26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
КИТОБГА МУҲАББАТ ВА УСТОЗГА ЭҲТИРОМ

 

“Янги Қозоғистон”ни бирга қурамиз!

Барча ҳамюртларимиз “Янги Қозоғистон”ни барпо этишга бел боғлаган шукуҳли кунларда, муҳтарам Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Китобхон мактаб» лойиҳаси доирасида Тўлебий туманидаги “Тоғойна” умумтаълим ўрта мактабида “Жас Ұлан” ташкилоти ҳамда мактаб кутубхонаси ташаббуси ва ташкилотчилигида “Китобга муҳаббат ва устозга эҳтиром“ мавзуида авлодлар учрашуви ўтди.

Тадбирга ушбу таълим масканида кўп йиллар самарали фаолият юритиб, бугунги кунда фахрий ҳордиқда бўлган бошланғич синф ўқитувчилари Ирисой Назарова, Ҳалима Ўсмонова, бадиий меҳнат ўқитувчиси Руҳабза Абдухатова, ўз меҳнат фаолиятини бошланғич синф муаллими сифатида бошлаган, бугунги кунда ҳам мактаб ва замон билан ҳамнафас устоз, мактаб руҳшуноси Қодирали Хидиров, шунингдек, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасининг мухбири Баҳорой Дўсматова ҳамда мактабимизни 2005 йили тамомлаган собиқ битирувчилар таклиф этилди.

Тадбирга хос безатилган хонада меҳмонларни мактабимиз директори Жамол Ўсмонали ўғли Наврўз – қутлуғ айём билан табриклаб, мактабимизда илк бор ўтказилаётган «Китобхон мактаб» лойиҳасининг мазмун ва моҳияти билан таништириб ўтди. Сўнг тадбирга таклиф этилган устозларнинг меҳнат фаолияти акс эттирилган «Устозларимизнинг устозлари» видеолавҳаси намойиш этилди.

Мактаб ёш мутахассиси Фарида Самадалиева тайёрлаган «Китоблар эзгуликка етаклар» мавзуидаги маърузада болаларнинг китоб ва ўқишга қизиқиши сусайганлиги, ҳозирги кундаги том маънодаги “билим манбаи”га муносабатнинг ўзгариш сабаблари, илдизлари хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Китобхон мактаб» лойиҳаси асосида ўтаётган «Энг яхши китобхон» танлови иштирокчилари давлат тилида ўқийдиган 7-“Ә” – синф ўқувчилари М. Исломова, Ш. Қурбонбоева, Д. Мирзаева, С. Қудайбергеноваларнинг шоира Зулфия Мўминованинг “Болага китоб беринг” шеъри асосида тайёрланган адабий композицияси тадбирга файз киритди, десак, муболаға бўлмас. Мактаб драма тўгарагининг “Сўз қудрати” бўлими аъзолари иштирок этган ушбу саҳна асари барчага манзур бўлди.

 Мактаб ижтимоий педагоги, истеъдодли хонанда Хушнуд Мадалиевнинг устозларга бағишланган қўшиғи, драма тўгарагининг “Саҳна сеҳри” бўлими аъзолари томонидан саҳналаштирилган “Нодирабегимнинг васияти” саҳна кўриниши, адабиётимиз тарихида ёрқин из қолдирган шоиралар Увайсий, Нодирабегим ва бошқалар сиймоларини акс эттирган ўқувчилар Ш. Раҳмоналиева, Ф. Қурбонали, З. Илашбекова, Д. Ғанибоева, Р. Ҳикматиллаева, А. Холмуродов, Б. Мавлонбековаларнинг маҳорати таҳсинга лойиқдир. Улар ўзбек адабиёти ёрқин намояндаларининг дунёқараши, қалб гўзаллигини, улар яшаган замон ва муҳитни, китоб ва китобхонликка муносабатни тўлақонли акс эттира олдилар. Тадбир меҳмонлари – фахрий устозларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Айниқса, Ҳалима Ўсмонованинг “Бир сурат тарихи” лавҳасига изоҳи жуда таъсирли бўлиб, устоз-муаллима суратдаги синфдошларининг ҳозирги кундаги маданият ва маърифатга, Ватанимиз равнақига қўшган ҳиссаларини бир мароқли дарс сифатида тушунтириб ўтди. Шу куни ўқувчиларимиз Ирисой Назаровадан миллийликдан сабоқ олишса, Ҳалима Ўсмоновадан одоб-ахлоқ, муносиб фарзанд тарбиялаш, Руҳабза Абдухатовадан қизларимиз учун зарур бўлган рўзғор тутиш, турмушнинг кам-кўстини тўлдириш борасида зарур, қимматли ўгит-маслаҳатлар олишди.

 “Китоб яратган ҳамқишлоқларимиз” мавзуидаги фотокўргазмада, ҳамқишлоқларимиз физика-математика фанлари доктори Ирисали Хидиров, иқтисодиёт ва фалсафа фанлари доктори Абдулла Мадалиевларнинг китоблари кўргазмаси ташкил этилди. Ўқувчилар, бу дунё таниган ҳамқишлоқларимизнинг илмдаги ютуқлари, илмий даражалари ҳамда ижод намуналари билан танишдилар. Ушбу ютуқлар замирида илмга чанқоқлик, китоб, китобхонлик ётганлиги алоҳида эътироф этилди. Синфимиз тарихи видеолавҳасида мактабимизни 2005 йилда тамомлаган ўқувчилар хотираларини ўртоқлашишди.

“Тоғойна” мактаби 1997 йилда қўлга киритган илк муваффақият, ўқувчи Ниятжон Сотиев ҳамда унинг синф раҳбари Қодирали Хидировга тегишли эканлиги алоҳида эҳтиром билан эътироф этилди.

Мактаб драма тўгараги аъзолари “Ёдингдами ўша онлар” деб номланган саҳна кўриниши билан тадбирнинг файзу тароватини оширдилар.

 Сўнг Х. Мадалиев, Н. Садалиева, Ж. Иброҳимовлар сўзга чиқиб, устозлар жамоаси ва ўқувчиларга ажойиб тадбир учун миннатдорчилик билдириб, мактаб кутубхонасига китоблар совға қилишди.

Мактабимизнинг кутубхонаси, ёзувчи Набижон Ҳошимовнинг “Тоғлик қиз”, “Маржон табиб”, “Қора ёстиқ” романлари, шоира Марҳабо Каримованинг “Танаворни ўрганволамиз” лирик шеърлар тўплами, атоқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Азалий насиба” ва бошқа 25та китоб билан бойиди.

Ш. ЎСМОНОВА, «Тоғойна» умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиси, «Жас Ұлан» ташкилоти раҳбари, 2022-04-12, 23:06 697
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.