26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Олтинга тенг бронза медали

Токиодаги Олимпиада ўйинлари ниҳоясига етган бўлса-да, мусобақалар муҳокамаси ҳамон давом этмоқда. Қозоғистон олимпиячиларининг 8та бронза медалини қўлга киритгани мухлисларни жиндек ранжитган бўлса-да, ҳар ҳолда 200дан зиёд давлат спортчилари иштирок этган тўрт йилликнинг мусобақасида мамлакатимиздан совриндорлар борлиги кўнглимизни кўтаради. Чунки, 100дан зиёд давлат вакиллари уйларига биронта медаль олмай қайтди. Туркистон вилояти ва Сайрам туманидан чиққан биринчи олимпиада ўйинлари совриндори, чарм қўлқоп устаси Сакен Бибўсинов билан суҳбатимиз муштарийларимизни қизиқтириши табиий.
– Сакен, қаерда туғилдинг, ўқидинг?
– Мен 1997 йилда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида туғилганман. Бахшиовул қишлоғидаги 8-сонли умумий ўрта мактабда 8-синфни тугатганман. 9-синфни Қизилўрдадаги интернатда ўқидим. Акам шу пайтда Алматида таҳсил оларди. У мени ҳам ёнига чақириб олди. Лекин улар фуқаролигим йўқлиги сабабли мени ўқишга қабуллашни хоҳлашмади. Шундан сўнг, Шимкентга келдим. Акамнинг ўртоқлари мени Оқсув яккама-якка кураш мактаби директори Қуатбек Қадирбекга йўлиқтиришди. У ҳам спорт томонидан, ҳам бошпана масаласида ёрдам беришини, шунингдек, спорт мактаби тарбияланувчилари билан синаб кўриб, ўқишга киришга ёрдам беришини, уйидан жой ҳам беришини айтишди. Ўз маслаҳатларини аямай, спортни ташламаслигимни уқтиришди. Сўнг Шимкент шаҳридаги “Жалын” ижтимоий-педагогика коллежида ўқидим, М. Ауезов номидаги университетда ҳам таҳсил олдим.
– Қанча ёшдан буён бокс билан шуғулланасан?
– 13 ёшимдан бошлаб бокс билан шуғулланаман. Биринчи мураббийим – Қуатбек Қадирбек, шахсий мураббийим эса Жаҳоннинг икки марта энг кучли мураббийи, Қозоғистон терма жамоасига бош мураббийлик қилган Мирзағали Айтжанов. Боксга келишимга Тоштемир акам сабабчи бўлган, деб бемалол айта оламан. У ҳам Қизилўрдадаги спорт интернатида ўқиган. Менга медалларини кўрсатиб, самолётларда учиб, эл-юрт кезишим мумкинлигини, бунинг учун спорт билан жиддий шуғулланишим кераклигини айтарди. Яхши натижа кўрсатсанг, айтганларим рўёбга ошади, дегани ҳамон ёдимда. Қўлимга биринчи қўлқоп олиб берган, бокс сирларини ўргатган ҳам акам бўлади.
– Токиодага жангларда Мирзағали Айтжанов кўрсатмалар бериб турганини биз ҳам эшитиб турдик. Қонинг қайнаб турганда, мураббийнинг кўрсатмалари қулоққа кирадими?
– Токиода мусобақалар томошабинларсиз ўтди. Уларнинг шовқин-сурони бўлганда, эшитмай қолиш мумкин эди. Ҳар доим, ҳар қандай вазиятда ёнингда турадиган мураббийинг паст овозда гапирса ҳам, эшитмай қолиш мумкин эмас.
– Олимпиадага йўлланмани қайси мусобақада қўлга киритгандинг?
– 2020 йилнинг март ойида Иордания пойтахти Оманда ўтган мусобақада қўлга киритганман. Миллий терма жамоамиз 8та вазнда қатнашиб, 7та вазндаги боксчиларимиз лицензияни қўлга киритиб бўлган эди. Мен чорак финалда ютилиб қолгандим. Қўшимча жангда рақибимдан устун келиб, йўлланмани энг охирида қўлга киритганман.
– Сакен, Туркистон вилояти ва Сайрам туманидан биринчи бор олимпиада совриндори бўлган спортчи сифатида тарихда қоладиган бўлдинг.
– Шундай кўрсаткичга эришган биринчи спортчи бўлиш мароқли, албатта. Лекин, у катта масъулият ҳам юклайди. Тўғрисини айтганда, мен олдимга қўйган мақсадларимга босқичма-босқич эришиб бормоқдаман. Токиога Қозоғистон Мадҳиясини янгратиш учун борганман. Ярим финалда ютилдим, деб айтолмайман. Ҳакамларнинг қарори шундай бўлди. Афсус...
– Ярим финалдан сўнг кўзингга ёш олганингни кўрдик.
