26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Озодлик қишлоғидаги янги ибодатгоҳ

Юртимизда минглаб намозхонларни ўз бағрига оладиган яна бир ажойиб, маҳобатли ибодатгоҳ барпо этилиб, аҳолига туҳфа этилди. У Тулкибош туманининг Озодлик қишлоғида қад ростлади. Халқнинг неча йиллик орзуси ушалди. Энди қишлоқ намозхонлари фарз ибодатларини аввалгидек масжидга мослаштирилган хўжалик омборида эмас, балки юртининг сахий, саховатли фарзандлари барпо этган янги, бетакрор ва муаззам Ҳазрати Усмон жоме масжидида адо этишади.

Қишлоқнинг эски масжиди биноси намозхонларга 1990 йили берилган. Иттифоқ даврида унга туман маслаҳати депутати Мирсоли Мирқодиров раҳбарлик қилган, уни таъмирлаб, масжид сифатида фаолият юритишига ҳисса қўшган. Собир ота Мақсудов бу ерга келган намозхонларга имомлик қилган. 2019 йили март ойида эски масжид биноси таъмирланиб, иситиш тизими ишга туширилган ва жиҳозлари янгиланиб, намозхонларга шароит яратилган эди. 

Қишлоқнинг саховатли ўғлонлари ҳамюртларига ибодатгоҳ сифатида янги иморатни тақдим этишга бел боғлашди. Вилоятимизга таниқли ишбилармонлар – ака-ука Абдуҳолиқ ҳамда Абдураззоқ Саидовлар ҳомийлигида иншоот яқинда фойдаланишга топширилди. Тантанали йиғин ўтказилиб, масжиднинг рамзий тасмаси қирқилди. 

 Қишлоқ оқсоқоллари, туман фахрийлари иштирок этган тадбирда туманнинг беш юзга яқин намозхони иштирок этди. 

Туманда тенги йўқ масжиднинг очилиши маросимига Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси вакили Сансизбай ҳожи Шўқанов шахсан иштирок этди. ҚР Мусулмонлари диний бошқармасининг Туркистон вилояти бўйича бош имоми Еркебулан Қарақулов тадбирда сўзга чиқиб, янги ибодат маскани келгусида аҳоли учун ҳам, бўлажак илм соҳиблари учун ҳам хайрли ибодатгоҳ бўлишини тилади.

Қишлоқ ҳудудидаги янги намозгоҳ бағрига 2 мингдан зиёд одамни сиғдира олиши билан ҳайратланарли. 300 млн. тенгелик лойиҳанинг майдони 1 гектар. Масжид ҳудуди ободонлаштирилади, манзарали дарахтлар ўтқазилади. Қишлоқнинг янги масжиди очилганидан унинг аҳолиси беҳад хурсанд. Аввалги эски бино қошида кўзни қувонтирадиган, барча шароитлар яратилган бинода нафақат кексалар, ёшларнинг ҳам сафи кенгайишига қишлоқ аҳлининг ишончи комил.

– Масжиднинг очилиши бутун қишлоқ аҳлининг қувончига сабаб бўлди. Бундай муҳташам иморатлар авлодимизнинг ҳақиқий орзуси эди. Имонини мустаҳкамлаш ниятидаги ёшларимизга бу катта имкониятлар ва ажойиб шароитлардир. Диний илм олиш, охирги Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг уммати сифатида фарз ибодатларини амалга ошираётган ва намозларни адо этишга бел боғлаган ҳамюртларимиз учун ҳамқишлоғимиз саховатпеша инсонлари – ака-ука Абдуҳолиқ ва Абдураззоқ Саидовлар ҳомийлигида ажойиб масжид барпо этилди. Уларнинг ушбу эзгу ишларига тасанно дея, Яратгандан икки дунё бахту саодатларини сўраймиз, – дейди Т. Рисқулов қишлоғи фахрийлар кенгаши раиси Мирзахмет Пиралиев.

