26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Саркор

“Раҳбар бўлиш учун алоҳида қобилият керак. Зеҳни ўткир, сал нарсага пов этиб ёниб кетмайдиган, майда-чуйда гапларга берилмайдиган, ўз шахсий манфаатига зўр бермайдиган бўлиши керак. Шундагина раҳбар раҳбардек бўлади. Феълини кенг тутиши керак. Унча-мунча узунқулоқ гапни ичга ютиш керак. Бўлмаса раҳбар бачканалашиб кетади...”

Саид Аҳмаднинг “Дала донишманди” ҳикоясидан.

Раҳбарлик лавозимида бутун бир жамоани, элни бошқариш – яратганнинг иноятига боғлиқ. Шу билан бирга, амал курсисига ўтирган инсоннинг билими ва қобилияти, қолаверса, одамийлик, камтарлик, ташкилотчилик каби фазилатлари ҳам муҳимдир.
Узоқ йиллар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб, чинакам обрў ва эътибор қозонган Рўзақул Холмуродовдек элимизнинг ардоқли фарзанди, давлат ва жамоат арбобининг сермазмун ва ибратли ҳаёт йўли ҳақида мақола ёзиш – қўлига қалам ушлаган ҳар қандай ижодкор учун шараф, айни пайтда, юксак масъулият. Дарҳақиқат, бош муҳаррир топшириғига кўра тайёрланган ушбу мақола бир нафасда ёзилди ва шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, каминанинг бундай олижаноб ва мўътабар шахс билан танишлигим, уни устоз деб билишим, озми-кўпми, суҳбатларидан баҳраманд бўлганим қўл келди...