– Мендан аввал Қозоғистондан ҳеч ким финалга йўлланма олмаган эди. Баъзилар бронза медали олиб улгурганди. 19 миллион халқ мендан олтин медаль кутаётганини сезиб турган эдим. Ярим финалда бор кучимни солиб курашдим. Ярим финалдан кейинги ёш – ўкинч кўз ёши эди. Негаки, олимпиада чемпиони бўлишни мақсад қилган эдим-да. Токиодаги бронза медали бунинг бошланиши, деб биламан. Худо хоҳласа, Парижда, албатта, олтин медални қўлга киритиб, Қозоғистон Мадҳияси янграши учун куч-ғайратимни аямайман. Бу билан тўхтаб қолмаймиз, машғулотларни янада кучайтираман.
– Боксчиларга лақаб қўйиш одат тусига кириб қолган. Сенга ҳам мухлислар “технар” деган лақаб қўйишган.
– Бўйим, қўлларим узун, техник қобилиятим кучли бўлгани учун мухлислар шундай лақаб қўйишган, деб ўйлайман.
– Токио олимпиадасида бокс ҳакамларига нисбатан норозиликлар кўп бўлди.
– Аслида рингга чиққан боксчи рақибидан яққол равишда устун келгани маъқул. Ҳакамларнинг иккиланишига йўл бермайдиган жанг ўтказиш зарур. Лекин, баъзи жангларнинг тақдирини ҳакамлар ҳал қилади. Менимча, Токиода европалик ҳакамлар осиёлик чарм қўлқоп усталарини аяшмагандек.   
Қуатбек ҚАДИРБЕК – ҚРда меҳнати сингган мураббий, Оқсувкент яккама-якка кураш мактаби директори, Сайрам туман маслаҳати депутати, Nur Otan партиясининг фракция аъзоси.
– Олимпиада ўйинларида Қозоғистон терма жамоаси олтин, кумуш медалларни қўлга киритиб, кучли 30та давлат қаторидан жой олиб келган. Токиода эса 8та бронза медалига эгалик қилдик. Буни спорт, дейдилар. Унда омад ҳам катта ўрин тутади. Спортда ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради, деган гап бор. Олимпия ўйинларида мактабимизнинг мураббий-йўриқчиси Сакен Бибўсиновнинг бронза медалини қўлга киритиши улкан ғалаба бўлди.
– Сакенни Қозоғистонга олиб келиб, мураббийлик қилган экансиз, бошпана бериб, маслаҳатларингизни ҳам аямабсиз.
– Сакенни 2013 йилда Ўзбекистондан олиб келганман. Қўл остимда шуғулланди. Икки болам бўлса, уни учинчи боламдек кўриб, уйимдан жой бердим. 6 йил уйимда яшаган Сакен 2014 йилда ёшлар орасидаги чемпионатда муваффақиятсиз иштирок этди. 2019 йилда Қарағандида республика чемпионатида 49 кг. вазнда чемпионликни қўлга киритди. Қизилўрда шаҳрида ўтган, 5 йилда бир марта ўтадиган спартакиадада 1-ўринни эгаллади, Нур-Султан шаҳридаги Президент кубогида ғолиб бўлди. 2019 йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. Шу ерда унга халқаро спорт устаси унвони берилди. 2020 йилда Дубай шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлди.
– Сакенни кутиб олиш чоғида тумандаги тадбиркорлар унга машина совға қилишди.
– Тумандаги бир гуруҳ депутатлар, тадбиркорлар 15 миллион тенгега Тойота машинасини совға қилишди. Бу ҳам спортчи учун катта рағбат. Куни кеча Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев олимпиадачиларни қабул қилган учрашувда Сакен Бибўсиновнинг кўксига “Құрмет” орденини тақди. Албатта, буларнинг барчаси заҳматли меҳнат самарасидир.

Сакен Исмадиярович Бибўсинов – Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси, 2019 йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби. 1997 йилнинг 3 июлида туғилган. Бўйи 1,67 см. 52 килограмм вазнда жанг ўтказади. 31та жанг ўтказиб, 22тасида ғалаба қозонган.

***

Токио Олимпиадаси совриндорлари, чарм қўлқоп усталари Сакен Бибўсинов ва Қамшибек Қўнқабаев олимпия ўйинларида қўлга киритган бронза медали учун давлат томонидан берилган 75000 АҚШ долларини хайрия ишларига сарфлашга қарор қилишди.

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2021-08-19, 03:44 528
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.