26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Рассомлар ватанига бориш орзуим

Саидсултон Бахтиёр ўғли Жаҳонгиров – 1977 йилда Жанубий Қозоғистон вилояти, Сайрам тумани, Сайрам қишлоғида туғилган. 1995 йилда қишлоқдаги 25-сонли билим юртини тракторчи-машинист мутахассислиги бўйича тамомлади. 1996 йилда 10-сонли ҳунар коллежида тикувчилик ихтисослигини эгаллади.
2000 йилда Тошкент шаҳридаги Низомий номли педагогика институтининг «Расм ва чизмачилик» факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини 2000 йилда 10-сонли ҳунар коллежида рассом сифатида бошлади. Сўнг, 4 йил Е. Юсупов номли мактабда чизмачилик ва тасвирий санъат фанларидан сабоқ берди.
2012 йилда вилоят ўзбек драма театрига ишга кирди. 2014 йилда театрнинг бош рассоми вазифасига тайинланди. «Театр баҳори – 2014», Тошкент шаҳрида ўтган «Дўстлик» фестивалларида унинг меҳнати, истеъдоди юксак баҳоланган.
– Тошкентда олий ўқув юртида ўқиб, кейинчалик нима учун педагоглик соҳасини ташлаб кетдингиз?
– Ўша пайтларда ўқитувчиларнинг маоши жуда оз эди. Оила қурганим, қўшимча масъулиятлар мактабдан кетишимга сабаб бўлди. Савдо соҳасида ишлаб, тадбиркорлик билан шуғулландим. Лекин, мактаблардан, болалар боғчаларидан тадбирларни саҳналаштириш ва безаш бўйича буюртмалар олиб турдим. Мактабда ишлаб юрган кезларимда театрнинг  ўша вақтдаги бош рассоми Юсуфжон Салометов билан доимий алоқада бўлдим. У билан анча декорацияларни бирга ишлаганмиз. 2012 йилда Юсуфжон ака орқали театрга ишга таклиф қилиндим. Шу пайтда Зокиржон Мўминжонов театр директори эди. Икки йил Юсуфжон ака билан бирга ишладик.
– Театрдаги илк қадамларингиз қандай бўлди?
– Юсуфжон ака ўзинг ўқиган соҳада ишлашинг керак, деб айтган эди. Дастлаб, масъулиятдан чўчидим, албатта, Бироқ, икки йил устозим билан ишлаб, анча тажриба орттирдим. У нафақага чиққач, бош рассомлик менга топширилди. Юсуфжон аканинг Тошкентдаги Муқимий номли театрда рассом-декоратор бўлиб ишлагани, у ерда тажриба орттиргани менга ҳам қўл келди.
– Ўз соҳангиз бўйича малака ошириш курсларида ўқидингизми?
– Алмати шаҳридаги Жургенов номидаги санъат академиясида малака оширдим. Ҳамкасблар билан танишдим, фикрлар алмашдик. Ундан сўнг Татарстан пойтахти Қозон шаҳрида тўрт йилда бир ўтадиган фестивалда иштирок этдим. У ерда Европа, Россиядан келган санъат усталарининг маҳорат сабоқларида иштирок этдим. У ерда мен билан ўз йўналишларида театримизнинг бош режиссёри Жавлон Саидов, актёр Улуғбек Носировлар ҳам малака оширишди.  Бундан ташқари, Шимкент шаҳридаги қозоқ ва рус театрларининг рассомлари билан ҳамкорлик ришталарини боғлаганмиз. Премьералар аввалида ўша театр рассомлари билан маслаҳатлашиб, фикрларимиз билан ўртоқлашиш анъанага айланган.
– Ўз устида ишлаш мутахассиснинг маҳоратини оширади, тафаккурини юксалтиради...
