26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳар дарднинг давоси бор

Бундан ўн беш йил муқаддам кўпчилик номини аташдан ҳазар қиладиган, бу касалликка фақат маиший бузуқлар ҳамда гиёҳвандлар чалиниши мумкин, деб гумон қилинадиган хасталик – ОИТВ одам иммунитет танқислиги вирусига Шимкент касалхоналарида оммавий равишда мубтало бўлган бегуноҳ болалар бу кунда соғлом фарзандларнинг ота-онаси бўлишини ким тасаввур қилибди дейсиз?!
Ёдингиздами, 2006 йили гўзал Шимкент шаҳримиз бутун дунё диққат-эътиборида бўлган ОИТВга чалинган болалар сони бамисоли ёмғирдан кейин ўсиб чиқаётган қўзиқоринлар сингари соат сайин кўпаяверганидан, ҳатто статистика хабарларини бериб ҳам улгурмас эдик. Қизиғи шундаки, дастлаб болаларнинг ота-оналари бунинг учун айбдор деб топилиб, маиший бузуқликда, гиёҳвандликда гумонланишди, бир неча оилалар полиция маҳкамасида сўроқ қилинди. Шу вақтга қадар масъулиятли, оилапарвар, соғлом фарзандларни тарбиялаб келган ҳамюртларимиз ҳам ёппасига гиёҳванд ёки маиший бузуқ бўлиб қололмайди-ку? Жавоб кўп куттирмади. Касалхоналарда, болаларни даволаш пайтида вирус юқтирилгани аниқланди ва бунинг учун масъул шахслар, шифокорлар, тиббиёт ходимлари жиноий жавобгарликка тортилишди, аксарияти қамоқ жазосига маҳкум этилди.
Шундай шароитларда атрофидагиларга салбий таъсири йўқлиги ҳар қанча уқтирилса ҳам, жамият улардан ўзини четга олиб юрадиган вирус юқтирган болалар улғайишди, ҳавас қилгудек кўркам йигит ва гўзал қизлар сифатида вояга етишди. Улар бирин-кетин оила қуришяпти, қизиғи шундаки, фан тараққиёти, олимларнинг тинимсиз изланишлари, муҳими, Яратганнинг чексиз марҳамати туфайли соғлом авлодларнинг ота-оналари бўлиш бахтига муяссар бўлишмоқда. Бу кунларга улар осонликча етиб келишмади. Улар кўп таҳқирлашларни бошидан кечиришди, баъзиларига ҳали ҳам эҳтиёткорлик ва ҳадик билан қарашади, ўзларини масофада тутишади. Уларнинг дарди ҳам, алами, изтироблари ҳам ичида. Ахборот асри, технологиялар тараққий этган даврда ҳаёт кечирсак-да, ОИТВ юқтирган инсонларнинг кўп руҳий машаққатларга учраганини етказмоқдамиз.
Улар ҳам дунёга биз каби ўз орзулари билан келган эди. Лекин, улардан кўпчилик ҳадиксирайди. Бу камситилишлар фан тилида "стигма" деб аталади. (Сўзма-сўз “ёрлиқ”, “тамға” маъносини англатади) Ўта кучли ижтимоий ёрлиқ бўлиб, атрофидаги инсонлар билкан муносабатни ёмонлаштиради. Натижада, стигма қурбони ўзига ишончни йўқотади. Улар ҳаётнинг турли жабҳаларида стигмага дуч келишаётганини инкор этиб бўлмайди. Бироқ бу ўтмишда қолган кунлар...
