26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ахборот тарқатувчи саводли бўлсин

Медиаолам кун сайин ривожланиб боряпти. Унинг маҳсулотлари истеъмолчилари – муштарийлар, томошабинлар, бир сўз билан ифодалаганда – обуначилар сифатли контент, кун тартибидаги долзарб масалаларнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинишини талаб этади. Демак, истеъмолчиларга сифатли медиамаҳсулот тақдим этишимиз жоиз. 

Мамлакатимизда 120дан зиёд миллат вакиллари истиқомат қилаётганини эътиборга олсак, биз, журналистлар, истеъмолчиларимизга етказиб бераётган фикр-мулоҳазаларимиз уларнинг дилидан ўрин олиши керак. Яъни ҳар бир ахборот тарқатаётган инсон, медиа соҳасида саводли бўлиши керак. Айниқса, этнослараро муносабатлар соҳасида медиасаводхонлик ҳар бир ахборот тарқатувчи учун сув ва ҳаводек зарур.

Куни кеча ушбу масала Туркистоннинг “Алатау” медиамарказида “Ижтимоий тотувлик“ ДККнинг ташаббуси билан уюштирилган “Этнослараро муносабатлар соҳасидаги медиасаводхонликни ошириш” мавзуида ўтган семинар-тренингда атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирдан мақсад – жамоат тотувлигини такомиллаштириш тадбирлари ОАВда жонлантириш ва долзарб масалалар, тавсияларни муҳокама қилиш. Ижтимоий тармоқларда тез ва кўп тарқаладиган ахборотларни тайёрлашда миллий тўзимлилик, бағрикенглик нуқтаи назаридан ёндашиб, бошқа этнос вакилларига нисбатан уларнинг миллий ҳис-туйғуларини таҳқирламайдиган ахборотни тақдим этишлари жоиз. Акс ҳолда, журналист ҳамда блогерлар этнослараро низоларнинг ташаббускорлари бўлиб қолишлари мумкин.

Йиғинда Қозоғистон халқи Ассамблеяси қошидаги Журналистлар ва блогерлар клубининг аъзолари, шунингдек, “Жамоат тотувлиги” ДКК туман филиалларининг ОАВга мутасадди мутахассислари ва журналистлар иштирок этишди. Тадбирни Туркистон вилоят ҚХА қошидаги Журналистлар ва блогерлар клуби етакчиси Ерсултан Амирбек олиб борди. 

Тадбирда сўзга чиққан Туркистон вилоят ижтимоий тараққиёт бошқармаси раҳбари муовини – Ассамблея котибиятининг мудири Даурен Сариев, эл бирлигини сақлашда ахборот хавфсизлиги муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.

– Элимиз Мустақиллигига 30 йил тўляпти. Шу кунга қадар қўлга киритган барча ютуқларимиз бирлигимиз ва ҳамжиҳатлигимиз туфайлидир. Барқарорлик, юртимизнинг бирлигини сақлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ОАВ ходимларига катта масъулият юкланади. Улар тарқатаётган ахборот мувозанатли бўлишига эътибор қаратишлари жоиз. Ҳозирги жадал ахборот оқими даврида журналистларимиз этносиёсий саводхонлиги юксак бўлиши керак, – деди Д. Сариев. 

Сўзга чиққан спикерлар журналистлар ва умуман ахборот тарқатувчиларнинг кўп ҳолларда эътиборсизлиги туфайли турли миллат вакиллари ўртасидаги яхши муносабатларга раҳна солиш ҳолатлари кўплаб учраётганлигини алоҳида таъкидлашди. Ҳамюртларимиз орасида бўлаётган икки киши ўртасидаги маиший жанжаллар кўп ҳолларда миллий низоларга айланиб кетади. Уларнинг ўртасидаги муносабатларни ОАВда бўёқ рангларини “қуюқлаштириб” бераётган ахборот тарқатувчиларнинг ҳам ўша низоларнинг минтақа миқёсида кенг тарқалишида “хизмати” бисёр.

