Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримиз, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.
1945 йилнинг 9 майигача чўзилган урушга 1 миллион 200 минг қозоғистонлик отланса, фронтортида қолганлар ғалаба учун жонини фидо қилиб меҳнат қилдилар, тарихга муҳрланган мардлик кўрсатдилар.
Сукут муддати – 45 йил...
Дарҳақиқат, тарихчиларнинг маълумотларига кўра, инсоният тарихидаги энг машъум уруш туфайли Ер юзида 30 миллион одам ҳалок бўлган. Минглаб шаҳар ва аҳоли манзиллари вайрон бўлиб, миллонлаб гектар ўрмон ва далалар яроқсиз ҳолга келган. Душман ўқидан ажал қучган, дом-дараксиз кетган йигитлар қанча. Ҳа, бу даҳшатли уруш инсоният тарихидаги мангу ўчмас ҳасрат ва надоматдир. Сабаби, дунёда юз берган қирғинларнинг энг узоқ муддат давом этгани, талофоти энг кўпи мана шу Иккинчи Жаҳон – Улуғ Ватан уруши бўлган.
...1941 йил 22 июнь, айни саҳар чоғида, соат 4.00да Гитлернинг буйруғи билан бошланган уруш 4 йил – 1418 кун ва тун давом этди. Унда 40та мамлакатнинг шаҳар ва қишлоқлари вайронага айланди, урушда қатнашган давлатлардаги миллионлаб оилаларнинг болалари етим бўлиб қолди, мард ўғлонлари жанг майдонларидан қайтмади. Ана шу оловли йилларда Совет Иттифоқидан урушга жўнаб кетган 27 млн. одам ҳалок бўлди. Меҳрибон она, суюкли ёр, қадрли опа-укалар зор йиғлаб қолишди. Агар Ватан учун жонини фидо қилган қурбонларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида сукут сақланса, унинг муддати 45 йилга тенг бўларкан. Уруш бошланиши билан минтақамиздан ҳам минглаб ёшлар оловли майдонларда фашист билан жангга кирди, элини душмандан ҳимоя қилди. Улар оппоқ тўшакларда ётмади, тўйиб нон емади, тўйиб ухламади. Қанчадан-қанча мард ўғлонлар ёшликнинг энг навқирон лаҳзаларидан маҳрум бўлди, юрт соғинчи, жигарлар дийдорига тўймай кетдилар. Қанча она фарзандини сўнгги нафасигача кутса, қанча ота “қора хат”ни қучиб йиғлади. Уларнинг қайғу-ҳасратини сўз билан ифодалаш мумкин эмас.
Ҳамма нарса фронт учун
Даҳшатли уруш Жанубий Қозоғистон вилояти аҳли учун кўплаб қийинчиликлар олиб келди, осуда ҳаётига чанг солди. 1941 йилнинг 22 июни куни Шимкентдаги “Химфарм”, “Қўрғошин” заводларида, Мақтаарал туманидаги Алексеевск пахта заводида, Сариоғоч ва бошқа барча туманларда митинглар уюштирилиб, ишчилар энди фақат Ватан ҳимояси учун меҳнат қилишларини билдиришди.
Бутун вилоятда ишлаб чиқариш йўналиши ўзгартирилиб, фронт учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 1941 йили 7 сентябрда ВКП(б) марказий қўмитасининг 5 сентябрдаги “Халқ орасида жангчилар учун иссиқ кийим ва озиқ-овқат тўплаш тўғрисида”ги қарори чиқди. Вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳасининг меҳнаткашлари “Ортиқча донни давлатга сотиш – ҳар бир колхозчининг ватанпарварлик бурчи”, шиори шу йилларда дунёга келди. Шу йилнинг декабрида фронтга 14207та иссиқ кийим, озиқ-овқат жўнатилди. 1942 йили Жанубий Қозоғистон вилоятидан Ленинградга 18та вагонда 418 тонна маҳсулот жўнатилди. Сўзоқ, Арис, Туркистон туманлари меҳнаткашлари ҳам бор йиғиб-терганларини жанг майдонларига жўната бошлади. Шу йиллари кураш чемпиони Қажимуқан Мунайтпасов (1883-1948йй.) кексайиб қолишига қарамай, кураш тушиб, тўплаган 100 минг сўмини самолёт ясашга ҳадя қилди. Жануб минтақаси фуқаролари озиқ-овқат, кийим-кечакдан ташқари, қурол-яроғларга ҳам эътибор қаратишди. 1942 йили вилоят ёшлари танк колоннасини қуриш учун 8 млн. сўм тўпласа, 1943 йили “Қозоғистон комсомоли” ҳаво эскадрилясини ташкил этишга 1 млн. сўм маблағ ўтказишди. Ушбу хайрли ишда Акпар Шўраев, Балта Алибеков, Шағатай Егембердиев, Шақим Садиқов, Б. Ўнгдасинов каби ҳамюртларимиз 100, 170 минг сўмдан ўз ҳиссаларини қўшган. Уруш туфайли қишлоқ хўжалигидаги энг оғир юмушлар хотин-қизлар, болалар ва қариялар зиммасига тушди. Техника тилини ўзлаштирган 5682 нафар хотин-қиз соҳа қийинчиликларини ўз зиммаларига олган мард инсонлар эди.