ОИТВга учраган ҳамюртларимиз ҳақида фикр юритар эканмиз, бу ерда айнан касалхонада юқтирилган болалар тақдирини тилга оламиз. Нафсига берилиб, гиёҳвандлик йўлини танлаган, зинокорликни хуш кўриши оқибатида вирус жисмига сўнгги кунларига қадар ҳукмронлигини ўтказадиган ҳамюртларимиз муаммоларини ёритмаймиз. Улар хато қилиш ҳуқуқини йўқотмаган ҳолда, инсоний ҳуқуқларидан ҳам мосуво бўлгани йўқ. Болалигиданоқ вирусга кўникиб, уни танасидаги бир аъзоси каби қабул қилиб яшаётган биродарларимиз ҳаётига бир назар ташлайлик. Уларнинг руҳиятини ҳис этишга уриниб кўрайлик. Сизнинг, бизнинг хонадонга кириб келмаган қайғу бошқа ҳамюртларимизнинг руҳини чўктирган, изтироблар гирдобига солган. Улар айбсиз эди, оддий оилаларда туғилишди: оилам, фарзандим деган инсонлар фарзанди эди.
Уларнинг тақдирига битилган кун истаган пайтда бошқа бир бегуноҳ инсон қисматида акс этиши мумкинлигини доим ёдда тутсак, бу ташҳис билан яшаётганларга ҳам умуман муносабатимиз ўзгариши аниқ. Ахир, бу синовлар на ўша беғубор болалар, на уларнинг ота-оналарига етти ухласа ҳам, тушига кирмаган воқеалар бўлмадими?
Нима қилганда ҳам, жамият ўзига тегишли бўлмаган машаққатларни тезда унутади. Ўн беш йил муқаддам ОИВТ юқтирган болалар оилалари учун 15 асрдек вақт ўтганлиги, уларнинг кўзларидаги изтиробларида зоҳир-ку.
Келинг, бундай ҳолатларга нисбатан жамият бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик, уларга сабр тилайлик, дардларига шифо тилаб дуо қилайлик. Уларнинг ўрнида ўша пайтда, ўша жойда бизнинг жондан ширин болаларимиз тақдирига ҳам шундай синовли кунлар битилиши мумкинлигини танамизда ҳис этайлик. Даҳшатдан шошиб, ўша хаёлларни қувишга шошиляпсизми, улар зиммасида қанчалик машаққатли оғир дарди борлигини ҳис қиляпсиз чоғи.
Тўғриси, бу мавзуда ҳеч бир журналистга қалам тебратиш осон эмас. Мақолангиз тугагунча руҳий эзилишлар исканжасида қолишингиз аниқ. Бироқ шунга қарамай, қаҳрамонларнинг руҳий қийинчиликларини акс эттириш баробарида, уларнинг ҳаётидаги умидли, бахтли онларини топиб, муштарийларимизга илинишимиз жоиз. Зеро, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси бир-бирини қўлласа, хасталикнинг оғир юки ҳам енгиллашади.
Вируснинг инсониятга қарши курашидаги унинг қуввати, унга қарши курашаётган тиббиётнинг қудрати нечоғлик эканлигини билиш мақсадида даставвал Шимкент шаҳар ОИТВнинг олдини олиш ва унга қарши кураш марказининг бош шифокори ўринбосари Қўжахмет Машировга саволлар билан мурожаат қилдик. Бу хасталикка доир юртимиздаги статистика, ИИВ ижобий ҳамюртларимизнинг келажакда соғлом фарзанд кўриш истиқболлари ҳақида тиббиёт тилида эмас, халқчил тилда суҳбатлашдик.