Сўзга чиққан дин вакиллари ҳомийлар, ташаббускорлар, савоб ишнинг бош-қошида бўлган кўнгиллиларга эзгу ниятларини изҳор этишди. Пандемия, иқтисодий таназзул даврида, бизнес моддий зарар кўраётган паллада ўз маблағи ҳисобидан ҳамюртларига шундай ажойиб ҳамда кўп асрларга татигулик шароитни туҳфа қилган ҳомийларга миннатдорчилик билдиришди.

Сўзга чиққан оқин Абдибек Арал­бай­ули мазкур иншоот ташаббускорларига бағишловини ўқиб берди:

– Тадбиркорларнинг мазкур ажойиб ишлари билан қишлоғимизнинг аҳолиси саховатпешалик фазилатлари юртга намоён бўлди. Шундай элпарвар ўғлонларимиз бор экан, ҳали қиёматга вақт бор. Масжидларимиз имонли ёшларга тўлаверсин. Муаззин овози баралла янграйверсин, эзгулик, тотувлик, ҳамжиҳатликка чорлайверсин, – деди А. Аралбайули.

– Мазкур лойиҳамизни 2020 йили бошлаган эдик. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, ниятимиз амалга ошиб, мақсадимизга етдик. Ибодатгоҳимиз халқимиз корига топширилди. Ҳамюртларим, замондошларимиз шу ерда ибодат қилсин, деган ниятимиз бор эди. Ёдингизда бўлса, эски масжидимиз бўларди. Ўша бинони шу ҳолда, асл борича сақлаб қолдик. Ва унинг қошида янги иморат барпо этдик. Бу ишга даставвал ўз оилавий имкониятларимизни эътиборга олиб, уни амалга оширишга жазм этгандик. Пандемия даврида қўшни давлатлар билан чегараларнинг бироз вақт ёпиқ турганлиги ишимизни тўхтатиб қўйди. Мана шу кўриб турганингиздек, 2000 кишига мўлжалланган жоме масжидини барпо этдик. Барча ҳамқишлоқларимиздан миннатдорман. Кўп ишбилармонлар ҳам бу ишда баҳоли қудрат иштирок этишга ҳаракат қилишди. Шундай кунлар бўлдики, қишлоқ қариялари, бу савоб ишда иштирок этишни ният қилиб, масжид атрофини супириб-сидиришди. Ёмғир остида қолган ғиштларни бинонинг ичига ўзлари ташишди. Дуогўй кексаларимиздан, умуман қишлоғимизнинг барча оқсоқолларидан, бу ишда озми-кўпми моддий ёрдамини аямаган ҳамюртларимиздан розиман. Бу савоб ишга пандемия давридаги иқтисодий қийинчиликларга қарамай, ҳамкасбларим ҳам ғайрат билан киришиб кетишларини билганимизда, ҳажми янада кўпроқ намозхонларга мўлжалланган каттароқ масжид қурилишига жазм этардим. Қўллаб-қувватлаганларнинг барчасига ташаккур, – дейди самимият билан Абдуҳолиқ Саидов биз билан суҳбатда.

Шу куни тадбир иштирокчилари Ҳазрати Усмон жоме масжидига меҳмонлар ҳамроҳлигида кириб, намоз ўқишди, ҳамжиҳатлик тимсолига айланган ушбу муқаддас масканда қишлоқнинг аҳил ўғлонлари ҳақига дуолар қилишди. Ушбу кошонани бошқарадиган масжид имоми Миробид Фузаиловга мусулмонлар жамоасини кенгайтиришдек масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилашди.

Халқнинг азалий орзу-ниятлари ушалди. Кошонанинг асрлар бўйи, сўнгги ғишти қолгунига қадар ҳомийлар раҳбарлигидаги барча қишлоқ аҳлига эзгу ишнинг савоблари ёзилаверади, Иншаоллоҳ. Бу маскан турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ришталарини чамбарчас боғлайди, бунга шубҳа йўқ. Сўлим Озодлик қишлоғи эса иймонли, диёнатли, элим, юртим деб яшайдиган фидойилар юрти эканлигини яна бир бора исботлади. 

Мунира САЪДУЛЛАЕВА., 2021-11-20, 01:49 325
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.