26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Биринчи бўлиш ҳеч қачон осон бўлмаган

Мақоламни қозоқ халқининг буюк донишманди Тўлебийнинг “Халқнинг бойлиги бой одамлари эмас, балки доно одамларидир” деган нақли билан бошлашни лозим топдим.
“Жанубий Қозоғистон” газетасининг жорий йил 5 ноябрь сонида рўзнома жонкуярларидан бири, жамоатчи мухбир Отабой Раҳимғозиевнинг “Эл дарди билан яшаган инсон” мақоласи чоп этилди. Ушбу мақола кўпчиликнинг кўнглини хушнуд этди.
Муаллиф шимкентлик ёш олим Собиржон Ҳамид ўғли Нурметовнинг ғояси ва саъй-ҳаракати билан собиқ Иттифоқ  тарихида илк бор тузилган дастлабки миллий ташкилот, яъни “Ўзбек маданият маркази”ни тузиш тарихи, мақсади ва ҳозирги кундаги фаолияти хусусида тўлиқ бўлмаса-да, маълум даражада аниқ маълумотлар берган.
Жумладан, миллатимиз олдида турган ва СССР даври (70 йил давомида)да тўпланиб қолган қатор долзарб муаммоларни ҳал қилиш, тилимиз, урф-одатларимизни сақлаб қолиш, анъаналаримизни тиклаш ва ривожлантириш, хориждаги миллатдошларимиз билан маданий ва иқтисодий алоқалар ўрнатиш, ўзбек тилида телекўрсатувлар ташкил этиш, миллий рўзнома, театр очиш каби қатор масалалар муҳокама қилингани атаб ўтилган.
Мақола муаллифи С. Нурметовни 1986 йил кузида бир гуруҳ ишончли зиёлилар билан келишиб, миллий ташкилот тузиш тўғрисидаги фикрини ўртоқлашгани, шунингдек, халқ орасида тушунтириш-ташвиқот ишларини олиб боргани, лекин бу савобли  ишда айрим лавозим эгалари, зиёлиларнинг олимнинг мулоҳазаларидан чўчиб, ўзларини олиб қочганларини ҳам кўрсатди.
Дарвоқе, бундан 32 йил муқаддам камина шаҳримиздаги “Йирик панелли уй қурилиши” заводида цех бошлиғи бўлиб ишлардим. Бир куни кимдир ишхонамга қўнғироқ қилиб, “Сиз Муҳиддинов бўласизми?”, деб сўради. Сўнг давом этди: “Бугун вилоят филармониясига кела оласизми, бир гуруҳ ўзбек зиёлилари йиғилиш ўтказишмоқда, мақсад – ўзбек маданият маркази тузиш”, деди. Мен биринчи сменадаги ишим тугагач, албатта, боришимни маълум қилдим. Лекин филармонияга етиб борсам, навбатчи йигит йиғилиш тугаганини, Собиржон Нурметов ўтказиладиган қурултой масаласи бўйича Сайрам туманининг Манкент, Қорабулоқ қишлоқларидаги оқсоқоллар билан маслаҳатлашгани кетганини, ичкарида эса Шукурулло ҳожи Муҳаммаджонов, Турдали Усмоновлар қолганини айтди. Шу пайт Шукурулло ҳожининг ўзи ҳам чиқиб қолди. Салом-аликдан сўнг анчагача суҳбатлашдик.
– Бир гуруҳ шаҳарлик иқтидорли ёшлар, оқсоқоллар, зиёлилар билан маслаҳатлашиб, миллий муаммоларни ҳал этиш, халқлар орасида тинчлик ва тотувликни, ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ёшлардан юқори лавозимларда ишлай оладиган кадрларни тайёрлаш каби масалаларни ҳал қиладиган бир жамоат ташкилоти тузиш мақсадида қурултой ўтказмоқчимиз, – деди домла.
– Қурултойда ўзбек театри очиш масаласи ҳам кўриладими?
– Аввал қурултойни ўтказиб, миллий маданий марказ очиб олайлик, кейинчалик бу масалани ҳам ҳал қилармиз, – деди у.          
Сўнг менинг қорамуртлик эканимни эътиборга олдими, ҳар ҳолда, қишлоғимизда ҳатто битта масжид ҳам йўқлигини эслатиб қўйди ўша суҳбатда.