– 2005-2006 йилларда касалхоналарда юз берган ҳолат туфайли юртимизда ОИТВ юқтирган 148 нафар бола рўйхатга олинган эди, – деб бошлади суҳбатни Қўжахмет Намазбайули. – Айни дамда 218 нафар ОИТВга юқтирган бола 18 ёшгача бўлган болалар рўйхатида туради. 30 ўсмир 18 ёшга тўлди. 9 нафари оила қурди. Уларнинг умр йўлдошлари мутлақо соғлом кишилар. Ҳар бир вирусга чалинган киши оила қурмасдан аввал ўз мақомини умр йўлдошига очиқ-ойдин айтиши жоиз. Касалини яшириб, келгусида рафиқасига юқтирадиган ҳолатлар юзага келса, бу жиноят ва қонун олдида жавоб беришади. 9 оилада 14 нафар соғлом бола дунёга келди. Энг муҳими, ОИТВга чалинган инсонлар атрофдагиларга хавф туғдирмайди, шуни англаб етишимиз керак. Бунинг учун дунё миқёсида антиретровирус терапияси қўлланилади. 2004 йилдан .эътиборан Қозоғистонда бу терапия жорий этилди. Беморларнинг соғлигини эътиборга олиб, баъзиларга бир маҳал баъзиларга икки маҳал дори ичиш буюрилади. Масалан, эр-хотиннинг бирида ОИТВ аниқланган тақдирда ҳам, дориларни ўз вақтида қабул қилиб юрган жуфтликлар мазкур вирусни, ҳимояланмаган жинсий муносабатларда ҳам бир-бирига юқтиришмайди. Ва улардан соғлом бола туғилади. Бир шарт, бунинг учун давлат томонидан уларга бериладиган бепул дориларни ўз вақтида қабул қилиб юришлари керак.
– Биз тиббиётда бундай тараққиётга қандай эришдик?
– 2015 йилларда Жанубий Африкада шундай синовлар ўтказилди. Ваҳоланки, у ерда аҳолисининг деярли тенг ярми ОИТВга чалинган. Бу ўша антиретровирус терапиясининг муттасил қўлланилиши туфайлидир. Ҳозирги пайтдаги мазкур терапия 3та дорининг таркиби бир дорига жойлаштирилиб, бир кеча кундузда бир вақтда бир марта қабул қилинади. Бу жуда қулай. Шундан сўнг бизда ҳам буни амалга ошириш имконияти юзага келди. Кўпчилик ўзида шундай ОИТВ ижобий мақомнинг борлигига ва умуман, ўша вируснинг мавжудлигига ишонишмайди. Ва оқибатда, вирусга қарши ичиладиган дориларни қабул қилишдан бош тортишади. Ўз вақтида дорилар қабул қилиб, вирус фаоллиги йўқотилмаган ОИТВ халқ орасида кенг тарқалган ОИТСга олиб келади, мана бу касаллик, айнан унинг асоратларидан қўрқиш жоиз. Биз, уларни табиийки, ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз, руҳшуносларни ишга соламиз. Бу беморларнинг 90 фоизида ижобий натижа беряпти. Бизда рўйхатда турганларнинг 30 фоизини гиёҳвандлар ташкил этади.
– 2006 йили журналистларга бу мавзуда тренинглар ўтказилган пайтида ОИТВга чалинган аёл фақат кесар жарроҳилиги орқали бола кўриш имконияти айтилган эди. Ҳозир-чи, бу ҳолатга ҳам шундай ёндашув мавжудми?
– Тўғри, ўша йилларда аёлда ҳомиладорлик аниқланса, ўз вақтида дориларни қабул қилиши, жарроҳилик йўли билан она бўлиши ва болани эмизмаслиги керак эди. Шунда ҳам онадан болага вирус юқишини 100 фоиз кафолат беролмаймиз. Шу боис ҳам адашмасам, 2007 йилдан ҳомиладор аёлларни ОИТВга ёппасига текшириш ўша йилларда бошланди. 2008 йили мени Шимкентга ишга таклиф қилишди. ОИТВга чалинган ҳомиладор аёлга бир ойга мўлжаллаб дорилар берилади. Бир ой ўтгач, биз уларга қўнғироқ қилиб, дориларни нима учун олиб кетмаётганлиги билан қизиқамиз. Қизиғи шундаки, улардан “ҳали дори тугагани йўқ, қабул қиляпман” деган жавобни эшитамиз. Бу мумкин эмас, биз уларни назорат қилиб ўтирамиз, аллақачон тугаши керак, бу дорилар. Демак, аёл уларни вақтида қабул қилмаяпти, ҳолатига лоқайд қараяпти. Ой сайин қондаги вирус даражасининг кузатиб борамиз. Вақтида қабул қилинмаган дори қонда вирус миқдорининг ортишига олиб келади. Ўзида вирус борлигини умуман тан олмайдиганлар ҳам бор. Бизнинг танамиз шундай тузилганки, вирус юқтирганларнинг 1-, 2- клиник босқичида, яъни 6-10 йилга қадар вирусга қарши қондаги антитаначалар курашади. Иммунитет ҳолсизлангандан сўнг хасталикнинг 3-, 4- босқичида унга дорилар билан кўмак бериши жоиз. Фанда шундай ҳолатлар борки, бир неча йил мобайнида ҳеч қандай дори-дармонни қабул қилмай туриб, ОИТВга чалинган аёллар бутунлай соғлом болани дунё келтирган. Аллоҳ Таолонинг инсон танаси, ундаги иммунитетни яратишидаги бир мўъжизаси ҳам шу.
