26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Егани янтоқ, орқалагани олтин фидокорлар

Журналистика соҳасининг сир-асрорлари, тингловчи, томошабин ёки ўқувчининг эътиборидан четда қоладиган, кўпинча парда ортидан туриб кўрсатилмаган жиҳатлари: машаққатли, кутилмаган зарбалари-ю, шодликлари, ишлаш тарзимизга назар ташламоқчи бўлсангиз, манзилингиздан адашмадингиз. Бу мақола айнан шундай қизиқишларингизни таъминлашига шубҳам йўқ. Қизиғи шундаки, қалам олишга туртки бўлган сабаб ҳам айнан касбий байрамимиз арафасида юзага келди. Туркий тилли журналистлар жамғармасининг президенти таниқли журналист Назия Жоямерген қизи юртимиздаги таниқли «Шеврон» компанияси ҳомийлигида ажойиб курсларни ҳамкасбларига ташкил этди. Ярим йил мобайнида қозоғистонлик ҳамкасбларим билан хорижий давлатларда фаолият юритаётган журналистларнинг иш тажрибасини ўрганиш имконига эга бўлдим.

Дастлабки илк учрашувимиз, касбий байрамимизга, журналистика соҳасида ҳалол меҳнат қилишга бағишлангани ҳам бежиз эмас. Нима учун дейсизми? Ҳар касбда ҳалоллик муҳим ўрин эгаллайди. Журналистика ҳам бундан мустасно эмас. Қаламкашларнинг ҳалоллиги нимада? Журналист ёзаётган, тарқатаётган ахборотини минг бор текшириб, ишончлигига амин бўлгачгина, уни аудиторияга тақдим этиши керак. Текширилмаган, тасдиқланмаган ҳодиса ахборот бўла олмайди. Унинг миш-миш бўлиш эҳтимоли каттароқ. Бироқ у ўз навбатида ахборот кенглигида ўринсиз ваҳима, хавф-хатар олиб келиши, ҳатто инсон ўлимига ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Зеро, сўз – бу қурол. Қурол бўлганда ҳам сассиз, ёвсиз қурол.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни хорижлик ҳамкасбларим билан суҳбатдош бўлиш, уларни касбий байрам билан қутлаш имконига эга бўлдим. Улар хорижий давлатларда, мавжуд қонунларга риоя қилиб, ахборот оламида фаолият юритаётган, обуначилари, ўқувчиларига (тўғрироғи, истеъмолчиларига) европалик ҳамкасблари билан елкама-елка ишлаб, сифатли ахборотлар, таҳлилий мақолаларни тақдим этаётган ижодкорлардир.
Бугунги меҳмонимиз Ватан Ўз. 1996 йилга қадар Туркияда яшаб, журналистика ихтисослигини эгаллади. Туркиядаги қаламкашларга тақдим этиладиган иш шароитлари уни бироз қониқтирмади, жамиятида қонунларни устувор деб биладиган Буюк Британияга отланди. Дастлаб таълим олди, жаҳон эшикларини очиб берадиган тилни ўрганди. Британияда яшаб, фаолият юритадиган ватандошлари учун “Avrupa” газетасини ташкил этди. Турк, инглиз тилларида ахборот тарқатадиган бир неча интернет сайтларни ташкил этди. Хориждаги турк ватандошларини бир мунча она тилидаги ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлайдиган воситаларини бошқариб келаяпти. Журналистика соҳасида 26 йилдан буён фаолият юритаётган журналист қозоғистонликларни Европа журналистикасининг ишлаш услуби билан яқиндан таништирди. Айни дамда ҳамкасбимиз Бельгия, АҚШ, Германия журналистларига онлайн сабоқлари билан жаҳондаги турк журналистикасининг ривожига ҳисса қўшяпти.
“Сиз учун нима муҳим: инсон тақдирими ё ёлғон ахборот тарқатиб сонияларда машҳурликка эришишми?!” – шундай савол билан британиялик ҳамкасбимиз мулоқотга киришди. 2 йилдан буён дунёда пандемия кезмоқда. Карантин чоралари ҳаётимизга кўплаб таҳрир киритаётганига кўникиб ҳам қолдик. Қайси даврлар бўлишидан қатъи назар, инсон ҳаётни севади ва ўлимдан иложи борича қочишга, унга чап бериб ўтишга ҳаракат қилади. Шундай экан, ҳар қандай воситаларни синаб кўриб, бу касалликни енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Тўғрисини айтиш керак, касаллик шиддат билан юртимизни кезаётган пайтда турли ваҳимали ахборотни саралаб берадиган таҳлилчилар ҳам ваҳима ичида қолишди.
