26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Наманган театри – Cайрамда

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги  ишлар изчил давом этмоқда

Бунинг ёрқин мисоли – Шимкент шаҳар ўзбек драма театри саҳнасида Наманган вилоят мусиқали драма театри жамоасининг драматург Нурилло Аббосхон қаламига мансуб, театр репертуаридан муносиб ўрин олган “Азиз” спектаклини намойиш этишди. Наманган театрининг юртимизга ташрифи замирида улкан маъно мужассам. Бу – ўзаро дўстлик алоқаларини тараннум этиш ҳамда тажриба алмашишга муносиб ҳисса қўшади.

Дарҳақиқат, “Театр санъати аслида табиат томонидан инсониятга ато этилган туҳфадир. Ушбу туҳфа замирида эса мавжудликнинг мазмуни яширинган”, деб бежиз айтилмаган. Режиссёр Шуҳрат Абдуллаев саҳналаштирган спектакль томошабинлар қалбини ларзага солиб, актёрлар маҳорати барчани қойил қолдирди.
Спектаклдаги муҳитнинг асосини оила ташкил этиб, ота-она, ака-укалар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро муносабатлар муҳим ўрин тутган. Ҳозирги замонда ака-ука, опа-сингиллар ўртасидаги кўтарилиб бораётган меҳр-оқибат ва табиатга муҳаббат масалалари асар мазмунини ташкил этади. Бош қаҳрамон Азиз (Нуриддин Исмоилов) 20 ёшда, ақлан заиф, 10 яшар боладек фикрлайди. Аммо онасидан айрилган Азиз бемор отасига парвона, уни парваришлаб, куну тун иссиқ-совуғидан хабардор. Шу билан бирга томорқадаги қўй-қўзи, экин-тикин ҳам унинг зиммасида. У табиат, тоғу-тошлар шайдоси. Опаси Раҳима ҳар замонда келиб хабар олади. Уйдаги катта ака –Комил эса амалдор шахс. Отанинг бор фикри-хаёли боласи Азизда, омонатимни топширсам, унинг аҳволи не кечади, дея қаттиқ қайғуради. Ўлими олдидан катта ўғлига Азизни эҳтиёт қилишни васият қилади. Аммо, бераҳм янга, ношукур ака, иложсиз опа туфайли Азиз руҳий касалликлар шифохонасидан қочиб, ўзини дарёга ташлайди. Яхши инсонлар туфайли омон қолган йигит тоғ бағридаги қишлоқдаги оилада яшаб, шу хонадоннинг қизига уйланади. Ақлий нуқсони бор Азиз тоғ ҳавосида, самимий муносабатлар қуршовида ўзига келади. Бола-чақали, тадбиркор, ишбилармон инсонга айланади. Ота васиятига амал қилмаган аканинг аҳволи танг, лавозимидан айрилиб, касби касодга учрайди. Қишлоқдаги Одил домла ёрдамида ака-укалар топишиб, меҳр-оқибат ришталари қайта боғланади.
Воқеалар бугунги ҳаётимизда юз бераётган оилавий муаммоларни кўз олдимизда намоён этиб, кўзларга ёш келтирди. “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил” деганларидек, ҳар бир шахснинг онгида, хатти-ҳаракатида болалигидан шаклланадиган барча фазилатлари, ниятлари, маслаклари амалга ошадиган маскан.
Оилада ҳар кун, ҳар сонияда қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалар, янгидан-янги ташвишу қувончлар содир бўлади. Саҳна асари орқали ҳар биримиз омонат дунёда меҳр-муҳаббат, жигарларга ғамхўрлик, ор-номус, меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик, меҳнаткашлик каби инсоний қадриятлар айнан оиладаги муносабатларда қарор топишига яна бир карра амин бўлдик.
Спектакль давомли қарсаклар, олқишлар билан ниҳоясига етгач, труппа раҳбари Баҳодир Жўраев актёрларни таништирди. Наманган вилоят мусиқали драма театри директори Озода Усмонова сўзга чиқиб, “Азиз” спектакли билан Қирғизистон, Тожикистон давлатларида гастрол сафарларида унинг яхши кутиб олингани, асар замирида умуминсоний қадриятлар мужассамлиги, динидан, тилидан, ирқидан қатъиназар меҳр-оқибат, инсонийлик ҳамиша эзгуликка чорловчи фазилатлар эканлигини таъкидлади. Гастрол сафарларини юксак савияда ўтишига кўмак берган шаҳар ўзбек драма театри директори Мирвоҳид Миразизов ҳамда ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжоновга Ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида театр директори М. Миразизов ҳам наманганлик ҳамкасбларига ташрифи учун миннатдорчилик билдириб, ташаккурномалар топширди.

Мухтабар УСМОНОВА, 2021-12-04, 03:30 389
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.