26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жаҳон бўйлаб бир шарпа кезиб юрибди...

Бугун дунёнинг барча минтақаларида таҳликали бир шарпа кезиб юрибди. Кезганда ҳам, кўринмас қўли билан инсонларнинг ширин жонига чанг солиш ҳаракатида бўлмоқда. Унинг яна бир даҳшатли изи жаҳон иқтисодиётини таназзулга етакламоқда. Фаровонлик ва тараққиётга зарба бермоқда. Кун-у тун шовқинга тўлган шаҳарлар бирин-кетин жимгина бўшаб қолмоқда... Бу машъум пандемиянинг дунё ва биз кутмаган манзаралари... Ҳали яна нималар рўй беришини эса ҳеч ким билмайди... Аммо халқимизнинг қалбида бир ишонч борки, бу синовлардан талафотсиз ўтиш умиди – Аллоҳнинг марҳамати, давлат раҳбарининг оқилона сиёсати, миллат бирдамлигига ишончдир.
“Киприкдаги ёшдай” қалқиб турибди дунё...

Тарихдан маълумки, инсоният турли эпидемия ва оммавий қирғинларни бошидан кўп ўтказган. Aммо, яна шуниси ҳам маълумки, уларнинг аксарияти маҳаллий миқёсда бўлиб, фақат баъзан бир ёки икки қитъа чегарасини ҳатлаб ўтган эди.
Бугун инсоният ўз тарихида илк бор нафақат фаровонлиги ва одатий турмуш тарзига, балки сайёрадаги миллиардлаб одамларнинг ҳаётига таҳдид солаётган жиддий хавф билан юзма-юз келди. Бу хавф бутун жаҳонни ларзага ва саросимага солмоқда. Ҳаттоки, биринчи ва иккинчи жаҳон уруши ҳам бунчалик даражада миқёс касб этмаган ва бунчалик кўп давлатни қамраб олмаган эди.
Ҳа, сўз ўша бугун барчанинг дили-ю тилида бўлган, барчанинг кўнглига хавотир солиб турган пандемия – коронавирус таҳдиди ҳақида бормоқда...
Коронавирус пандемияси... Афсуски, бу офат тамаддуннинг бугунги ривожланиш даври, глобаллашув ва чегаралар шаффофлиги, ҳаракатлар тезкорлиги замонида рўй бермоқда. Ва, яна ҳам таассуфлиси шуки, бугун ҳеч бир давлат, гарчи ўз қудрати билан шу кунгача мақтаниб келган бўлса-да, ўз ҳудудида ушбу инфекциянинг тизгинсиз тарқалишининг олдини олишга кафолат беролмаслиги маълум бўлиб қолди. Италия, Испания, Франция, AҚШ ҳамда бошқа ривожланган ва технологик жиҳатдан қудратли давлатлардаги фожиали вазиятларга нигоҳ солинг-а... Одамларнинг дийдасидаги ёшлар, бўшаб қолган шаҳарлар, докторларнинг чарчоқдан киртайган кўзлари... Машҳур шоир Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “киприкдаги ёшдай” қалқиб турибди дунё...

Тождор душман, кўринмас душман…

Бутун дунё янги 2020 йилни хуррамлик билан кутиб олаётган кезларда, Хитойдан келаётган баъзи хабарларга ҳеч ким хавотир билан қарамагани, биздан олисда-ку, деган хаёлга боргани ҳам бор гап. Аммо, орадан уч ой ўтиб, 2020 йилнинг 31 мартига келиб, дунёда 780 минг нафардан ортиқ одам коронавирусга чалинди, 38 минг нафарга яқин киши вафот этди. Барча қитъада, ҳатто, одам оёғи унча-мунча етавермайдиган ҳудудларда ҳам коронавирус аломатлари аниқланди.

Қозоғистон бу хавфни кутмаган эдими?