Унутишга ҳаққимиз йўқ
Биз азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан ушбу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барчасида тинчликнинг қадрига етиш масаласи тарғибот қилиниб, уруш батамом қораланади.
Ҳали-ҳануз орамизда саноқли уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат машаққатини чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг қадрига етиш инсонийлик бурчимиз. Бугун жасорати ва мардлиги билан тилларда достон бўлган кекса авлод вакиллари сафи торайиб, вилоятимизда уларнинг 28 нафаригина қолди. Шу боис, янги аср авлодлари миллионлар тақдирини ҳасратга айлантирган Улуғ Ватан урушини унутишга ҳаққи йўқ.
2012 йилнинг 5 декабрида Ашхободда ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашида УВУ фахрийлари ёш авлодни ватанпаварлик руҳида тарбиялаш, халқлар дўстлиги ва тотувлигини барқарорлаштириш мақсадида “Ғалаба байрамини мангу нишонлаш” фармойиши қабул қилинган.
Тадбирлар онлайн тартибда муносиб нишонланади
2021 йил 5 апрель куни вилоят ҳокими ўринбосари У. Тажибаевнинг махсус қарори билан 7-9 май кунлари Туркистон вилоятида Ғалабанинг 76 йиллигини ўтказиш тадбирлари режаси тасдиқланди.
Туркистон шаҳрида УВУ фахрийлари, фахрийлар уюшмаларининг фаоллари, МДҲ давлатлари Қуролли кучлари вакиллари иштирокида Ғалабага бағишланган тантанали маросимлар, байрам концертлари пандемия туфайли ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда онлайн тартибда ўтказилади. Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини тарбиялаш мақсадида байрам арафасида мактаб ўқувчилари ва талаба ёшларнинг фахрийлар билан учрашувлари ҳам онлайн тартибда ўтади. Мактабларда “Тинчлик куни”, “Порлоқ келажак”, “Мардлик сабоқлари” каби эркин мавзудаги тарбиявий соатлар ўтказилади. Туман, шаҳарлардаги ёдгорликлар таъмирланади. Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва ногиронларига моддий ёрдам кўрсатиш ва улар яшайдиган уйларни таъмирлашга кўнгиллилар жалб қилиниб, “Ардағым – ардагерім” тадбири уюширилади. “Жасорат – авлодга ўрнак” вилоят музейида рассомлар кўргазмалари онлайн тартибда ўтказилади. Қозоғистонликлар ва фронторти меҳнаткашлари ҳақида газета-журналларда мақолалар чоп этилиб, ижтимоий тармоқларда қозоғистонликларнинг жасорати ҳақида махсус видео-лавҳалар тайёрланади. Шунингдек, 9 май куни 1941-1945 йилларда УВУ жангчилари ёдгорликлари ва қабрлари ҳамда биродарлик қабристонларига ижтимоий масофага риоя қилинган ҳолда гулчамбарлар қўйилади.
Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қарорига мувофиқ, туман, шаҳар бюджетлари ҳисобидан 28 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиси ва ногиронларига 1 млн. тенге, 6722 нафар фронторти меҳнаткашлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг беваларига 30 минг тенге, 55 нафар Ленинград қамалида бўлган, уруш қатнашчиларининг беваларига – 60 минг тенге миқдорида бир марталик моддий кўмак кўрсатилади.
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини мукофотлаш – уларга кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Урушнинг суронли йилларини бошдан кечирган оталаримиз, фронторти меҳнаткашлари келажак авлод бундай даҳшатларни асло кўрмаслигини, ер юзида тинчлик бўлишини тилаган омонат ва ғаниматларимиз бор бўлишсин!
Ғалаба байрами барчамизга муборак бўлсин!