Ҳатто эркак ўзига хиёнат қилган ва вирус юқтирган аёлини йиллар давомида билмаслиги ва ўша хасталикни юқтирмаслиги ҳам мумкин. Баъзида хиёнаткор эр ҳам ўша вирусни Яратганнинг синоати билан йиллар давомида “юқтирмай” яшайди. Тажрибамда шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, эрнинг касаллигини билган эр ва хотин унинг жиддийлигига бефарқ бўлиб, йиллар давомида АРВ терапияни қабул қилмайди. Биринчи, иккинчи соғлом болаларни дунёга келтиради. Лекин, афсус учинчи бола ОИТВ билан дунёга келади, сўнг аёлга ҳам вирус юқади. Йиллар давомида уларга АРВ терапия қабул қилиш имконияти берилди. Бефарқлик, лоқайдликнинг нархи икки жоннинг қисматида ўз аксини топди. Фанда бу дарддан фориғ бўлишга ҳеч қачон 100 фоиз кафолат берилмайди. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, АРВ терапияни мунтазам қабул қилиб юрган аёл жинсий аъзоларидаги жароҳати, бошқа юқумли касалликлари бўлган ҳолатда соғлом эркакка ўзидаги вирусини юқтириши мумкин: бундай ҳолатлар жуда кам бўлса ҳам эҳтимоли бор. Шу кунга қадар марказимиз шифокорларининг назорати остида ОИТВ ижобий ота-оналардан 626 бола дунёга келган бўлса, уларнинг 15 нафарига касаллик юққан. 15 нафар боланинг оналари АРВ терапиясини қабул қилишда лоқайдликка йўл қўйишди, болаларнинг аксарияти муддатига етмай дунёга келган эди.
Яна бир эътиборга молик жиҳатлардан бири, дориларни қабул қилдим, деб, бизга ёлғон маълумот берган она, боласидан ОИТВнинг ижобийлигини кўргандан сўнг дорини умуман қабул қилмаганига иқрор бўлди. Бу ерда бола ҳуқуқлари амалда топталди, она эса умр бўйи виждон азобида яшайди. Бу ачинарли, келажак учун ҳар бир она масъулият ҳис этиши керак.
– Соғлом йигит-қизларимизнинг ОИТВга чалинганини аввалдан билган тенгдошлари билан оила қураётганига муносабатингиз қандай?
– Бу ҳолатларни ижобий баҳолайман. Ваҳоланки ўша йиллардаги ўчоқ даврида вирус юқтирган болаларнинг бунда айби нима? Соғликни сақлаш тизимидаги камчиликлар туфайли улар касаллик юқтиришди. Уларнинг ҳам бахтли бўлишга, ота-она бўлишга ҳақи бор. Беморми, соғми, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари тенг. Биз, соғлом инсонлар уларнинг бу ҳуқуқларини чекламаслигимиз даркор, улар Аллоҳ уларнинг қисматига битган вируси эвазига жамиятда стигмага дучор бўлмаслиги – таҳқирланмаслиги даркор, – дейди Қўжахмет Намазбайули.