Ҳозирги кунда ахборот тарқатиш билан шуғулланаётган фақат журналистлар эмас. Қўлида уяли телефон инсон борки, истаган турдаги ахборотни улашиб ўтирибди. Уларнинг ҳар бирининг минглаб, баъзан миллионлаб аудиториялари борлигини ҳисобга олсак, улар керак бўлса, истеъмолчиларининг дунёқарашига ҳам сезиларги таъсир кўрсатади. Афсуски, кўпчилик ижтимоий тармоқлар бизга тақдим қилаётган ахборотнинг асл моҳиятини, манбасини текшириб ўтирмасдан “ҳазм” қилиб кетаверади. Ва ватанимизнинг турли минтақаларида юз берган жанжаллар мана шундай аянчли оқибатлар олиб келишини биз, кечикиброқ англаб етамиз. Бунга қадар эса анчагина инсонлар ҳаётига салбий таъсирни етказиб улгурган бўламиз. 

“Туркистон Медиа Холдинг” МЧБ бошқарувчи директори, республика “Айқын” газетасининг мухбири, Тельман Бейсенов ҳам мазкур мавзуда мусоҳаба ўтказилиши куннинг муҳим масаласи эканлигини таъкидлаб ўтди.

– Афсуски, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарлар билан танишар эканмиз, унинг ҳақиқатан ҳам юз берган, бермаганлигига эътибор қаратмаймиз, ҳис-ҳаяжонга берилиб, бундай хабарни тарқатишда қандай мақсад кўзланганлигини мулоҳаза қилиб кўрмаймиз. Шов-шув уюштиришга, биринчи бўлишга интиламиз. Бунда, албатта касбий саводхонлик муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир ахборот тарқатувчиси масъулият ва касбий этикани ҳис этиши жоиз. Ҳар бир тарқатаётган ахборотини роса ўрганиб, шундан сўнг эълон қилиши керак, – деди Т. Бейсенов.

“Қызмет” газетасининг бош муҳаррири, “Серпіліс” жамоат жамғармасининг раисаси Бейсункул Наримбетова ҳамкасблар ўртасида соҳа журналистикасини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди. Бирон бир тармоқдан билимдон инсон ўша соҳадаги билимларини обуначилари билан баҳам кўрса, бу орамизда етук мухтахассисларни кўпайтиради. Айни дамда жамиятимизда этнопсихология ҳам ривожланиб боряпти. Ахборот тарқатаётган ҳамюртларимиз борки, жоиз бўлса, этнопсихолог бўлишлари керак. Ҳар бир миллатнинг руҳияти ўзгача, унинг психологиясини англаши керак. Ҳис-ҳаяжонларини жиловлай оладиган инсонгина ахборот тарқатишдек масъул ишни зиммасига олиши керак. 

Йиғинда иштирок этаётган “Жанубий Қозоғистон” вилоят-ижтимоий газетасининг бош муҳаррири Алишер Сотволдиев ҳам бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– ОАВ соҳасидаги фаолиятимизни худди бир билакнинг фаолиятига ўхшатишимиз даркор. Бир бармоғимизни узун, бирини қисқа дейдиган бўлсак, бир билакка бармоқларни жамлаб, ишлай олмаймиз. Парокандаликка дуч келамиз. Ижтимоий тармоқларда бир миллатни камситиб, иккинчи миллатни улуғлаб кўрсатиш, аслида ОАВ фаолиятидаги катта камчиликлар, ноқислик деб англаш жоиз. Ҳар бир инсоннинг виждон сузгичи бўлса, жамиятимизда рўй берган нохуш воқеаларга ўрин қолмайди. Ички муҳаррир ҳар доим ишлаб турса, ОАВларда бот-бот учраб турадиган саёз мақолаларга ўрин қолмайди, – деди Алишер Ғофуржон ўғли. 

Семинарда “Еркін ой” газетасининг бош муҳаррири Балтабек Туйетаев, “Ордабасы оттары” газетаси муҳаррири Ғалимжан Зиябек, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Туркистон вилоят бўлими раиси Айдар Сейдазим, Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети ўқитувчиси Атиргул Ташимовалар сўзга чиқиб, медиасаводхонлик кун тартибидаги долзарб масалалардан бири эканлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Медиа соҳасида талай йиллар меҳнат қилган, бу соҳанинг ҳадисини олган устозлардан бири, ахборотни жамлаб, уни қайта ишлаб, истеъмолчиларга тақдим этаётган ходимлар қўлидаги қалам ўзига хос қурол вазифасини ўтайди. Ундан фақат тинчлик, барқарорлик йўлида фойдаланиш жоиз. Акс ҳолда, у инсониятни залолатга олиб келади, деганлари ҳозирги кунимизда долзарблигича қолаверади.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2021-11-18, 20:42 363
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.