Рўзақул Сотиболди ўғли меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, тез орада ёшлар етакчисига айланди ва туман комсомол қўмитасининг тизгини унга топширилади. Ўша даврда ёш кадрларни тарбиялаш, уларнинг поғонама-поғона кўтарилишига алоҳида эътибор қаратилгани сир эмас. Кўп вақт ўтмай, келажагидан катта умид кутилган Рўзақул Сотиболди ўғли Сайрам туман комсомол ва партия қўмитасининг масъул лавозимларига ишга тайинланади. У раҳбарият томонидан билдирилган юксак ишончни шараф билан оқлади.
Давлат хизматидаги қарийб ярим асрлик фаолияти давомида Рўзақул Холмуродовнинг эгаллаган мансаблари алоҳида эътиборга молик: давлат хизматининг қуйи поғоналарида орттирилган тажриба унинг келгусида юксак масъулиятли лавозимларни эгаллашига замин ҳозирлади. Дастлаб туман, сўнгра вилоят фирқа ва комсомол қўмиталарида йўриқчи ва котиб бўлди, беш йил давомида Қозоғистон Комфирқаси Туркистон туман қўмитасининг биринчи котиби вазифасида ишлади.
Мустақиллик йилларида эса Рўзақул Холмуродов Сайрам туманининг дастлабки ҳокими этиб тайинланди. Сўнг Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокимининг ўринбосари, Жанубий Қозоғистон вилояти Интизом Кенгашининг раиси, IV, V чақириқ Қозоғистон Республикаси Парламент Мажлисининг депутати, Қозоғистон халқи Ассамблеяси Раисининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилди...
Ёдимда, 2001 йили эди. Бир куни бош муҳаррир Собиржон ака Юсуфалиев чақириб, Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Р. Холмуродов билан мусоҳаба уюштиришни топширди.
Суҳбат аввалида  Рўзақул акага ўзининг ҳаёт йўли ҳақида савол бердим, сўнг, газетхонлар учун қизиқарли ҳаётий масалаларга эътибор қаратдим. Мусоҳаба газетанинг 2001 йил 28 сентябрдаги сонида эълон қилинганди. Ундан келтирилган қуйидаги парчада Рўзақул аканинг айни раҳбарлик юки ҳақидаги фикрлари баён қилинган экан: “Раҳбар одамнинг зиммасига ўзига хос жавобгарлик юкланган. Шўролар даврида ҳамма иш режа асосида, фирқа қарорларига мувофиқ юритилар, раҳбарлик фаолияти чегарага солинган эди. Янги шароитларда раҳбарлар кўпроқ эркинликлар олишди: энди берилган топшириқни бажаришгина эмас, балки ташаббускорлик кўрсатиш, янгиликлар яратиш имкониятига эга бўлишди. Раҳбар – фаолияти қонун асосида белгиланган давлат хизматчисидир...”
Рўзақул Сотиболди ўғлининг она тили билан бир қаторда қозоқ ва рус тилларини мукаммал билиши, эркин сўзлаши, беназир нотиқлигига кўпчилик ҳавас қилади. 2007 йили Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг ташаббуси билан вилоят ўзбек драма театри жамоаси Алмати ва Талдиқўрғон шаҳарларида гастроль сафарида бўлди. Сафардан кўзланган мақсад – ўша жойдаги миллий этномаданият бирлашмаларининг фаолиятини жонлантириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш эди. Рўзақул ака Талдиқўрғон шаҳрида ўтадиган “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” тадбирида нутқ сўзлаши керак экан. Меҳмонхонада унинг ана шу учрашувга пухта тайёргарлик кўргани, нутқини қайта-қайта ўқиб, такрорлаганининг шоҳиди бўлганман. Нотиқликни касбий даражада ўзлаштирган Рўзақул аканинг репетиция ва тайёргарликни канда қилмаслиги менда чуқур таассурот қолдирган эди...
Дарҳақиқат, вилоят ўзбек драма театрининг очилишида Рўзақул аканинг ҳиссаси катта бўлган. Қолаверса, ўша даврда вилоят миқёсида масъул лавозимни эгаллаган шахснинг миллатдошларимиз ҳаётидаги тарихий ва аҳамиятли масалаларни ҳал қилишда иштирок этгани, бироқ ҳар доим ҳам очиқ бўй кўрсатишга имкони бўлмаганини тўғри тушуниш керак...
У Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти – Элбоши Нурсултан Назарбаевнинг театрга ташрифи муносабати билан олиб борилган тайёргарлик ишларига алоҳида эътибор қаратди. Биздан тез-тез ҳол-аҳвол сўраб, тегишли маслаҳатларни берди.
Ниҳоят, Элбоши Нурсултан Назарбаев Сайрам қишлоғига ташриф буюрганида унга пешвоз чиққанлар қаторида Рўзақул Холмуродов ҳозир бўлди ва ўша фурсатда қадрли меҳмонга ҳамроҳлик қилди.
Улар ёнма-ён Сайрам қишлоғи марказига келганларида Давлатимиз раҳбари Н. Назарбаев айтган қуйидаги сўзлар кўпчиликнинг кўнглига шодлик, қалбига қувват бағишлаган эди:
– Қозоқ билан ўзбекнинг дўстлигини, тотувлигини, бирлигини ҳеч ким ажрата олмайди. Аллоҳнинг ўзи уларни бирга яратган – бир дарёдан сув ичиб, бир яйловда мол боқишни насиб этган. Икки халқнинг дўстлиги мустаҳкам бўлса, мамлакатларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий натижа беради. Бугун мана шу театрнинг очилишига атайлаб келдим. Қозоғистонда кўп этнос вакиллари яшайди. Турли миллат вакилларининг ўз тили ва маданияти бор. Бу бизнинг камчилигимиз эмас, аксинча, бойлигимиз. Турфа тилдан – турфа маданият чиқади. Буни билган одам бахтлидир... Сайрамда меҳнаткаш халқ яшайди. Қозоқ ва ўзбекни ажратиб бўлмайди. Бизнинг бозоримиз, мозоримиз ҳам бир!..
Ушбу қутлуғ даргоҳга раҳбарлик қилган йилларим Рўзақул ака Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятига раислик қилди. Унинг таклифи билан ҳамжамият идораси ўзбек театрида жойлашди. Камина зиммасига котиблик вазифаси юкланди.
“Дўстлик” ҳамжамиятининг фаолияти жонланиб, асосий эътибор маънавият, маданият ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қаратилди. Шу мақсадда халқаро ва республика миқёсида бир қанча тадбирлар ўтказилди.
Ўша даврда театрда уюштирилган нуфузли тадбирлар – “Сайрам қаҳқаҳаси” Халқаро аския ва кулгу фестивали ҳамда “Назм юлдузлари” мушоираси катта шов-шувга сабаб бўлди. Унга фахрий меҳмон ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида таклиф этилганлар орасида Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримов, Абдухолиқ Абдурасулов, Шокиржон қизиқ Муҳаммаджонов, Меҳмонқул Исломқулов каби кулгу дарғаларининг бўлиши унутилмас воқеа эди.
Рўзақул аканинг Элбошимиз қабулида бўлиб, бир қанча долзарб масалалар хусусида фикр билдиргани ҳам тарихий воқеадир. Учрашувда яқиндагина очилган ўзбек театрига республика театри мақомини бериш масаласи кўтарилганидан хабарим бор эди. Умуман, Элбошимиз бу масалани қўллаб-қувватлаб, ижобий фикр билдирганди. Шунинг учун ҳам келажакда бу таклифнинг рўёбга чиқишига шубҳа йўқ.
Яна бир муҳим масала – ўзбек тилида таълим берувчи мактабларда она тили ва адабиёти фанининг ўқитилиши, улар учун дарсликлар нашр қилиш ва педагог кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ эди. Айтиш жоизки, бу каби долзарб масалалар ўз вақтида ҳал қилинди.
Рўзақул ака IV ва V чақириқ Парламент Мажлисининг депутати, Қозоғистон халқи Ассамблеяси Раисининг ўринбосари сифатида залворли ишларни амалга оширди. Бир қанча долзарб қонун лойиҳаларининг ташаббускори бўлди.
Рўзақул ака билан суҳбатларимиздан бирида у ўзининг бир армони ушалмай қолганини айтганди. У ҳам бўлса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига шогирд тушиб, исломий таълимот бўйича билимини янада ошириш эди. Афсуски, устознинг бевақт вафоти бунга имкон бермаган экан...
Рўзақул ака шу кунларда табаррук саксон ёшини қаршилаётган экан, унга мустаҳкам соғлик, оиласига тинчлик ва барака тилаб қоламиз. Унинг ҳаёт йўли, иш тажрибаси барчамизга, айниқса, ёшларимизга ўрнак. Бундай шахс билан ҳамиша фахрланишга ҳақлимиз.

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2021-05-01, 04:42 484
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.