 Шундай пайтда журналистлар ўзини дарҳол қўлга олишлари керак. Ҳиссиётларини жиловлай олиб, тўлақонли ахборотни жамиятга тақдим этиши керак. Ҳозир ҳам нафақат Қозоғистон, Балки Буюк Британия ҳам ваҳима ичида яшаяпти. Эндиги навбат эмлаш жараёнларига келди. Бу борада ҳам Британияда турли асосли, асоссиз миш-мишлар жамиятни қоплаб олган.
Криштиан Эриксон исмли футболчи ўйин давомида юрак хуружига тоб бўлганди. Баъзи бир нашрлар эса унинг бир неча кун илгари ковид-19 га қарши эмланганини ва ушбу вакцина бунга сабаб бўлганини кенг тарқатишди. Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу ишда жуда чаққонлик қилишди.
– Биз бу ахборотни тақдим этишдан илгари ишончли манбалардан текшириб кўриб, ёлғон эканлигига шубҳамиз қолмаганидан сўнг, маълумотни анчагина таҳрир қилиб, ўша футболчининг хасталанишида вакцина айбдор эмаслигини аниқладик, – дейди Ватан. – Энг муҳими, бошқа интернет сайтлар сингари байроқ кўтариб, биринчилардан бўлиб хабар тарқатишга шошилмадик. Ёлғоннинг умри аввал 24 соат эди, ҳозир 24 сонияда ҳақиқат ўзининг бўй-бастини кўрсатиб қўйяпти. Бу билан биз, замондошларимизни шошилинч фикрлаш, хулоса қилишдан сақлаб қоляпмиз. Хорижий сайтлардаги бирон бир ахборотнинг ишончлигига шубҳа қилсангиз ва ҳатто ишончингиз комил бўлса ҳам, албатта бир текшириб олинг. Бунда сизга fullfact.org саҳифаси ёрдам беради. Қизиғи шундаки, мазкур сайтда бирор бир партияга ё давлат муассасасига дахлдор бўлмаган (ҳозир урфга айланаётган дахлсиз деб эътироф этиладиган) фидойи, касбий етук журналистлар фаолият юритишади. Reiters, BBC каби йирик ва ишончли ОАВлар ҳам ўша сайтга мурожаат қилиб, ишлаётган манбаларидан маълумотларини текширтириб олишади. Баъзида хабар, мақола, янгиликдан кўра биргина сўз йирик мамлакатлардан миллионлаб томошабинларни жамлаши мумкин.
Масалан, Британия Соғликни сақлаш вазири бир аёлни “тўполончи” дегани миллионлаб одамларнинг бу сўзга эътибор беришига сабаб бўлган. Эътибор беринг, йирик давлат хизматчисининг бир сўзи жамиятга шундай таъсир ўтказса!
Хавфли касаллик кенг тарқалган одамлар орасида ваҳима кучайган паллада кўпчилик воқеадан самарали фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади.
 Баъзилар умуман бефойда дори-дармонлар, сабзавотларни шифо улашувчи деб бир неча карра қимматлаштириб юборишди. Ҳар кимнинг томорқасида оёқ остида ўсиб ётадиган хрен ўсимлигини айниқса тузламаларни тайёрлаш пайтида, аёллар тополмай ҳалак бўлди. Нима эмиш, хрен ковидга қарши минг бир даво эмиш... Евроиттифоқ ижтимоий тармоқлардаги ваҳиманинг кучайиб кетаётганини кўриб 2020 йили 20 июнда Google, Facebook, Instagram каби имжтимоий тармоқларнинг ёлғон ахборотларни тарқатаётган аккаунтларининг ёпилишига муваффақ бўлди. Жами 3 миллион 400 минг шундай ваҳима тарқатадиган аккаунтлар фаолиятини тўхтатди. Мутахассиснинг айтишича, бу 30 фоиз самара берди. Бироқ баъзи аккаунтларнинг миллонлаб обуначилари борлигини, улар ўз обуначиларига истаганча ахборий таъсир ўтказиши борасида мушоҳада юритадиган бўлсак, бу йўналишда анчагина ишлар амалга оширилиши жоиз.
