнан унинг мусулмонлиги назарда тутилганлигига урғу бердим.
Тоиржон илмий иш доирасида АҚШнинг 30дан зиёд штатларида бўлиб, Европанинг 20дан зиёд давлатларидаги анжуманларда иштирок этди. Бу ҳам бўлса илмий иши туфайли, унга ривожланган давлатлар эшиги очилди. АҚШда ҳам кўп ҳамюртларимиз хонадонларида меҳмон бўлди. Америкаликларнинг маданияти, ҳамюртларига нисбатан муносабатлари унда катта таассурот қолдирди. Ибратли жиҳатларидан бири – бировнинг шахсий иши, оилавий муносабатлари, молиявий аҳволи уларни қизиқтирмайди. Бизда асосан бошқаларнинг даромади, моддий аҳволи кўпроқ қизиқтириб, иғволарга сабаб бўлса, уларда аксинча. Бизда ҳам шундай  муносабат ўрнатишга интилишимиз керак экан.
Суҳбат асносида унда катта таассурот қолдирган араб олимининг фикрига алоҳида урғу берди. Ривожланган мамлакатлар ва араб давлатларини кўрган араб олимларидан бири шундай деган экан: “Европада мусулмонларсиз Исломни кўрдим, араб давлатларида эса Исломсиз мусулмонларни кўрдим”. Исломшунос, бўлғуси олим Ғарб ҳамда Араб мамлакатларида илмий изланишлари чоғида бу мулоҳазанинг ўринли эканлигини, афсуски, ҳис этди. Европа мамлакатларида сизнинг кимлигингиз, турмуш шароитингиз қандайлиги, даражангиз қандайлигидан қатъиназар энг муҳими, сиз – инсонсиз. Охиратда ҳам сизнинг эзгу амалларингиз ичида тарози босадигани ҳам яхши хулқ. Яхши хулқ эса, аввало, инсонга табассум билан юзланишдан бошланади. Докторантликка таълим олиш чоғида суҳбатдошим собиқ Иттифоқ давлатларидан чиққанларнинг аксарияти жиддий ва тунд қиёфада юришига эътибор берибди. Бу ҳақда хорижий давлатда унга ҳам дашном беришди. Ёш олим бундан тўғри хулоса чиқарди: табассумдан қийналмаслигимиз керак, бу атрофимиздагиларга  тақдим этишимиз мумкин бўлган эзгуликдир.
– 2014 йилда Уфада Бутундунё муфтийларининг халқаро анжумани ўтди. Магистратурани тамомлаб, эндигина институтгга ишга жойлашган пайтларим, Қозоғистон делегацияси таркибида шундай нуфузли анжуманда иштирок этиш мен учун катта шараф бўлди. Дунёдаги йирик Ислом олимлари билан ҳамсуҳбат бўлдим. Мени хурсанд қилган жиҳатларидан бири – Россия Федерацияси Президенти
В. Путин анжуманда шахсан иштирок этиб, табрик нутқини “Ислом – Россиянинг бир қисми”, деб бошлагани бўлди. Динимизга нисбатан йирик давлат раҳбарининг ижобий мулоҳазаларини тинглаб, қалбим равшан тортди. Ваҳоланки, ўша анжумандан саноқли кунлар аввал ёт оқимлар томонидан портлашлар уюштирилиб, динимиз обрўсига путур етказишга ҳаракат қилганлар бўлди. Бироқ буни тўғри баҳолаган сиёсатчи олисни кўзлаган сиёсати билан барқарорлик муҳим эканлигига алоҳида урғу бериб ўтди.
– Юртимизга раҳмат ойи кириб келди. Пандемия даврида қилинган дуолар ижобат бўлишини тилаб, ишларингизга ривож тилайман. Сиз сингари ёш олимларимизнинг сафи кенгаяверсин.
– Ҳар қандай вазият бежиз тақдир қилинмайди. Бундан ҳам хайр излаб яшашимиз, бу даврнинг бераётган имкониятларидан фойдаланишимиз жоиз. Ҳозир биз масофадан таълим бериш тизимига ўтдик. Бу ҳам имконият. Илм олиш фарз қилинган амаллардан. Илмсиз мусулмонлар ҳам фарз ибодатларини адо этаверишади. Бироқ илм олиш баробарида қилинган ибодатлар янада ажойиб ва кўркамдир. Аллоҳ Таоло ўзининг Каломида “Аллоҳ Таолодан ҳақиқий қўрқадиганлар олимлардир”, деб бежиз айтмайди. Илм билан ибодатда бўлайлик, тақво қилайлик ва Яратган қайтарган гуноҳлардан тийилайлик. Рамазон муборак бўлсин!
– Суҳбатингиз учун раҳмат!
 

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2021-04-24, 03:25 345
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.