26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бизга театр керакми?

20 йил муқаддам «Жанубий Қозоғистон» газетасида Зокиржон Мўминжоновнинг «Бизга театр керакми?» мақоласи эълон қилинган эди. Унда муаллиф бир пайтлар Қозоғистонда ўзбек театри фаолият юритгани, қозоғистонлик ўзбек этноси вакилларининг маданий ва маънавий жиҳатдан ривожланиши учун ана шундай санъат даргоҳини ташкил қилиш зарурлиги ва бунинг мавриди келганини таъкидлаган эди. Шундан сўнг ўша пайтдаги вилоят раҳбариятининг бевосита қўллаб-қувватлаши ҳамда Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси фаоллари саъй-ҳаракатлари натижасида 2003 йил 14 мартда «Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри» ДКХКни ташкил этиш тўғрисида» қарор қабулланган эди.
Ҳа, элимизнинг севимли санъат даргоҳларидан бирига айланган ўзбек театрининг фаолият юритаётганига ҳам йигирма йил тўлмоқда. Театр жамоаси томошабинлар эътиборига турли мавзу ва жанрларда спектакллар ҳавола этиб, эл равнақи йўлида самарали хизмат қилиб келмоқда.
Ушбу мақолага нима сабабдан яна «Бизга театр керакми?» деб сарлавҳа қўйилди, деган савол туғилиши табиий. Бунинг ўз сабаби бор. Бундан бирмунча муддат аввал ҳозирги кунда Шимкент шаҳар ўзбек драма театри сифатида фаолият юритаётган театримизга республика театри мақомини бериш борасида саъй-ҳаракатлар бошланган эди. Зеро, бунга тўлиқ асос ва имконият бор.
Турли йилларда театрга раҳбарлик қилган З. Мўминжонов ва И. Ҳошимжонов ҳам жамоани шакллантириш, санъаткорларнинг малакасини ошириш, бадиий жиҳатдан юксак савияли асарлар яратиш борасида самарали фаолият юритишди. Шу кунгача театр саҳнасида 90дан зиёд спектакль саҳналаштирилди. Ўтган йили театр биноси таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Қувонарлиси, жамоа нафақат Қозоғистонда, балки Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон каби қўшни давлатларда гастроль сафарларида бўлди, шунингдек, турли нуфузли халқаро фестивалларда иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритди, мукофот ва дипломлар билан тақдирланди.
Ҳозирги кунда Қозоғистонда 56та касбий театр мавжуд ва улар олти тилда фаолият юритмоқда. Чунончи, пойтахтда ва Шимкентда давлат опера ва балет, мусиқали, ёшлар ва ўсмирлар, қўғирчоқ театрлари, деярли барча минтақаларда вилоят мақомидаги қозоқ ва рус театрлари, шунингдек, Алмати шаҳрида – академик республика театри мақомидаги корейс, немис, уйғур театрлари мавжуд. Шимкент шаҳри ҳам театрга бой: Ж. Шанин номидаги академик драма театри, опера ва балет театри, сатира ва ҳазил-мутойиба театри, ўсмирлар ва қўғирчоқ театри, шаҳар рус драма театри, шунингдек, республикада ягона ўзбек театри эл хизматида. Мамлакатимизда миллий театрларнинг мавжудлиги этносларнинг маънавий ва маданий ривожланиши ҳамда уларнинг ўзига хос санъатига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Театрга республика мақомини бериш – анчадан буён ўзбек зиёлилари орасида муҳокама қилинаётган долзарб масала. Жумладан, бу масалани 2004-2008 йилларда Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамиятига етакчилик қилган жамоат арбоби  
Р. Холмуродов ҚР Тўнғич Президенти
Н. Назарбаев қабулида бўлганида кўтарган. У пайтда театр ҳали ёш эди. Эндиликда, Шимкент шаҳри учинчи мегаполис мақомини олгач, ўзбек театрига республика театри мақомини бериш имконияти яратилди, деб ўйлаймиз. Бу масала бўйича театр директори
М. Миразизов ўтган йили мутасадди ташкилотларга мактублар йўллаган. Ана шундай мактубларнинг бири ҚР Парламент Мажлиси депутати Ф. Қоратовга йўлланиб, унинг қўллаб-қувватлаши билан ҚР Маданият ва спорт вазирлигига мурожаат қилинди.
Албатта, ўзбек театри мана шундай мақомга лойиқми, деган савол туғилади. Биринчидан, ўтган йилларда театрда фаолият юритган тажрибали санъаткорлар қаторига актёрларнинг янги, ёш авлоди қўшилди ва эндиликда махсус ихтисосликни эгаллаган малакали ижодий таркиб шаклланди. Иккинчидан, театр саҳналаштирган спектаклларнинг бадиий даражаси юксак эканлигини мутахассислар эътироф этишган. Чунончи, Қозоғистон Халқ артистлари А. Ашимов, Т. Жаманқулов каби таниқли театр арбоблари, А. Еркебай, З. Исламбаева каби театршунослар, ўзбекистонлик
О. Салимов, В. Умаров каби таниқли режиссёрларнинг мулоҳаза ва мақолаларини эслатиб ўтиш жоиз. Қолаверса, қозоқ, ўзбек, рус, туркман, немис, инглиз драматургларининг етук асарлари театрнинг репертуаридан мустаҳкам ўрин олгани, улар томошабинларнинг эътиборини қозонгани бежиз эмас.
Хуллас, юқорида тилга олинган мурожаат бўйича вазирлик театрга республика мақомини бериши учун қарши эмаслиги, бунинг учун шаҳар ҳокимлигининг розилиги бўлишини эслатиб, мактуб йўллаган. Масаланинг қизиқ ва таажжубланарли томони Шимкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тайёрланган жавоб мактубида бўлмоқда. Афсуски, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари бланкасида ёзилган ўша мактубга нима учундир шаҳар маданият ва тилларни ривожлантириш ва архивлар бошқармаси раҳбари Х. Есенова имзо чеккан ва унда «мазкур театрни республика тасарруфига ўтказилиши шаҳар маданий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатмайди», деган мазмунда жавоб берилган.
Демак, бу масала ҳозирча очиқ қолмоқда. Лекин, вақт – олий ҳакам, дейишади-ку!
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек драма театри жамоасини, шунингдек, саҳна санъатининг барча жонкуярларини Халқаро театр куни билан чин қалбимиздан қутлаймиз!

Алишер СОТВОЛДИЕВ, 2022-03-26, 03:42 748
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.