Вирусга чалинганлар ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида ташкил этилган Болаларни ОИТСдан ҳимоялаш хайрия жамоат жамғармасининг раисаси, ОИТВга чалинган фарзанднинг онаси Жанетта Жазиқбаева билан суҳбатимизни давом эттирдик.
– 9 ёшли болам автоҳалокатга учраб, вилоят болалар касалхонасига ётқизилди. У ерда болага қон қуйилди. Бизда ўша йилларда МРТ ускунаси йўқ эди. Бола бошида қон ивиб қолаётганлиги туфайли ТошМига профессорларга олиб бориб, жарроҳилик қилишга тўғри келди. Жарроҳиликдан сўнг болани реабилитация учун Алматига касалхонага юбордик. Шу пайтда ОАВларда касалхоналарда болалардан ИИВ аниқланаётгани тўғрисида хабар тарқатилди. Мен Алматидаги касалхонага қўнғироқ қилиб, боламни текширишларини сўрадим. Боламнинг ОИТВга чалингани аниқланди. Уч ойлик эмизикли гўдагим бор, умр йўлдошимни тинмай полицияга сўроққа чақиришади. Эрталаб кетиб, кечгача полиция маҳкамасида сўроқда ўтиради. Уч кун шу тахлитда ўтди. Қандай гиёҳванд моддалардан фойдаланасан, жазманларинг сони нечта, улар кимлар, деган саволлардан турмуш ўртоғим руҳий тушкунликка тушиб қолди. Тўртинчи куни мен ўзим бордим. У ёқда сўроқ қилинаётган ота-оналар анча кўпайиб қолди. Кейин ҳокимликка мурожаат қилдик. Бу хўрликларни сизга оддий ҳолатдек ҳозир гапириб беряпман. Бироқ 15 йил муқаддам бу жуда оғир руҳий ҳолат эди. Ҳамма бизга шубҳа билан қарайди, дўстларимиз ҳам биздан ўзларини торта бошлашди. Пойтахтдан махсус комиссия ташкил этилиб, бу масала батафсил ўрганилди. Шундай болалар ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган жамғарма ташкил этилди.
Маънавий зарар сифатида ҳар бир оилага 1,5 млн. тенге тўланди. 56 нафар оилага ер участкаси, 15 оилага уй ажратилди. Жабрланган болаларга ногиронлик расмийлаштирилиб, нафақалар тайинланди. Элбошимизнинг шахсан иштирокида болалар даволанадиган марказ очилди. 2009 йилдан бошлаб мазкур жамғарманинг президентиман. Болаларнинг ташҳисларини 12 ёшга келганларида фош этдик. Бу осон иш эмас, уни руҳшунос ёрдамида очишимиз керак. Менинг ўғлим ҳам соғлом қиз билан интернет орқали танишди. Учрашиб юриб, бир-бирини ёқтириб қолишди. Қудаларимизга ҳам боламни хасталигини айтдик, улар ҳам тиббиёт ходимлари экан, тушунишди ва ёшларга оила қуриш учун розилик беришди. 15 йил мобайнида таҳқирлашлар, вирусни даволаш йўлидаги тушунмовчиликлар, оиладаги руҳий вазият, тушкунлик, соғлом болаларни вирусдан ҳимоялашдаги мушкулликларнинг барчасидан ўтдик. Ҳозир бу масалага хотиржам қарайдиган бўлдим, ваҳима даври ортда қолди. Кўп психотерапия сеансларидан, руҳшунослар суҳбатидан ўтишимга тўғри келди. Ҳозир бошимдан ўтказган дардларим, қийинчиликларимни руҳий сокинлик, умуман кўз ёшларсиз, хотиржам ифодалай оламан. Бу менга осон бўлгани йўқ. Бунинг учун кўп психологик маълумот олдим.