Ўзбек миллий маданият марказини тузиш ўзбек зиёлилари учун осон бўлмади. Буни ҳамма ҳам билавермаса керак. Ўша даврдаги вилоят раҳбарлари (“обком”, “исполком”, касаба уюшмалари кенгашидаги мутасаддилар) талабига кўра ҳамда берган қатъий “йўриқномаси”га  амал қилган ҳолда, қурултой ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаб, имзо чеккан кишиларнинг рўйхатлари тегишли раҳбарларга етказилди.
Ниҳоят, 1989 йил 17 декабрь куни Шимкент шаҳридаги вилоят филармонияси биносида вилоятнинг деярли барча ҳудудларидан делегатлар, шаҳар ҳокимлигидан 2 нафар ёш кузатувчи ҳамда қўшни Ўзбекистондан бир гуруҳ шоир-ёзувчилар иштирокида минтақа ўзбекларининг илк қурултойи ўтди.
Унда С. Нурметов қурултой қатнашчилари ва меҳмонларни самимий қутлаб, сўз навбатини йиғилишга раислик қилаётган таниқли филолог, ижодкор шоир Ирисмат Юнусматов (Сарварий)га берди. Сарварий ўз маърузасида маданият марказини очишдаги асосий мақсад – миллатимиз олдида турган қатор муаммоларни ҳал этиш эканлигини таъкидлаб, тузилажак ташкилот фаолиятига муваффақият тилади. Унинг салмоқли фикр-мулоҳазалари иштирокчилар томонидан илиқ қарши олинди. Шу куни ушбу анжуманда иштирок этган 500дан зиёд миллатдошларимизнинг самимий табассуми, қувонч ёшлари ҳали-ҳануз ёдимда. Қурултойнинг очилиши эса миллий байрамга айланиб кетган эди ўшанда.
Хуллас, ушбу йирик анжуманда ўзбек маданият маркази ташкил топди. Иштирокчилар бир овоздан ёш олим Собиржон Нурметовни ушбу тузилган жамоат ташкилотига раис этиб сайлашди. Шу куни, ташкилот бошқаруви ва ижро органи ҳам сайланди. Низом ва дастури тасдиқланди.
“Жанубий Қозоғистон”  газетасида чоп этилган мақолада муаллиф Отабой Раҳимғозиевнинг “Советлар даврида миллий маданий марказ очиш – ўз жонини гаровга қўйиш билан баробар эди”, деган мисралари бор. Бу фикр –  ҳақиқат. О. Раҳимғозиевнинг яна бир фикри, яъни: “Минг афсуски, бу инсоннинг бажарган ишлари ва унинг хотирасини абадийлаштириш борасида ҳозир ОАВларда ҳеч қандай гап бўлаётгани йўқ”, деган сўзларига қисман қўшиламан. Айтганча, вилоят ўзбек маданият марказининг собиқ раиси И. Ҳошимжонов “Адабиёт ва санъат” (2014 йил), “Егемен Қазақстан” каби газеталарга мусоҳаба берганида, 1989 йил 17 декабрь куни  ўтган тарихий воқеа кунини 29 ноябрь, бир йилдан кейин эса “Жанубий Қозоғистон” газетаси мухбирига берган суҳбатида эса “28 ноябрь куни” деб атади. Лекин биринчи қурултой 17 декабрь куни ўтган эди-ку?! Собиржоннинг хотирасини абадийлаштириш борасида гап юритилар экан, энг аввал қурултойнинг ўтган кунини аниқлаб, ўзбек маданият марказининг биринчи раиси С. Нурметов бўлганлигини эслатмоқ даркор.
Эл дарди билан яшаган инсоннинг номини улуғлаб, хотирасини абадийлаштиришда ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти, Шимкент шаҳар ва вилоят ўзбек маданият марказидаги ака-укаларимиз четда қолмасалар, деган умид билан тарихий қурултой иштирокчиси

Тасвирда: ўзбек маданият марказининг бир гуруҳ фаоллари “Жанубий Қозоғистон” газетасининг собиқ бош муҳаррири Ф. Қоратоев ҳузурида.

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, 2021-12-09, 04:36 507
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.