26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бир фикр доирасидаги турфа жавоблар...

Мактаб бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу боис ота-оналар, устозлар ва ўқувчилар янги ўқув йилига оид янгиликларни муҳокама қилишмоқда, фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.
Жумладан, янги ўқув йилида мактаб формаси кийиш мажбурий эмаслиги тўғрисидаги хабар кўпчиликнинг эътиборида.
Қозоғистонда 2021-2022 ўқув йилида мактаб формасини кийиш шарт эмас. Ўқувчилар ягона мактаб формасини кийиб дарсларда қатнашиши мумкин, агар буни хоҳлашмаса, одатий классик услубда кийинишига рухсат бор.
Бу маълумот ҚР Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетовнинг Facebookдаги шахсий саҳифасида эълон қилингач, табиийки, ушбу қарорга муносабат билдирувчилар кўпайиб кетди.
“Жанубий Қозоғистон” рўзномаси ушбу долзарб мавзуга оид муштарийларининг фикрлари қандайлиги билан қизиқди.

Ҳулкар Рўзиметова, нафақадаги устоз, Шимкент шаҳри:
– Бундай қарорга келишдан аввал, мутасадди идоралар вакиллари ота-оналар, устозлар, таълим соҳасидаги бошлиқлар билан музокаралар юритиб, уларнинг фикрларини билган бўлишлари керак, албатта. Кейин, бугунги пандемия шароитида ҳар қандай оила ҳам болаларини янги либослар, ўқув анжомлари билан тўлиқ таъминлаб, мактабга юбора олмаса керак, деб ўйлайман. Масалан, бир оиладан 4-5 бола мактаб ўқувчиси бўлиши мумкин. Қолаверса, касаллик авж олиб, каттаю кичик ёппасига оғриётган пайтда, бозорма-бозор, дўконма-дўкон юриб, кийим-кечак, дафтар, қалам харид қилиш ортиқча даҳмаза, оилавий бюджетга қўшимча юк, деб ўйлайман.
Лекин битта муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак, классик услубдаги либослар мактаб формасига қараганда, қиммат бўлиши мумкин. Чунки, эркин кийиниш учун иқтисоддан тежай олмайсан. Қолаверса, бугунги замонавий болаларимиз кийинишни яхши кўришади, бир-бирининг олдида янги либослари, буюмларини кўз-кўз қилишади. Шунда мактаб ўқув даргоҳи эмас, балки манманлик майдони бўлиб қолмайдими, бунга ким кафил?!

Манзура Олимжонова, Шимкент шаҳридаги “Cambridge Line” хусусий мактаби ўқитувчиси:
– Мен ишлайдиган хусусий мактабда фақат бой-бадавлат оилаларнинг фарзандлари ўқишади. Бир ўқувчига тўланадиган йиллик маблағ – 1 миллион тенгедан ортади. Шу сабабли, кўпчилик ўйласа керак, бундай мактаблар эркин русумдаги кийимларни биринчи бўлиб қўллаб-қувватлашади, деб. Йўқ, бу хато фикр. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ўқувчиларим ўзига тўқ хонадон фарзандлари бўлгани учунми, кийим-кечакка ёки бошқа қимматбаҳо буюмларга унчалик эътибор беришмайди. Чунки улар орасида ижтимоий тафовут йўқ. Улар учун асосан ўзлигини намоён этиш, ўз фикр-мулоҳазаларини бошқаларга етказа олиш, умуман, бир сўз билан айтганда, шахсиятига эътибор бериш муҳимроқ. Масалан, бултурдан бошлаб юртимизда карантин. Лекин ҳамма уйда ўтирган пайтда ҳам, мактабимиз оффлайн тартибда ўқиди. 1 йил давомида болаларнинг кийимларига алоҳида талаб қўйилмади. Фақат калта шим (шорти), йиртиқ джинси, ҳаддан ташқари дабдабали, ёрқин кийинишга рухсат берилмайди.
 Ўзим эса доим эркин, қулай кийинганни хуш кўраман.
Энди бир хил либос жамоада яхши кўринади, лекин бу ҳолат, ишонинг, дарсларнинг ўзлаштирилишига, тартиб-интизомга таъсир қилмайди. Барибир, бугунги болалар билан кечаги болалар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Бир хил кийинтириб қўйилган ўқувчилар тенгқурларидан ажралиб туришнинг йўлини топмай қўймайди. Масалан, ҳеч бўлмаганда, ялтироқ тошчалар қадаб олишади.
 Мактабимиздаги ўқувчилар юқорида айтганимдек, анъанавий уст-бош эмас, балки, бошқа муҳим масалаларни, масалан Назарбаев ва Байден сиёсатини муҳокама қилишади, молиявий тарбиядан сўз очишади ва ҳоказо.
Илгари 13 ёшдагина бу мавзулар ўтилса, ҳозир 10 ёшли болалар оғзидан бемалол эшитасиз. 4-синфнинг раҳбари сифатида уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиб, рости, ҳайратланаман, ёқа ушлайман. Демак, бундай болалар учун оқ кўйлак ва қора шим биринчи ўринда эмас, уларнинг тафаккури бошқа фикрлар билан банд.
 