Aфсуски, Қозоғистонни бу дунёвий хатар четлаб ўтмади. Шиддаткор тараққиёт, жаҳонийлашувнинг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимиз учун ҳам бу офат таҳдиди етиб келди. Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда 943 кишига коронавирус ташҳиси қўйилди. Шимкент шаҳри ва Туркистон вилоятида 34 нафар фуқарода бу касаллик аломатлари аниқланди. Ва яна ҳам ачинарлиси, иллат ҳамон тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турибди. Демак, вирус ён-веримизда бемалол кезиб юрибди...
Коронавируснинг «ҳинд» штаммини юқтирган одам кар бўлиб қолиши мумкин

Коронавируснинг «Дельта» штамми («ҳинд» штамми) ҳақида нималарни биламиз ва унинг хавфи қандай? Қозоғистонда қайд қилинганми? Kazinform ушбу саволларга жавоб излади.
Қозоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, «Дельта» коронавирус штамми жуда юқумли ва аниқланган штаммларга қараганда 60 фоизга кўпроқ юқумли ҳисобланади. Ҳозирги айланма штаммлар 1 кишидан ўртача 3-4 кишига тарқалса, бу штамм бир вақтнинг ўзида 5-6 кишига юқади ва 7 кунлик қисқа инкубация даври билан тавсифланади. Вирус юққан одамларнинг бўғинларида ва қорнида кучли оғриқ, кўнгил айниши ва қайт қилиш кузатилади, ҳатто қулоқларнинг эшитмай қолиши ва оёқларнинг микротромбозига олиб келади. Яқинда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, коронавируснинг «ҳинд» штамми ва беморни касалхонага ётқизиш ҳамда ўлим хавфи орасида боғлиқлик юқори. Шу муносабат билан Қозоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги ҳар бир қозоғистонликдан ўз соғлиги ва яқинларининг ҳаёти тўғрисида ғамхўрлик қилишни сўрайди.
Ўзингизни инфекциядан қандай ҳимоя қилишингиз мумкин? Ўзингизни инфекциядан ҳимоя қилиш ва касалхонага ётқизилмасликнинг ягона усули бу – COVID-19 вакцинасининг тўлиқ компоненти билан эмланишдир. Қозоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекцияси бўйича эмлашга қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган ҳар бир фуқарога имкон қадар тезроқ эмланишни тавсия қилади. Шунингдек, вирус тарқалишининг олдини олиш учун барча чораларга қатъий риоя қилиш зарур: ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, қўллар гигиенаси, шамоллатиш ва ҳк. Муқаддам Соғликни сақлаш вазири Алексей Цой коронавируснинг «ҳинд» штамми Қозоғистонда аниқланмаганлигини айтганди. Аммо, бугунги кунда ҚР Соғликни сақлаш вазирлиги «ҳинд» штаммининг мавжудлигини аниқлади. Нур-Султан шаҳрида коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг кескин ўсиши сабабли Соғликни сақлаш вазирлиги КВИ билан касалланган беморларни ПЗР текширувидан ўтказди. Скрининг натижаларига кўра «Дельта» («ҳинд») штаммида гумон қилинган мутация аниқланди. Шуни таъкидлаш жоизки, Жаҳонни сақлаш ташкилотининг 2021 йил 20 июндаги маълумотларига кўра SАРS-Cоv-2 «Дельта» штамми 174 мамлакатда аниқланган.

Қўшниларда аҳвол қандай?

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сонининг кўпайиши кузатилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Зангиота Иккинчи ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари «Ўзбекистон 24» телеканалига берган изоҳларида маълум қилишди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
– Бизга беморларнинг келиши икки баравар, касалхонага ётқизилганлар сони 1,5 баравар кўпайган. Шу билан бирга, беморларнинг 13 фоизи оғир аҳволда ва интенсив терапия талаб қилинадиган ҳолда келмоқда, – деди шифохона директори Дониёр Миразимов.
 Бўлим бошлиғи Раъно Исломованинг сўзларига кўра, ҳозирда жонлантириш бўлимларида ётоқ жойлар тўлган.
– Бўлимимизга етказилган беморларнинг аксарияти коронавирусга қарши вакцина билан эмланмаган фуқаролар. Оиласи билан ётганлар бор. 7 кишилик оила бор. Бугунги кунда республикамизда касалланиш даражаси кескин ошди. Беморлар жуда кўп. Бўлимда 80 ўрин бор, ҳозирда бирорта бўш жой қолмаган, – деди шифокор.
Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида мамлакатда касалликнинг кескин ўсиши кузатилмоқда. Биргина ўтган кун ичида коронавирус билан касалланган 427 бемор аниқланган.

Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини вақтинча ёпди

Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги ва бир қатор манфаатдор томонларнинг таклифига биноан Республика махсус комиссияси Афғонистон Ислом Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг кучайиб бораётганлигини ҳисобга олиб, фуқароларнинг Ўзбекистон – Афғонистон чегараси орқали ўтишини вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди, деди UZA.
Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Афғонистон Ислом Республикаси фуқароларига сайёҳлик визаларини бериш, шунингдек, сайёҳлик агентликларидан виза олиш учун аризаларни қабул қилиш тўхтатилади. «Термиз-Автойўл» чегара божхона постидан фақат қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларидан ўтишга рухсат берилади: дипломатик ваколатхоналар, консулликлар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари; халқаро юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар; Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси фуқароларига ўз мамлакатига қайтиш учун рухсатнома.
Шунингдек, «Термиз-Автойўл» чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасига келган шахслар томонидан назорат пунктида фаолият кўрсатадиган махсус клиникада ёки лабораторияда антиген экспресс-тестининг манфий натижаси бўлса, у Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади. Коронавирус инфекциясининг мусбат натижаси бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари даволаниш учун вилоятдаги махсус клиникаларга юборилади. Коронавирус инфекциясининг манфий натижаси бўлган чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, Санитария-эпидемиология назорати ва жамоат саломатлигини сақлаш хизматининг чегара божхона постлари орқали Ўзбекистон Республикасига кирадиган барча фуқаролар мамлакатга киргандан кейин 7 кун ичида коронавирус инфекциясига қарши ПЗР-тестидан ўтадилар ва синов харажатларини давлат бюджетидан қоплаш тизими ишга туширилади.

Сақланганни сақлайди Аллоҳ

Бугунги тадбирларнинг самараси фақатгина давлат кўраётган чоралар билангина амалга ошади, деб ўйлаш мутлақо тўғри эмас. Бу ерда карантиннинг асл сабабларига чуқур нигоҳ солиш, ҳар бир инсон, жамиятнинг ҳар бир аъзосига кўп нарса боғлиқ эканини теран англаш шарти бор. Президент топшириғи билан ташкил этилган, ҳукумат раҳбари бошчилигидаги Республика Штаби барча оммавий ахборот воситалари орқали қайта ва қайта, такрор ва такрор даъват этаётгани, огоҳликка чақираётгани – ҳар бир инсоннинг эҳтиёт чораларига риоя қилиши шарти бош масала эканини ҳеч биримиз унутмаслигимиз зарур!

Меҳнат бозоридаги вазият

Коронавирус офати жаҳон иқтисодиёти турғунлашаётган, шаклланган хўжаликлараро ишлаб-чиқариш занжирлари узилаётган, асосий хомашё товарлари нархи пасаяётган, миллий валюталар қадрсизланаётган, кўплаб мамлакатларда яшаш даражаси пасаяётган, ишсизлик ортаётган, бюджет харажатлари қисқараётган бир пайтга тўғри келди.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) COVID-19 пандемияси дунё миқёсида меҳнат соҳасини ва юз миллионлаб одамларнинг ижтимоий аҳволини қийинлаштириб қўйишидан жиддий хавотирда эканини таъкидламоқда. Ташкилот баёнотларида бу вирусни дунё аҳолисининг 40дан 70 фоизигача юқтириб олиши мумкин, деган ваҳимали тахмин ва фаразлар ҳам бор.

Биргаликда биз кучмиз!

Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Аллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган. Халқимиз ва биз тадбиркорлар жипслашиб, бу кунларни албатта, енгамиз, бунинг учун эса мустаҳкам ирода керак.
Давлатимиз раҳбари ушбу пандемияга қарши курашишни “ўзига хос жанг майдони”га қиёслагани бежиз эмас. Бу майдонда чинакам фидойилар, марду майдон шифокорлар илк зарбани қабул қилишга мажбур бўлмоқда.
Синовли кунларда халқимиз билан биргамиз. Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин!
Биргаликда биз кучмиз!

Қозоғистон ва жаҳон ахборот агентликлари маълумотлари асосида., 2021-06-24, 01:16 521
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.