Британиялик журналистнинг айтишича, бундай ёлғон хабарларга баъзида ўз ишининг усталари, етук ОАВлар ҳам, афсуски илиниб қолишади. Масалан, бундан бир неча йил муқаддам Қиролича Диананинг машъум ўлимига унинг мусулмон бизнесменидан ҳомиладор эканлиги сабаб бўлди, деган хабар тарқалган эди. ВВСнинг мухбири Диана номидан ўша йилларда ҳатто мусоҳаба тайёрлаб, эфирга узатган экан. Унинг ёлғонлиги, тасдиқланмаган ахборот эканлиги 20 йил ўтиб ҳам исботланди. Ваҳоланки ёлғоннинг умри барибир қисқа ва оммага фош бўлгувчидир. Ёлғон хабарлар сизгача етиб келган бўлса, унинг ижтимоий тармоқларда янада кенг тарқалишига йўл қўйманг. Сиз унинг тарқалишига нуқта қўйинг, катта қилиб! Ёлғоннинг умрини шундай қилиб қисқартиринг, сохта обрўга интилманг, чунки у барибир сохта.
– Қўл телефонимга Лондон атрофини ҳарбийлар танкларда
қў­риқлашяпти, одамларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилишяпти, деган видеохабар келди, – дейди Ватан. – Бўлиши мумкин эмас, даставвал, иккиландим. Кейин машинамга ўтириб, 6 соат мобайнида Лондоннинг барча кварталларини айланиб чиқдим – на қуролли ҳарбийлар, на танкларни кўрдим.
 Ёлғон хабарларни тарқатган, одамлар орасида низо чиқармоқчи бўлган ОАВларга қатъий чоралар кўрилади. Бунинг учун судда ҳамда видеотармоқлар орқали узр билан қутулиб қўйиш амри маҳол. Умуман фаолиятингиз билан хайрлашиб қўя қолишингиз ҳеч нарса эмас. Хоҳ у мансабдор бўлсин, хоҳ оддий ишчи бўлсин, ижтимоий тармоқларда тарқатган ёлғон ахбороти учун жиддий жазоланади. Инсон ҳуқуқлари, қонунларга риоя этишда Британия учликдан тушмайдиган давлатларнинг бири.
Яқинда Буюк Британия Соғликни сақлаш вазирининг котибаси билан ўпишиб тургани тасвирланган суратлар йирик газеталарда чоп этилди. Вазирнинг ножўя хатти-ҳаракатини сезган журналистлар буни фош этишди ва натижада, Британия Бош вазири ҳам унинг истеъфога чиқишини талаб қилди. Вазирнинг ҳам оиласи бор, котиба ҳам бир оиланинг соҳибаси. Уларга британияликлар соғлигини ишониб топширишган. Оилавий қадриятларни бир чақага олмаган мансабдор шахслар солиқ тўловчиларнинг солиғи эвазига соғликни сақлашдек муҳим соҳада ислоҳотлар ўтказишга нолойиқ деб топилди. Ва бу демократик давлатлар қадриятлари.
Яқинда Ватан ўзининг интернет ахборот сайтларидан бирида “Борис Жонсон ёлғон гапирди” иддаоси билан унинг олиб бораётган ислоҳотларига ишончсизлик билдирганини аниқ ва равшан ифодалаган. Ҳам журналистлик нуқтаи назаридан, ҳам сайловчи сифатида ўз ҳуқуқларидан фойдалана олган суҳбатдошимиз ўз обуначиларига мулоҳазаларини далиллаб беришга ҳаракат қилган. Демократик давлатларда ОАВ ҳам шунга муносиб фаолият юритишлари жоиз, акс ҳолат эса мумкин эмас. Ниятлари пок, халқ ғами йўлида фидойилик кўрсатаётган ҳамкасбларимизнинг ёлғон ахборотларга чек қўйишлари ҳам инсонийлик, ҳам етуклик.
“Олтин орқалаган”лар, байрамимиз муборак! Яратган барчамизни етуклик билан сийласин.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2021-07-22, 01:18 367
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.