Аблай Маратов, “Cambridge Line” хусусий мактабининг 5-синф ўқувчиси:
 – Мактабимизда ўқувчиларга махсус либос берилади. Жуда қулай кийим. Масалан, мен аввал анъанавий ўрта таълим мактабида ўқиганман. Агар мактаб формасини киймай келсам, дарҳол директорнинг олдига олиб киришарди, шу қилмишим учун жазоланардим.
Шундан бўлса керак, мактаб кийимини унча ёқтирмайман. Оқ рангли кўйлак тез кир бўлади, партада белбоғли шим билан ўтириш ҳам ноқулай. Танаффусларда ҳам яйраб югура олмайсан. Лекин нима бўлса ҳам, мактаб тартиб-интизомига амал қилиш керак, деб ҳисоблайман.

Қуралай Шадиева, Сайрам тумани инсон салоҳиятини ривожлантириш бўлими раҳбари:
– Менимча, мактабларда ягона намунадаги либос бўлгани муҳим.
Биринчидан, ижтимоий жиҳатдан тенг бўлмаган оилаларнинг фарзандлари ўзларини ноқулай сезмайди. Ягона форма бой-камбағалга ажратмайди.
Иккинчидан, ўқувчи мактабдек муқаддас даргоҳга келиб, таълим-тарбия олиш кераклигини ҳис этади, яъни сайр, кўнгилочар жойда эмас, ўқув масканида эканини англайди.
Учинчидан, масалан, биз ҳам давлат хизматчисимиз, устозлар учун алоҳида белгиланган кийим намунаси бор. Истаган кийимида, ялтироқ кўйлакми ёки сарафанда келиб, дарс ўтса, таълим жараёни бузилади, маънавиятга путур етади.
Ҳар соҳада ўзига яраша тасдиқланган тартиб қоидалар мавжуд, улар бузилмаслигини таъминлаш керак.
ҚР Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов мактаб кийими шарт, бу 100 фоиз қолаверади, фақат пандемия шароитида она-оналарга енгиллик бўлсин, дея классик кийимларга рухсат берди. Бу дегани, ҳар ким ўз ихтиёрига қараб, хоҳлаганини кийиб келсин, дегани эмас.
Туманимизда манзилли ёрдам олувчи оилаларнинг фарзандлари ва мактаб ғамхўрлигига олинган болалар бор. Уларнинг сони ҳар чорак сайин ўзгариб туради. Жумладан, май ойида бундай тоифали ўқувчилар 7000дан ошди. Август ойи охирида янги рўйхатни оламиз. Шунга қараб, ўқувчиларни ягона мактаб либоси ва китоб-дафтар, қалам-ручка билан таъминлаймиз. Уларга, яна қайтариб айтаман, ягона мактаб либосини олиб берамиз.
Дарвоқе, ўтган йили кузда коронавирус туфайли Қозоғистонда мактаб либосига биринчи ўриндаги муҳим иш деб қаралмади. Қолаверса, мактабдаги дарслар онлайн тартибда бўлди. Шунинг учун болалар кийим-кечаги савдоси билан шуғулланадиганларнинг савдо ҳажми ҳам тушиб кетди.
Бу йил ҳам аҳвол ўзгаргани йўқ, ушбу хавфли дарддан қутулмадик. Қозоғистонга чет элдан ўқувчилар кийимини олиб кирадиган савдогарларнинг айтишича, ўтган гал карантин туфайли дўконлар ёпилиб, иш касодга учраган. Шунинг учун бу йил янги коллекцияларга эҳтиёж йўқ, ўқувчилар либосини сотишга ихлосмандлар кам.
Фақат... Мутахассисларнинг фикрича, ота-оналар классик намунадаги кийимлар ҳақида тасаввурларини бироз ўзгартиришлари керак. Масалан, қора рангли шим (юбка) ва оқ рангли кўйлак классикани билдиради. Джинси шимлар, “спортивка” ёки калта шим, юбкаларни, ялтироқ, очиқ-сочиқ, футболка-майкаларни мактабга кийиб бориш мумкин эмас.

Н. МАВЛОНОВА, 2021-08-12, 02:32 694
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.