– Тўғри, одамнинг тажрибаси ошгани сайин фикрлар ҳам мукаммаллашиб боради. Авваллари театримизда маиший мавзудаги асарлар саҳналаштирилиб, декорация ҳам шунга мувофиқ ишланарди. Лекин ҳозир камеравий асарлар саҳналаштирилмоқда. Унда, томошабин саҳна асарини уч-тўрт томондан ҳам томоша қилиши мумкин ва унда макетлар ўз маъносини йўқотмайди. Бу йўналиш янгилик эмас, албатта. Италиядаги тарихий театрларнинг саҳнаси ўртада бўлиб, томошабинлар айлана шаклида ўтиришган. Театримизда ҳозирча бундай имконият йўқ. Бу масалани раҳбариятда бир неча бор кўтарганмиз, умид қиламизки, у ижобий ҳал бўлади.
– Қозоғистондаги машҳур режиссёрлардан бири бўлган Қуандиқ Қасимовнинг айнан ўзбек драма театрида ишлагани, нафақат актёрлар, балки бошқа ходимлар учун ҳам катта маҳорат мактаби бўлгандир?
– Қуандиқ Қулмамирули нафақат Қозоғистонда, балки хориж давлатларида ҳам ўз услубига эга режиссёр. Унинг режиссёрлигида Қозон шаҳридаги фестивалга «Шоҳ Эдип» асарини олиб борганмиз. Асарга режиссёр ўзгача ёндашиб, шарқона миллийлик бергани чет элдан келган ижодкорларда ҳам яхши таассурот қолдирган эди. Спектаклда биз европалик тарихий шахсларни миллий либосларимизда гавдалантирган эдик.
– Ўзбекистонлик режиссёрлар билан ҳамкорлик қандай кечди?
– Ҳар бир режиссёрнинг ўз йўналиши, услуби бор, албатта. Рассом ҳам режиссёрнинг талабини бажаради, лекин шу билан бирга ишида ўз нуқтаи назарини сингдиришга ҳаракат қилади. Ўйлайманки, театримизда шартнома асосида ишлаган режиссёрлардан ҳеч бири ишимиздан норози бўлмаган. Кимдир декорациясига, кимдир эса актёрларга устуворлик беради... «Декорация – театрнинг юзи», деган гап бор...
– Қайси театрларда асар томоша қилишни истайсиз?
– Рус театрларининг даражаси жуда ҳам юксак. Шунинг учун ҳам уларнинг театрларига борсам, кўнглим кўтарилади.
– Қайси хонандалар сизга маъқул?
– Мен классик композициялар сеҳрига мафтунман. Скрипка жўрлигидаги композициялар жону дилим.
– Охирги ўқиган китобингиз?
– Мен бадиий асарлар ўқишдан кўра, ўзимни ривожлантирадиган, соҳамга оид, малака оширадиган китоблар ўқийман. Яқинда Тошкентга борганимда, рус тилидаги иккита китобни харид қилдим. «Театр» журналини ҳам кўздан кечириб тураман.
– Танлаш имконияти берилса, дунёнинг қайси давлатига саёҳат уюштирган бўлардингиз?
– Шак-шубҳасиз Италияга! Италияга бориш орзуим. У ерни ҳайкалтарошлик, рассомлик санъатининг ватани, деб биламан. Тарихий иморатларнинг деворларида бир неча юз йил аввал чизилган расмлар ҳали-ҳануз одамларни ҳайратга солиб келмоқда.
– Бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?
– Асосан, ўз устимда ишлайман. Соҳамга оид буюртмаларни бажараман. Ҳозир одамлар уй деворларига график расмлар чиздирмоқда, гипсдан манзарали дарахтлар ишлатиш ҳам урфга айланган. Мактаб ва болалар боғчаларидан ҳам буюртмалар бисёр.
– Қайси таомни хуш кўрасиз?
– Албатта, ош, паловхонтўра! Парҳезбоп таомларни ҳам хуш кўраман.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ижодий парвозлар ёр бўлсин!

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2022-02-12, 05:01 578
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.