Эътибор бердингизми, саноқли оилалар бошига тушган мушкулликлар жамиятимизда кўп яхшиликларга сабаб бўлди – янги касалхоналар барпо этилди, умуман тиббиёт соҳасида амалда ўсиш бўлди. Кўпчилик ОИТВни фақат ривожланган давлатлардаги олис Америкада, Африкада бўлиши мумкин, бизнинг Қозоғистонга етиб келмайди, деб ўйлайди. Бу содир бўлди, биз дунёвий оламда яшаяпмиз. 262 бола бизда рўйхатда туради. Болаларидан оналарига юқтирган ҳолатлар ҳам бўлди. 9 оила фарзандлари ОИТВга чалинди. Суд орқали улар буни далиллаб беришди. Баъзи вирус юқтирган оналарни умр йўлдоши ташлаб кетди. Айниқса, аёлларга осон бўлмади. Касалхоналарда вирус юқтирилган болаларнинг келажаги давлат томонидан ҳимоя қилинса, нур устига нур бўларди. Соғликни сақлаш тизимидаги камчиликлар, раҳбарларнинг лоқайдликлари учун болалар жавобгар эмас-ку. Вирус номи ҳаётимга кириб келишини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Ҳозир эса у билан оила бўлиб яшаяпмиз. ОИТВ бизнинг аъзомиз, буни ким ўйлабди, – дейди Жанетта Жазиқбаева.
Бу фарзанди вирус юқтирган онанинг изтироблари. Энди суҳбатимизни касалхонада вирус юқтирган Назия М. билан давом эттирайлик:
– 4 фарзандли оилада 2-қизман. 13 ёшимда эпилепсия билан касалхонага тушган эдим. У ерда менга катетер ёрдамида қон қуйишди ва натижада, ОИТВни юқтирдим. 2006 йили бу содир бўлди. Иқтидорли болаларга мўлжалланган “Дарын” мактабида таълим олардим. Бу воқеа фақат оиламиз аъзолари учунгина маълум ташҳис эди. Юқори синфларга кўчганимизда эса муаллимимиз менга “Спид – аср вабоси” мавзуида маъруза тайёрлашни топширди. Бир неча кун мобайнида бу мавзу устида деярли илмий тадқиқот олиб бордим. Ишонасизми, билмадим, нима учундир барча жиҳатларини изчиллик билан ўрганишга киришдим. Ҳар бир топшириққа масъулият билан ёндашганлигим ҳис этилди – синфдошларимга бу мавзуда очиқ дарс ўтказдим. Бу 9-синфда юз берди. Чиройли дарс ўтди, деб устозларим менга ижобий баҳо беришди. Кунига бир нечта дори қабул қиламан. Невралгия йўналишида даволанишимни биламан-ку. Мазкур мавзунинг айнан менга берилиши ва бу мавзуни изчиллик билан ўрганишим менга бежиз тақдир қилинмаганига йиллар ўтиши билан кейин ишондим. Ўйлаб қарасам, Яратувчим бу вирус билан умримнинг охиригача яшашимни тақдир қилганлиги боис ҳам мени руҳан тайёрлаган экан. Қизиғи, бу мавзуни мен ўзим танлаган ва менга хуш келгани ҳам ўша эди. 16 ёшга келганимда руҳшунослар менинг ОИТВ билан яшаётганимни айтишди. У қадар руҳан қийналганим йўқ, менинг қисматим мени олдиндан тайёрлаб қўйган экан, – дейди Назия.
