26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Пок ният – иймон таянчидир

 Шимкент шаҳрида 5 ой муқаддам “Shukir” хайрия жамғармаси ташкил этилиб, навқирон ва эътиқодли Муҳаммад Али Содиқов раҳбарлигида мисли кўрилмаган хайрия тадбирларини бошлаб юборди. Қисқа вақт мобайнида 8 оила бошпанали бўлди, Рамазон ойининг дастлабки кунларида 400 оилага озиқ-овқат саватлари тарқатилди, 30та видеоролик ижтимоий тармоқларда оммалашди. Жамғарма идорасига кунига 30 киши келса, уяли телефонга 250 одам қўнғироқ қилади. 29 ёшли М. Содиқов ва “Shukir” жамғармаси фаолиятидан бугун юзлаб, балки минглаб одамлар мамнун, ҳақларига дуо қилишмоқда. Келинг, яхшиси улар билан яқинроқ танишайлик.
– Муштарийларимизга ўзингизни таништирсангиз.
– Мен 1992 йил 7 ноябрда Шимкент шаҳрида, Комилжон қори Содиқов хонадонида дунёга келдим. Фурқат номли 37-ўрта мактабда ўқиганман. Болалигимдан ташкилотчилик қобилиятим кучли эди, ҳанузгача ёдимда, бошланғич синфларда синф раҳбарим 4 кун бетоб бўлиб, мактабга келмай қолганди. Ўшанда синфдошларимга ўзим дарс ўтганман. Ўқувчилик давримдаги мана шу хусусиятим келгусида етакчи сифатида шаклланишимда маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Менга ишониб, астойдил таълим-тарбия берган устозим (марҳума) Сабоҳат Қўрғонбоевадан розиман, ундай муаллимлар ҳозир кам. Хуллас, мактабдан кейин хорижда, араб мамлакатларидан бирида таҳсил олдим, шаҳримиздаги Жанубий Қозоғистон педагогика университетида ўқидим. Ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни эгаллагач, қутлуғ йўл – Аллоҳ Таоло йўлида хизмат қилиш, эл-юрт ҳаётига аралашиш истаги кучли келди. 2019 йил охирларида хусусий хайрия жамғармамиз адлия идорасида рўйхатдан ўтди, диний бошқарма билан келишилган ҳолда расман ўз фаолиятини бошлади. Маъруфжон Камолов муассис, камина директор ва кўнгилли ходимлар – дўстларим Жамолиддин Рустемов, Ғанижон Мираҳмадов, Муҳаммад Зокиров, Алишер Содиқов (укам), Шавкат Юсупов, Ихтиёр Муҳаммадов, Жандўс Қалибеков (оператор), Жамшид Абдуҳакимов, Нафиса Эрматова, Барно Мираҳмадова ва Эргашбек ҳожи акамиз Дўсматов бугун эл-юрт хизматида.
– Жамғарма фаолиятига тўхталсангиз...
– Ўзгалар дардига бефарқ бўлмаган одамлар орамизда исталганча топилади. Аллоҳга беҳисоб шукрки, закоти, садақасини ўз вақтида муҳтожларга бериб, Ислом динининг фарзларини холис бажаришга интилаётган инсонлар туфайли жамғарма фаолият юритяпти. Бой-бадавлат инсонлар бор, кимга ўз закотини, хайр-эҳсонини беришни билмайди, ёрдамга муҳтож фуқаролар бор, кимдан ёрдам кутишни билмайди. Биз шундай ният қилдикки, токи бой ва камбағал ўртасида бир кўприк бўлайлик. Бизда ҳомий йўқ, халқнинг пули, яъни закот ва хайр-эҳсон ҳисобидан маблағ йиғилади, биз уни ҳақиқий муҳтожларга етказиб берамиз. Ҳар нарсанинг бир калити бор, жаннатнинг калити мискину фуқарога муҳаббат қўймоқдир. Биз ҳаётда бироз қийналиб қолган одамларга таом, яъни озиқ-овқат саватлари тайёрлаймиз, кийим-кечак берамиз ва ниҳоят, бошпанали бўлишига ёрдамлашамиз.
– Қайси тоифа вакиллари сиздан ёрдам сўрашлари мумкин?
– Шартимиз – муҳтож ва серфарзанд оила бўлиши керак. Етим- есирларга кўпроқ ёрдам берамиз. Биз ижтимоий тармоқлар орқали ишлаймиз. Масалан, 5 фарзанди бор, 15 йилдан буён ижарада яшовчи камбағал оила ёрдамга муҳтожлигини видеотасвир орқали оммага кўрсатамиз, аҳволини баён этамиз. Видеомурожаатларимиздан сўнг жамғармада маблағ йиғила бошлайди. Тома-тома кўл бўлур, деганларидек, одамлардан тушган маблағ омонатдорлик шартларига амал қилинган ҳолда сарфланади. Омонатдорлик, яъни омонатга хиёнат қилмаслик – жамғармамизнинг асосий шиори. Ҳозирча шу тарзда Шимкент, Сайрам, Қазиғурт, Сўзоқ туманларида истиқомат қилувчи камхарж хонадонларга ёрдам бердик.
– Видеотасвирлардан янги уйларни кўрдим. Хоналар чиройли безатилган, яшаш учун барча шароитлар муҳайё. Бу иш янги жамғармага оғирлик қилмайдими?
– Ҳалол йўл билан бой бўлишнинг бир шарти – берилган ризқ-неъматлар учун шукр тариқасида хайр-эҳсон, садақаларни кўпайтириш керак. Бинобарин, шундай экан, жамоамиздаги йигитлар ҳам ўзларига тўқ, даромадлари сербарака йигитлар. Ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлаб юрган саховат соҳиблари... Шунинг учун улар билан уй қуриш ёки хоналарни жиҳозлар билан тўлдириш ҳеч қийин иш эмас. Қолаверса, халқимиз беминнат мол-мулкидан эҳсон қилиб турибди, уни ибратли ишларга сарфлаш – бизнинг асосий вазифамиз-ку.
– Сиз ижодкор, таниқли блогер, актёрсиз. Ибратли воқеаларга оид қисқа фильм, роликлар тушириш ғояси қандай туғилди?
– Дўстим Жамолиддин икковимизга тегишли ғоя бу. Мавзуни ҳаётий воқеалардан оламиз, сўнг матн, сценарий ёзамиз. Продюсерлик, овоз бериш, актёрлик, монтаж ишлари, суратга олиш жараёни, хуллас, роликларни бошидан охиригача ўзимиз ишлаймиз. Видеооператоримиз Жандўс Қалибеков. Имкон қадар ҳеч кимга зарари етмайдиган маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз. Ниятимиз, одамларни одамийликка, умуминсоний қадриятлар ва ҳидоятга чорлашдир.
– Қисқа фурсат ичида шундай залворли ишларни амалга оширдингиз, одамлар олқишига сазовор бўлмоқдасиз, давлат идораларидан ҳам эътибор бўлдими?
– Пандемия пайтидаги фаолиятимизни қўллаб-қувватлаб Nur Otan партиясининг Ташаккурномаси берилди. Турли учрашув ва тадбирларга таклиф этишмоқда.
– Сиз ҳаж сафарига олиб борадиган компанияда ҳам ишладингиз...
– “Ният – ҳаж – умра” компаниясидаги фаолиятим чоғида, одамларни муқаддас сафарга олиб боришда мадрасадаги диний илмим, араб тилини яхши билганим жуда асқотди.
Кўриб турганингиздек, юртимизда бошпанаси йўқ, бевалик-етимлик қисматида қийналиб қолган фуқароларга ёрдам қўлини чўзиб, жонбозлик кўрсатаётган ёшлар майдонга чиқмоқда. Муҳими, бу авлод уйсизларни ўйлайди, очларни тўйдиради, етим-есирга шафқатли бўлади. Зеро, Ҳадиси шарифда айтилганидек, Мусулмонларнинг дардлари билан дардлашган – Аллоҳ наздида энг буюк инсон бўлади. Гўзал хулқ ва пок ният билан ғайрат кўрсатаётганларга Аллоҳ ёр бўлсин! Ишларига омад, оилаларига бахту саодат тилаб қоламиз!  

Н. МАВЛОНОВА., 2021-05-01, 02:27 71
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.