Назия касалхонада даволаниб чиқишидан сўнг онасининг кўп йиғлашини, отаси уни овутиб, қизларидан яширишга ҳаракат қилишини сеза бошлади. Шифохонага бориб, шифокор кўригидан ўтишса ҳам, онаси кўзлари йиғидан қизарганлигини оқила қиз тез илғаб қоларди. ОИТВни юқтирганлар даволанадиган касалхонага борадиган қизалоққа “санаторияда дам олиб қайтасан”, деб овутишга ҳаракат қилишарди. Руҳшунос эълон қилган ташҳисни ҳам осонликча қабул қилди, “демак, ҳаёт давом этади, бу дард билан кексаликкача яшаётганлар кўп-ку”, дея ўзига далда берди. Мактабни тамомлаб, грантга ўқишга тушди. Шарқ тиллари факультетида талабалик йиллари бошланди. Дард тўғрисидаги фикрлар ортга чекингандек бўлди, улар ўрнини касб танлаш, билим эгаллаш сари интилишлар эгаллади. Инглиз тилидан таржимонлик факультетини тамомлади. Руҳшунослар у билан кўп ишлаганликлари боис, уларнинг фаолиятига ҳам қизиқиб қолди. Мазкур йўналишда магистратурани тамомлади. Айни дамда туғма фалаж болаларга педагог-психолог сифатида ёрдам беради. ОИТВ унинг орзуларининг амалга ошишига тўсиқ бўлмади.
26 ёшида бир йигит билан танишди. Уни ёқтириб қолган йигит билан бир ой учрашувдан сўнг унга ташҳисини айтди. Йигитнинг унга жавобан бир сўз қотмаганини учрашувларининг сўнгги онлари, нуқтасига йўйди. Эртасигаёқ қўнғироқлар давом этди. Бироқ йигит буни тақдир, Худодан деб билди. Икки йил мобайнида учрашиб юришди. Назиянинг унга турмушга чиқишини сўради. “Катталарнинг сенинг касаллигинг ҳақида билишларини истамайман, бу иккимиз ўртамиздаги масала”, деган жавоб янги оиланинг барпо этилишига сабаб бўлди. Ўтган йили Бахитжан билан оила қуришди. Ҳозир Назия ҳомиладор, ярим йилдан сўнг, иншаоллоҳ, она бўлади.
– Неврологик хасталикларим борлигини янги оилам яхши билади. Унинг олдини олиш юзасидан доим ёрдам беришади, менга худди ўз фарзандларидек эҳтиёткорлик билан муомала қилишади. Бедаво вирусга йўлиққан бўлсам ҳам, Яратган менга меҳрибон, севимли инсонларни тақдир қилди, –дейди Назия.
– Жисмонан соғлом, ақли расо фарзандларга она бўлинг, бахт хонадонингизни тарк этмасин, – дея Назия билан хайрлашдим.
Шундай мақом билан ҳақиқатан ҳам бахтли ота-она бўлиб яшаётганлар кун сайин кўпайиб бораётганлиги қувонарли ҳолат. Афсуски, орамизда вирусни жинсий йўл билан, гиёҳвандликка муккасидан кетиш туфайли орттирган инсонлар ҳам оз эмас. Вақт ўтиши билан айбига иқрор бўлганлар, ҳаётини ҳалоллик, эзгуликка бағишлаганлар ҳам етарли. Менинг уларни айблашга маънавий ҳаққим йўқ. Инсон хато қилишга, жамият томонидан борлигича қабул қилинишига, кечирилишига, ўша айбларига иқрор бўлган ҳолатда яна бахтли яшашга ҳақли.
Бу ҳуқуқдан уларни Яратгандан ташқари ҳеч ким маҳрум қилолмайди. Касбимнинг энг биринчи тамойилларидан бири – холислик бўлганлиги боис ҳам, мазкур қисмат эгаларининг тақдирини акс эттиришга ҳаракат қилдим, холос. Рангларни қуюқлаштирганим ҳам йўқ, гўзаллаштиришга ҳам интилмадим. Инсониятга тақдир қилинган вирус унинг қисматига ўқилган ягона ва сўнгги ҳукм эмаслигига ҳам амин бўлдим. Меҳр-мурувват,  ҳамжиҳатлик, ўз соғлигига масъулият билан ёндошиш вирусни ҳам чекинтирар экан, ишонаверинг.

Мунира САЪДУЛЛАЕВА, 2021-12-07, 20:49 368
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.